3. Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатлари тарихи Хетт давлати (салтанати)



жүктеу 2.89 Mb.
бет3/15
Дата25.04.2016
өлшемі2.89 Mb.
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   15
: uploads -> books -> 47879
47879 -> Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги термиз давлат университети тарих факультети маънавият асослари ва
books -> Махсус таълим вазирлиги низмий номидаги тдпу ходиева дилрабо пиримовна
books -> Национального Университета Узбекистана имени Мирзо Улугбека методика преподавания истории в школе учебно методическое пособие
47879 -> Термиз давлат университети педагогика факультети психология кафедраси
47879 -> И.Ҳ.Ҳамдамов, С. Б. Мустанов, Э. И.Ҳамдамова, Г. А. Сувонова ботаника и.Ҳамдамов, С. Мустанов, Э. И.Ҳамдамова, Г. Сувонова Ботаника
47879 -> Термез давлат университети жисмоний маданият факультети жисмоний тарбия ва спорт кафедраси
47879 -> Ўзбекистон тарихи кафедраси маматқулова раънонинг 5220200-тарих таълим йўналиши бўйича бакалавр даражасини олиш учун
47879 -> Хорижий мамлакатлар тарихи” кафедраси умумий тарих. ҚАдимги давр. Тошкент – 2009
47879 -> Самарқанд қишлоқ ХЎжалиги институти
47879 -> Термиз давлат университети жисмоний маданият факультети жисмоний тарбия ва спорт кафедраси

Финикия маданияти Финикия маданияти милоддан аввалги IV-I минг йилликларда Финикия ва унинг мустамлакалари худудида вужудга келган. Унинг ривожига мисрликлар, шунингдек Оссурия, Бобил, Хетт, Эгей ва юнон маданиятлари катта таъсир кўрсатди. Финикияликларнинг энг катта ютуқларидан бири милоддан аввалги II минг йилликда бу ерда ундош ҳарфларнинг кашф этилишидир. Бу кашфиёт кейинчалик барча ҳарф - товуш тизимидаги хатларда ишлатиладиган бўлди.

Тарихчиларнинг фикрига кўра, Финикия ёзуви библ “псевдоиероглифик” ёзув, яъни сўзлардан таркиб топган хат ёки Синай ёзуви ва унинг илк Фаластин вариантларидан келиб чиққан.

Финикия адабиётининг энг қадимги намуналари Угарит мифологик матнлари ва Финикия шоҳларининг ёзишмалари (Библлик Ахирам ва Иехимильк, Сидонлик Эшмуназар ва бошқалар) дан иборат.

Финикия адабий ва тарихий асарлари бизгача етиб келмаган, лекин сўнгги (ҳозиргача унинг ҳақиқатда ҳам мавжудлиги аниқ эмас) ёзувлардан бири – Санхотиатон мактублари замонамизгача етиб келди.

Рим империяси ҳукмронлиги ва эллинлар даврида Финикияда юнон тилидаги адабиёт ривож топди: космогония ва теогонияга оид Менандранинг тарихий афсоналари, Дий (милоддан аввалги II - I асрлар), Феодот (милодий I аср), Бобиллик Филон (I-II асрлар) ва бошқаларнинг асарлари. Бу муаллифларнинг ишлари “Тир солномаси” ва бошқа асарларда акс этади. Шимолий Африкада ривожланган Финикия адабиёти, Ганнон ва Гамилькон денгизчиларининг Атлантика океанидаги саёҳатлари ҳақидаги ҳикоялар ва қишлоқ хўжалиги ишларини самарали юритишга бағишланган Магон асарлари бизга маълум.

Финикия фани ривожида астрономик ва жўғрофий тадқиқотлар алоҳида ўрин тутган. Финикияликлар антик фалсафа ривожига ҳам жиддий ҳисса қўшганлар. Финикиялик файласуф Мох атом таълимоти асосчиларидан бири ҳисобланади. Юнонистонда Клитомах номини олган Диогнетнинг ўғли карфагенлик Гастурбал милоддан аввалги II асрнинг сўнгги чорагида Афина Илмий Академияси раҳбари лавозимини эгаллаган.

Финикияликлар томонидан айни эллинлар даврида грамматик назария ишлаб чиқилган бўлиши мумкин. Финикия шаҳарлари қадимдан ривожланиб, улар ҳунармадчилик марказига айланди. Финикияликлар таъсирида Сурия, Фаластин ва Кичик Осиё халқлари адабиёти ва маданиятининг бошқа соҳалари ривож топди.

Финикиянинг маданий таъсири бу даврда финикия алифбоси Ўрта ер денгизи давлатларида кенг тарқалганлигида намоён бўлди. Ушбу маданиятга улкан таъсир кўрсатган омиллар дин ва мифология бўлди. Лекин бу соҳалар манбалар танқислиги ва финикия худоларининг исмларини айтиш тақиқланганлиги сабабли яхши ўрганилмаган.

Маълумки, Финикияда олий худони Эл деб атаганлар. Бунинг маъноси худо, унинг рафиқаси Элат ёки Ашерат (денгиз руҳи). Қолган худолар - шоҳлар (малк) ёки соҳиблар (балл, валл), шу билан бирга, осмон худоси – Баалшамем, қуёш худоси (иссиқлик эгаси) - Баалхаммон, шунингдек алоҳида жой, дарёлар худолари бўлган.

Финикия шаҳарларининг танланган худолари бўлган, масалан Тирда - Мелькарт (шаҳар ҳокими), Сидонда - Эшмун (табиб - даволаш худоси), Беритда - Буюк Берит эгаси, Библда - (Финикия умумий худоларидан бири) севги ва ҳосилдорлик худоси Аштарта (Астарта).Финикияда айниқса ҳосилдорлик худосига кенг эътиқод қилинган эди.

Рас Шамрадан топилган мифологик достонларда арпани суғориш, ток новдаларини экиш вақтида қилинадиган қадимги диний урф - одатлар таърифланган. Худо Мот ёз охирида маъбуда Анат ўроғи билан қирқилувчи “етилган бошоқ” шаклида тасвирланади. Қадимги финикияликларнинг диний қарашларида ўлиб – қайта тирилувчи табиат худоси Балл ва унинг ўғли Алийян образи алоҳида ўрин тутган. Алийян тўғрисидаги афсона ва бу худога эътиқод йил фасллари алмашинувининг “сирли маъно”сини ҳам диний, ҳам шоирона тарзда изоҳлаб берган. Бу диний тасаввурлар Рас - Шамрадаги қазишда топилган мифологик достонларда ўз ифодасини топган.

Балл ва Алийян ҳақидаги достонда айтилишича, худо Балл учун ҳашаматли ибодатхона бино қилинади. Бу ибодатхонада Балл ўлим худоси Мот (Мотом) устидан ғалаба қозонганини маълум қилади. Бироқ Баллга ўлим ҳамла қилади ва у ўғли билан бирга нариги дунёга рихлат қилади. Бундан кейин, марҳум худолар шарафига адо этиладиган мотам маросимлари, ҳосил маъбудаси (айрим манбаларда уруш худоси) Анатнинг ўлим худоси Мот билан кураши, ўлган худоларни излаш, ниҳоят Баллнинг Мот устидан ғалаба қозониши ва тирилиши ҳақида ҳикоя қилинади. Бу қадимги афсона ҳамда табиат худосига эътиқод қилиш кейинчалик худо Адонисга сиғинишга асос бўлиб, сўнг бу эътиқод Сурия ва Финикияда кенг тарқалди.

Марказида меҳроб жойлашган очиқ жойлардаги ибодатхоналарда коҳинлар жамоаси жойлашиб, муҳим сиёсий воқеалар рўй берган, шаҳар деворига тамал тоши қўйилган, ўлим хавфи пайдо бўлган ҳолларда тақводор одамлар ёш фарзандларини қурбон қилганлар.

Финикиялик рассомлар Миср, Хет - хуррит ва Бобил санъати мотивларида асарлар яратганлар. Шу билан бирга улар ўзига хос йўналишларига ҳам эга бўлган. Айниқса ўша даврда Финикия ҳунармандлари ясаган буюмлар юқори баҳоланган.

Угаритнинг машҳур икки эпик асари - Керет ва Данела ҳақидаги достонлар - фақат диний асар бўлмай, балки дунёвий аҳамиятга эга бўлганлиги эҳтимолдан ҳоли эмас.Кейинги даврларда пайдо бўлиб, кўпинча қисқа матндан иборат бўлган қабртош ёзувларини эса шартли равишда ёзма асар сифатида қабул қилиш мумкин.

Финикияликларнинг энг катта ютуқларидан бири алифбонинг ихтиро қилиниши бўлди. Финикия ҳаттотлари мисрликлар кашфиётини мантиқий жиҳатдан ниҳоясига етказишди. Маълумки, Мисрда 24 та ундош белгидан иборат алифбо тузилган эди. Лекин тўлиқ тушунча ифодаловчи юзлаб бўғин - белги ва белгилар сақлаб қолинган.

Олимларнинг фикрича, ёзув ривожланишининг кейинги босқичи гиксос босқинчилиги даврига тўғри келади. Балки айнан улар Миср иероглиф ёзуви асосида 26 ундош белгидан иборат ва “синай ёзуви” номини олган биринчи алифбо ёзувини тузишган бўлса ажаб эмас. Бу ёзув Миср иероглиф ёзувларига бориб тақалади деб тахмин қилинади. Гиксослар давлатининг қисқа муддат ҳукм сурганлиги сабабли уларнинг алифбоси тўлиқ шаклланиб улгурмаса ҳам, аммо у жанубий Финикияда алифбо ёзуви пайдо бўлишига таъсир қилган. Шимолда, яъни Угаритда шу асосда 29 ҳарфдан иборат ва сопол тахтачаларда ёзишга мўлжалланган алифбо ёзуви юзага келди.

Айрим олимларнинг тахминича, Финикия ёзуви умуман Миср ёзуви эмас, балки Крит-Микен ёки Финикия бўғин ёзуви асосида ривожланган бўлиши мумкин. Бизнинг давримизгача етиб келган, Библ шаҳридан топилган ёзма манбалар ҳам шундан далолат беради. Лекин айнан финикияликлар биринчи бўлиб ёзувнинг алифбо тизимини қўллай бошлаганлари шак-шубҳасиз. Яна шу нарса маълумки, бунда Миср ёзувидаги ундош ҳарфларни ифодалаган алифбо белгилари мавжудлиги катта роль ўйнаган. Миср хати эса финикияликларга аввалдан маълум бўлган.

Финикиянинг турли ўлкаларида ёзувга эҳтиёж сезила бошланган. Аҳолининг катта қисми машғул бўлган денгизчилик ва савдо муносабатларининг ривожланиши билан фақат айрим ҳаттотлар ёза оладиган ёзувни соддалаштириш зарурати юзага келди.

Финикия ёзувининг камчиликлари қўйидагилардан иборат бўлган: у фақат ундош товушларни ифодалар ва миср ёзуви каби матн ўқишни осонлаштирадиган қўшимча белгиларга эга эмас эди. Шунинг учун матнларни ўқиш осон бўлмай, мураккаб матнларни тушуниш эса янада қийин келган.

Вақт ўтиб, шимолий финикия алифбоси 22 белги жанубий финикия алифбоси томонидан сиқиб чиқарилди ва у кейинчалик бутун мамлакатда тарқалди. Юнон алифбоси ҳам унинг асосида қурилган. Бу юнон ҳарфларининг қадимий шакли ҳамда қатор юнон ҳарфлари номларининг келиб чиқиши семитча эканлиги кўринади. Масалан “алфавит” сўзининг ўзида биринчи икки “алеф” ва “бет” (ғарбий семит тилида “буқа” ва “уй” маъносини билдиради) Финикия ҳарфларига тўғри келади.

Бу алифбо ҳарфлари асосида қадимги расм - белгилар ётар эди. Аксарият юнон ҳарфларининг номлари Финикия ҳарфлари номига тўғри келади. Юнон ва оромий алифболари кўпгина замонавий алифболар учун асос бўлиб хизмат қилган.



Дин. Финикиянинг сиёсий тарқоқлиги унинг Бобилдаги каби, мифлар тизимини билмаслигига олиб келди. Шаҳар коҳинлари Мисрда Фива ҳукмронлиги даврида Фива худоси Амонни “худолар шоҳи” деб эълон қилгани каби, ўз худосини “худолар шоҳи” даражасига кўтара олмас эдилар. Осмон худоси Финикия шаҳарларида бош тангри ҳисобланиб, у ўз исми билан эмас, балки турли номлар билан аталган. У оддийгина “эга” (Ваал), “шаҳар шоҳи” (Мелькарт), “ҳокимият” (Молох) ёки “худо”(Эль) деб аталган.

Осмон худоси Ваал ёнида унинг хотини Астарта (Аштарт, Ашерат) жой эгаллаган. Осмон ва ер тангрилари билан бирга, ўлиб, тирилувчи ўсимликлар худоси ҳам эъзозланган. Кўпинча уни Адонис - “менинг жанобим” деб атаганлар. Ушбу тангрининг айрим сифатлари Ваал ва унинг синглиси Анат (баъзи тахминларга кўра, хотини Астарта) ҳақидаги мифологик достонда ўз аксини топган. Ушбу достоннинг асосий мавзуси Ваалнинг ўлиб қайта тирилиши, унинг хотини эри вафотидан кейин ҳам вафодорлик ўлганлиги ҳақида бўлган. Достоннинг айрим лавҳалари мазмуни Осирис ва унинг синглиси Исида ҳақидаги Миср мифологик достонига яқин. Ўлувчи ва қайта тирилувчи худо эътиқоди билан бирга диний драмалар ҳам вужудга кела бошлади. Угарит матнларидан бирини айни шундай диний характерга эга бўлган драма сифатида талқин қилиш мумкин.

Финикияда Фаластин ва Суриядаги каби одам қурбон қилиш одати узоқ сақланиб қолди. Кўпинча ёш болалар, айниқса янги туғилган чақалоқлар қурбонлик қилинган. Давлатга хавф туғилган пайтда бу урф амалга оширилар эди. Масалан: милоддан аввалги IV асрда Тир юнон - македон қўшинлари томонидан қамал қилинган пайтда, шаҳар девори устида македониялик ҳарбий асирлар қурбонлик сифатида қатл этилган.
Таянч иборалар

денгиз халқлари, терраса, “гаванли кишилар”, “Мелькарт боши”, “библ кемаси”, “Карт Хадаий”, “Рош-Мелькаот”, Геракл устунлар, “етилган бошоқ”,

псевдоиероглифик ёзув, тангрилар шоҳи, космигония, Мох, Клитомах, Мот, гиксос, “синай ёзуви”, Адонис
Саволлар

1. Финикия савдосининг ривожланишига қандай омиллар сабаб бўлган?

2. Финикия мустамлакачилик сиёсати ривожланишининг асосий сабаблари нимада деб ўйлайсиз?

3. Финикия ёзувининг ўзига хос хусусиятлари нималардан иборат эди?

4. Финикия маданиятининг бошқа мамлакатлар маданиятига таъсири ҳақида нима дея оласиз?
4. Қадимги Сурия

Табиий шароити. Суриянинг жўғрофий ўрни ўзига хос бўлиб, у уч материк минтақа ўртасида жойлашган. Унинг асосий қисми Олд Осиёга туташ, шарқий ўлкалари Сурия - Месопотамия чўлига, шимолий қисми Кичик Осиёга, жанубий қисми эса Фаластин билан биргаликда Арабистон ярим оролига чегарадошдир. Яъни, Суриянинг жўғрофий жиҳатдан бўлинганлиги, бутун мамлакатнинг тарихий ва маданий жиҳатидан бирлашувига кўмаклашадиган катта дарёларнинг йўқлиги бу ерда ягона ва қудратли давлат барпо бўлиши учун имкон бермаган.

Қадимги Шарқнинг қудратли давлатлари Сурия билан Финикияни талашиб, доимо ўзаро курашиб келганлар. Бутун Сурия катта бир жангоҳ каби бўлиб, қадимги Шарқнинг энг йирик давлатлари ҳарбий кучларини кенг миқёсида шу ерда қўллаганлар, чунки бу ерлар табиий бойликлари, ривож топган қишлоқ хўжалиги, савдо йўллари туташган марказлар уларни ўзига жалб қилар эди.



Қазилмалар ва ёзма манбалар. Бу ерда, яъни Шимолий Суриянинг Соқчи - Гоз ерида қадимий манзил топилган. Тел-Тайнатда, Шимолий Сурияда, Антиохия билан Алеппо ўртасида ёдгорликлар топилиб, бу ерда археологлар 14 археологик қатламни очишга муваффақ бўлганлар. Ушбу қатламлар тош давридан тортиб то милоддан аввалги I асргача маданият тараққий этиш жараёнини кузатиш имконини беради.

Ниҳоят, Шимолий Сурияда, Оронт дарёси ўзидан 50 км жанубдаги Рас - Шамра яқинида, денгиз қирғоғида йирик шаҳар харобалари топилган. Қадимги бу шаҳардан муҳим савдо йўли ўтган. Шаҳар қалин девор билан ўралиб, савдо порти ва қалъадан иборат бўлган. Унда ибодатхона, сарой ва кутубхона бўлган. Бу харобалар, топилган буюм ва ёзувлар бу ерда катта қулдорлик давлати бўлгани ҳақида хулоса қилиш имконини беради. Унга қараб милоддан аввалги III минг йиллик охирларидан милоддан аввалги II минг йиллик ўрталаригача бўлган тарихни кузатиш мумкин. Угарит деб номланган бу давлат ҳудудида энг муҳим савдо йўллари туташиб, Миср ва Эгей денгизи соҳилини Кичик Осиёдаги хетт қабилалари билан ўзаро маҳкам боғлаб турган.

Шаҳар харобаларидан топилган ва махсус миххат ёзувида битилган эсдаликлар катта аҳамиятга эга. Афсоналардан олинган матнлар Шимолий Суриядаги қабилаларнинг милоддан аввалги II минг йиллик ўрталаридаги динига оид муайян маълумот беради.

Сурия ва Финикиянинг бу даврдаги сиёсий тарихини ўрганиш учун Амарна архивидан топилган (дипломатияга оид) хатлар, хетт ҳужжатлари алоҳида аҳамият касб этади.

Сурия ва у билан боғланган Финикия тарихини ўрганиш учун яна Бобил ва Оссурия ёзувлари, милоддан аввалги VIII-VII асрларда ўтган Оссурия шоҳларининг маъмурий ёзишмалари муҳим ўрин тутади. Антик муаллифлари Иосиф Флавий, Геродот, Евсевий асарларида қадимги Сурияга оид анча маълумот бизга қадар етиб келган.

Мисрнинг Сурия ва Финикияни истило қилиши. Миср-Хетт низолари.

Ички кураш натижасида кучсизланиб бораётган Сурия бир неча бор ажнабий босқинчилар асоратига тушган. Қадим Шарқдаги катта давлатлар ҳукмдорлари, Миср фиръавнлари ёки Бобил шоҳлари нисбатан кичик мамлакатлар – Сурия ва Шимолий Месопотамияни бир неча бор истило қилганлар.

Милоддан аввалги II минг йиллик ўрталарида Сурия ва Финикия Миср ҳукмронлиги остига тушиб қолади. XVIII сулола фиръавнлари Сурияни Фрот дарёсигача истило этадилар ва мамлакатга оғир хирож солиб, унинг табиий бойликларига эгалик қиладилар. Аммо Сурия Мисрнинг иқтисодий ва сиёсий назорати остида қолганига қарамай, қисман мустақиллигини сақлаб қолади.

Кўп шаҳарларда маҳаллий ҳукмдорларни қолдириб, уларни Мисрга келтириб, ўзларига садоқат руҳида тарбиялаганлар. Мисрнинг Суриядаги идора ишлари амалдорларнинг махсус маҳкамаси томонидан амалга оширилиб, улар маҳаллий ҳокимлардан хирож олар, шоҳ омборларини бошқарардилар. Сурияда Мисрнинг ҳарбий гарнизонлари жойлашган бўлиб, қалъалар ва ибодатхоналар бу ерда Миср ҳукмронлигининг таянч нуқталари бўлган.

Милоддан аввалги XIV асрга келиб Миср Сурияда ўз ҳукмронлик мавқеини сақлаш учун кучи етмай қолди. Мисрликларни ўрнини хеттлар эгаллаб, улар Шимолий Сурияни мустамлака қилиб, ўзига бўйсундирдилар.

Угаритда икки йўналиш – Миср ва Хетт давлати тарафдорлари ўзаро кураш олиб боради. Финикия ва Суриянинг Тир ва бир қатор бошқа катта шаҳарлари каби Угарит ҳам Мисрдан ажраб, хеттлар томонига ўтиб кетишга тайёр турарди.

Азиру бошчилигида бирлашган аморий қабилалари хеттлар билан иттифоқ бўлиб, мисрликларни Суриядан сиқиб чиқаришга уринадилар. Милоддан аввалги XIV асрда мисрликлар Олд Осиёдаги мавқеларини қўлдан бериб қўядилар. Кўп ўтмай Сурияда яна бошқа истилочилар –Ўрта ер денгизи бўйи халқлари бостириб кириб, улар Кичик Осиё ва Сурияни ишғол қиладилар. Угарит давлатининг ерлари ана шу эгей қабилалари томонидан истило этилган.

Ижтимоий иқтисодий муносабатлар. Савдо. Суриянинг кўп ҳудудлари деҳқончиликнинг турли шаклларини ривожлантириш учун бирмунча ноқулай бўлган. Шунинг учун бу ҳудудда, айниқса Сурияни Месопотамиядан ажратиб турган чўлларда яшаган қабилалар узоқ вақтгача кўчманчи ҳаёт кечириб, чорвачилик билан шуғулланишган. Фақат баъзи водийлар ҳамда Финикия табиий шароити деҳқончиликни ривожлантириш имконини берган.

Ғалла билан бирга деҳқончиликнинг янада интенсивроқ турлари, яъни узум етиштириш ҳамда виночилик таркиб топган. Бу ерда зайтун мойи ва вино ишлаб чиқариш имконияти бўлган.

Турли ҳунарлар ривожланиб, масалан, тўқимачилик маҳсулотлари, бўялган мато, ранг-баранг бўёқлар Финикия экспортида муҳим ўрин тутган. Савдо Сурияда ҳам тараққий топган.

(Рас- Шамрада) қуруқликдаги карвон йўллари орқали юритилган савдо Суриянинг шимолий қирғоғидан то Қизил денгиз соҳилидаги Ақаб қўлтиғигача кенг ҳудудни ўз ичига олади. “Ипувер насиҳати” да (Ўрта Шоҳлик даври), Суриядан саркофаг - тобутлар ясаш учун алоҳида ёғоч ва мўмиёлаш учун дарахт елими (смоласи) келтирилганлиги ҳақида сўз боради.

Қадимги Сурия маданияти Суриянинг жўғрофий жиҳатдан парчаланганлиги, унинг айрим қисмлари бир - биридан ажралганлиги, бутун мамлакатнинг тарихий ва маданий жиҳатдан бирлаштирадиган йирик дарёлар йўқлиги туфайли қудратли давлатни барпо этадиган қулай шароит бўлмаган.

Сурия қадим замонлардан ҳар томондан қадимги маданий ва қудратли давлатлар билан ўралган эди. Ундан жануби - ғарбда Миср, шарқда Бобил ва Оссурия, шимоли - шарқда Митанни, шимолда Хетт давлати жойдашган эди. Мазкур давлатлар Сурияга жиҳатдан маданий камроқ таъсир кўрсатган.

Шимолий Сурия Шарқий Ўрта денгиз миқиёсида илк цивилизация марказларидан бўлган. Сўнгги йилларда археологик қазишмалар натижалари (XX аср 80 -йиллари бошида) шундан далолат бериб турибди. Суриянинг шимолий - ғарбий қисмида милоддан аввалги III минг йил маҳаллий цивилизация пайдо бўлганлиги ва унга Шумер цивилизацияси қандай маданий таъсир кўрсатганлиги аниқланди. Ушбу цивилизация улкан қазиш ишлари натижасида (Телль-Мардих шаҳар ҳаробаларида) қадимги Элба шаҳридан топилди (ҳозирги Ҳалаб шаҳридан 50 км нарида). Архелоглар Телль - Мардихнинг қуйи, энг қадим қатламларини очишга муваффақ бўлганлар. Ушбу қатламларидан Тель Мардих тарихининг икки босқичи аниқланди: Эбланинг Ямҳад давлатининг қарамлигидаги даври (милоддан аввалги 1900 - 1600 йиллар) ва Эбла тарихининг мустақиллик даври (милоллан аввалги XXVI-XXIII аср). Ушбу маданиятнинг энг катта ютуғи бўлмиш Эбла матнлари айнан шумер ёзувида яратилган. Эблаит алифбесининг вужудга келишига ҳам шумер ёзуви катта таъсир кўрсатган. Матннинг 90 % шумер алифбо белгиларида битилган. Эблаит-шумер алифбо белгилари ташқи кўринишидан жанубий шумер анъанавий ёзувларига ўхшаб кетади (Лагаш, Ур, Урук ёдгорликларидан). Аммо олимлар фикрича, бу тизим шимолий (яъни Киш) худудларида вужудга келган (милоддан аввалги 2500 йил). Телль-Мардихда ҳам шумер - эблаит қомуслари топилган.

Шундай қилиб, бу ердан топилган хат намуналари алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, оддий Оссурия - Бобил ёзувидан анча фарқ қилади.

Меъморчилик соҳасида илк неолит даврига оид Рас - Шамрада “қалъа кўринишидаги ёдгорликлар”, милоддан аввалги III - II минг йилларда эса Эбла шаҳрида Месопотамиядаги каби ибодатхоналар топилган. Ўша даврдаёқ Сурия меъморчилигининг кўп намуналари (ибодатхона, қалъалар) ривож топди. Шу даврга оид архитектурада санъат билан диннинг ўзаро чамбарчас боғлиқ эканлиги айниқса яққол намоён бўлади.

Сурия ва Финикия қабилаларининг энг қадимги дини қадимги жамоа - деҳқончилик культларига бориб тақалади. Рос - Шамра мифологик достонларида арпани суғориш жараёни ва бошқа қадимги диний урф - одатлар таърифланади.

Қайта тирилувчи табиат худоси Ваал ва унинг ўғли Алейян ҳақидаги достонда диний қарашлар ўзининг ёрқин ифодасини топган. “Ваал ва Алейян” номли бу достонда ҳикоя қилинишича, Ваал худоси учун ҳашаматли ибодатхона бино қилиниб, бу унда Ваал ўлим худоси Мот устидан қозонган ғалабасини нишонлайди.

Бу афсона ҳамда табиат худосига эътиқод қилиш кейинчалик Адонисга сиғиниш учун асос бўлган. Адонисга эътиқод қилиш эса кейинчалик Сурия ва Финикияда кенг тарқалган. Сурия санъати, хусусан архитектураси маданий ёдгорликлари катта аҳамиятга эга.


Таянч иборалар

Амарна архиви, Угарит давлати, аморий қабилалари, “Ипувер насихати”, Эблаит алифбеси, “Ваал ва Алийян” достони.
Саволлар

1. Суриянинг тарихида жўғрофий омил қандай аҳамиятга эга?

2. Миср - Хетт муносабатларида Суриянинг ўрни?

3. Қадимги Сурия маданиятининг ўзига хос хусусиятлари нимлардан иборат?

4. Сурия маданиятида диний тасаввурларнинг ўрни ва роли.
5. Фригия ва Лидия

Фригия - Кичик Осиёнинг шимоли-ғарбида жойлашган тарихий вилоят. Фригия аҳолиси - фригияликлар (Европадан кўчиб келганлар). Милоддан аввалги II минг йилликда Фригия гуллаб-яшнади ва ўз ҳудудини кенгайтиришга эришди. Гомер “Илиада” сида Фригия Трояга юнонларга қарши курашишда ёрдам берган, сўнг Троя устидан ўз “ҳукмронлигини ўрнатди” деб езилган.

Милоддан аввалги XII асрда Фригия Хетт давлати қулашида катта роль ўйнади ва унинг катта қисмини ўзига қўшиб олди. Шу аср охирида эса Фригия Оссурия билан тўқнаш келди. Тиглатпаласар I ёзувларида Фригия “мушклар давлати” деб тилга олинади (юнонча “мосхлар”).

Милоддан аввалги X - VIII асрда Фригия пойтахти Гордион шаҳри бўлган.

Милоддан аввалги IX асрда Фригия Эгей денгизида ўз ҳукмронлигини ўрнатди. Милоддан аввалги VIII асрда эса Фригиянинг халқаро мавқеи бироз ёмонлашди. Унинг шимолий ва шимоли - ғарбий ҳудудларини Европадан кўчиб келаётган янги халқлар эгаллай бошлашди, Шарқда эса Оссурия билан тўқнашувлар кўпайди.

Фригия шоҳи Мидас (оссурияча - Мита) милоддан аввалги 717 йилда Урарту билан иттифоқ тузади, лекин 713 йили Оссуриядан бир неча мағлубиятга учрагандан кейин Саргон II билан шартнома тузади ва ғолибга бож тўлашга мажбур бўлади. Фригияга киммер қабилалари ҳам хавф солар, милоддан аввалги VII аср 70 - йилларида улар Фригиянинг анча қисмини босиб олган эдилар.

Геродот сўзига кўра фригияликлар Европада яшаган пайтларида ўзларини бриглар деб аташган. Осиёга кўчиб келганларидан кейин эса ўз номларини фригияликларга ўзгартирганлар. Ёзув ва исмларга асосланган ҳолда айтиш мумкинки, фригияликлар тили ҳиндоевропа тиллари туркумига кирган ва юнон тили билан боғлиқ.

Хетт давлати билан бевосита алоқадаги маҳаллий аҳоли билан яқин фригияликлар тез орада Олд Осиёнинг қадимги жамоаларига хос бўлган цивилизация даражасига етиб олдилар. Археологик манбаларга асосланган ҳолда айтиш мумкинки, деҳқончилик Фригия жамоасининг иқтисодий асоси бўлган. Фригиянинг ҳудуди бўйлаб кўплаб истеҳкомлар қурилган эди.Фригияда қазилмалар пайтида топилган сопол идишлар ўтган даврдаги ҳунармандчилик анъаналарининг тараққиёт даражасини кўрсатади. Унда Хетт давлати, Кичик Осиё ва ҳатто Кипр кулолчилигининг намуналарини кўриш мумкин.Шоҳ ва амалдорлар қўрғонларда дафн қилиниб, ҳунармандчилик тараққий этиши туфайли тош мақбаралар қурила бошланди.Ғарбий соҳилдаги юнон шаҳар - давлатлари билан Фригия савдо алоқаларини ўрнатган бўлиб, бу юнон ва фригия жамиятлари маданияти яқинлашувига олиб келган. Оссурия ва юнон манбаларида фақат икки Фригия шоҳи – Гордий ва Мидас исми келтирилади. Айрим мутахассислар бу исмлар эмас, балки шоҳлик амаллари номи деб хисоблашади.

Фригияликлар деҳқончилик, чорвачилик билан, шунингдек мармар қазиб олиш, олтин конларини ўзлаштириш, жунни қайта ишлаш билан шуғулланишган. Савдо-сотиқ ишлари кўпроқ юнонлар ва римликлар билан олиб борилган. Фригияликлар асосан қишлоқ жойларда яшашган, лекин бир неча Гордион, Келена, Котий каби катта шаҳарлар ҳам бўлган.

Фригия маданиятининг Эгей денгизи атрофида яшайдиган халқлар маданияти ва цивилизацияси билан ўхшаш томонларини кўриш мумкин. Қадимги Фригия алифбоси юнон алифбосининг варианти бўлиб, Фригия ва Юнонистон маданиятининг яқин алоқаларини кўрсатади. Кадимги Юнон афсоналарида Фригия шоҳи Мидасга катта ўрин берилган. Уларга кўра шоҳ қўли теккан нарса олтинга айланган.

Сакарья дарёси воҳасида топилган қадимги Фригия ёзувлари, шунингдек Ғарбий, Кичик Осиё ва Каппадокиянинг шаҳарларидан ҳам топилган. Буларнинг бари, Фригия давлати гуллаган даврида унинг чегаралари ғарб ва шарққа томон кенг ҳудудларни эгаллаганлигини кўрсатади. Юнон маданияти Фригияга Герма воҳаси орқали кириб келган. Шу йўл билан Фригия маданияти ўз таъсирини Кичик Осиёнинг ғарбий соҳилидаги юнон аҳолисига ўтказган. Фригия мусиқаси юнонлар томонидан қабул қилиниб, қадимги юнон маданиятининг ривожланишида катта аҳамиятга эга бўлган.

Милоддан аввалги VIII асрда пайдо бўлган фригия ёзуви алифбели бўлиб, юнон алифбеси билан ўхшаш жойлари бор эди. Айрим ҳарфларнинг маъноси ҳали тўлиқ ўрганилмаган.

Шунингдек милоддан аввалги VIII-VII асрлардаги қадимги Фригия ёзуви Тиана, Ликаония ва Кичик Осиёнинг бошқа ўлкаларидан топилган. Бу эса Фригия киммерийлар босқинига қадар эгаллаган ҳудудни аниқлашга ёрдам беради. Милодий I асрларга оид янги Фригия ёзуви асосан юнон ҳарфларидан таркиб топган.

Фригияликларнинг дини Кибела худоси, унинг ёри, ўлиб, қайта тириладиган худо Аттисга эътиқод қилиш кенг тарқалиши билан ажралиб туради. Кейинчалик бу эътиқод Юнонистон ва Римда ҳам кенг тарқалиб кетди.

Фригия адабиёти мавжуд бўлганлигини фақат антик муаллифларнинг қисқа маълумотлари орқали билиб олиш мумкин. Юнон анъаналари Гомергача яшаган ва фригиялик ёки троялик “Илиада”ни ёзган фригиялик Дарес, маталчи Эзоп, файласуф – атеист Диоген ҳақида маълумотларни сақлаб қолган. Бир қатор юнон ривоятлари ва афсоналарининг қаҳрамонлари (Тантал, Пелопс, Ниобсе, Марсий) фригиялик бўлганлар. Шоҳлар Гордий ва Мидас ҳақидаги афсоналар ҳам кенг тарқалган. Буларнинг барчаси фригияликлар ва юнонлар маданияти ва маънавияти ўзаро яқинлигини кўрсатади.

Фригия мусиқаси ва чолғу асбоблари Шарқ ва Ғарбда ҳам машҳур бўлиб, юнон мусиқа шаклларининг пайдо бўлиши ва ривожланишида катта ўрин тутган.

Уйлар, мақбаралар, ибодатхоналарнинг қояларда қурилганлиги Фригия меъморчилигининг ўзига хос хусусияти эди. Бунга мисол қилиб, “Мидас мақбараси” ни (милоддан аввалги VIII аср Язил - қоя) келтириш мумкин. Фригияликлар иншоотларида юнон, хетт меъморчилиги таъсирини кўриш мумкин. Шунингдек, Фригия кулолчилигида ҳам хетт ва кипрликлар таъсири номоён бўлади.



Лидия. Фригиянинг бой маданияти Кичик Осиёнинг ғарбидаги Гермос дарёси воҳасида истиқомат қилган қабилаларга жиддий таъсир ўтказган. Ушбу воҳа Фригия давлати ҳудудида жойлашган бўлиши ҳам мумкин. Унинг марказий қисми Мидия тилида Сфарт, юнонча - Сару деб номланган. Милоддан аввалги VII асрда Герма водийси аҳолисини оссурияликлар ва юнонлар аввал мэонлар, сўнг лидияликлар деб атаганлар. Лидияликлар тили хеттлар тилига ўхшаган бўлиши мумкин.

Юнонларнинг далолат беришича, Герма дарёси водийси “жаннатмакон” юрт эди. У деҳқончилик ва боғдорчилик учун қулай ва сунъий суғоришга хожат бўлмаган. Бу ерда олтин конлари ҳам бор эди. Лидияда ҳунармандчилик юқори ривожланганлигини олтин, тош ва фил суякларидан ясалган буюмлардан билиб олса бўлади.

Заргарликдан ташқари Лидияда тўқимачилик ва терини қайта ишлаш ҳам равнақ топган. Ҳунармандчиликнинг ривожи учун турли хом ашё талаб этилган. Лидия ўз хом ашё базасига эга бўлмаганлиги сабабли хом ашё қўшни давлатлардан олиб келинган. Бу ўз навбатида савдо - сотиқнинг ҳам ривожланишига сабаб бўлган.

Лидиянинг савдо йўлларининг кесишган жойида жойлашуви ҳам бу соҳанинг мамлакат ҳаётида муҳим роль ўйнаганини кўрсатади. Юнонларнинг тарихий анъаналарига кўра тарихда биринчи бўлиб лидияликлар тангалар зарб қилган. Геродот ҳам буни таъкидлаб “лидияликлар жуда кўп тангаларга эга” деб ёзади.

Герма водийсини эгаллаган Фригияда ишлаб чиқарувчи кучларнинг ўсиши ҳамда синфий муносабатлар таъсирида Лидияда қулдорлик тузуми кучайиб борди.

Лидия кучли ҳарбий қўшинга эга бўлиб, унинг асосини пиёдалар эмас, балки узун найза билан қуролланган отлиқлар ташкил қилган. Улар асосан зодагонлар, йирик ва ўрта ҳол қулдорлардан йиғилар эди.

Лидия тарихида бизга маълум бўлган дастлабки воқеалар киммер ва фракия қабилалари босқини (милоддан аввалги VII аср бошлари) ҳамда бунинг натижасида рўй берган сулолалар алмашуви эди. Милоддан аввалги 692 йил янги сулоланинг биринчи шоҳи Гигес (Гуггу) тахтга ўтирди. Оссурия шоҳи Ашшурбанапал ёрдамига таянган ҳолда у милоддан аввалги 665 йилда бостириб келган киммерийликларни мамлакатдан ҳайдаб чиқаради ва уларни шарққа чекинишга мажбур қилади. Кейинчалик Гигес Миср шоҳи Псамметих I билан алоқа ўрнатди. Миср шоҳи Гигес ёрдамида Оссурия истилосидан озод бўлиш мақсадида унга ёрдам бериш учун қўшин жўнатади.

Тез орада Лидия яна киммерийликлар босқини қурбони бўлади. Милоддан аввалги 654 йилда Гигес жанг майдонида ҳалок бўлади ва босқинчилар мамлакатнинг катта қисми, ҳатто Сардни ҳам босиб олишга эришадилар. Кўп йиллик кураш натижасида Гигеснинг ўғли Ардис (милоддан аввалги 654 - 505 йиллар) киммерийликларни Лидиядан қувиб чиқаришга муваффақ бўлади.

Мамлакат босқинчилардан озод қилинганидан сўнг, Ардис Кичик Осиёнинг ғарбий денгиз бўйида жойлашган юнон шаҳар - давлатларини босиб ола бошлади. Ардис соҳилнинг марказий қисмида, йирик юнон шаҳри Милет ва Приена шаҳрини истило қилади. Лекин Милетга қарши ҳарбий юришларда у муваффаққиятга эриша олмайди ва кейинчалик бу ишни унинг ўғли ва набираси давом эттиради. Ички кураш ва низолар ушбу шаҳар - давлатларининг тез таслим бўлишига яна бир сабаб бўлди. Лидия шоҳлари бундан фойдаланиб, бу шаҳарларни осонликча босиб олар, аксинча, шароити барқарор шаҳарларда қаттиқ қаршиликка дуч келар эдилар.

Ардис невараси Алиатт ҳукмронлиги даврида шарқда яна бир хавф – Мидия давлати пайдо бўлди. Мидия давлати шоҳ Киаксар даври - милоддан аввалги 615 - 605 йилларда Оссурия давлатини яксон қилади ва Урартуни эгаллагач, сўнг Кичик Осиёни истило этишга киришади.

Милоддан аввалги 591 йилда Лидия ва Мидия давлатлари ўртасида олти йил давом этган уруш бошланди. Бу уруш милоддан аввалги 585 йил 28 майда Гомис дарёси бўйида якунланди. Милетлик файласуф Фалеснинг айтишича, шу куни Қуёш тутилиши содир бўлган. Геродот “Кун бирпасда тунга айланди” деб ёзади. Бу воқеа курашаётганларга кучли таъсир қилиб, афсонада айтилишича, улар бобилликлар ёрдамида тинчлик тузишга шошилишган. Ушбу шартномага кўра Гомис дарёси Мидия ва Лидия ўртасидаги чегара қилиб белгиланган. Икки давлат ўртасидаги муносабатларни яхшилаш мақсадида Алиатт ўз қизини Мидия шоҳи Киаксарнинг ўғли Астиагга беради. Милоддан аввалги 585 йил эса Астиаг отасининг ўрнини эгаллаб Мидия тахтига ўтиради.

Шундай қилиб, шарқда Мидия давлати билан биргаликда ўз мавқеини мустаҳкамлаган Алиатт юнон шаҳар - давлатларига қарши босқинчилик юришларини давом эттирди. Бундан ташқари, у Кичик Осиёдаги қабилаларни (пафлагон, вифин, карий ва бошқалар) ҳам бўйсундириш ниятида эди.

Астиагнинг ўғли Крез (милоддан аввалги 560 - 546 йиллар) охир-оқибат Кичик Осиё юнонларини ўзига тобе қилиб, уларни Лидияга бож тўлашга мажбур қилди. Натижада Крез Кичик Осиёнинг ликиялик ва киликияликлар яшаш жойларидан бошқа барча ҳудудларнинг ягона ҳокимига айланди. Лидиянинг Кичик Осиёдаги юнон шаҳарлари билан муносабатлари маданиятнинг ўзаро муштараклашуви ва бойишига сабаб бўлди. Лидияликлар ҳам фригияликлар каби юнон алифбесини ўрганиб, ўзларида татбиқ этишди. Мамлакатда юнон тили кенг миқиёсда ўргана бошланди.

Лидия шоҳлари Гигесдан бошлаб ўз юнон қўшинларига, сўнг эса халқига таъсир ўтказиш мақсадида юнон ибодатхоналарига қимматбаҳо совғалар йўллар ва уларнинг ёрдамига суянар эди.

Милоддан аввалги 550 йил Крез Лидия давлатига қарашли Мидияни босиб олган Эрон шоҳи Кирга қарши уруш очди. Лидия кучли отлиқ қўшинига эга бўлишига қарамай, милоддан аввалги 547 йил бу урушда мағлубиятга учради. Форс қўшинлари ҳеч қандай қаршиликка учрамай аввал Сардни, сўнг юнон шаҳарларини ҳам эгаллашди. Шу даврдан бошлаб Кичик Осиё Ахамонийлар давлати таркибига киради.
Таянч иборалар

бриглар, “Илиада”, Гердий, Мидас, Кибела, Аттис, “мосхлар”, “мушклар давлати”, меонлар.
Саволлар

1. Фригиянинг ташқи сиёсатдаги ролинининг пасайишига қандай омиллар сабаб бўлди?

2. Лидия мавқеи ва иқтисодининг юксалиши сабаблари
6. Қадимги Мидия

Ғарбий Эрон вилоятларининг аҳволига оид маълумотлар билан милоддан аввалги IX асрга мансуб миххат ёзуви манбаларидан танишиш мумкин. Уларда Оссурия шоҳларининг Шарққа юришлари ҳақида айтилади. Оссурияликларнинг Эронга асосий юриши милоддан аввалги IX асрда бошланган. Улар аввалига яқин вилоятларга ҳужум қилганлар, Мазамуадан нарига ўтмаганлар (Мазамуа лулубейлар мамлакати эди) Жануби - шарқдаги Урми кўли яқинидаги ҳудуд “шоҳ”лар ёки “раҳбарлар” томонидан бошқарилган (шунга ўхшаш бошқариш усули Загрос тоғ вилоятларида мавжуд бўлган).

Милоддан аввалги VIII асрда ва VII асрнинг бошларига келиб Элам давлати кучайди. Элам Оссурия билан урушда кучли ҳокимият ўрната олмади. Баъзи тарихчилар милоддан аввалги VIII-VI асрларда Эрон ва Олд Осиёда кучли қулдорлик давлати вужудга келган деб айтадилар. Хоразм, Сўғдиёна ва Парфия ҳудудлари энг қадимий давлатлар сирасига кирган. Тахминан худди шу вақтда Каспий денгизидан жанубда ва жануби - ғарбда мустақил Мидия давлати пайдо бўлади. Мидия Загр дарёсининг тоғли ўлкалари, шарқдаги унумдор текисликларни ўз ичига олган. Милоддан аввалги IX асрга оид оссур ёзувларида мадай қабилалари тилга олиниб, уларда оссурийлар мадайларга қарши қаттиқ кураш олиб борганлари айтилади. Оссур подшолари Шарқнинг бу узоқ мамлакатига қўшин тортиб бориб, жуда кўп асир ва ўлжа билан қайтганлар. Милоддан аввалги 835 йилда оссур подшоси Салманасар III мадайлар мамлакатига бостириб келиб, Оссуриянинг Орбели шаҳридан шарқда, анча узоқда жойлашган Мидия ўлкасига кириб боради. Маълумот озлиги туфайли Мидия давлатининг ташкил топиш жараёни қандай кечгани деярли номаълум. Тарқоқ мадай қабилалари ягона иттифоққа бирлашганлар. Бу иттифоқ Мидиянинг ўзинигина эмас, балки Эроннинг бошқа ўлкалари, жумладан, Персидни ҳам ичига олган. Персид эса кейинчалик мамлакатда етакчилик қилган.

Геродот асарларида бу тўғрида баъзи маълумотлар сақланиб қолган. У Мидия шоҳлигининг ташкил топиш жараёни мидияликлар орасида “тақводор ҳакам” Дейоко ҳокимиятни эгаллаб олиши ҳақидаги ярим тарихий афсонада сақланиб қолган деб ёзади. Унда “Дейоко мидияликларни шаҳар барпо этишга мажбурлади ва уларни бир халқ сифатида бирлаштирди” деб хабар қилинади.

Оссур ёзувларида айтилишича, “мадайлар” мамлакатида қалъа бошлиғи “Дейоко” исмли шахс Саргон билан жанг қилган, аммо мағлубиятга учраган. Геродот гувоҳлигига кўра, Дейоко Мидия қабилаларини бир давлат қилиб бирлаштирган ва Экбатана шаҳрини қурган. Экбатана ҳақида қайдларни Хагматана (мажлислар жойи) номи билан Эрон ёзувларида учратиш мумкин. Бу шаҳар ҳозирги Хамадон шаҳри ўрнида бўлган деган тахмин бор. Юнон тарихчиси Полибий (милоддан аввалги II аср) ўз асарида Мидиянинг қадимги пойтахтини аниқроқ тасвирлайди. Бу асарда айтилишича, пойтахтда ҳарбий қабила демократиясига хос қадимий тартиб ҳукм сурган. Бу тартибга биноан шоҳ “мажлислар жойида” ги умумий йиғинда сайланган.

Бироқ Геродотнинг Мидиядаги қабилалар иттифоқи ҳақидаги ҳикояси у қадар ишонарли эмас, чунки унда Дейоко аҳолининг турли табақаларига таяниб, олий ҳокимиятга зўрлик билан эга бўлган золимга ўхшатилади. Геродот Дейокодан кейин ўтган шоҳлар ҳақида ҳам айтиб ўтади. Мидия шоҳи Фраорт (форсча Фравортиш) эронликлар ва Осиёнинг бошқа халқларини бўйсундиргач, ҳатто Оссурияга ҳам аскар тортиб бориб, Мидиянинг барча қабилаларини ўз ҳокимияти остида бирлаштирган.

Мидиянинг кейинги шоҳи Киаксар (Хвакшатра) замонида мамлакат кучли давлатга айланди. Киаксар оссурийларнинг ҳарбий тажрибасидан фойдаланиб Мидия қўшинларини қайтадан тузган ва қўшинларни ишлатадиган қурол-яроғ турига қараб, ихтисослашган қисмларга бўлган. Бу янги қўшинида найзабозлар билан камончиларнинг махсус қисмлари ҳамда отлиқ бўлинмалар ташкил этилди. Шу даврдан бошлаб отлиқлар ҳарбий ишда алоҳида ўрин тутиб, аскарларнинг бир ердан иккинчи ерга жадал ҳаракат қилиши ва кенг кўламда ҳарбий машқ ўтқазиш имконини берган. Қадимги муаллифлар Киаксарнинг қабилалардан йиғилган аввалги терма қўшини ўрнига мунтазам қўшин яратгани унинг энг катта муваффақияти деб ҳисоблайдилар. Киаксар Мидиянинг ҳарбий қудратига ҳамда Бобил шоҳлиги билан иттифоқи ва унинг қўшинлари ёрдамида Оссурия давлатини (бир вақтлар шуҳрат қозонган қудратли давлат) буткул тор - мор қилди. Шу тариқа Оссурия харобаларида янги ва кучли Мидия салтанати қад кўтарди. Киаксар унга Эроннинг тоғли ўлкаларини, Каппадокия билан Арманистонни ҳам қўшиб олди. Мидия ҳукмдори Оссурия шоҳлигининг шимолий қисмини забт этиш билан чекланмай, Ўрта ер денгизига йўл очиш мақсадида ғарбга ҳаракат қилади. Геродот Мидия билан Лидия ўртасидаги курашни тасвирлаб, бу кураш беш йил давом этиб, икки йирик давлат ўртасида яраш битими тузиш билан якунланганини айтади. Шундай қилиб, бу жанг милоддан аввалги 585 йилда рўй берган деб аниқ айтмоқ керак.

Мидия шоҳи ҳарбий ютуқлари ва забт этилган ерларини дипломатик битимлар воситаси билан мустаҳкамлаб олади. Бу битимлар ўз навбатида подшолар ўртасида қуда - андачилик муносабатлари билан мустаҳкамланади. Киаксар II ўз қизини Бобил шоҳи Навохудоносор II га бериб, ўғли Астиагни эса Лидия шоҳининг қизига уйлантиради. Киаксар милоддан аввалги 584 йили вафот этади. Мидиянинг сўнгги шоҳи Астиаг ўз салтанатини эронликлардан ҳимоя қилишга мажбур бўлади. Астиаг узоқ муддат шоҳлик қилганидан сўнг (милоддан аввалги 580 - 550 йиллар) Эрон давлатига асос солган Кайхисрав (Кирёвуш) билан курашда енгилади.

Зардушт динининг муқаддас китоби “Авесто” қадимги шарқий Эрон тарихини ўрганишда асосий манбалардан бири бўлган. Зардушт динининг олий маъбуди Ахурамазда ёмонлик тимсоли – Анхро Манью (Ахримон) билан кураш олиб боради. Ҳозирги вақтда зардушт динига мансуб бўлган форслар жамоаси (Эрон ва Ҳиндистонда) сақланиб қолган. Араб истилосига қадар (Сосонийлар даврида) зардуштийлик Эроннинг давлат дини ҳисобланган.

“Авесто” қадимги шарқий эрон тилида ёзилган. “Авесто” грамматик жиҳатдан қадимги форс тилидан деярли фарқ қилмайди.

Зардуштийларнинг сўнгги ўрта аср маълумотларига кўра, уларнинг мамлакати Мидия деб аталган. “Авесто” таъсиф доирасига кирган мамлакатлар ҳақида маълумот Ведевдат деб номланган биринчи қисмда берилади. Бу қисмда яхшилик маъбуди Ахурамазданинг 16 мамлакатни яратгани, унинг душмани Ахриман эса шу мамлакатларнинг ҳар бирида ёмонлик қилиш билан машғул бўлгани баён этилади. Бу мамлакатлар Ўрта Осиё билан Шарқий Эрон ҳудудида жойлашган. Авесто рўйхатида шуниси қизиқки, Парфия ҳақида, шу билан бирга, Мидия ва Форс ҳақида умуман маълумот йўқ. “Авесто“ маданияти ҳам анча қадим. Масалан, темир билан бронза бир сўз билан аталади.

Зардуштийларнинг муқаддас китоби “Авесто” қадимги шарқий Эрон ва Ўрта Осиё тарихини ўрганишда муҳим манба ҳисобланади. Кўп тадқиқотчилар фикрига кўра “Авесто” Ўрта Осиё, хусусан Хоразмда милоддан аввалги I минг йилликнинг биринчи ярмида вужудга келган. Муқаддас китобда келтирилган жўғрофий маълумотлар ҳам буни тасдиқлайди. Масалан, худо яратган ўлкалар санаб ўтилар экан, бойлиги ва кўркамлиги жиҳатидан қадимги Хоразм, Гава (Сўғд), Марғиёна (Марв), Бактрия (Балх) биринчи бўлиб тилга олинади.

“Авесто” узоқ давр мабойнида шаклланган. Унда келтирилган маълумотларнинг энг қадимий қисмлари милоддан аввалги II минг йиллик охири – I минг йиллик бошига оид бўлиб, авлоддан-авлодга оғзаки тарзда ўтиб келган. Кейинги асрларда “Авесто” диний урф-одатлар баёни, аҳлоқий, ҳуқуқий қонун-қоидалар ҳисобига бойиб борган. “Авесто” ни Зардушт диний асар сифатида тизимга солган. Унинг Дастлабки ёзма нусхаси 12 минг мол терисига битилган деб ривоят қилинади. “Авесто” Персеполда сақланган. Македониялик Искандар Эронни забт этганида, бу нусха ёқиб юборилган. Аршакийлардан Волочес I даврида (51-78 йиллар) қайта китоб шаклига келтирилган, лекин у сақланмаган. Сосонийлар даврида (III – VII асрлар) “Авесто” яна яхлит китоб ҳолига келтирилган.

12. Мидия маданияти

Эрон ясситекислигида ташкил топган қадимги давлатлар ичидан озми - кўпми аниқ маълумотга эгамиз, фақат Мидия салтанати ҳақида. Мидия шоҳлиги ҳозирги Эроннинг шимоли-ғарбий ва хозирги Озарбайжон ҳудудида жойлашган эди. Шарқшунос олим В.И. Авдиев “Қадимги Шарқ тарихи” асарида Мидия Загроснинг тоғли ўлкаларида ва ундан Шарқда жойлашган ҳосилдор ерлардаги ҳудудни эгаллайди деб ёзади. Оссур ёзувларида милоддан аввалги IX асрда мадай қабилалари ҳақида ҳам айтилиб, улар оссурияликлар билан шиддатли жанглар олиб борганлиги ҳақида сўзланади. Оссурияликлар билан мадайлар ўртасида савдо-сотиқ алоқалари асосида Мидияга оссур - бобил маданияти элементлари кириб келганлиги аниқланган.

Мидия ҳақидаги дастлабки маълумотлар милоддан аввалги X - IX асрларга оид бўлиб, унга кўра маҳаллий ҳалқ чорвачилик билан ҳам кўчма, ҳам ўтроқлашган тарзда шуғулланганликлари маълум. Шу билан бирга, улар деҳқончилик ҳам қилганлар. Мидия шоҳлигида бу даврда ривожланган синфий давлат бўлмай, балки бир нечта қабилалар бирлашмасидан (конфедерация) иборат эди. Геродот асарларида улар олти қабиладан ташкил топганлиги эслатилади. Муаллиф улардан тўрттасини “номадлар” деб атайди.

Милоддан аввалги VII асрда Мидияда том маънода давлат эмас, балки қабилалар иттифоқи мавжуд бўлган, холос. Бу иттифоқда олий ҳукмдор билан бирга унга тобе бошқа ҳукмдорлар (аслида қабила бошлиқлари) ҳам бўлганлиги тилга олинган.

Милоддан аввалги IX - VIII асрлардаёқ мидияликлар жамоасида уруғчилик тузумининг емирилиш жараёни бошланган ва синфий ажралиш юзага келган. Бир томондан, уруғ ичидан зодагонлар ажралиб чиқиб, бошқа томондан эса деҳқончилик ва ўтроқ чорвачиликнинг ривожланиши билан қулчилик пайдо бўлган. Милоддан аввалги IX-VIII асрлардаги оссурияликларни мидияликлар босқинидан мунтазам равишда муҳофаза қилиш учун қулчилик муҳим ўрин тутадиган бўлиб борди. Бу ҳол мидияликларнинг қабила иттифоқига бирлашиб, Мидияда қулдорлик давлатининг ташкил топишини тезлаштиради.

Бунга мулкий тенгсизлик ҳамда қуллар сонининг ошиб бориши ҳам сабаб бўлган. Лекин шунга қарамай, бу давлат эндигина шаклланаётган шаклда эди. Оссур ёзувлари ва бошқа манбаларда қайд этилишича, Мидия давлатини шоҳлар бошқарганлар.

Милоддан аввалги VII асрда Мидия шоҳлиги анча кучли шарқ салтанатига айланади. Унинг маркази Экбатана (ҳозирги Ҳамадон) шаҳри эди. Мидия пойтахтига оид нисбатан тўлиқ маълумот сақланиб қолган ва уларни бошқа манбалар билан қиёслаб унинг ҳақиқатга тўғри эканлиги аниқланган. Бу даврда Мидия қабила иттифоқини ўзида жамлаб, унда қадимги ҳарбий демократия анъаналарига кўра шоҳ жамоа мажлисида сайланган.

Киаксар Оссурийлар билан ҳал қилувчи жанги арафасида ҳарбий ислоҳотни амалга оширган: мамлакат ва халқлардан ёппасига олинадиган қўшин мунтазам отлиқлар, камончилар ва қалқончилар ташкил топган эди.


Таянч иборалар

Ахриман, Ахурамазда, деток, Хвакшатра (Киаксар), Фравартиш (Фраварт), мадай қабилалари, “тақводор какам”, Дейоко, Хагматана, Ведевдат, номадлар, Экбатана

Саволлар

1. Давлатни мустаҳкамлашда Киаксар қандай дипломатик сиёсат юргизган?

2. Тарқоқ мадай қабилаларининг бирлашувига қайси омиллар сабаб бўлган?

3. Мидия қулдорлик жамиятининг ташкил топиш жараёнининг тезлашиб

кетишига қандай омиллар сабаб бўлди?

4. Давлатни марказлаштиришда ҳарбий ислоҳотларнинг қандай аҳамияти бор?
7. Қадимги Элам

Қадимги Элам давлатининг тарихи Иккидарё қулдорлик жамиятининг тарихи билан чамбарчас боғлиқ. Бу мамлакат (шумерларда “Ним”, аққодларда - “Эламту” номини олган) Шумердан шарқда жойлашган. Элам тоғли ерда жойлашиб, аммо фақат мол боқишга ярайдиган тоғлар билан бирга, Эламнинг икки катта дарёси-ғарбда Хоасл (ҳозирги Керхе) ва шарқда Эвлея (ҳозирги Карун) бўйида серҳосил водийлар ҳам бўлган. Хоаслнинг шарқий соҳилида (бу ерда унинг оқими Эвлея яқинидан ўтади) Сузи манзилгоҳи бўлиб, у ерда эътиқод қилинган бош худо Шумерда ҳам қадрланган. Эламдан ўтган энг муҳим йўллар чорраҳасидаги Сузи, мамлакат тарихида ғоят муҳим ўрин тутган. Эламнинг жануби-шарқида, чамаси, қора танли қабилалар яшаган бўлса керак. Бу қабилалар Ҳиндистоннинг дравид қабилаларига қардош бўлган деган фараз мавжуд.



Хўжалик ҳаёт ва ижтимоий муносабатлар. Ҳозирга қадар Элам тилининг қайси тиллар гуруҳига оид эканлиги аниқланмаган. Қадимий Суза шаҳридаги узоқ йиллик қазиш ишлари бу ерда қатор маданий қатламлар мавжудлиги аниқланди.

Сузи I номини топган қатлам энг муҳим. Бу қатламнинг пастки чегараси (хронологияси) ҳали аниқ топилмаган. Унинг устки чегараси, яъни кейинги Сузи II қатламининг бошланиши милоддан аввалги III минг йиллик охирига оид. Сузи I қатламида манзилгоҳ излари билан бирга қабристон ҳам сақланиб қолган бўлиб, бу ҳол манзилгоҳнинг қадим аҳлининг марҳумга бағишланган маросимларидан далолат беради. Сузи I қатламида топилган буюмлар энеолит даврига оид деб ҳисоблаш керак. Пишиқ-пухта ясалган ва силлиқланган тош қуроллар билан бир қаторда бу ерда мисдан ясалган буюмлар камдан-кам учрайди. Меҳнат қуроллари, уларни ясаган одамлар ўтроқ бўлганлиги ва ов билан бир қаторда зироатчилик билан ҳам шуғулланганлиги ҳақида далолат беради. Арпа ва эммер (буғдой ва арпа) билан бирга улар зиғир ҳам ўстирар эдилар. Лой ҳайкалчалар орасида аёл ҳосилдорлик худоси тасвири учрайди. Марҳум билан дафн этиш учун мўлжалланган махсус идишлар яхши пишитилган лойдан, кулолчилик чархисиз қўлда ясалган. Улар геометрик нақш ва одам, қуш, уй ва ёввойи ҳайвонлар сурати ҳамда меҳнат қуролларининг шартли тасвирлари билан безатилган. Буларнинг бари қора бўёқда ишланган. Баъзи белгиларга кўра, Сузи I манзилгоҳи ёнғинда нобуд бўлган. У жанговар, қўшни тоғлик қабилалар қурбони бўлган деб тахмин қилинади.

Сузи I маданий қатламидан фарқли равишда, ундан кейинги Сузи II қатлами маданияти, нафақат Сузида, балки жануби - шарқий Эроннинг бошқа нуқталарида ҳам тарқалган бўлиб, Эламнинг ғарбидаги мамлакатлар, биринчи навбатда Шумер маданияти билан туташган. Шумер шаҳарлари - Эриду, Уре, Кишу ва бошқа шаҳарлардаги қазилма натижалари ҳам шундан гувоҳлик беради. Сузи II маданияти давридаёқ мисдан ясалган меҳнат асбоблари ва қуроллар мавжуд бўлган. Мис Эламнинг ўзида қазиб олинган деб фараз қилинади. Будеа ўз ёзувларидан бирида Кимаша тоғларида мис қазиб олинганидан хабар беради. Элам билан чегарадош ҳудуддаги Сузи II қатламида олтин ҳам топилган. Бу юртда бронза пайдо бўлгани ҳам айнан шу вақтга оид. Темирчилик билан бир қаторда сопол идишлар ишлаб чиқариш ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлган. Ҳақиқатан, Сузи I қатламида топилган идишлар Сузи II қатламидаги каби пишиқ ишланмаган, аммо улар ранг - баранг ва улардаги суратлар нисбатан хилма-хил: рассом манзара чизиб, ҳайвон ва одамларни тасвирлайди. Йирик қорамолнинг расмига қараганда, у вақт хўжалигида чорвачилик анча ривожланган деб айтиш мумкин. Шу даврда Эламнинг иероглиф асосидаги ўзига хос ёзуви пайдо бўлади.

Ишлаб чиқариш кучлари ўсган сари, айниқса, тош, металл қуроллардан фойдаланишга ўтиш билан, мамлакатда ишлаб чиқариш кўтарилди ва бунинг оқибатида қулчилик тузуми таркиб топди.

Эламда қулчилик жамияти дастлаб дарё водийларида ривожланди. Бу ерларда ишлаб чиқариш кучлари яхши тараққий этиб, мол алмашиши тезроқ ўсган. Бу ўлкалар аҳолиси тоғли ҳудудларга нисбатан, Шумернинг қўшни шаҳар - давлатлари, масалан Лагаш билан аввалроқ муносабат ўрнатган эди. Тоғли ҳудудлар аҳолиси милоддан аввалги III минг йилликнинг иккинчи ярмида ва ундан кейин ҳам ибтидоий жамоа тузумида яшайверган. Бу аҳоли водийнинг бой ўлкаларини талаш мақсадида доимо безовта қилиб турар эди.

Давлатнинг гуллаб яшнаши ва инқирозга учраши. Элам давлати милоддан аввалги II минг йил олдин катта мавқега эга бўлган. Урни III сулоласи пайтида ҳам Элам бошқа давлатлар каби Шумер-Аққод давлати таркибига бутунлай кирмай, балки Эламнинг турли шаҳар ва вилоятларини маҳаллий ҳукмдорлар бошқариб турганлар. Эламитлар иштирокидаги Урни III сулоласи давлати инқирозга юз тутганидан сўнг, Элам давлати яна мустақилликка эришди. Шу вақтда унда Бобилдаги каби қулдорлик кучайиб, буни шу вақтгача етиб келган кўпдан - кўп ҳуқуққа оид ҳужжатлар ҳам тасдиқлайди. Айрим вилоятларда шоҳ ёки “ота” лар (адда) ҳукмронлик қилганлар. Аммо тахт отадан ўғилга эмас, балки тоғадан жиянга яъни синглисининг ўғлига ўтган. Шу билан “сингилни ўғли” ибораси “меросхўр авлод” ни маъносини ифода этган.

Элам вилоятларига “буюк вакил” (шумер тилида суккаль-шах) унвонини олган буюк ҳукмдор ҳукмронлик қилиб, вилоят ҳукмдорлари эса кўпинча “буюк вакил” нинг яқин қариндошлари бўлганлар.

Ҳулоса қилиш мумкинки, ушбу жамиятда бошқариш она тарафидан авлоддан - авлодга ўтган. Элам ҳукмдорлари сулоласи тоғ водийларидан келиб чиққан деб тахмин қилинади. Умуман, давлат бошқаруви вилоятларни бошқарган уруғ - қабилавий зодагонлар қўлида бўлган.

Хаммураппи бошқарган давлат гуллаб-яшнаган даврида у эламликларни Эмутбалдан сиқиб чиқарган. Бу ҳол Эламни анча кучсизлантириб, Бобил шоҳига тобе қилиб қўяди. Кейинчалик Эламнинг мустақиллигини тиклаган сулола (касситлар) ва ундан кейинги шоҳлар аввалги Элам давлатининг қудратини тиклашди. Бу давлатга эндиликда Неренданинг бир қисми (ҳозирги Форс Эронни шарқида) ҳам кирди. Эламитлар яна Бобилга юриш қиладилар. Бу юришлар милоддан аввалги XIII асрда яна қайталанди. Элам тахтида ўтирган янги сулола вакиллари ҳудудларни бошқарган зодагонларни қаршилигини синдириб, марказий ҳокимиятни мустаҳкамлашга эришдилар.

Милоддан аввалги XII аср бошида эламликларнинг янги босқинчилик даври бошланди. Улар Дажла дарёси воҳаси вилоятларини ва Эшкуппа шаҳрини босиб олишади. Шу ўлкадан Эрон орқали муҳим карвон йўллари ўтар эди. Эламликлар ҳатто Бобил шимолида жойлашган Сиппор, Бобил ва Ичинур шаҳарларини босиб олишга эришган.

Бу ғалабалар Бобилда касситлар ҳукмдорлигига чек қўйди. Элам давлати гуллаб-яшнаган давр шоҳ Шильхакиншушинак ҳукмронлигига тўғри келади. Бу шоҳ Элам ерларини анча кенгайтириб, Загрос тоғлари ва унинг шарқий ерларини, Оссурияга бостириб кириб, шарқий Оссуриядаги Эхаппате шаҳрини ҳам истило қилади.

Милоддан аввалги XII асрда Навохудоносор I тарафидан Элам қўшини мағлуб этилгач, ҳамда Бобилга Оссурия шоҳи Тиглатпаласар I зарба берганидан сўнг икки давлат - Элам ва Бобил инқирозга юз тутди. Эламда маҳаллий зодагонларнинг ҳокимияти тикланди. Аммо бу мамлакатда милоддан аввалги I-мингинчи йилликда барқарор ва марказлашган давлат бўлмай, шоҳлар ҳокимияти анча заиф бўлган.

Шумернинг жанговар қабилалар билан тўқнашувлари, шубҳасиз, қадим замонларда рўй берган. Лагаш ҳукмдорларининг милоддан аввалги XXV асрдаги ёзувлари пайдо бўлган вақтдан бошлаб бу урушлар тўғрисида маълумотлар мавжуд. Элам ўз ғарбий қўшниси – Икки дарё воҳаси билан яқин алоқада эди. Милоддан аввалги XXIV-XXIII асрларда Сузи Аққод давлати таркибига киритилиб, натижада Икки дарё маданиятининг Эламга таъсири анча кучайди. Ур III сулоласи шоҳлари даврида Элам яна Икки дарё ҳукмронлигида қолиб, сулоланинг энг забардаст вакили Шульги Сузида “Сузи худоси ва ҳукмдори”, яъни Иншушинак шарафига мақбара қуради.

Ур давлати кучсизланган вақтда Элам ҳукмдорлари ўз мустамлакачиларини тор - мор қилишга муяссар бўлдилар. Бу воқеалар шоҳ Кутернаххунт даврида рўй беради. Милоддан аввалги 2024 йилда Кутернаххунт Урни босиб олиб, вайронага айлантирган, Элам бундан сал аввалроқ Фрот оқимининг ўрта қисмидаги Мари манзилгоҳида жойлашиб олади. Аморейлар томонидан берилган зарбалар натижасида Ур III сулоласи барпо этган давлат қулади.
Таянч иборалар

Суза I, Суза II, адда, сингилнинг ўғли, меросхўр авлод, буюк вакил., касситлар, Будеа.

Саволлар

1. Суза I ва Суза II маданиятини асосий хусусиятлари нимадан иборат? (археологик қазилмалар натижаси)

2. Милоддан аввалги II минг йилликда Элам давлатининг ижтимоий ва сиёсий тузумини тасвирлаб беринг
4. Қадимги Ҳиндистон



1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   15


©netref.ru 2017
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет