3. Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатлари тарихи Хетт давлати (салтанати)



жүктеу 2.89 Mb.
бет11/15
Дата25.04.2016
өлшемі2.89 Mb.
1   ...   7   8   9   10   11   12   13   14   15
: uploads -> books -> 47879
47879 -> Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги термиз давлат университети тарих факультети маънавият асослари ва
books -> Махсус таълим вазирлиги низмий номидаги тдпу ходиева дилрабо пиримовна
books -> Национального Университета Узбекистана имени Мирзо Улугбека методика преподавания истории в школе учебно методическое пособие
47879 -> Термиз давлат университети педагогика факультети психология кафедраси
47879 -> И.Ҳ.Ҳамдамов, С. Б. Мустанов, Э. И.Ҳамдамова, Г. А. Сувонова ботаника и.Ҳамдамов, С. Мустанов, Э. И.Ҳамдамова, Г. Сувонова Ботаника
47879 -> Термез давлат университети жисмоний маданият факультети жисмоний тарбия ва спорт кафедраси
47879 -> Ўзбекистон тарихи кафедраси маматқулова раънонинг 5220200-тарих таълим йўналиши бўйича бакалавр даражасини олиш учун
47879 -> Хорижий мамлакатлар тарихи” кафедраси умумий тарих. ҚАдимги давр. Тошкент – 2009
47879 -> Самарқанд қишлоқ ХЎжалиги институти
47879 -> Термиз давлат университети жисмоний маданият факультети жисмоний тарбия ва спорт кафедраси

Таянч иборалар

Бхаса асарлари, “Панчатантра”, “Бихатсамхита”, Гая эхроми, Ажанта эхроми, гандхара мактаби, матхура санъати, жатакалар.

Саволлар

  1. Қадимги ҳинд маданияти Ҳиндистон тарихида қандай роль тутади?

  2. Қадимги Ҳиндистонда табиий фанлар соҳасида қандай ютуғларга эришилди?


20. Қадимги Ҳиндистоннинг ташқи алоқалари

Қадимги Ҳиндистон Шарқ ва Ғарб мамлакатлари билан кенг алоқалар ўрнатган. Бу муносабатлар йиллар давомида шаклланиб, ҳар икки минтақа халқлари маданиятига таъсир этди ва ўзаро бойиди.



Қадимги Ҳиндистон ва Эрон. Эрон Ҳиндистоннинг энг яқин қўшниси бўлиш билан, у билан маданий ва маърифий алоқалар ўрнатган биринчи мамлакатлардан эди. Археологлар бу икки мамлакат алоқалари неолит давридан бошланган деб айтишади. Ҳар иккала мамлакатда ҳам юксак зироатчилик мавжуд бўлиб, шаҳар цивилизациясига ўтиш жараёнларини деярли бир вақтда бошдан кечирди. Бу икки мамлакат савдогарларининг ўзаро олди-сотдиси милоддан аввалги IV-III асрда тараққий эта бошлаган. Хараппа цивилизацияси даврида бу муносабатлар воқеа, ривоят ва достонларда сақланиб қолди. Антик давр муаллифларининг маълумотларига кўра, шимолий ҳинд ўлкалари милоддан аввалги 518 йилда Доро I тарафидан ишғол этилди. Галилеядаги жангда Ҳинд дарёсининг жанубий ҳудудларида яшовчи аҳоли форслар тарафида курашди.

Аҳамонийлар даврида Эрон ва Ҳиндистон ўртасида савдо алоқалари мустаҳкамланди. Сузадаги (Эрон) сарой қурилишида Ҳиндистондан келтирилган қурилиш материаллари яъни, Гандҳарадан темир дарахти ва фил суяги келтирилгани Доро ёзувларида сақланиб қолган.

Милоддан аввалги-V асргача Бобилда топилган ҳужжатлар ва милоддан аввалги V аср охири IV асрларга оид Персеполдаги Элам матнларида айтилишича, Ҳиндистон, Эрон ва Месопотамия вилоятлари бир империя бўлиб бирлашганидан сўнг савдо ва маданий алоқалар кучайган. Бобил ҳужжатларини ўрганган ҳинд шарқшунослари Ниппур атрофида ҳинд колониялари бўлганлигини ва уларнинг номларини аниқладилар. Маълум бўлишича, ҳиндлар туб аҳоли билан яхши муносабатда бўлганлар, эгаллаган ерлари учун ижара тўлови ҳақида шартномалар тузганлар. Улар ҳарбий хизматни ҳам адо этганлар. Персепол ёзувлари Эрондан Ҳиндистонга ўтган. Масалан, милоддан аввалги 498 йилда Қараббо исмли ҳинднинг 180 кишилик карвонга бош бўлиб Ҳиндистонга борганлиги ҳақида маълумот берилади. Аҳмонийлар тарафидан ҳинд ерларига оромий ёзуви киритилди ва бу туб аҳоли маданиятига ижобий таъсир кўрсатди. Баъзи тадқиқотчилар қоя тошларига фармонларни ёздириш форслардан кириб келган одат деб таъкидлайдилар. Маданий жараён уйғунлашиб борди. Санскрит тилида форсча сўзлар пайдо бўлди.

Аҳамонийлар империяси инқирозга учрагач, Эрон-Ҳиндистон алоқалари сусайди. Эрон салавкийлар давлатига кирган бўлса, Ҳиндистон Бақтрия давлатига қўшилди. 20-60 йилларда Ҳиндистон ва Эрон Парфияси ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатилди. Кушонлар даврида эса бу алоқалар яна сусайиб қолди. Кушонлар давлатининг таназзули алоқаларнинг янада ривожланишига олиб келди. V-VI асрларда улар умумий душманлари бўлмиш хун-эфталитларга қарши биргаликда кураш олиб бордилар. Ҳиндларнинг машҳур «Панчатантра»си форс тилига таржима қилиниб, Эрондаги барча мамлакатларга тарқалди. Ҳиндистондан Эронга шаҳмат ҳам кириб келди. Шунингдек, нафақат Эрон, балки бошқа Шарқ мамлакатларидан ҳам илм толиблари турли фанларни пухта ўзлаштириш учун Ҳиндистонга келардилар.

Марказий Осиё археологларининг тадқиқотларидан шу нарса маълум бўлдики, Марказий Осиё ва Ҳиндистон ўртасидаги маданий алоқалар Хараппа давриданоқ бошланган экан. Марказий Осиё халқларининг удумлари ва маданияти кушонлар орқали Ҳиндистонга ўтган. Бу даврдаги асосий воқеалардан бири буддизмнинг Марказий Осиёга кириб келишидир. Буддизм воситасида бу ўлкадаги халқлар ҳинд маданиятидан бахраманд бўлдилар. Марказий Осиёда топилган тарихий ашёлардан маълум бўлишича, гупталар даврида ҳиндлар бу ўлкада ўз қишлоқлари ва шаҳарларини барпо қилганлар. Бунинг энг ёрқин мисоли Қоратепа (Термиз атрофи, I аср) ва Ажина тепада (Жанубий Тожикистон, I аср) қайин дарахти пўстлоғига ёзилган маълумотлардир.

Тарихчилар ҳиндларнинг Африка қитъаси билан алоқалари эллинлар давридан бошланган деб ҳисоблайдилар. Нил водийсида қадимги Ҳиндистондан чиққан жонивор – зебунинг пайдо бўлиши ҳинд ва Африка цивилизацияларининг дастлабки учрашуви деса ҳам бўлади. Зебу бу ҳудудга милоддан аввалги II минг йилликда олиб келинган. Миср филлари атрофдаги мамлакатларда маълум бўлиб, ўлкада филларни овлаш учун махсус экспедициялар ташкил қилинган. Ҳиндлар Африкага фил ўргатиш учун келганлар. Гехизийнинг изоҳли луғатида «ҳинд» сўзига «эфиопия филини бошқарувчи одам» деб таъриф берилади. Маурийлар даврида Миср ва Ҳиндистон ўртасида мустаҳкам алоқа ўрнатилди. Ҳинд шоҳи Биндусарага Птоломейдан элчи йўллангани ҳақида айтиб ўтилади. Дионисий исмли бу элчининг юртига келтирган буюмларибарчани лол қолдиради.

Ашока фармонларида Миср шоҳларининг исми ҳам кертирилади. Маълумки, Ашока миссияси Мисрда ҳам мавжуд эди. Дендера шаҳри қабристонида унинг вакилларидан бири дафн этилган деган фикрни кўпгина тадқиқотчилар тасдиқлайдилар. Птолемей даврида Мисрга Ҳиндистондан кўп миқдорда қимматбаҳо тошлар ва бошқа маҳсулотлар олиб келтирилиб, улар Арабистон орқали олиб ўтилган. Миср ва Ҳиндистон орасидаги денгиз йўли милоддан аввалги II асрда тасодифан кашф қилинган. Периплнинг таъкидлашича, Гаппал исмли шахс Африкадан Ҳиндистонга эсувчи муссон шамоллари йўналиши сирини очади. Бу билан елканли кемаларнинг ҳар икки томонга қатнашига имкон яратилди. Птолемей Ҳиндистон йўлидаги денгиз бўйи мамлакатларини тасарруфига олди. Манбалар гувоҳлик беришича, милоддан аввалги 74-73 йилларда «Эритрея ва Ҳинд денгизлари стратеги» лавозими қайд этилган. Шимоли-шарқий Африка мамлакатларидан келган савдогарлар баъзи вақтларда Ҳиндистонда узоқ муддат туриб қолганлар. Рим империяси ҳудудларининг кенгайиши ва буюк Кушонлар давлатининг пайдо бўлиши Африка ва Ҳиндистон ўлкаси муносабатларини янги сифат даражасига кўтарди. I аср бошларида бу икки халқ ўртисидаги алоқалар янада мустаҳкамланди.

Худди шу асрда африкаликлар Ҳиндистоннинг шимоли-ғарбий чегараларига келиб ўрнаша бошладилар. Савдогарлар Ҳиндситондан Мисрнинг Искандария шаҳри орқали Ўрта Ер денгизи мамлакатларига мол олиб ўтганлиги ва бунда божхона фаолият кўрсатгани ҳақида маълумотлар археологик тадқиқотлар натижасида ўз исботини топди. Бу йўналишдаги савдодан жуда катта даромад тушган. Баъзи маҳсулотлар 100 баробар қиммат сотилиши натижасида савдогарлар тез бойиб кетганлар. III асрда Ҳиндистонга қайтган бир савдогар шу даражада бой бўлганки, ҳатто Мисрни Рим тасарруфидан чиқариб, ўзини ҳукмдор деб аташга аҳд қилган.

Савдогарлар билан икки мамлакат ўртасида саёҳатчи олимлар ҳам қатнай бошладилар. Олимларнинг Аксумдан Ҳиндистонга сафарларига оид кўплаб маълумотлар сақланиб қолган. Археологлар Қизил денгиз тубидан бир қанча сопол буюмлар топдилар. Бу идишларда Браҳма ва тамил тилларидаги ёзувлар бор. Бу икки халқ орасидаги савдо алоқалари нақадар мустаҳкам бўлганидан далолат беради. Мазкур давлатлар савдо ишлари билан бирга, илм-фан борасида ҳам ўзаро тажриба алмашганлар. Ҳинд-Африка маданий алоқалари Миср адабиётида ҳам ўз аксини топган. Ҳинд диний ақидалари мисрликларга ҳам муайян таъсир кўрсатган.

Қадимги Ҳиндистон ва юнонларнинг ўзаро алоқаларига оид фактларни антик давр муаллифлари асарларида учратиш мумкин. Ҳиндистон ва Ғарб ўртасидаги маданий ва иқтисодий алоқалар минг йиллар давомида шаклланиб, равнақ топиб борди. Ҳиндистон Ўрта Ер денгизи халқлари билан савдо алоқаларини Хараппа цивилизацияси давридаёқ ўрнатган. Олимлар фикрича, юнонлар учун Ҳиндистонни Карандалик Скилака кашф қилган. У Ҳинд дарёси бўйлаб қуйи томонга сузган ва денгиз орқали Мисрга қайтиб келган. Унинг маълумотларидан Геродот ҳам фойдаланиб, у антик адабиётларда Ҳиндистон ҳақида дастлабки маълумотларни келтиради. У шундай деб ёзади: «Улар бирорта тирик жонзотни ўлдирмайдилар. Уларнинг уйи йўқ. Ўсимликлар истеъмол қилиб, кун кечиради. Бирортаси бетоб бўлиб қолса, чўлга чиқиб кетиб, ётиб олади». Ҳиндистонга оид нисбатан тўлиқ маълумотлар Македониялик Искандар истилосидан кейин пайдо бўлди. Аристабул, Птолемей, Неарх ва Анескрит маълумотлари кейинроқ яшаб ўтган – Страбон, Диодор, Арриан каби муаллифларнинг асарларида сақланган.

Рус ҳиндшунослари Г.М.Бонгард-Левин ва Г.Ф.Ильин Ҳиндистоннинг антик адабиёт давридан кейинги даврни «элчихоналар даври» деб атайдилар. Улар милоддан аввалги VI аср охири – III аср бошини ана шу ном билан белгиладилар. Деймахнинг «Индика» асари деярли сақланиб қолмаган бўлса ҳам, у орқали Ашоканинг шоҳ Антиох (Сурия), Антиген (Македония), Энеолит (Эпир) ва Птолемейга (Миср) элчи юборганлиги маълум. Бу ёзувлар Ҳиндистоннинг юқоридаги давлатлар билан алоқасидан далолат беради.

Рим империяси билан Ҳиндистон ўртасида ҳам дипломатик алоқалар мавжуд бўлган. Антик манбаларда император Август (милоддан аввалги 24-14 йиллар), Траян (98-117 йиллар), Андриан (117-138 йиллар) ва яна қатор ҳукмдорлар ҳузурига ҳинд элчилари юборилгани ҳақида айтилади. Юнон-Рим дунёси Ҳиндистон диний- маърифий манбалари ва фалсафаси билан яқиндан танишди. III асрда яшаб ўтган машҳур файласуф Филострат Ҳиндистонга саёҳат қилгани, у ерни ўргангани маълум.

Мегасфен Чандрагупта ҳаёти ҳақида ёзиб, “шоҳ ошпазлари унга барча ҳиндлар истеъмол қиладиган шаробдан беришади” деб маълумот келтиради. Шубҳасиз, шароб Юнонистондан келтирилар, қадимги тамил шоири уларнинг хуштаъмлигига эътибор қаратади. Ҳиндистон ва Ғарб ўртасидаги савдо алоқалари ўзаро маданий алоқаларга ҳам муайян ҳисса қўшган. Ҳиндистондан турли доривор ва зираворлар, зеб-зийнат буюмлари, металл ва яна бошқа қимматбаҳо маҳсулотлар олиб келтирилар, ўз навбатида Ўрта Ер денгизи мамлакатларидан турли маҳсулотлар келтирилиб савдо, қилинарди. Шри-Ланка, Ҳиндистон ва Бангладеш бандаргоҳларидан топилган Рим сопол идишлари ва тангалари бу давлатлар ўртасидаги савдо-сотиқ яхши ривожланганидан далолат беради. Ҳозирги Путучера яқинида Арекамедура номли Рим савдо факторияси топилиши алоҳида аҳамиятга эга. Помпейдаги археологик қазилмалар чоғида топилган фил суягидан ясалган Лакшми маъбудаси ҳайкали антик дунё ҳинд маданиятини яқиндан билганидан далолат беради. Қадимги тамил ёзувларида яванлар ҳақида кўплаб маълумотлар қолган. Жанубий Ҳиндистонда юнонлар ва римликларни яванлар номи билан атаганлар. Уларнинг баъзилари бу ерларда муқим яшар, кўпчилиги маҳаллий шоҳларга ёлланиб, уларнинг хизматини қилардилар.

Гандхара санъатининг ҳинд маданиятида ўзига яраша ўрни бор. Бу ерда Эллин ва Рим анъаналари ҳинд ва будда дини анъаналари билан қоришиб кетган. Тадқиқотлар ҳиндлар юнонлардан кўп нарса олганлар деган хулосага олиб келди. Тангалар юнонлардан аввал ҳам мавжуд бўлиб, кейинги уларнинг таъсири яққол кўзга ташланди. Сопол буюмлар ясаш, металл эритиш ва мис қуйишда ҳам антик дунё таъсири номоён бўлади. Ҳиндистонда юнонлар бошқарган давлатларнинг сўнгги сулолаларидан сўнг ҳам, давлат бошқариш тизимининг уларга хос маъмурий йўналиш ва усуллари анча вақтгача сақланиб қолди. Баъзи жойларда Македония тақвими қўлланиб, санъат ва ҳунармандчиликда ҳам юнон анъаналари давом этди. Ҳинд муаллифлари Марказий Ҳиндистондаги Ужайин астрономик расадхонаси билан Александрия обсерваторияси ўртасида боғлиқлик борлигини қайд этдилар. Шунингдек, айрим кўхна юнон китобларида ҳинд зиёлиларининг Суқрот билан учрашганлиги маълум. Пифагорнинг ҳинд фалсафасига таъсири беқиёс. Профессор Х.Роулинсон бу тўғрида, «Пифагорчилар тарғиб қилган деярли барча фалсафий, математик ва бошқа маълумотлар милоддан аввалги VI асрда Ҳиндистонда маълум бўлган» деган эди.

Рудрамона ҳукмдорлиги даврида жануби-шарқий мамлакатларнинг эллинлар билан алоқалари ривожланди. Илм-фанни юксалтирган Искандария билан мустаҳкам алоқалар ўрнатилди. 150 йилларда Юнон тилидан санскрит тилига астрологияга оид матнлар таржима қилинди. Бизга қадар қадим «Яванажаки» китоби (269-270 йиллар) етиб келди. Олимлар Бумант билан танишгач, унинг Искандарияда ёзилганини исботладилар. Эпиграфик маълумотларга кўра, шарқий кшатрал туманларида юнонлар яшаганлар. Эҳтимол улар бу ерларда бир вақтлар яшаган юнонлар авлоди ёки савдогар юнонлар бўлиши мумкин. Вақт ўтиши билан Деканда яванлар ҳиндлашиб, кўпчилиги будда ва браҳманлик динини қабул қилганлар. Юнонлар ва римликлар фан билан бирга ҳиндлар, Бобил олимларининг ҳам илмий ютуқларини ўрганиб, хусусан фалакиёт илмини ўзлаштирганлар.

Периклнинг «Эгей денгизи» асарида Жанубий Ҳиндистоннинг Ғарб билан алоқалари ҳақида қизиқарли маълумотлар келтирилган. Унда мамлакатнинг жанубий шаҳарларидан Кероботрга катта миқдорда мис, қўрғошин, тилла буюмлар ва қимматбаҳо кийим-кечаклар олиб борилиб, у ердан гармдори, марварид, фил суяги ва турли хил қимматбаҳо тошлар олиб келингани ҳақида ёзилган. Птолемей асарида ҳам худди ана шу хусусда сўз боради. «Шиланпадигарам» ва «Манимехалей» достонларида бадавлат яванлар, денгизлардаги улкан кемалар ва савдо-сотиқ ишлари ҳақида маълумот мавжуд. Путучери яқинидаги Арикамеда шаҳридан I асрга оид ажойиб кўзалар топилган.

Юнонистонда ҳинд элчилари ва савдогарлари фаолият кўрсатиб, Ҳиндистон жанубида эса юнон савдо факториялари бўлган.

Парфиядан Ўрта Ер денгизига ўтадиган Буюк ипак йўли вужудга келган даврдан бошлаб Ҳиндистоннинг Марказий Осиё, алалхусус Шарқий Туркистон билан алоқалари юксалди. Қадимги Туркистон аҳолиси кўпчиликни ташкил этмас эди. Кам сонли аҳоли секин-аста шаҳар ва қишлоқлар барпо этиб, юксалиш томон кадам қўя бошлади. Ҳинд-Европа негизи милоддан аввалги II минг йилликда кўчиб борган тўхар қабилалари ва кейинчалик шартли равишда хотан-саклар деб ном олган қабилалардан ташкил топган эди. Бундан ташқари Шарқий Туркистонда сўғдларнинг катта гуруҳлари, Марказий Осиёнинг бошқа қабилалари ҳамда ҳиндлар яшарди. Минтақа тарихида хун-ну ёки хунлар, шунингдек бошқа кўчманчи қабилалар ўзига хос из қолдирганлар.

Милоддан аввалги II аср охирларида Хитой императори Ву-ди Туркистонни босиб олишга ҳаракат қилди. Ҳинд ҳукмдорлиги даврида ва ундан сўнг шарқий вилоятлар муайян вақт хитойлар қўлида қолди. Айни вақтда бу ерда Хитой маданияти таъсири ҳам сезилди. I асрга келиб Шарқий Туркистон маданияти маълум таъсир доирасига эга бўлди. Бу ўлкада ҳиндларнинг таъсири кучли эканини тасдиқлайдиган кўплаб далиллар мавжуд. Чунончи, мамлакатнинг Жанубий-шарқий қисмидаги Кийя-Лоулани ноҳиясида ҳиндларнинг катта колонияси ташкил топган бўлиб, бу ерлик аҳоли деҳқончилик, косибчилик билан шуғулланган. Кўплаб буддавий ибодатхоналар қурилган. Ҳинд маданияти бу ўлкада Ҳиндистондан келган коҳинлар, савдогарлар ёрдамида илдиз отган. Шарқий Туркистондан топилган қўлёзмаларнинг аксар қисми санскрит ёки пракритда, идора – девон ҳужжатлари эса асосан ҳинд тилида яратилган. Қадимги ҳинд адабиётига оид асарлар маҳаллий халқ тилларига таржима қилинган. Ҳиндлар таъсири Синцзяннинг Хўтан ўлкасида бирмунча кучли бўлган. Манбаларга кўра, маҳаллий сулолалар ҳиндча исмларни қабул қилиб, ўзларини Ашока авлоди деб ҳисоблаганлар. Хўтанда Гомативихара будда ибодатхонаси мавжуд бўлиб, у шу ўлкадаги Будда таълимотининг маркази ҳисобланган. Фа Сяннинг фикрича, бу ерларда бир вақтнинг ўзида уч минг коҳин яшаган.

Илк тарихий маълумотларга кўра, Хитой ва Ҳиндистон ўртасида савдо йўллари милоддан аввалги II асрда пайдо бўлган. Орадан бир аср ўтиб, улар янада ривожланган. Қуруқликдан ўтган асосий йўл – Буюк ипак йўли бўлган. Бирма ва Сичуан орқали ўтган йўллар кейинроқ пайдо бўлган. Сичуанда будда ибодатхоналари қурила бошланиб, бу ерда Будданинг турли – туман ҳайкаллари бунёд этилган.

Фа Сян сўзларига кўра, у 414 йилда Ҳиндистондан Хитойга денгиз орқали қайтади. Бу йўл Ланка ороли ва Катанга орқали ўтган. Тарихчиларнинг фикрича, иккинчи асрда хитойликлар экспансияси Ғарбга қаратилган. Айни шу сабаб иккала мамлакат орасидаги алоқаларни мувофиқлаштириш талаб этилган. Бироқ, мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар Кушонлар даврида анча ёмонлашган. Хан империясининг парчаланиши (II аср охири - III аср боши), мамлакатдаги иқтисодий танглик ва сиёсий тарқоқлик бу мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни тиклашда муаммолар пайдо қилди.

V асрга келиб Хитой ва Ҳиндистон ўртасидаги алоқалар кучая бошлади. 70 йил давомида Ҳиндистондан Хитойга саккиз нафар элчи ташриф буюрди. Маданий алоқалар кучайиши натижасида Хитойга буддизм кириб келди. VI асрдаги Хитой императори Миньди таклифига кўра, икки буддавий коҳин – Дхармаратна ва кашяпа Матанга Хитойнинг Чанань шаҳрига келган (603 йил). Ўша вақтда бу шаҳарда илк будда ибодатхонаси қурилган. Буддизм тарихи бўйича мутахассис Э.Цюрих бу дин Хитойга 65 йилдан бошлаб кириб келган деб айтади. Бироқ III асрдагина чуқур илдиз отди. Буддизм Хитойда кенг расм бўлиши натижасида икки мамлакат ўртасидаги маданий алоқаларда янги давр пайдо бўлди. Хитой сайёҳлари Фа Сянь, Сюан Цзян будда дини тарғиботчиси бўлии билан чекланмай, қадимги Ҳиндистон тарихига оид қимматли асарлар қолдирдилар. Ўша вақтда кўплаб буддавий китоблар ҳинд тилидан хитой тилига ўгирилди. Кейинроқ машҳур ҳинд олимлари Буддабхадра, Кумаражива, Парамартха ва Бадхидхармалар бир гуруҳ шогирдлари ва роҳиблари билан бирга Хитойга сафар қилганлар. Улар Хитойга ўзлари билан биргаликда санскритдан хитой тилига таржима қилинган будда таълимотига оид китоблар келтирганлар. Ҳинд олимлари кейинроқ хитой тилида ҳам оригинал асарлар битганлар. Улар Хитой адабиёти, хусусан, шеъриятига ҳам катта ҳисса қўшганлар. Икки халқ орасидаги бундай алоқа туфайли хитойликлар ҳинд астрономияси ва математикасини ўзлаштирдилар. Хитой амалдорлари ҳинд олимларидан сабоқ олишар, ибодатхоналар қуришда ҳинд услубидан кенг фойдаланишарди. Ҳудди шу жараён асосида Хитойга ҳинд мусиқаси ҳам кириб келди.

Хитой ҳудудида расм бўлган будда таълимоти тез орада Корея ва Японияга ҳам тарқалди.

Оролга илк ҳиндуорийлар келиши билан, Ҳиндистоннинг Шри – Ланка маданий алоқалари ҳам ривожланди. Улар ҳинд маданияти, сингал адабиёти ва санъатига катта таъсир кўрсатдилар. Бу икки мамлакат ўртасидаги алоқаларнинг нақадар туташ эканлигини уларнинг жуғрофий ва этник яқинлигидан ҳам билиш мумкин. Бу икки мамлакат деярли бир хил тарихий жараёнларни бошидан кечирган. Тахминларга кўра, ҳиндлар палеолит давридаёқ бу оролга келганлар. Археолог олимлар бу мамлакатларнинг неолит даврини ўрганиб, улар маданиятининг турли жиҳатлари ўзаро ўхшашлигини аниқлаганлар. Тўпланган материалларни қиёслаш асосида милоддан аввалги мингинчи йилларда Шри-Ланкада тили ҳиндуорийларга ўхшаган қабилалар пайдо бўлганлиги аниқланди.

Милоддан аввалги II минг йиллик бошларида Шри-Ланка Ҳиндистон ҳалқларидан бири – чолалар босқинини бошидан кечирди. Ланка ҳукмдори Гажабаҳу (113-135) чолаларга қарши кураш олиб борди. Натижада Ҳиндистоннинг жанубий ҳудудларида сингал ҳукмдорлиги юзага келди. Бу ҳол оролда маҳаллий ва ҳинд маданияти ривожига таъсир кўрсатди.

Ланкада сингал маданияти шаклланишида буддизмнинг ўзига хос ўрни бор. Шубҳасиз бу жараён узоқ ва мураккаб кечган. Деванампия Тисса ҳукмронлиги даврида (тахминан милоддан аввалги 247-207 йй.) император Ашока Ланкага Махинда миссиясини йўллайди. Ланкада V аср машҳур олими Будгахаши фаолият кўрсатди. Самудрагуптанинг замондоши Магхавар ҳукмдорлиги даврида Ланка оролига Калинга шаҳарларидан диний ёдгорлик – Будда тиши келтирилган. Ланкадаги будда ибодатхоналари сингал таълимотининг йирик маркази ҳисобланган, уларнинг кутубхоналарида маҳаллий тарих китоблари билан бирга Шимолий Ҳиндистондан келтирилган асарлар ҳам сақланган. Ланканинг палий адабиёти Ҳиндистоннинг қадимги тарихи ва маданиятини ўрганишда муҳим манба ҳисобланади.

Қадимги Ҳиндистон Жанубий Шарқий Осиё мамлакатлари билан савдо ва маданий алоқалар ўрнатган. Маълумки, Жануби-шарқий Осиёда бронза ва бошқа металларга илк бор ишлов берила бошланган. Ҳиндистонга металл, бронза маҳсулотлари Австралия-осиё халқларидан – мундалар томонидан келтирилган. Бирма маданиятининг Ҳиндистон билан боғлиқлиги ҳам ўз тасдиғини топди. Бирманинг асосий аҳолиси номи – “талаинга”, Жанубий Ҳиндистондаги “теленганиа”ни эслатади. Унинг пойтахти Шрикатра бўлиб, у ерда ҳиндлашган қабилалар истиқомат қилганлар. Бирманинг шимоли-ғарбий ўлкаларида ҳинд сулолалари ҳукмдорлик қилган. I асрда мамлакатнинг Аракон вилояти орқали буддизм тарқала бошлади. Қадимда «олтин ер» (Ҳиндихитой) ёки «олтин орол» номини олган Индонезия Жантакапурана ва бошқа ҳинд тарихий ёдгорликларида тилга олинади. Айрим маҳаллий давлатлар Айдохья (Аютия), Чалпа (Аннам) каби ҳиндча номланган. Ҳинд муаллифлари ёзишича, Камбоджадаги биринчи ҳинд давлати - Фу-нань милоддан аввалги I асрда барпо бўлган. Унинг тўлиқ номи Камбожеша бўлиб, ўз даврининг кучли давлатларидан бири ҳисобланган. Сулолалар номи ҳам ҳиндча бўлган. Масалан, Индраварман, Сурьяварман II, Жаяварман VII каби номланган. Сиам (Таиланд)да биринчи ташкил топган давлат Сукходая деб номланган. Ҳинд тарихчиларининг кўрсатишича, Яванинг ҳиндлар томонидан забт этилиши I асрдан бошланган. Ява ҳукмдори Давеварман 132 йилда Хитойга элчилар юборган. V ёки VI асрда оролнинг ғарбида кучли давлат – Калинга пайдо бўлади. Суматрадаги илк ҳинд давлати, тахминан IV асрда вужудга келган Шри Важая, VII асрда будда динининг муҳим марказига айланди.

Бу минтақада ўша давр расмий ҳужжатлари синскрит тилида битилган. Санскритда битилган энг қадим ёзув Вьетнам жанубида топилган. Бу даврда эпиграфик қайдлар фақат санскрит ёзувида бўлиб, кейинроқ қайдлар маҳаллий тилларда ҳам ёзилган. Жануби-Шарқий Осиё тилларидан кўплаб санскрит ва пали сўзлари жой олган.

Ўша даврда минтақада буддизм ва ҳиндуизм кенг ёйилиб, будда коҳинлари учун ибодатхоналарбунёд этилди. Улар ҳинд дини ва маданияти марказига айланиб, ҳукмдорлар ва бой кишилар ҳомийлигига эришдилар. Шарқий-жанубий Осиё мамлакатларида ҳинд маданияти ва санъатига яқин ажойиб меъморчилик, ҳайкалтарошлик обидалари яратилди. Мазкур минтақада «Рамаяна» ва «Махабхарата» кенг танилиб, шунингдек, ҳинд тилида ҳуқуқ соҳасига оид асарлар ҳам маълум эди. Мону қонунларига асосланган асарлар жануби-шарқий Осиё халқлари тилларига таржима қилинган.

Икки буюк ўлка – Ҳиндистон ва Марказий Осиё дунё цивилизацияси бешиги ҳисобланади. Ҳиндистон ва Туркистон каби буюк ўлка халқлари орасида доимо сиёсий, маданий ва иқтисодий алоқалар мавжуд бўлиб, улар ҳозир ҳам давом этиб келмоқда. Бу икки юрт кўп жиҳатдан ўхшаш, ҳар иккиси ҳам Буюк ипак йўлида жойлашган.

Неолит даврида Марказий Осиё ва Ҳиндистон шимолида бир – бирига яқин деҳқончилик экинлари экилган. Олтинтепада (Жанубий Туркманистон) олиб борилган қазиш ишлари натижасида Ҳинд водийси халқлари билан Жанубий туркман қабилалари орасида бронза, яъни Хараппа маданияти гуллаган бир даврда мустақил алоқалар ўрнатилгани маълум бўлди. Хараппа маданиятига оид ва профессор М.К.Массоннинг фикрича, фол очиш учун ишлатилган фил суяги топилган. Худди шундай ўйинчоқ суяклар Хараппа ва Мохенжо Дародан ҳам топилган. Марказий Осиё савдогарлари Ҳиндистонга бориб ушбу буюмни олиб келганлиги ҳақиқатдан узоқ эмасдир. Жанубий Туркманистондан топилган уч бошли маҳлуқ кўринишидаги муҳрларда худди Хараппа муҳрлари каби икки эчки боши ва балиқ тасвирланган.

Олтинтепада топилган яна бир ноёб буюм бу икки белгили қадимий ҳинд ёзувидир. М.Е.Массон шунга эътиборини қаратганки, унда жониворлар расми эмас, балки пиктографик матн мавжуд. Унинг фикрича, Олтинтепада яшаган бирон бир кимса ҳиндча матнни ўқий олмаган. Бундан келиб чиқиб, муаллиф Марказий Осиё жанубидаги бир неча қабилалар дравид тиллари оиласига мансуб деган фикрни ўртага ташлади.

Бу икки мамлакат алоқаларида Аҳмонийлар сулоласи ва Македониялик Искандар юришларини алоҳида таъкидлаш керак. Марказий Осиёнинг Бақтрия, Сўғд, Парфия, Хоразм вилоятлари билан Шимолий Ҳиндистоннинг Гандхара ва Ҳинд водийси ягона империя таркибига кирган. Милоддан аввалги II асрда сак ва бошқалар Помир орқали Шимолий Ҳиндистонга келганларида, ўзлари билан Марказий Осиё маданияти анъаналарини олиб келишган. Бунга Таксиладан топилган темир қиличлар ва бронза дисклар далил бўла олади.

Помирда амалга оширилган қазишмалар вақтида маҳаллий сакларга мансуб кўплаб қабрлар топилган. Қабрларнинг 4000 метр баландликда ҳам 250га яқин қўрғонлари топилган. У ердан Ҳиндистонга хос махсус ишланган қимматбаҳо маржонлар, кўзни даволайдиган чиғаноқлар топилган. Худди шундай нарсалар Ҳиндистонда ҳам учрайди. Шундай қилиб, милоддан аввалги III асрдаёқ саклар ва ҳиндлар ўртасида маданий алоқалар мавжуд бўлганлиги аниқланди.

Икки давлат ўртасидаги алоқалар Кушон империяси даврида янада мустаҳкамланди. Бу даврда Марказий Осиё ва Ҳиндистоннинг шимолий қисми ягона империя таркибига кирган. Маданиятнинг яқинлиги аввало маданий мерос билан боғлиқ. Ўрганилаётган давр тарихчиларининг ёзишича, Ҳиндистонга кўчиб келган Марказий Осиёликлар буддизмни қабул қилганлар. Таксиладаги ёзувлар Бақтрияда буддавий ибодатхоналар қурилганлиги ҳақида маълумотлар беради.

Ҳиндистонда топилган тангаларга форс маъбудалари тасвири, жумладан, Митра, Вретрагна ҳиндларнинг Шива маъбудаси таъсирида шаклланган. Уларда Вахш дарёсининг худоси Охшо тасвирланган. Матхурадаги меъморчилик ёдгорлигидан шу нарса маълумки, Марказий Осиё анъаналари ҳиндларнинг қурол-аслаҳаси ва кийимига катта таъсир кўрсатган. Баъзи олимлар Гандхара маданияти юнон ва буддизм маданияти қоришмасидан иборат дейдилар.

Француз олимларининг Афғонистонда ва Г.А.Пугаченкованинг Халчаён ва Далварзинтепадаги топилмалари Кушон маданияти келиб чиқиши ва унинг характерини очиб беришга имкон яратди. Гандхарада бошланган қазилма ишлари Афғонистон ва Марказий Осиёда давом этди. Бу изланишлардан Гандхара мактабидан олдин юзага келган ўзига хос Бақтрия мактаби мавжуд бўлганлиги аниқланди. Кейинроқ буддизм кенг ёйилиши натижасида Кушон давлати ва Бақтрияда ҳам бу динга эътиқод қилувчилар сони кўпайди. Шунга қарамай, Бақтрия ўз тараққиёт йўлидан юришда давом этди. Бу маълумотлар Термиз, Далварзинтепа, Халчаёндан топилган ёдгорликлар орқали ҳам ўз тасдиғини топди.

Бақтрия маданиятининг аҳамиятини тўла англаб етиш учун, бу ерда милоддан аввалги III асрда ҳукм сурган Юнон-бақтрия давлати ва юнон маданиятини эслаш кифоя. Давлат чегарасининг жануб ва жануби-шарқ томон кенгайиши Бақтрияни ҳинд маданиятига ошно қилди. Бу даврда Халчаён ривожланди, қўрғон қурилиб, шаҳар мустаҳкам девор билан ўраб олинди. Кейинроқ Бақтрия ҳудудида бешта кичик давлат қарор топди. Кадфиз I даврида улар бирлашиб, Кушон империясини ташкил қилдилар. Халчаён ҳунармандчилик мактаби Кушон ва Бақтрия маданияти учун асос бўлиб хизмат қилди.

Кушонлар даврида Гандхара мактаби ва унинг буддавий шакли Тоҳаристон маданиятига ҳам маълум таъсир ўтказди. Буни Далварзинтепада олиб борилган қазиш ишлари натижалари ҳам тасдиқлайди. Бу ерда милоддан аввалги III-II асрда юнон-бақтрия шаҳарлари бўлиб, улар айниқса милоддан аввалги I асрда-милодий I асрда юксалганлар. Айнан шу вақт – Кадфиз I ва Кадфиз II ҳукмронлиги даврида Бақтрияга будда дини кириб келди. Мазкур масканда эҳром, унда бир қанча ҳайкал ва супачалар бор эди. У ердаги лой ва чиннидан ясалган ҳайкалчалар деворга осилган. Ҳайкалчалар анъанавий ҳинд санъатига оид бўлса-да, уларда маҳаллий урф-одатлар аксини ҳам кўриш мумкин.

Халчаён ва Далварзинтепа ҳайкалларини таққослаш оқибатида шу маълум бўлдики, ҳар икки маданият турли йўлдан борган. Масалан, Халчаён ҳайкаллари портрет кўринишида, реал ва будда анъаналаридан анча йироқ, Далварзинтепадаги суръатлари анча кейин ишланган. Шунингдек, бу санъат Бақтрия мактабини эллин ҳинд-будда анъаналари билан боғлаган.

Далварзинтепадан топилиб, ҳиндшуносларни қизиқтирган яна бир ашё I асрнинг иккинчи ярмига тегишли олтин буюмлар хазинаси. Шу каби олтин буюмлар Ганхарадан ҳам топилган. Энг муҳим топилмалардан яна бири кхарош хатида ёзилган олтин қуймадир. Бу хат шимоли-ғарбий Ҳиндистонда тарқалган бўлиб, ёзувлар мадҳия ва бағишловлардан иборат. Унда қадимги Бақтриянинг Ҳиндистон ва Марказий Осиёдаги будда динига оид ҳаёт тарзи акс эттирилган. Бу топилмалар тарих фанининг бойишига катта хизмат қилди. Шу билан бирга Ҳиндистон ва Марказий Осиё халқларининг ўзаро алоқаларини очиб беришда алоҳида аҳамиятга эга. Кўриниб турибдики, икки халқ орасидаги алоқалар қадимдан мавжуд ва ҳамон давом этиб келмоқда.

Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, қадимги Ҳиндистоннинг жаҳон маданияти, хусусан, шарқ маданиятига қўшган ҳиссаси улкан. Қадимги Ҳиндистон асрлар мобайнида Ғарб ва Шарқни кўплаб мамлакатлари билан алоқаларни кенгайтирган. Улар билан турли жабҳаларда алоқаларни мустаҳкамлаш билан бирга, ўз маданияти ва урф-одатларини ҳам сақлаб қолишга эришди. Қадимги ҳинд маданияти ҳинд халқининг бўлғуси маданиятига асос бўлди. Бу маданият шу даражада кенг қамровли, ранг-барангки, жаҳоннинг исталган бурчагида унинг таъсири сезилиб туради.




1   ...   7   8   9   10   11   12   13   14   15


©netref.ru 2017
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет