3. Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатлари тарихи Хетт давлати (салтанати)



жүктеу 2.89 Mb.
бет12/15
Дата25.04.2016
өлшемі2.89 Mb.
1   ...   7   8   9   10   11   12   13   14   15
: uploads -> books -> 47879
47879 -> Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги термиз давлат университети тарих факультети маънавият асослари ва
books -> Махсус таълим вазирлиги низмий номидаги тдпу ходиева дилрабо пиримовна
books -> Национального Университета Узбекистана имени Мирзо Улугбека методика преподавания истории в школе учебно методическое пособие
47879 -> Термиз давлат университети педагогика факультети психология кафедраси
47879 -> И.Ҳ.Ҳамдамов, С. Б. Мустанов, Э. И.Ҳамдамова, Г. А. Сувонова ботаника и.Ҳамдамов, С. Мустанов, Э. И.Ҳамдамова, Г. Сувонова Ботаника
47879 -> Термез давлат университети жисмоний маданият факультети жисмоний тарбия ва спорт кафедраси
47879 -> Ўзбекистон тарихи кафедраси маматқулова раънонинг 5220200-тарих таълим йўналиши бўйича бакалавр даражасини олиш учун
47879 -> Хорижий мамлакатлар тарихи” кафедраси умумий тарих. ҚАдимги давр. Тошкент – 2009
47879 -> Самарқанд қишлоқ ХЎжалиги институти
47879 -> Термиз давлат университети жисмоний маданият факультети жисмоний тарбия ва спорт кафедраси

Таянч иборалар

Оромий езуви, “Панчатантра”, зебу, Гаппал, “элчихонлар даври”, “Индика”, яванлар, “Яванажаки”, тўхарлар, пракрит тили, палий, чолалар, сингал, мундалар, “талаинга”, Сиам, Мону қонунлари, дравид тиллари, Охшо, кхарош хати.
5. Қадимги Эрон

1. Аҳамонийлар давлати. Кайхисрав II юришлари

Эрон ҳудудига мидияликлар билан бирга бошқа қабилалар ҳам кириб келган. Қабилалардан бири Оссурия ёзувларида парсуа номи билан аталиб, улар қадимги эронийларнинг аждодлари деб тахмин қилинади. Оссурия шоҳлари бу қабилалар билан кураш олиб борганлар. Парсуалар Элам ўлкаларидан бири – Аншанда мустаҳкам ўрнашиб, бу ерда қабилаларнинг йирик иттифоқини ташкил қилганлар. Эламнинг вайрон этилиши тўғрисидаги ривоятда Оссурия шоҳи Ашшурбанипал “Парсуаш шоҳи Кайхисрав” ни эслатиб, Кайхисрав Оссурия шоҳига бўйсунгани ва ўзининг катта ўғлини совға - саломлар билан Нинуво шаҳрига йўллаганини айтади. Оссурийларга, сўнгра мидияликларга қарши курашда Эрон қабилалари иттифоқи кучайиб, мустаҳкамланган. Милоддан аввалги VI аср ўрталарида анча йирик Эрон шоҳлиги ташкил топган.

Тарихий анъаналар ва антик муаллифлар бу давлатга Кайхисрав II, Ашурбанипалга замондош – Кайхисрав I ворисларидан бири эканлигини бир овоздан таъкидлайдилар. Кайхисрав II қадим ва қудратли Эламнинг юксак маданиятининг азалий анъаналарига таяниш ниятида, ўзини “Аншан шоҳи”, шунингдек “Парсу”, яъни Эрон шоҳи деб атайди. Геродот асарида Кайхисрав болалик, ўспиринлик йиллари ва фаолиятини тасвирлаган бир қанча ривоятлар сақланиб қолган. Улкан давлатга асос солган буюк шахс ҳаётини тасвирлаган бу ривоятлар замонасига хос, афсона шаклида берилган. Кайхисравнинг фаолияти ўз замондошларига кучли таъсир кўрсатгани ва ўз даврининг буюк арбоби Кайхисравнинг образи ҳақида халқ ижоди, қисман коҳинлар мадҳида шундай ҳикоя бор: шоҳ Саргон I каби, Кайхисрав ҳам асранди бола бўлиб, уни бир чўпон тарбиялаб ўстирган, ёки Римга асос солган Ромул ва Рем сингари Кайхисравни ҳам бир жонивор боқиб катта қилган эмиш. Эрон шоҳлигига асос солган бу машҳур шахснинг сирли келиб чиқиши, унинг дунёга илоҳий тарзда келганлиги ҳақидаги афсоналарга ҳатто Геродот ҳам танқидий назар билан қараган. Бундай афсонлар Эрон шоҳлари қадимги Шарқ дунёсини қурол билан бўйсундириб, истило қилинган кўплаб мамлакатлар устидан Эрон “шаҳаншоҳи” ҳокимиятини ўрнатиш ниятини оқлаш мақсадида кейинги замонларда яратилган бўлиши ҳам мумкин.

Бобил солномалари ва шу даврга оид баъзи ҳужжатларда сақланиб қолган маълумотлар тарихий нуқтаи назардан бирмунча ишонарли.Бу ҳужжатлардан Кайхисрав Мидия шоҳи Астиаг (Иштувечу) га қарши уруш бошлагани маълум. Геродот бу урушни тасвирлар экан, халқ эртакларидан фойдаланиб, жумладан, Кайхисравни Астиагнинг невараси деб кўрсатади. Бу ярим афсонавий ҳикоя Эрон шоҳи Кайхисравнинг Мидия тахтига даъвосини оқлаш мақсадида тўқилган бўлса керак. Воқеаларни бир мунча объектив баён қилувчи Бобил солномаларида айтилишича, “Иштувечу Аншан шоҳи Кайхисравни енгиш учун, унга қарши қўшин тўплаб борган. Бироқ Иштувечу қўшини исён кўтариб, унинг ўзини асир қилиб, Кайхисрав қўлига топширган. Кайхисрав унинг пойтахти Экбатана устига юриш қилиб борган. Экбатана хазиналари талон - тарож қилиниб, Аншанга олиб кетилган”. Шундай қилиб, бу уруш Мидиянинг тор - мор қилиниши ва эронликларнинг тўла ғалабаси билан тугаган. Эрон қўшинлари Мидия пойтахти Экбатанани босиб олганларидан сўнг, Кайхисрав Мидияни ўз давлатига қўшиб олган.

Шуниси характерлики, Бобил солномаларида ҳамда Геродот ҳикоясида таъкидланишича, Кайхисравнинг муваффақиятига ва Астиаг енгилишига мидияликлар норозилиги сабаб бўлган. Улар Астиагга қарши қўзғолон кўтариб, Кайхисравнинг Мидия қўшинини тезда енгишига имкон берганлар.

Тарихий солномаларда Кайхисрав Мидия шоҳи Астиагни асир қилиб олгандан кейин, унга ўз давлатидан ўрин берганлиги ривояти бор. Бу ривоят Мидия зодагонлари Эронда форс зодагонлари билан бир хил имтиёзга эга бўлганлари тўғрисидаги факт билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин.

Кайхисрав Мидияни истило қилганидан кейин ҳам истилочилик сиёсатини давом эттиради. Кайхисрав қисқа вақт ичида Арманистон, Каппадокия, Лидия (милоддан аввалги 547 - 546 йиллар) ва ниҳоят Бобилни (милоддан аввалги 538 йил) истило қилади. Навуходоносор II замонида юксак тараққий этган янги Бобил шоҳлиги савдо соҳасида етакчи бўлиб, пойтахти Бобил шаҳри қудратли ва енгилмас, мустаҳкам қалъа эди.

Кайхисрав Бобилнинг бойлиги ва ҳарбий кучига юксак баҳо бериб, дастлабки вақтда эътиборини Олд Осиёнинг шимолий қисмида, асосан, Кичик Осиёда ҳокимиятини мустаҳкамлашга қаратади. Бу Лидия шоҳи Крез ва Миср подшоси Амазис (Яхмос II) Бобил подшоси билан Эронга қарши мудофаа иттифоқи тузганлиги учун ҳам муҳим эди. Шу сабабли, Кайхисрав дастлаб иттифоқчиларнинг энг заифи Лидия шоҳига зарба берди. Бу билан у Олд Осиёнинг шимолий қисми бойликларини қўлга киритиб, Бобилни иттифоқчиларидан ажратиб, савдо ва ҳарбий алоқа йўлларини тўсиб қўйди. Эрон истилочисининг зарбалари остида Лидия қулаганидан сўнг, қудратли Бобил бевосита хавф остида қолди. Эндиликда Кайхисрав бутун ҳарбий кучини Бобилга қарши қаратиш имконига эга бўлди, чунки қўшини учун Шарқ ва Шимолдан ҳеч қайси куч хавф солмасди. Иттифоқчиларидан маҳрум бўлиб, ғалаёнлар оғушида қолган Бобил истилочиларга қаршилик кўрсата олмади.

Кайхисрав Бобилни осонлик билан қўлга киритгани ва ўз давлатига қўшиб олгани барча манбаларда тасдиғини топади. Бундай муҳим сиёсий ҳодиса тўғрисида Набониднинг Бобил солномаси, Бобил коҳини Бероснинг тарихий асари, юнон тарихчиси Геродот асарлари ва ниҳоят Кайхисрав фармонларида ҳам маълумот сақланган. Кайхисрав фармонларининг миххат билан ёзилган матни ҳозирга қадар сақланган. Унда эронийларнинг кўп сонли қўшини “Бобилга қаршиликсиз кириб келди” дейилади. Бу ерда Кайхисрав ўзини Бобил, унинг маданияти ва дини ҳомийси қилиб кўрсатади. Кайхисрав Бобилни истило қилишда шу йўсинда маҳаллий коҳинлар кўмагига таянгани шубҳасиз. Кайхисрав ўз манифестида – “Ҳамма муқаддас жойларга ғамхўрлик кўрсатдим, бинобарин, Бобил халқи ҳам кўнглидаги тилак-орзуларига эришди, уни бераҳм зулмдан қутқардим... биз улуғ тангри Мардук биз унинг юксак номига атаб чин қалбимиздан қувонч тўла мадҳиялар ўқиганимиздан кейин, уни иззат қилувчи мен, яъни шоҳ Кайхисравга ва ўғлим Қамбизга ва барча қўшинимизга фотиҳа берди” дейди.

Бутун қадим Шарқни ўз қўл остида бирлаштиришга даъво қилган Эрон давлатига Бобилнинг қўшиб олиниши, Бобилнинг савдо ва қулдорлик зодагонларига ташқи савдони ривожлантириш учун кенг йўл очиб берди. Шу сабабдан, Бобилнинг зодагон савдогарлари Эрон давлати таркибига кириш тарафдори бўлиб, савдо кўламини кенгайтиришдан манфаатдор бўлган. Бобил коҳинлари ҳам истилочиларни қўллаб – қувватлаганлар.

Кайхисрав Бобилни истило қилиш билан чекланмади. У истилочилик сиёсатини давом эттириб, Бобилдан ғарбдаги мамлакатлар билан савдо алоқаларини кенгайтиришга интилиб келган зодогонларининг якка ҳокимига айланди.
Таянч иборалар

Кайхисрав II, Иштувегу, Бобил солмонаси, парсу, Аншан, миххат езуви, Мардук.

Саволлар

1. Кайхисравнинг ҳарбий юришларида қандай омил асосий ўрин турган?

2. Нима учун Бобил коҳинлари Кайхисравнинг босқинчилик юришларини қўллаб - қувватлаган?
2. Қамбиз (милоддан аввалги 529 - 523 йиллар) ва эронийларнинг Мисрни истило қилиши.

Қамбизнинг шоҳлик тарихи бизга юнон тарихчилари ҳикоялари ва эронийларнинг Миср истилоси даврига оид Миср ёзувларидан маълум. Кайхисрав вафотидан кейин унинг катта ўғли Қамбиз қонуний вориси сифатида тахтга ўтиради. Бироқ бу вақтда мамлакатда ола – ғовур давр бошланди. Кайхисрав томонидан бўйсундирилган, аммо иқтисодий жиҳатдан Эронга қарам бўлмаган айрим мамлакатлар давлат таркибига ҳали буткул кириб улгирмаган эдилар. Кайхисрав бўйсундирган айрим халқлар мустақилликлари учун курашга тайёр бўлиб, озодликка чиқиш имконияти туғулиши билан, бош кўтариб чиқиши тайин эди. Айрим халқлар Кайхисрав ўлимидан фойдаланиб, Эрондан ажралиб чиқдилар. Қўзғолонларни бостириш учун Қамбиз кўп куч сарфлашига тўғри келди. Бу қўзғолонларга Кайхисравнинг иккинчи ўғли ҳам аралашган бўлса, эҳтимол. Беҳистун ёзувида унинг исми Бардия, Геродотнинг асарида эса Смердис деб берилган. Ксенофонт айтишича, “Кайхисрав вафот этиши билан унинг ўғиллари ўртасида низо келиб чиқди, шаҳар ва қабилалар ҳам Эрон таркибидан чиқа бошлаган”. Қамбиз Эрон давлатининг тўлақонли шоҳи сифатида ўз мавқеини мустаҳкамлаш мақсадида укаси Бардияни қатл қилдиради, аммо Беҳистун ёзувларида қайд қилинишича, “Камбужий Бардияни ўлдирганида халқ бундан бехабар қолган”.

Қамбиз ўз мавқеини мустаҳкамлаб, қўзғолон кўтарган халқлар устидан ҳукмронлик ўрнатганидан сўнг, Кайхисравнинг истилочилик сиёсатини давом эттириш мақсадида, Мисрга қўшин тортиб боришга тайёрлана бошлайди. XXVI Саис сулоласига мансуб тадбирли фиръавнлар замонида бир қадар кучайган, ўзининг минг йиллик қадимги маданияти ва ўтмишдаги қудрати билан мағрур Миср Эрон ҳукмдорлари учун хавфли рақиб эди. Миср фиръавни Яхмос II Мисрнинг юнонлар билан савдосини ривожлантириб, ўз қўшинига юнонлардан ёлланма аскарлар йиғиб, улар ёрдамида Мисрнинг иқтисодий ва ҳарбий қудратини мустҳкамламоқчи бўлган. Бундан ташқари, фиръавн Кипр, Лидия, Бобил ва Самос ороли билан иттифоқ тузган. Бироқ Эрон қудратининг ортиши кучсизланиб бораётган ва ичидан заифлашган Миср ҳукмдорларининг сўнгги умидларини ҳам пучга чиқарди. Бобил билан Лидияни Кайхисрав ўзига бўйсундирган эди. Кипр, ҳатто юнон ёлланма қисмларининг бошлиғи бўлиб, аввалроқ Яхмос II га хизмат қилган иониялик Факет ҳам Қамбиз томонига ўтган эди. Шундай қилиб, иттифоқчиларидан ажралган Миср бутун Ғарбий Осиёни истило қилган ва селдек ёпирилиб келган истилочига қарши якка ўзи курашиши лозим эди.

Ғоят катта қўшинини ва иттифоқчилари - финикияликлар, кипрликлар ва самосликларнинг кучли флотига таяниб, Қамбиз милоддан аввалги 526 йилда Мисрга қарши юриш бошлаган. Бу юришда Лидиянинг собиқ шоҳи, кекса Крез ва Поликрат Самосскийнинг акаси Силосон Қамбиз билан бирга иштирок этган. Қамбиз араб қабилалари йўлбошчиси билан битим тузишга муваффақ бўлиб, унга кўра, у Синай кўлидан ўтаётган Эрон қўшинларини сув билан таъминлаган.

Эроннинг кўп сонли қўшини Миср чегараларига яқинлашиб келаётган пайтда Яхмос II вафот этади: Яхмос II замонасининг йирик сиёсий арбоби бўлиб, юнонлар ёрдамидан усталик билан фойдаланган. Тахтга Псаметик III ўтирган, аммо у ўз мамлакатини душманлардан асраш ва давлати мустақиллигини сақлаб қолишнинг уддасидан чиқа олмади. Миср қўшинлари Пелузия ёнидаги жангда ҳам, Мемфис қамали чоғида ҳам қаттиқ қаршилик кўрсатишларига қарамай, эронликлар томонидан батамом мағлуб этилиб, Мисрни ўзларига бўйсундирганлар. Мисрнинг ғарб томонида яшаган Шимолий Африка қабилалари эронликларга ўз ихтиёрлари билан таслим бўлганлар. Масалан, Геродот сўзларича, “Мисрнинг бу аҳволга тушиши Мисрга қўшни бўлган ливияликларни қўрқитган. Шундан сўнг ливияликлар эронийларга урушсиз таслим бўлиб, улар ўз-ўзларига хирож белгилаб Қамбизга совға - саломлар юборганлар”.

Юнон тарихчилари, Қамбизнинг Мисрда жуда шафқатсиз тартиб ўрнатганлигини сўзлайдилар. Страбон Қамбизнинг Сарапей билан Мемфисни ёқиб юборганини айтади; Диодор эса “Қамбиз Рамессейни талон - тарож қилди” дейди. Геродот Қамбиз ёвузликларини тасвирлар экан, уни “ақлсиз ва тентак одам” деб атайди. Геродот, Қамбиз ғазаби қўзғаб, ўзини билмай қолган пайтда қадимги мисрликларнинг муқаддас буқаси -Анисни найза билан ўлдирганидек ҳомиладор хотини Рахшонани ўлдирган ва умуман Қамбиз “телбалик касалига” мубтало бўлган одам эди деб ҳикоя қилади. Қамбизнинг шафқатсизлиги ва Мисрни бошқаришдаги золимлиги ҳақида юнон тарихчилари сўзларини Элефантин папирусларидаги ёзувлар ҳам қисман тасдиқлайди. Папирусда “Қамбиз Миср худоларининг барча ибодатхоналарини бузиб ташлади” дейилади. Шу даврга оид Миср ёзувларидан бирида “бутун мамлакат бошига бу қадар оғир кулфат тушган эмас“ дейилади.

Қамбизнинг истилочилик сиёсати Мидия ва Эрон давлати таркибидаги бир қанча мамлакатларда норозилик келиб чиқишига, Мисрда ватанпарварлик руҳи кучайиб, юнон олами жунбушга келишига сабаб бўлди. Мисрда ғалаёнлар бошланиб, эронийлар жазо чораларини қўллайдилар, жумладан, XXVI сулолага мансуб сўнгги Миср фиръавни Псаметик III ни ўлдирадилар: Геродот гувоҳлигича, у “мисрликларни қўзғолонга чақиришда айбланади”. Шунинг учун Қамбизнинг шафқатсиз ва мустабидлиги ҳақида хусусан афсоналар тўқилган. Бу афсоналар юнон тарихчилари, жумладан Геродот асарларида аниқ акс этган. Насиҳатгўй юнон тарихчилари “инсонпарвар ва одил” Кайхисравни “раҳмсиз ва фаросатсиз” Қамбизга қарши қўяди, лекин ҳар икковининг ҳислатлари ҳам муболағалаштириб юборилган. Масалан, Геродот эронийлар “Қамбизни хожа, Кайхисравни ота деб атайдилар, чунки Қамбиз “шафқатсиз ва такаббур”, Кайхисрав эса “шафқатли ва фуқаро фойдасини кўзлайдиган одам эди” дейди.

Бироқ Миср ҳужжатлари, жумладан Саисдаги маъбуда Нейт ибодатхонаси бош руҳонийси Ужагорресент ёзувидан, истило қилинган мамлакатларга нисбатан Кайхисрав қандай сиёсат тутган бўлса, Қамбиз ҳам Мисрга нисбатан шундай сиёсат олиб борганлиги маълум. Қамбиз Миср динини таҳқирламаган, аксинча, Ужагоресент гувоҳлигича, Миср коҳинларининг эронийларга тарафдор доираларига таяниб иш кўрган. Масалан, унинг ҳикоя қилишича, Қамбиз Саисдаги маъбуда Нейт ибодатхонасини тиклаган, қадимги Миср исмини ва Миср фиръавни унвонини қабул қилган ва ҳатто маъбуда Нейт шарафига уюштирилган диний маросимларда қатнашиб турган. Бинобарин, юнон тарихчилари ёзганидек, Қамбиз мисрликлар динига тиш – тирноғи билан қарши бўлмаган. Руҳонийнинг фаҳр билан айтишича, Қамбиз унинг илтимосига кўра “Нейт ибодатхонасига кириб олган осиёликларни ҳайдаб чиқариш, уларнинг ибодатхона ичидаги уйларини бузиб ташлаш... Ибодатхонани поклаш, унинг барча хизматчилари ва соқчи коҳинларини қайтариш” тўғрисида буйруқ берган. “Шоҳ ҳазратлари Саисда илгаригидек, буюк худолар онаси – улуғ Нейт шарафига назр – ниёз бериш ва қурбонлик келтиришга буйруқ берди”.

Қамбиз Мисрни истило этиш билан чекланмади. У Африканинг бошқа мамлакатлари, жумладан, Карфаген воҳалари ва узоқ Эфиопияни ҳам бўйсундиришга уриниб кўрди. Бироқ унинг бу ҳаракатлари муваффақият келтирмади. Финикия флоти карфагенлик қабиладошларига қарши урушдан бош тортган; воҳаларга йўлланган экспедиция саҳроларда ҳалок бўлган. Қамбиз қўшини Эфиопияни эгаллай олмади. Юнонларга ярим қарам бўлган Киренаика ва унга қўшни ўлкалар Қамбизга бўйин эгди, холос. Эрон қўшинлари Алхаржа воҳасини ҳам ишғол қилганлар деб фараз қилинади.

Қамбиз шоҳлиги тугашига яқин катта қўзғолонлар бўлиб, улар Эрон давлатини ларзага солди. Ахамонийлар истило қилган кўп сонли мамлакатлар аҳолиси Эрон шоҳлари истилочилик сиёсатидан норозилик билдирганлар, чунки унинг оғирлиги оддий халқ зиммасига тушган. Беҳистун ёзувида: “Қамбиз Мисрга жўнаб кетганидан сўнг халқ унга ёв бўлиб, мамлакатда, ҳам Эронда, ҳам Мидияда, шунингдек бошқа мамлакатларда унга қарши гап-сўз кўпайди” дейилади. Қамбизнинг Мисрда узоқ вақт қолиши, унинг Эфиопияга юришининг муваффақиятсиз чиқишидан фойдаланиб, Мидия коҳинларидан Гаумата ўзини Эрон шоҳининг ўлдирилган укаси Бардия деб атаб, Қамбизга қарши қўзғолон кўтаради. Бу қўзғолонни Мидия мустақиллигини тиклаш ва зодагонларининг ижтимоий-иқтисодий аҳволини тиклаш ниятида Мидия зодагонлари билан коҳинлари ташкил қилганлар. Гаумата халққа мурожаат қилиб, уларни ҳарбий мажбуриятдан уч йилгача озод қилиши ва солиқларни камайтириши тўғрисида ваъдалар бериб, атрофига кўпгина куч тўплашга муваффақ бўлади. Қамбиз вафотидан кейин кўпгина тобе мамлакатларда Эрон ҳукмронлигига қарши қўзғолонлар кўтарилади. Улкан Эрон давлати тезда парокандаликка учрайди.



Таянч иборалар

Смердис, Беҳистун ёзуви, Киренянлар, Кайхисрав, Пелузия, Факет, Анис, Элефантин папируслари, Ужагоррисент езуви, Алхаржа вохаси, Гаутама.
Саволлар

1. Қамбизнинг Мисрга қилган юришида Мисрнинг яккаланиб қолиши сабаблари

2. Қамбиз ҳукмронлиги охиридаги қўзғолонлар ва мамлакатнинг инқирозга учраш сабаблари

3. Доро I нинг давлат тепасига келиши. Давлат аппарати

Милоддан аввалги 523 йил бошларида Комбиз Эфиопия юришидан қайтиб Миср пойтахти Мемфисда кўтарилган қўзғолонни бостиради. Милоддан аввалги 522 йилнинг баҳорида эса укаси Бардия Эронда қўзғолон кўтариб, ўзини шоҳ деб эълон қилганлиги маълум бўлди.

Аммо у йўлда Бардия тарафдорлари томонидан ўлдирилди. Бардия аслида кимлиги тўғрисида турли маълумотлар мавжуд. У чамаси сохта шоҳ бўлиб, унинг асл исми коҳин Гаумата бўлган. Машҳур Беҳистун ёзувлари, Эсхил, Геродот, Ктесий, Помпей Трог, Полиен китобларида ҳам у тўғрида турлича фактлар келтирилган.

Беҳистун ёзувларида, Қамбиз Миср юришидан олдин, Бардияни ўлдирганлиги ҳақида айтилади. Геродот гувоҳлигича, Бардия (яъни Смердис) Миср юришидан кейин ўлдирилган. Бошқа муаллифлар ҳам юқоридаги маълумотни такрорлайдилар. Гаумата давлат тўнтаришини амалга оширгач, мамлакатни етти ой давомида бошқарган. У Бардия ўлимидан хабар топиб, ўзини Кир II ўғли деб атаб, мамлакатни идора қила бошлаган. Гаумата давлат бошига келиши билан мамлакатни турли худудларида қўзғолонлар кўтарилади. Қўзғолонлар Мидия, Марғиёна ва бошқа вилоятларга ёйилган. Гауматага етти қабила оқсоқоллари кенгаши норозилик билдиради. Кейинроқ Гаумата милоддан аввалги 522 йил декабр ойида Доро I томонидан ўлдирилган.



Эрон шоҳлиги вилоятлари ўртасида алоқалар йўқлиги, Қамбиз шоҳлигининг охирида ва Доро I шоҳлигининг дастлабки даврида кескин синфий кураш ислоҳотлар ўтказишни талаб қилган. Бу ислоҳотлар Эрон давлатининг ички аҳволини мустаҳкамлаши керак эди. Юнон тарихчилари айтишича, Доро бутун Форс давлатини бир қанча вилоятлар (сатрапликлар) га бўлиб, ҳар бир ўлкага муайян миқдорда хирож солган. Бу хирож мунтазам равишда шоҳ хазинасига жўнатилган. Бундан ташқари, Доро пул ислоҳоти ўтказиб, давлат учун ягона олтин танга – дарик жорий қилди (дарик – 8,416 грамм олтинга тўғри келган). Сўнгра Доро йўл қуриш ишларини авж олдириб, давлатнинг энг муҳим иқтисодий, маъмурий ва маданий марказларини йўллар орқали бир - бирига боғлаган, алоқа ишларини йўлга қўйган, ва ниҳоят, қўшин ҳамда ҳарбий ишни қайтадан қурган. Доро I ислоҳотлари ва ундан кейинги ҳукмдорлар фаолияти натижасида Эрон давлати монархия таркибига кирган халқларнинг маданий ютуқларидан самарали фойдаланиб, янгича давлат ташкилотига эга бўлган.

Доро ислоҳотлари идора ишларининг мураккаб бюрократик тизими ёрдамида давлатни бир қадар марказлаштиришга олиб келса - да, лекин мамлакатда ҳар ҳолда қадимги қабилачилик иттифоқининг ўта ибтидоий кўриниши сақланиб қолди. Шоҳ якка мустабид ҳукмдор бўлишига қарамай, баъзи масалаларда қадимги уруғ – қабила зодагонларидан чиққан олий-насаб вакиллар таъсирида бўлган. Масалан, Геродот ёзишича, Доро етти энг улуғ Эрон зодагонлари кенгашида шоҳ этиб сайланиб, бу одамлар шоҳ ҳузурига тўғридан - тўғри кириш ҳуқуқига эга бўлганлар. Шу билан бирга, шоҳ ана шу зодагонлардан бирининг қизига уйланиши шарт эди. Беҳистун ёзуви матнида, Доро I Гауматани ўлдиришда ва ҳокимиятни қўлга киритишда ёрдам берган бу эронийларнинг номларини санаб кўрсатиб, бўлғуси Эрон ҳукмдорларига “Сен, замона зайли билан шоҳ бўлсанг, бу зотлар авлодини эҳтиёт қил” деб мурожаат қилган. Геродотнинг сўзига қараганда, ҳатто Ксеркс ҳам юнонларга қарши юришдан аввал бу масалани шу олий зот вакиллари кенгашида муҳокама қилишга мажбур бўлган. Бироқ замон ўтиши билан қабилаларнинг аввалги иттифоқи қадимги Шарқ классик деспотияси шаклини ола борган. Шоҳ ҳузурида марказий идоранинг айрим тармоқлари, яъни ҳазина, суд ва ҳарбий ишлар шоҳ номидан юқори мансабли амалдорлар томонидан бевосита бошқарилган. Шоҳ бошлиқ марказий ҳокимият маҳаллий идора ишларининг барча соҳаларига фаол аралашган. Чунончи, шоҳ фуқаролар, масалан, бирорта ибодатхона коҳинларининг шикоятларини кўриб чиққан, солиқ масалаларида енгилликлар жорий қилган, ибодатхона ёки шаҳар деворлари қуриш тўғрисида фармойиш чиқарган. Шоҳ муҳри босилган ҳар бир фармон қонун бўлиб, бажарилиши шарт бўлган. Давлатни идора қилиш тизими кўплаб амалдорлар томонидан юритилган. Шоҳ амалдорлар билан махсус нома (хатлар) орқали боғланган. Шоҳ маҳкамалари ва саройда ёзув – чизув ишлари эътибор билан олиб борилган. Барча фармойишлар алоҳида баённома ва кундалик дафтарларга оромий тилида ёзиб борилган.

Аста – секин оромий тили Эрон давлат тилига айланган. Олий давлат нозири (“ҳукмдор кўзу - қулоғи”) марказлашган давлатнинг мустаҳкамланишига ёрдам берган, у шоҳ топшириғи билан олий назорат қилиш каби маъсулиятли вазифани бажарган.

Ажрим ишларининг шоҳ ва алоҳида “шоҳ ҳакамлари” қўлида бўлиши марказий ҳокимиятни янада мустаҳкамлаган. Ўша давр тилида айтганда, “ҳуқуқшунослар” фаолиятида чекланмаган шоҳ ҳокимиятини асос қилиб олганлар. Бу “шоҳ ҳакамлари” нинг вазифаси барча можароли масалаларда ҳукмдорга маслаҳат беришдан иборат бўлган. Ҳакамлар умрбод тайинланиб, жиноятга қўл урган ёки порахўрликда айбланган ҳакамлар вазифасидан маҳрум этилган. “Шоҳ ҳаками” вазифаси баъзан отадан ўғилга мерос сифатида ўтган. Ҳакамлар нафақат Эрон, балки унинг таркибидаги бошқа мамлакатларда ҳам адолатпешалик қилганлар. Тавротдаги маълумотлар ҳамда эронликлар ҳукмронлиги даврига оид Бобил ҳужжатлари (улар Ниппурдан топилган) шундан далолат беради.

Бошқа қадимги шарқ мамлакатлари сингари, Эронда ҳам натурал хўжалик ҳукм сурган. Қишлоқ жамоаларида етиштирилган маҳсулотлари шу жойнинг ўзида истеъмол қилинган. Етиштирилган маҳсулотнинг ортиқча қисми бозорга чиқарилган. Қадимги натурал хўжалик қоидаларига мувофиқ, товарлар муайян миқдорда ифодаланган. Масалан, Персеполдаги ёлланма ходимлар иш ҳақи сифатида маҳсулот, яъни нон, ёғ, балиқ олганлар. Маҳсулот шаклида тўланадиган иш ҳақи “шак” ибора билан ифодаланган. Персеполдан топилган ва кейинги даврга оид ҳужжатларда иш ҳақи сифатида қўй ва шароб тўланганлиги қайд этилган. Бироқ савдо ишлари ривожланиб борган сари баҳонинг бу ибтидоий товар эквивалентини дастлаб оғир металл пул, сўнг зарб қилинган танга тобора сиқиб чиқарган.

Ташқи савдо анча тараққий этган Лидияда милоддан аввалги VI асрда зарб қилинган танга пайдо бўлиб, у Бобилнинг энг қадимги пул оғирлик ўлчови тизимидан фойдаланиш асосида келиб чиққан. Эронда пул тизими Кайхисрав замонида ташкил топган. Кайхисрав Суза, Сарда ва Бобилда олтин тангалар зарб қилдириб, бу танга “дарик” номини олган (дари сўзи қадимда эроний “олтин” сўзидан олинган бўлса керак). Эроннинг ғарбида савдода пул ишлатиш расм бўлиб, бу ерда, Бобил каби кўҳна савдо марказлари равнақ топган. Шарқий ўлкалар, жумладан, Ўрта Осиёда асосан қадоқ тилла ишлатилган. Бироқ Эрон тангаси бу ерга ҳам етиб келган. Афросиёб (ҳозирги Самарқанд яқини) ва эски Термиз ҳаробаларидан Эрон дариклари топилди.

Доро I замонида Эронда савдо тараққий этганлигини шоҳнинг Сузада қурилган саройи мисолида кўриш мумкин. Бизга қадар етиб келган ёзувда саройни қуриш учун турли мамлакатлардан келтирилган қурилиш материаллари рўйхати муфассал баён қилинади. Масалан, кедра дарахти Ливан тоғларидан, олтин – Сарда ва Бақтриядан, ложувард (лазурит) ва қизил тош - Сўғдиёнадан, феруза - Хоразмдан, кумуш ва бронза - Мисрдан, фил суяги - Эфиопиядан, Ҳиндистон ва Арахозиядан (ҳозирги Афғонистонда) келтирилган.

Эрон давлатида савдо ишларини янада ривожлантириш ва мамлакатнинг айрим ўлкалари ўртасида иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш учун бутун давлат ҳудудида ягона пул тизими жорий қилиш зарур эди. Шундай ягона пул тизимини ўрнатиш мақсадида Доро пул ислоҳотини амалга оширди. Мамлакатда давлатнинг ягона пул бирлиги – дарик (8,416 грамм) жорий қилинган. Энг юқори қадоқ ва танга бирлиги – Эрон таланти 3 минг дарикка тенг бўлган. Олтин танга зарб қилиш имкони ёлғиз марказий ҳокимият қўлида бўлган. Маҳаллий ҳукмдорлар, ҳамда айрим ўлка ва шаҳар ҳокимлари фақат кумуш ва мис танга зарб қилиш ҳуқуқига эга бўлганлар. Майда чақа ўрнида кумуш пул – эрон шекели юриб, унинг вазни 5,6 граммга тенг бўлган. Шу билан бирга, Дор шоҳ хазинасига топшириши лозим бўлган солиқ миқдорини ўлкалар тараққиётига қараб белгилаган. Айрим баҳоловчилар солиқ ундиришдан бойлик орттирганлар. Шу сабабли солиқлар ва баҳоловчилар ҳақи аҳоли устига оғир юк бўлиб тушган. Мамлакатнинг хўжалик ҳаёти ва хусусан савдо ўсиши билан жуда яқиндан боғлиқ бўлган мамлакат хўжалик молия - ишларининг ташкил қилиниши тўғрисида Геродот шундай дейди: “Доро муайян солиқ белгилагани ва бошқа шу каби тадбирлар кўргани учун эронликлар уни савдогар деб атайдилар”.

Савдони ривожлантириш ва бутун хўжалик ҳаётини мунтазам мувофиқлаштириш учун йўл қурилиши ва алоқа хизматини йўлга қўйиш муҳим ўрин тутган. Бу масалада эронликлар қадимги хеттлар билан оссурийлар қурган кўплаб йўллардан фойдаланиб, уларни савдо карвонлари, почта алоқаси ва аскарлар ҳаракатланиши учун мослаштирилганлар. Шу билан бирга янги йўллар ҳам қурилган. Савдо ва маъмурий марказларни бирлаштирган йўллар ичида “шоҳ йўли” номини олган энг катта йўл алоҳида аҳамиятга эга бўлган. У Кичик Осиёдаги Эгей денгизидан тортиб Месопатамия марказига борган. Бу йўл Эфесдан Фрот дарёси, Арманистон, Оссурия орқали ва Дажла дарёси ёқалаб Сарда ва Сузага етиб борган. Бобилдан Загр дарёси орқали ва Беҳистун қояси ёнидан, Бақтрия ва Ҳиндистон чегараларига элтувчи йўл ҳам стратегик аҳамиятга эга бўлган. Ниҳоят, Ис қўлтиғидан то Синопгача бутун Кичик Осиёни кесиб ўтган йўл ҳам бўлиб, у Эгей денгизини Кавказ орти ва Олд Осиёнинг шимолий қисми билан бирлаштирган. Юнон тарихчилари Эрондаги бу йўллар ғоят обод сақланганлиги ҳақида ҳикоя қиладилар. Бу йўллар парсангларга (беш километр) бўлиниб, унинг ҳар 20 километрида шоҳ бекати ва меҳмонхона бўлган. Чопарлар шоҳ номаларини шу йўллардан элтганлар. Юнон тарихчилари Эронда шоҳ почтасининг қандай ташкил қилинганлигини тасвирлаб, ҳар бир бекатда заҳирада от ва чопарлар бўлганини ҳикоя қиладилар. “Шундай ҳоллар бўладики, - деб ёзади Ксенофонт, - бу чопарлар кечаси ҳам тўхтамай йўл юрганлар, кундузги чопар ўрнини тунги чопар эгаллаб, баъзи одамлар айтганидек, чопарлар шу тартибда югуриб, манзилга шамолдан ҳам тез етиб борганлар”. Гулхан ёрдамида хабар бериш усулидан ўша вақтлардаёқ фойдаланган бўлсалар керак. Ўлка ва чўлларнинг чегаралари, шунингдек катта дарёларнинг кечув жойларида истеҳкомлар қурилиб, уларда гарнизонлар жойлашган. Бу йўлларнинг ҳарбий аҳамиятга эга бўлганлигини кўрсатади.

Ғоят кенг ҳудуддан иборат бўлган Эрон империяси бирлигини сақлаш, унинг поёнсиз чегараларини қўриқлаш ва мамлакат ичидаги қўзғолонларни бостириш учун қўшин ва умуман, ҳарбий ишларни ташкил қилиш зарур эди. Тинчлик вақтида мунтазам қўшин эронийлар билан мидияликлардан иборат бўлиб, улар асосий кучни ташкил қилган. Шоҳ сара қўшини (гвардияси) отлиқ аслзодалар билан 10 минг кишилик “ўлмас” пиёдадан тузилган. Эрон шоҳининг 10 минг кишилик шахсий соқчилари бўлган. Уруш вақтида бутун давлат ҳудуди бўйлаб халқ лашкари тўпланиб, шу билан бирга, айрим ўлкалар муайян миқдорда жангчилар юборишлари талаб этилган. Доронинг қўшинни ва бутун ҳарбий ишни қайтадан қуриш мақсадига бошлаган ишлари Эрон давлатининг ҳарбий қудратини янада оширди. Юнон тарихчиси Ксенофонт қадимги Эронда ҳарбий ишлар ғоят юксак даражада ташкил этилган деб тасвирлайди. Унинг айтишича, ҳар бир сатраплик қўшини миқдори, отлиқ, тирандоз, сопқончи ва қалқончилар сонини, шунингдек айрим қалъалардаги гарнизонлар сонини Эрон шоҳининг ўзи белгилаб берган. Эрон қўшинларини, жумладан шоҳ саройи атрофидаги қўшинларни ҳар йили шоҳнинг ўзи кўрикдан ўтказиб турган. Узоқ ўлкаларда бундай кўрикни махсус йўлланган амалдорлар ўтказган. Ҳарбий ишларни ташкил қилишга алоҳида эътибор берилган. Қўшинга эътибор билан қараган сатраплар юқори мансабга кўтарилган ва уларга қимматбаҳо буюмлар инъом қилинган, аммо қўшинга беъэтибор бўлганлари эса лавозимидан олиб ташланиб, қаттиқ жазога тортилган. Бир қанча ўлкаларни бирлаштирган йирик ҳарбий округлар тузилиши ҳарбий ишни ва асосан ҳарбий идорани марказлаштиришда катта аҳамиятга эга бўлган.

Эрон давлатини ичидан мустаҳкамлаш учун маҳаллий бошқарманинг мунтазам тизимини ташкил қилиш талаб этилган. Кайхисрав замонида бўйсундирилган мамлакатлар йирик ўлкаларга бирлаштирилиб, уларни алоҳида ҳокимлар идора қилган. Бу ҳокимлар сатрап деб аталган (сатрап форсча – “хшатрапаван” – “мамлакат мутасаддилари”). Сатраплар шоҳнинг ўзига хос ноиблари бўлиб, улар ўлкадаги барча идора ишларини ўз қўлларида марказлаштирганлар. Улар ўлкаларда тартиб ўрнатиб, улардаги рўй берган қўзғолонларни бостирганлар. Сатраплар маҳаллий хакимга ҳам раҳбарлик қилиб, улар жиноий ва фуқаролик ишлари бўйича ҳукм чиқарганлар. Сатраплар ўлкадаги қўшинга қўмондонлик қилиб, ҳарбий таъминот ишларини юритганлар, ҳатто шахсий гвардия сақлаш ҳуқуқига ҳам эга бўлганлар. Масалан, Лидия сатрапи Оройтнинг бир минг соқчидан иборат шахсий гвардияси бўлган.

Молия-солиқ ишлари ҳам сатрап қўлида эди. Аҳолидан солиқ йиғиш, янги солиқлар жорий қилиш ва даромадни шоҳ хазинасига топшириш ҳам шулар ихтиёрида бўлган. Бундан ташқари, ўлканинг ҳаёти, жумладан, деҳқончиликни ривожлантиришни эронийлар хўжаликнинг энг муҳим турларидан деб билганлар. Ниҳоят, ўлкаларда амалдорларни тайинлаш ва ишдан олиш ҳамда бу амалдорларнинг фаолиятини назорат қилиш ҳуқуқи ҳам сатрап қўлида эди. Шу тариқа сатраплар катта ваколат олиб, деярли мустақил ҳукмдорларга айланиб, ўз сарой ва сарой аҳлига эга бўлганлар.

Эрон шоҳлари ғоят кенгайиб кетган давлат ҳудудини назоратда тутишга ожизлик қилиб, маҳаллий ҳукмдорларнинг бир қанча ҳуқуқини сақлаб қолганлар. Масалан, Киликия ҳукмдорлари милоддан аввалги V аср охиригача ўз қўл остидаги ерларини сатрап сифатида идора қилиб келганлар. Кичик Осиёда, Финикия, Сурия ва Фаластинда, Ўрта Осиёда ва узоқ шарқий ўлкалар, Ҳиндистон чегараларида маҳаллий князлар ўз ҳокимиятини сақлаб қолиб, ўлкаларини Эрон “шаҳаншоҳи” номидан идора қилганлар.

Маҳаллий ҳоким ёки сатраплар мустақиллиги бу ўлкаларда шоҳга қарши қўзғолонлар келтириб чиқарди. Қўзғолонлар доимий назоратни талаб қилган. Жумладан, Доро сатраплар Оройт ва Ариандни ўзбошимчалиги учун жазолашига тўғри келган. Ўзбошимчалик баъзан шоҳ амрига бўйсунмай, ҳатто шоҳ чопарини ўлдиришда намоён бўлган.

Доро I замонида Эрон шоҳлиги 25 яқин сатрапликка бўлиниб, улар номи Беҳистун, Нақширустам ва Сувайш ёзувларида келтирилган. Бу ўлкаларни шоҳга тўлайдиган солиқ миқдори Геродот асарларида берилган. Бироқ бир - бирига номувофиқ бу рўйхатларнинг бирини маъмурий аҳамиятга эга деб бўлмайди. Сатрапликлар ўзбошимчалигига чек қўйиш мақсадида шоҳлар чора кўришига қарамай, сатраплар кўпгина эркинликларни узоқ вақт қўлларида сақлаб қолганлар. Айрим сатрапликларда (Бобил, Миср, Яҳудия) маҳаллий ҳуқуқ, маҳаллий оғирлик ва узунлик ўлчовлари, маъмурий бўлиниш (Мисрнинг номларга бўлиниши), ибодатхона ва коҳинларнинг солиқлардан озод қилинганлиги ва бошқа имтиёзлари сақланиб қолган.

Айрим мамлактларда маҳаллий тиллар расмий тил сифатида сақланган. Эрон давлатининг расмий “маҳкама тили” бўлиб, қолган оромий маҳаллий тиллар билан бир қаторда аста – секин муҳим ўрин тута борди. Аммо Кайхисрав империясида ягона ва барча фуқаролар учун тушунарли тил йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас эди. Сақланиб қолган ҳужжатлардан, ҳар бир мамлакатда ўз маҳаллий тили сақланиб қолганлиги маълум. Масалан, Мисрда - қадимги миср, Бобилда – бобил, Эламда – элам тилида ёзиб, сўзлашганлар.

Шоҳ қўли остида маъмурий ва ҳарбий жиҳатдан ягона кучли давлатга бирлашган Ғарбий эрон қабилалари давлат асосини ташкил қилганлар. Эронийлар имтиёзли мавқега эга бўлганлар. Улар барча солиқлардан озод қилинганлиги сабабли, солиқлар оғирлиги бўйсундирилган халқлар елкасига тушган.

Эрон шоҳлари эронийларнинг “хизмат ва қадр - қимматлари”, шунингдек ҳукмрон мавқе эгаллаганликларини ёзувларида доим уқтириб келганлар. Доро I қабри устига қўйиладиган тошга: “Сен шоҳ Дорога қанчадан - қанча мамлакатлар бўйсунган”лигини ўйлаб кўрсанг, тахтни кўтариб турган одамларнинг тасвирига қара: шунда сен Эрон аскарининг найзаси узоқ мамлакатларгача бориб етганини, шунда сен Эрон аскарини Эрондан узоқда ҳам душманини енгганини англайсан” деб ёздирган. Эронийларни ягона тил ва дин, хусусан, олий Ҳудо – Ахурамаздага бўлган эътиқод бирлаштирган.

Эрон шоҳи олий ҳудо Ахурамазда томонидан тайинланади ва шунинг учун барча эронийлар ўз шоҳига содиқ бўлишлари шарт, деган фикрни коҳинлар халқ орасида тарғиб қилганлар. Эрон ёзувларида, Ахурамазда иродасига кўра Эрон шоҳи тахтга ўтирди деб кўрсатилади. Масалан, Доро I шундай ёзади: “Ахурамазда иродасига кўра, бу вилоятлар менинг қонунларимга итоат қила бошлади, мен нимани буюрсам, шуларнинг бари бажарилмоқда. Бу ҳокимиятни менга Ахурамазда берди. Мен шоҳликка Ахурамазда иродасига кўра эгалик қилмоқдаман”. Персепол саройидаги ёзувда, Доро I ўз мамлакати ва халқи учун ибодат қилди; у Эрон шоҳлари хонадонидан эканлиги билан фахрланади дейилади. Эрон ёзувларидан шоҳ ўз юртимга бўладиган ҳар қандай ҳужумни бартараф қиламан ва унинг тартибларини ўзгартиришга уринишларга йўл қўймайман деб қасамёд қилгани маълум. Масалан, диний мафкура Аҳамонийлар сулоласидан чиққан шоҳларнинг ташқи ва ички сиёсатини асослаб бериб, ундан мақсад қулдорлик зодагонларнинг ҳукмронлик мавқеини ҳар томонлама мустаҳкамлашдан иборат эди.

Бироқ ўша даврда дунёга ҳокимлик қилишга интилган Эрон шохларининг даъволарини ҳам асослайдиган ягона мафкура пайдо бўла бошлади. Шоҳ “мамлакатлар шоҳи” ёки “шаҳаншоҳ” ёки ”кун чиқардан кун ботаргача мамлакатлар аҳлининг султони” номини олган. Шоҳ ҳокимиятини мустаҳкамлаш учун қадимги эрон динидан ҳам фойдаланилган, унга оид диний қарашлар Эрон давлати таркибига кирган халқлар, жумладан Ўрта Осиё халқларидан олинган. Аҳамонийлар шоҳлигида қарор топган бу сиёсий-диний назарияга кўра, осмон билан ерни яратган олий худо – Аҳурамазда Эрон шоҳини “бу бепоён ер юзининг ҳокими, бирдан - бир ҳукмдори”, “денгизнинг у ва бу томонидаги тоғ ва текисликлар, ҳар икки тарафдаги чўлнинг ягона эгаси” этиб тайинлаган. Эрон шоҳларининг Персеполдаги саройи деворига дунёнинг ҳар томонидан Эрон шоҳига турли хирож ва қимматли тортиқлар келтирган одамлар сурати туширилган. Доро I ўз давлатининг баҳайбатлиги ҳақида олтин ва кумуш лавҳаларда қисқа ва маъноли тарзда баён этади: “Доро буюк шоҳ, шаҳаншоҳ, мамлакатлар шоҳи, Каштосиб ўғли Аҳамонийдир. Шоҳ Доро “Сўғдиёнанинг ортидаги саклар мамлакатидан то Кушга қадар (яъни Эфиопиягача), Ҳиндистондан Сардагача шоҳликни менга улуғ ҳудо Ахурамазда ато этган. Аҳурамазда юртимни ўз паноҳида асрасин”.



1   ...   7   8   9   10   11   12   13   14   15


©netref.ru 2017
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет