3. Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатлари тарихи Хетт давлати (салтанати)



жүктеу 2.89 Mb.
бет5/15
Дата25.04.2016
өлшемі2.89 Mb.
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   15
: uploads -> books -> 47879
47879 -> Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги термиз давлат университети тарих факультети маънавият асослари ва
books -> Махсус таълим вазирлиги низмий номидаги тдпу ходиева дилрабо пиримовна
books -> Национального Университета Узбекистана имени Мирзо Улугбека методика преподавания истории в школе учебно методическое пособие
47879 -> Термиз давлат университети педагогика факультети психология кафедраси
47879 -> И.Ҳ.Ҳамдамов, С. Б. Мустанов, Э. И.Ҳамдамова, Г. А. Сувонова ботаника и.Ҳамдамов, С. Мустанов, Э. И.Ҳамдамова, Г. Сувонова Ботаника
47879 -> Термез давлат университети жисмоний маданият факультети жисмоний тарбия ва спорт кафедраси
47879 -> Ўзбекистон тарихи кафедраси маматқулова раънонинг 5220200-тарих таълим йўналиши бўйича бакалавр даражасини олиш учун
47879 -> Хорижий мамлакатлар тарихи” кафедраси умумий тарих. ҚАдимги давр. Тошкент – 2009
47879 -> Самарқанд қишлоқ ХЎжалиги институти
47879 -> Термиз давлат университети жисмоний маданият факультети жисмоний тарбия ва спорт кафедраси

Таянч иборалар

Хараппа маданияти солномаси, “Ўликлар тепалиги”, Мелуха, идиограмма, дравид тиллари гурухи, Пашупати.

Саволлар

  1. Хараппа маданиятининг кашф этилиши.

  2. Ушбу маданиятнинг тарихий аҳамияти.


3. Марказий ва Шарқий Ҳиндистон

Ҳинд-орийлар ва Ганг водийси маданияти. Кўп йиллардан буён орийларнинг Ҳиндистонга келган вақти, сабаби ва қайси йўллар орқали келганлиги ҳиндшунослар диққатини ўзига тортиб келмоқда. Айрим олимлар тараққий этган орийлар қолоқ маҳаллий қабилаларни ўзига бўйсундириб, улар Ҳиндистонга юксак маданият олиб киришди деб ҳисоблайдилар. Улар орийларни маҳаллий халқлардан юқори қўйиб, маҳаллий халқ тараққиётга мустақил тарзда эришганини инкор этадилар. Мазкур назарияга кўра, синфий жамият Ҳиндистонга орийлар кирганидан сўнг пайдо бўлган.

Ўн йиллар давомида ўзи билан «асл эътиқод» келтирган, оқтанли ва кўк кўз, баланд бўйли орийлар босқини ҳақидаги бу «назария» қадимий Ҳиндистон сирларини очадиган олтин калит ролини ўйнаб келди. Қулдорлик қай тарзда вужудга келди? Мамлакатга орийлар бостириб кириб, маҳаллий халқни ўзларига бўйсундирдилар. Давлат қандай пайдо бўлди? Уни орийлар маҳаллий аҳолига қарши муваффақиятли курашиш учун барпо этдилар. Касталар қай йўсинда таркиб топди? Буни орийлар зулмат ва жаҳолатга ботган маҳаллий халқ билан қоришиб кетмаслик мақсадида ўйлаб топганлар. Ҳинд маданиятининг манбалари қаерда? Улар мамлакатнинг кейинги тарихи давомида гўё тараққиёт асоси бўлиб қолган орийлар руҳида деб уқтирмоқчи бўладилар.

Ҳинд олими Д.Косамби ўз тадқиқотида «Ҳинд маданиятининг ҳар қандай юксак даражага эришиши – орийлар хизмати, бу нацистлар режими вақтида кенг тарғиб қилинган «орийлар тушунчаси»га янада кўпроқ чалкашликлар киритди» деб айтади.

Ҳинд водийсида тараққий этган цивилизация мавжуд бўлганининг кашф этилиши кўпчилик олимларни ўз қарашларини қайта кўриб чиқишга мажбур қилди. Орийлар муаммоси бўйича батафсил адабиётлар яратилган ва тарихчи, тилшунос, археолог, этнограф, антраполог каби турли соҳа олимлари бу муаммо билан шуғулланиб келмоқдалар. «Орийлар муаммоси»га турли хил нуқтаи назар билан қараган олимларнинг фикрича фақат битта нарса ўхшаш. Яъни, милоддан аввалги 2000 йилларда Шимолий Ҳиндистонда ҳинд-орий тиллари тарқалиб, уларда сўзлашувчилар ўзини орийлар деб атаганлар.

«Орий» сўзи олимлар фикрича, қадимги эронлик ва қадимги ҳинд қабилаларининг номланишини англатади. Қадимги матнларни ўқиш асосида веда даврида «аръя» сўзи «келгинди», «бошқа ерлик» маъноларини билдириши аниқланди. «Хўжайин», «аслзода» деган сўзлар қадимги Ҳиндистон ва Эроннинг кўпгина ёдгорликларида учрайди.

“Орий” сўзи ҳозирги Эрон давлатининг номи билан боғлиқ. «Эрон» «аръяна» сўзидан келиб чиққан бўлиб, «Орийлар мамлакати» маъносини билдиради. Қадимги ҳинд манбаларида чегаралари турлича кўрсатилган орийларнинг муққадас юрти Аръяварта ҳақида зикр қилинади. Улар тилининг яқинлиги ҳам Эрон ва ҳинд-орий қабилалари аждодларининг кенг уруғчилик алоқалари ёки бирлигини кўрсатади. Ўрганиш ва қиёслаш қадимда бу тилларнинг грамматик тузилиши ва асосий луғат бойлиги умумий бўлганидан далолат беради. Масалан, «сув» қадимги эрон ва ҳинд тилларида «ап» деб аталган. Ер «буми»-«бхуми», «шамол» ҳар икки тилда «вата» деб юритилган. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Бундан ташқари қадимги Эрон ва Веда динини қиёслаш қадимги Эрон ва ҳинд-орий аждодларининг диний тушунчалари ўхшаш бўлганлигини кўрсатади. Шунингдек, урф-одатлар, оловга эътиқод қилиш, муқаддас ҳинд «сома» си (ичкилиги), Эрон «хаума»си ҳам бир бирига ўхшашдир.

Қадимги ҳиндлар ва эронликлар улуғлаган ва ўзларининг диний ва эпик асарларида мадҳ этилган кўпгина маъбуда қаҳрамонларнинг исмлари ҳам мос келади. Масалан, ҳар иккала қабилада асосий маъбуда Митра бўлиб, шамол ҳамда уруш маъбуди Вайу маълум эди. Диний ва адабий анъаналарда ҳам тидқиқотчилар аксар ўзаро мувофиқ афсона ва эпик ҳикоя сюжетларини аниқлаганлар.

Қиёсий маълумотлардан маълум бўлишича, Эрон ва ҳинд-орий қабила аждодларининг турмуш тарзи бир хил, яъни ўтроқ ёки ярим ўтроқ бўлган. Уларнинг асосий машғулотлари деҳқончилик эди. Қадимги ҳинд-орий ва эронийлар учун умумий бўлган деҳқончилик ҳамда чорвачлик бўлган асбоблари, маданий ўсимликлар, уй ҳайвонлари, металл ҳамда жанговар арава номларини англатувчи сўзлар маълум.



Орийлар асл ватани ва уларнинг тарқалиши. Қадимги ҳинд-орийлар ва эронийлар тили бирмунча ўхшаш бўлгани, улар дастлаб ягона ўлкада яшаганлиги ҳақидаги фаразни юзага келтиради.

Тилшунослик ва бошқа фанларни қиёслаб кўрсатишича, қадимги ҳиндлар ва эронийлар қўшни бўлиб, ҳинд-орий бирлигини ташкил этганлар. Масалан, бу халқлар тили ва қадимий ёзма асарлари («Авесто», «Веда») ўзаро яқинлиги, диний ва ижтимоий жараёнлар ўхшашлиги фикримиз далили бўла олади.

Ҳинд-орий қабилалари аждодлари аввало Марказий Осиё ва унга қўшни ўлкаларда яшаган деган фикр кенг тарқалган фаразлардан биридир. Бу ҳудудда яшаганларнинг бир қисми Ҳиндистонга, қолганлари эса Олд Осиёга кўчиб ўтганлар. Улар маданиятининг излари тахминан милоддан аввалги II минг йиллик ўрталарига бориб тақалади. Ундан сўнг Мидия форсларининг аждодлари бўлган эроний қабилалар Ғарбий Эрон томон силжиб борганлар.

Бошқа фикр тарафдорлари ҳинд-орийларнинг асл ватани жанубий рус даштларида деб айтадилар. Ҳинд-орийлар бу ерлардан Кавказ орқали Ҳиндистон ва Эрон томон кўчиб борганлар. Баъзи олимлар орийлар Ҳиндистонга ҳар иккала йўл, яъни Кавказ ва Марказий Осиё орқали келган бўлиши мумкин деб тахмин қиладилар.

Ҳар йили Марказий Осиёда археологлар қўлга киритган материаллар бойиб бормоқда. Қазиш ишлари ва янги топилмалар Марказий Осиёда бронза даври ҳамда Марказий Осиёнинг Хараппадан кейинги маданияти ўртасидаги ўзаро алоқаларидан гувоҳлик беради.

Орий қабилаларининг жойлашиши давомли ва мураккаб жараён бўлиб, олимлар таъкидлашича, у бир неча асрга чўзилган. Веда матнлари ва археологик материаллари ҳинд-орий қабилаларининг умумий миқиёсда шарққа ҳаракати ва Ганг водийсини ўзлаштиришини кузатиш имконини беради. Ўша даврда ҳам маҳаллий қабилалар билан ҳарбий тўқнашувлар, орий қабилаларининг ичида ҳам ўзаро низолар бўлиб турган.

Олимлар олдида орийлар дастлаб Ҳиндистоннинг қайси вилоятларида пайдо бўлганлигини аниқлаш каби яна бир мураккаб масала турибди. Бизгача етиб келган энг қадимий ёдгорлик – Ригведа милоддан аввалги II минг йиллик охирига мансуб деб топилган. Лекин бу асарнинг яхлит тўплам сифатида йиғилиши жараёни анча вақтни талаб қилган. Демак Ригведа муаллифларининг, яъни ҳинд-орийларнинг кириб келиши анча олдин, тахминан милоддан аввалги XIII-XII асрларда рўй берган. Шу билан бирга, олимлар ҳинд-орий қабила гуруҳининг Ҳиндистонга бу ерда Ригведа асосчиларининг пайдо бўлишидан аввал келган бўлиши мумкинлигини ҳам инкор қилмайдилар.

Охирги пайтда ҳинд-орийлар билан веда даврининг муайян археологик маданиятини ўзаро боғлаш имконини берадиган муҳим археологик материаллар топилди. Бу тадқиқотлардан маълум бўлишича, Панжоб, Жамна ва Ганганинг юқори қисмлари, бу дарё водийлари, Оллоҳобод ҳамда шимоли-шарқий Ражастон ўлкаларида кулранг наққошлик маданияти тарқалган. Олимлар унинг ривожланиш тарихини икки қисмга бўладилар. Биринчиси кўпроқ шимолий ўлкаларда милоддан аввалги XI асрга қадар давом этган, иккинчиси Харянадан жанубда ва шимоли-шарқий Панжобда милоддан аввалги 1000-500 йилларгача тарқалган. Олимларнинг сўнгги кашфиётлари Хараппа қишлоқларининг кулранг наққошлик сопол маданияти билан бевосита алоқада бўлганлигини кўрсатади. Бу топилмалар сўнгги хараппаликлар бу маданият асосчилари билан мулоқотда бўлиш билан чекланмай, балки ўзаро узоқ давр ҳамкорлик қилишганлиги хақидадалолат беради.

Қадим ўрмонзорлар орасида яшаш жуда қийин бўлган. Ҳинд-орийлар ўрмонларни тозалаб ер очишга мажбур эдилар. Улар турли ҳудудларга бир меъёрда тарқалмаганлар. Баъзи ўлкаларда улар маҳаллий қабилалар қаршилигига деярли дуч келмай, янги ерларни эгаллаб, зудлик билан жануб ва шарққа томон кириб борганлар. Бошқа жойларда ҳинд-орий қабилалари қаттиқ қаршиликка учраганлар ва янги ҳудуд ва маҳаллий қабилаларни куч билан бўйсундирганлар.

Ҳинд-орийларнинг Ҳиндистонда маҳаллий аҳоли билан ассимиляциялашуви ва шарққа силжиши тезроқ кечган. Ҳинд-орийларнинг Шимолий Ҳиндистон ва кейинроқ жанубий вилоятлар бўйлаб кенг ёйилиши веда қабилаларининг ижтимоий ва сиёсий тизимлари тараққий этиши туфайли рўй берган. Бу ҳол веда матнларида ўз аксини топган.

Ҳинд-орийларнинг маҳаллий қабилалар билан ўзаро алоқаларига оид маълумотлар тилшунослик фани орқали ҳам ўз исботини топади. Ригведада дравит ва мунда тилларидан келиб чиққан бир қанча сўзлар учрайди. Сўнгги веда матнларида эса бошқа тиллардан кириб келган сўзлар сони кўпайган. Масалан, Санскритда, маҳаллий ўсимликлар ва ҳайвонот дунёсига оид бўлмаган сўзлар кўп учрайди. Бундан ташқари тилга оид маълумотлар маҳаллий қабилаларнинг диний қарашлари ҳинд-орийларга таъсир ўзказганидан далолат беради. Аста-секинлик билан ўзида ҳинд-орий ва маҳаллий қабила ютуқларини мужассамлаштирган ва Шимолий ҳамда Шарқий Ҳиндистоннинг аксарият аҳолиси учун умумий бўлиб қолган янги маданият вужудга келади. Кўплаб текширишлар, археология, лингвистика, адабий ва диний ёдгорликлар маълумотларини қиёслаш оқибатида олимлар уни фақат орийлар маданияти, яъни келгинди маданият сифатида ўрганиш нотўғри деган хулосага келдилар. У милоддан аввалги I минг йилликка доир ҳиндлар маданиятини ташкил этади. Милоддан аввалги I минг йиллик ўрталарида Ганг водийсининг ўзлаштирилиши ва шимолий Ҳиндистонда ҳинд-орийларнинг келиб жойлашиши жараёни якунланади. Веда даврининг тугаши ва Магатха-муарийлар даври бошланишини айни шу вақтдан деб белгилаш мумкин.

Веда қабилаларининг асосий машғулоти деҳқончилик ва чорвачилик бўлган. Ерга ишлов бериш ривож топиши ва аҳолининг ўтроқ ҳаёт тарзига ўтиши учун ишлаб чиқариш соҳаларида темирдан фойдаланиш туртки берди. Археологик қазиш ишлари натижасига кўра, темир милоддан аввалги X асрда ҳам Шимолий Ҳиндистонда маълум бўлган, аммо кенг кўламда у кейинроқ тарқалди.

Темир қуроллар ёрдамида Ганг водийси ўрмонзорларини ўзлаштириш, тупроқ унумдорлигини ошириш, сунъий суғориш ишлари енгиллашди. Темир ҳунармандчилик тараққиётини илгари етаклади. Ерни ёғоч омоч билан ҳайдаб, аммо ҳосил ўроқ билан йиғиб олинар эди. Кўп ўтмай, ёғоч омоч ўрнини темир тишли мода эгаллади. Бу эса тошлоқ ерларга ишлов беришда анча қўл келди. Ерга ишлов бериш хили кўп бўлган, жумладан, ер ҳайдаш, экиш, ҳосил кўтариш, дон-дун янчиш ва ҳ.к. Ригведада суғориш учун чархпалаклар, шу мақсадда махсус қурилган каналлар ҳақида маълумот келтирилади.

Веда даври аҳолиси бошоқли экинлар, шу жумладан арпа, гуруч, дуккакли экинлар (ловия, нўхат ва ҳ.к.) ҳам етиштирган. Ҳинд-орийларга гуруч маълум бўлмай, уни ўстириш сирларини улар маҳаллий халқдан ўргандилар.

Веда қабилалари ҳаётида деҳқончилик билан бирга чорвачилик катта аҳамият касб этган. Бойлик асосан чорва бошига кўра ўлчанган. Хастинапур шаҳри вайроналаридан йирик қорамол суяклари топилган.

Аҳоли ҳаракатланишда ҳўкиз ёки от қўшилган аравалардан фойдаланган. Веда қабилалари кичикроқ, лекин мустаҳкам қўрғонларда яшаганлар. Ригведада номи тилга олинган шаҳар-пуралар қишлоқ марказлари ва лойдан солинган турар жойлардан иборат бўлган.

Ганг водийси шаҳарлари ҳунарманчилик тараққий этиши билан бирга ўсди. Ҳунармандлар орасида темирчи, дурадгор, тўқувчи, заргар ва қуролсозлар кўпчиликни ташкил қиларди. Деҳқончилик асбоблари ва қурол-аслаҳа ясовчилар, қурувчилар, темирчи ва дурадгорлар айниқса алоҳида ҳурматга сазовор бўлган. Бу даврда қабилалар ўртасида ички ҳамда ташқи савдо тараққий этган. Ташқи савдо денгиз орқали ҳам олиб борилган деган фараз мавжуд. Масалан, Ригведа мадҳияларида юз эшкакли океан кемалари, океан тубидаги қимматбаҳо ашёлар тўғрисида гап боради. Шунингдек, катта дарёларда ҳам кемалар қатнаган.

Мулкий ва ижтимоий тенсизлик. Ведалар жамиятида мулкий тенсизлик бўлган. Катта чорва эгаси бўлган бадавлат шахслар билан бирга камбағаллар кўп эди. Чорванинг кимга тегишлилигини билдириш мақсадида унга тамға босишган. Ўзига тўқ одамлар катта-катта хайр–эҳсон қилар, оддий фуқаролар эса озроқ садақа бериш билан кифояланардилар. Ишловга яроқли ерлар хусусий кишиларга берилар, бу ўз навбатида мулкий ва ижтимоий тенсизликка олиб келарди. Айрим одамлар ва қабилалар ўртасида ерга ворислик хусусида можаролар келиб чиққан. Жамоанинг айрим аъзолари аста-секин бойиб, имтиёзли кишиларга айланганлар.

Мулкий ва ижтимоий тенсизликнинг ёрқин ифодаси қулдорнинг пайдо бўлиши эди. Энг аввало ҳарбий асирлар (“даса”) қулга айлантирилди. Илгарилари душманлар «дасю» ёки «даса» деб аталган. Кейинчалик жамоанинг озод аъзолари ҳам қуллик асоратига туша бошладилар. Ригведа давридаги қулдорлик қулдорликнинг дастлабки кўринишларидан эди. Чунки веда жамияти уруғ-қабилачилик даражасида бўлган.



Сиёсий тизим. Илк веда даври уруғ-қабилачилик босқичини бошидан кечирган бўлса, унинг сўнгги даврида синфий жамият ва давлат пайдо бўлди. Веда қабилалари гана, яъни уруғ қабила жамоаси, сўнг синфий тусга эга бўлган уюшма тарзида умр кечирганлар. Ригведа мадҳияларида бир вақтлар ҳинд-орийлар ягона ва жипс жамоа бўлиб яшаб, биргаликда меҳнат қилганлари, худо йўлида ҳайру-эҳсон берганлари тўғрисида ривоятлар бор. Ганаларни ганапати бошқарган. Гана йиғинларида аёллар иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлмаганлар. Уларнинг умуман бирон бир сиёсий ҳуқуқлари йўқ эди. Ички идора ишлари қабила жамоаларининг тенг ҳуқуқли аъзолари йиғини – видадха, сабха ёки самитида ҳал этилган.

Видатха энг қўҳна тизимлардан бири бўлиб, қабила оқсоқоллари йиғилиши бўлиб, самитидан фарқли ўлароқ, унда асосан сиёсий ишлар кўрилган. Самитида сабҳадан кўра кўпроқ одам иштирок этганлиги хусусида фаразлар бор.

Жамият катта патриархал оилалардан ташкил топган. Уруғчилик алоқалари ҳали кучли ва ҳаётнинг барча жабҳаларида уруғ (готра) нинг таъсири сезилиб турарди. Қишлоқ (грамма) ҳам бошқарув тизимига эга бўлган. Аста-секин қабила жамоалари табақаларга бўлиниб, қабила бошлиқлари қабила ҳокимларига айланадилар. Илк веда матнларига кўра, аввал ҳоким – рожа томонидан сайланган. Ҳокимнинг асосий вазифаси ҳалқни ҳимоя қилиш эди. Давлатнинг пайдо бўлиши давомли жараён бўлганлиги сабабли, эски сиёсий тизим қолдиқлари анча давргача сақланиб қолган.

Ҳоким тайинланишида сабҳа ва самита ҳали ҳам муҳим ўрин тутган. Аста-секин улар қабила йиғинидан подишонинг яқинлари, зодагонлар мажлисига айланди. Подшо ҳокимияти кучайган сари сабҳа билан самитанинг роли камая борди. Давлат ҳокимияти тизимлари, доимий давлат лавозимлари пайдо бўлди. Халққа солиқ солинди. Илгари қабила бошлиғи ҳоҳишига қараб бериладиган совға-ҳадялар ёки худоларга аталган қурбонликлар энди подшо амалдорларига мажбуран тўланадиган солиқ-бож тусини олди. Қабила аскарлари эса аста-секин сена ёки сенанати раҳбарлигидаги мунтазам қўшинга айланди. Уруш чоғи подшо ва аскарлар (кашатри) енгил аравада, эркин жамоа аъзолари эса пиёда жанг қилар эдилар.

Ведалар даврида подшо муқаддас ҳисобланиб ва унинг шахси илоҳийлаштирилганлиги сабабли, уни сайлаш маросимига (ражасуя) алоҳида эътибор берилган. Подшо коҳини (мурохита) тобора муҳим аҳамият касб эта борди. У бир вақтнинг ўзида подшонинг мунажжими ва маслаҳатчиси ҳисобланган. Аста-секин ҳукмдор сайлаш тизими ўрнига ворис тайинлаш йўлига ўтилди. Бунда ҳокимият отадан ўғилга қолар эди. Шундай қилиб, илк ведалар даврида ганалардан давлат тузуми вужудга келди ва шароитга кўра бу давлатлар монархия ёки республика шаклини олди.

Варналарнинг юзага келиши. Каста-табақа тузуми. Кастанинг айрим аломатлари ва каста тузумининг баъзи кўринишлари кўплаб ҳалқларда учрайди. Ҳиндистон каста тизимини ўзида мужассам этган. «Каста» ибораси португал тилида «уруғ», «қавм», «сифат» маъносини англатади. Бу сўз XVI асрда португаллар Ҳиндистонга кириб келиб, мамлакат ижтимоий тизими билан танишганларидан сўнг Европа тилларида ҳам тарқалди. Каста тизимини фақат Ҳиндистон учун хос деб айтилади. Бунинг сабаби, каста тузуми айнан Ҳиндистонда кенг ривожланиб, узоқ вақт мобайнида сақланиб қолган. Ҳинд жамиятининг бир-бирларидан ажралган гуруҳлари шу ном билан номлана бошлади. Ҳиндистондаги бу тоифа одамлари «жати» санскрит атамаси билан ифодаланган.

Қадимги ҳинд жамиятида жати билан бир вақтда синфий жамият вужудга келишидан аввал, сўнг синфий жамиятда қонунлашган ва мукаммал қадимий тизим–варна, яъни табақалар пайдо бўлди. Аста-секин варналар (брахман, кшатрий, вайший, шудралар) бир-биридан бўлак гуруҳларга ажралдилар. Улар шакл жиҳатидан касталарга ўхшаб кетса ҳам, аслида каста билан варна ўзаро тубдан фарқ қилади. Каста – бу қадимги Ҳиндистон аҳолисининг меҳнат тури, ҳунари ёки ихтисоси бўйича ажралиши, варна эса-ўша жамият вакилларининг тўрт табақага бўлинишидир. Ҳар бир каста кишилари бошқа касталардан айри, алоҳида-алоҳида яшаган. Улар ўртасида ҳар қандай муносабатлар ёки ўзаро мулоқот қилиш буткул тақиқланган. Бир каста билан иккинчи каста орасида қариндошлик алоқалари ўрнатиш ҳам қатъиян ман қилинган.

Варна сўзининг асосий маъноси - «тур», «ранг», «сифат», «даража». Бу сўз қадимги Ҳиндистонда ана шу сўнгги маъносида кўпроқ ишлатилган. Инглиз олими Бешем, ҳар бир варна муайян ранга тўғри келиб: брахман-оқ, кшатрий-қизил, вайший-сариқ ва шудра-қора рангни билдирар экан, деган хулосага келди.

Веда ривоятларида тўрт варна дастлабки одам-Пурушадан келиб чиққан дейилади. “Пурушасакта” мадҳиясида ҳикоя қилинишича, брахманлар Пурушанинг оғзидан, кшатрийлар қўлидан, вайшилар сонидан, шудралар оёғидан пайдо бўлган эмиш. Олимлар варналар келиб чиқишини ибтидоий жамоа тузумининг инқирози билан боғлашади.

Шудралар табақасининг вужудга келиши бир мунча мураккаб жараён. Бунга икки нарса: иқтисодий мустақилликдан маҳрум бўлган фуқаролар ва орийлар жамоасидан бадарға қилинган аъзоларнинг кўпайиши сабаб бўлди. Ушбу шахслар тўртинчи варнани ташкил қилдилар. Аммо варна фақат қабиладошлар эмас, балки бегоналар ҳисобига ҳам кўпайди. Тўртта варна тузуми бир вақтнинг ўзида шимолий Ҳиндистонинг кўп ерида ривожланиб борди.

Қадимги ҳалқларда жамиятнинг баъзи аъзоларининг бошқаларидан устунлиги олийнасаблик кўрсаткичи деб қабул қилиниб, диний қобиқ билан ўралган. Брахманлар энг олий варна ҳисобланган. Фақат улар диний маросимлар ўтказиш ҳуқуқига эга бўлганлар. Сарой коҳини-мурохита давлат бошлиғига таъсир ўтказа олган.

Кшатрийлар брахманларга нисбатан қуйи табақа вакили бўлишига қарамай, уларнинг жамиятдаги мавқеи баланд эди. Давлат, ҳарбий куч, моддий бойликлар асосан кшатрийлар қўлида бўлган. Брахманлар адабиётида бундай зодагонларни турлича: рожа, рожапутра каби номлаганлар.

Жамиятнинг асосий қисмини вайшийлар, яъни чорвадор ва деҳқонлар ташкил қилган. Улар брахман ва кшатрийларни моддий бойликлар билан таъминлаб туришган. Улар солиқ тўловчи тоифа вакиллари бўлишига қарамай, иқтисодий жиҳатдан мустақил бўлиб, ерга эгалик қилиш ҳуқуқига эга эдилар. Улар давлат аппаратида муҳим роль ўйнар, шу билан бирга пиёда аскарларнинг асосий қисмини ташкил қилардилар. Вайшийлар ведалар даврида катта обрўга эга бўлиб, аммо ўша вақтдаёқ улар орасида мулкий бўлиниш кузатилган.

Дастлабки уч варна вакиллари – брахман, кшатрий ва вайшийлар «икки марта туғилганлар» тоифасига кирганлар. Шудралар бу номдан маҳрум эди. Юқоридаги уч варнага мансуб одамлар балоғат ёшида «иккинчи туғилиш» маросимини ўтказганлар. Маросимнинг асосий қисмида вояга етган боланинг бўйнига боғич тақилган. Ҳар бир варна аъзосининг боғичи турли матодан ясалган. «Иккини бор туғилган» нинг ҳаёти тўрт ажрим-боғичдан иборат бўлган. Биринчисида у брахмачарин – шогирд, иккинчисида – грихаста – уй эгаси, учинчисида – вананрастха – ўрмон зоҳиди, тўртинчисида – санъями ёки ати, яъни тарки дунё қилган зоҳид бўлган. Кейинроқ пул олиб ўқитадиган устозлар ҳам пайдо бўлган. Ҳаётининг иккинчи қисмида уйланиб уй эгаси бўлгач, у оиласини боқиш ва худога бағишлаб ўтказиладиган расм-русумларни адо этиши керак эди. У қариб, неварали бўлганидан сўнг, уйни тарк этиб, ўрмонга кетиши ва у ерда ёлғизликда қадимги ведаларни ўрганиши, ҳаётнинг тўртинчи қисмида ҳаёти тугаётганини ҳис қилиб дунёдан кўз юмиши керак бўлган. Шудралар «иккинчи бор туғилганлари» билан бирга овқатланиши тақиқланган. Шудралар «бир марта туғилган», яъни паст табақа деб қараларди. Уларга диний маросимларда иштирок этиш, муқаддас китобларни ўрганиш ман қилинган. Шудралар давлат бошқарувида иштирок эта олмаган. Уларнинг қисмати «икки марта туғилганлар» га хизмат қилишдан иборат эди. Шудраларга нисбатан бу муносабатдан улар оғир ижтимоий шароитда ва иқтисодий номустақил бўлгани аён. Шудралар одатда камбағал, қуйи даражали косиблар, хизматкорлар бўлган. Шудралар қул бўлмасалар-да, улар вақт тақозаси билан қулликка тушиб қолиши мумкин эди.

Шундай қилиб, ибтидоий жамоа тузумининг бузилиши табақалар келиб чиқишига олиб келди. Ҳиндистон шимолининг катта қисми синфий муносабатлари шаклланган қабилалар томонидан Ганг водийси ўзлаштирилаётган ва улар ўртасидаги тўқнашувлар даврида рўй берди.



Шимолий Ҳиндистондаги қадимий сулола ва давлатлар. Ведаларда айтилишича ва эпик (халқ достонлари) даври тасаввурларига кўра шоҳ ва шоҳ сулолалари худолар иродасига боғлиқ равишда пайдо бўлган. Энг кенг тарқалган ривоятларга кўра Ганг дарёси водийсида эпик даврнинг энг йирик сулолалари Қуёш ва Ой номи билан аталиб, уларнинг асосчилари Қуёш ва Ой худоларининг авлодлари саналганлар. Қуёш сулоласи «Рамаяна» достонининг қаҳрамони Рама билан, Ой сулоласи эса Каурави уруғи билан боғланган. Бу уруғнинг авлоди "Ригведа" да номи зикр қилинган шоҳ Бхарата бўлган. Тахминларга кўра, бхараталар "Ригведа" даврида Сарасвати (Ҳинд дарёси ирмоғи) ва Ямуна дарёлари орасида яшаганлар. Бхарата улкан шон-шуҳратга эга эди. Бу донгдор ҳукмдор шарафига қадимда бутун шимолий Ҳиндистон «Бхаратварша» - «Подшо Бхарата авлодлари мамлакати» деб аталган (ҳозирда Ҳиндистон Республикаси расман Бхарат деб номланади). «Махабхарата» нинг баъзи қаҳрамонлари ҳам бхаратлар уруғига мансуб. Достонда Бхарата авлодларининг улкан уруши Кауравий ва Панддавийларнинг Куру майдони – Курукшетрадаги тўқнашуви ҳақида ҳикоя қилинади. Замонавий ҳиндшунослар фикрича, бу жанг милоддан аввалги XI-IX асрларда рўй берган. Б.Б.Лал бошчилигидаги ҳинд археологлари Кауравийларнинг бош шаҳри Хастинапурда қазиш ишларини олиб бордилар. Топилган маълумотларга кўра шаҳар аҳли тахминан милоддан аввалги XI-IX асрларда сув тошқини туфайли уни ташлаб чиқиб кетган. Бу воқеа «Махабхарата» маълумотларига мос келади.

Шу нарса диққатга сазоворки, қадимги ҳинд манбалари Курукшетрадаги жангдан сўнг янги давр бошланганини қайд этади. Аввалига қудратли ва нуфузли панчал ва куру қабилалари ўзининг сиёсий мавқеини йўқотиб, майдонга Шарқий Ҳиндистонда кичикроқ давлатлар, биринчи навбатда Кошала (пойтахти Айодха ва Шравасти), Каши (бош шаҳри Варанаси), Видеха (пойтахти Митхели) чиқадилар. Ҳозирги Бихарнинг жанубида Магатха давлати (пойтахти Гиравража, сўнг Ражагриха) ғарбий туманларда-Аванти (пойтахти Ужжайн-Ужжаяни) муайян мавқега эга бўлдилар.

Сўнгги ведалар адабиётида мамлакат уч қисмга бўлинганлиги ҳақида айтилади. Улар Арварта (орийлар мамлакати) ва Дакшинапатха - (жанубий мамлакат) дан иборат эдилар.

Ҳаёт тақозоси туфайли айнан шу ўлкалар маданият ва давлатчилик марказига айландилар. Мазкур давр ўн йиллар давомида турли мамлакат олимлари томонидан ўрганилди ва ўрганилмоқда. Тадқиқотчилар ихтиёридаги археологик манбалар қаторига ўша пайтларда яратилган адабиётлар–ведалар ва қадимги ҳинд эпоси ҳам қўшилган. Шу ерда таъкидлаш жоизки, шимолий Ҳиндистон тарихида милоддан аввалги II-минг йиллик охири ва I-минг йиллик бошлари ведалар даври деб юритилади. Ведалар даврининг кўп жиҳатларини бугун умумий кўринишда тасаввур этиш мумкин. Тарихий далиллар етишмаслиги туфайли веда адабиётига оид айрим асарлар санасини аниқлаш қийин. Қадимги Ҳиндистон тарихи босқичлари бир-биридан фарқ қилса ҳам, олимлар ўша давр моддий, маънавий, маданий ва ижтимоий ҳаётининг асосий хусусиятларини очиб берганлар. Халқлар орасида ана шу узоқ ўтмиш тўғрисида, умумий фаровонлик ва хақиқат даври деган тасаввур сақланиб қолган бўлиб, бу давр «Олтин аср» номи билан машҳур.

Ривоятларда, чамаси, тарихий ривожланишнинг узоқ ўтмиши ибтидоий жамоа тузумида маданий ва ижтимоий тараққиёт шаклланиши, синфий жамият ва ижтимоий зиддиятларнинг кучайиши ўз аксини топган.

Қадимги Ҳинд адабиёти ёдгорликлари устида иш олиб борган тадқиқотчилар “Ригведа” да «умумий мулк», «умумий қорамол», «умумий чорва» каби иборалар мавжудлигини қайд этганлар. Бутун жамоа тангридан фаровонлик тилаб биргаликда сиғинган. Сўнгги веда даврида эса қурбонлик фақатгина ўз омадини ўйлаган алоҳида шахс томонидан келтирилган.

Асосий ижтимоий бирлик жамоа, яъни ганапати бўлиб, унинг бошлиғи гана номини олган. Жамоалар жипс ва бирлашган гуруҳни ташкил этган.

“Ригведа” ва сўнгги веда адабиётлари ибтидоий жамоа муносабатлари барҳам топиб, моддий ва маънавий табақаланиш юзага келганидан далолат беради. Жамоа мулкчилигига хос анъаналар секин-аста кучсизланиб борди. Бутун бошли қишлоқни туҳфа қилиш ҳақида маълумотлар мавжуд. Ер олди-сотдиси, браҳманларга ер ҳадя этиш ҳоллари ҳам учрайди. Кўп ҳолларда қурбонлик қилиш маросими алоҳида шахслар томонидан ўтказилган. Бора-бора “Ригведа”нинг айрим мадҳияларида камбағал ва бойлар ҳақида ҳикоялар учрай бошлади. Чорвага тамға қўйиш муҳим маросим бўлиб, маълум таомилларга мувофиқ амалга оширилади. Бу ҳам хусусий мулкчилик қарор топганидан далолат беради. Қорамол бойликнинг асосий кўрсаткичи ҳисобланиб, у қабилалараро зиддиятлар келтириб чиқарган. Қорамол совға қилиш ҳақида ҳам маълумотлар учрайди.

Веда даврининг охирида озод тўрт табақали тизим таркиб топиши билан кишилар ўртасидаги тенгсизлик юзага келди. Бу ижтимоий табақаланишдан далолат бериб, жамиятнинг моҳияти уни икки синф: қул эгалари ва қулларга бўлинишини келтириб чиқарди. Қул сўзини англатувчи «дас» ибораси қадимий ва унинг дастлабки маъноси «душман», «жоҳил», «диндан қайтган» маъноларини англатган. “Ригведа” да бу сўз «қабилалараро тўқнашувларда асир тушган ёки жамоанинг қулликка маҳкум қилинган аъзоси» маъносини билдирган. «Орий» сўзи «дас» сўзига карама-қарши бўлиб, “олий ҳиммат” ҳамда "озод" маъносида қўлланилган. Биринчи навбатда ҳарбий асирлар ва маҳв этилган аҳоли қул қилинган. Бироқ қуллик фақат уруш туфайли келиб чиқмай, балки ибтидоий жамоада ишлаб чиқариш кучларининг ривожи ва ижтимоий тенгсизлик туфайли унинг келиб чиқиши учун шарт-шароит етилган. Қуллар ҳам мулкнинг бир қисми ҳисобланган.

Қулдорликнинг мустаҳкамланиши фуқаролик алоқалари ўрнатилиши, давлат ва ҳуқуқнинг ривожланиши, янги ахлоқий мезонларнинг шаклланиши суратини тезлаштирди. Бир шахс бошқалар розилиги билан қонуний асосда бошқа бировни, ҳатто қабиладоши ёки қариндошини сотиб олиши, уни ҳадя қилиши ёки ўлдиришига рухсат этилди. Шу тариқа ибтидоий жамоа тузумидан тубдан фарқ қилган янги ижтимоий тузум юзага келди. Қулдорлик ривожи жиддий аҳамиятга эга бўла бошлагач, одамларни қурбон қилиш тўхтатилди.

Қадим Ҳиндистонда далатнинг пайдо бўлиш жараёни узоқ давом этди. Бу хусусда турли фикрлар мавжуд. Улардан бирига кўра, дастлабки ҳукмдор кўпчилик томонидан сайланган, йўлбошчи йўқлиги салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини барча тушунган. Кишилар Қуёш худосининг ўғли Манудан ўзларига бошчилик қилиши, уларни душманлардан ҳимоя этиши, баҳс ва муаммоларни ечишда ҳакамлик қилишини илтимос қилганлар. Уни таъминлаб туриш мақсадида солиқ йиғиш йўлга қўйилган. Манбаларга кўра ҳокимият тизими аста-секин қабила бошқарувидан келиб чиққан. Давлатлар кичик бўлиб, бир ёки бир неча қабилани бирлаштирган. Давлат энг йирик ва қудратли қабила номи билан аталган. Қабила раҳбари рожа бу вақтга келиб якка ҳоким сифатида намоён бўлган. “Ригведа” ва “Атхарваведа” мадҳияларига кўра рожа айрим ҳолларда халқ мажлиси – Самита томонидан сайланган. Ҳукмдор асосан таниқли, бой ва уруғ-аймоғи кўп оила вакили бўлган. Веда давридаёқ шоҳ ҳокимияти мерос қоладиган, яъни тахт отадан катта ўғилга ўтадиган бўлди. Халқ мажлиси кўпинча тахт вориси масаласини муҳокама қилган. Достонларда халқнинг давлат ишларида қатнашиши ҳақида айтилган бўлса ҳам, фаол бўлмаган. Веда адабиётида умумхалқ мажлисини англатган – сабха ибораси ҳам учрайди. Тадқиқотчилар тахминича, сабҳа фаолияти қарорлар чиқариш билан боғлиқ бўлган. Мазкур сўз суд жараёни ўтаётган бино маъносини ҳам англатган. Шоҳ хокимиятининг мустаҳкамланиши билан мазкур қабила ўрнига ҳукмдор ҳузуридаги нуфузли шахсларни бирлаштирган Кенгаш – Паришад вужудга келди.

Рожа давлат мулкининг ва биринчи навбатда ернинг олий бошқарувчиси ва шоҳ бошқарув маҳкамасига раҳбарлик қилган. У адолат ва тартиб ҳимоячиси, ҳам бош ҳакам бўлиб, айбдорларни шахсан жазолаган. Ведалар даврида рожаларнинг алоҳида мавқеи туфайли давлат ҳокимияти муқаддас деб ҳисобланган.

Қадимги ҳинд достонларининг гувоҳлик беришича, ҳукмдор давлат тизимида мансабдор қариндошларининг ёрдамига таянган. Уларга жангларда қўлга киритилган ҳарбий ўлжанинг катта қисми теккан. Шоҳ атрофида бошқа яқинлари йиғилган ва давлат тузумида бир неча доимий лавозимлар пайдо бўлган. Сарой руҳонийси – пурохит, ҳарбий қўмондон – сенани, хазиначи – санграхит, солиқ йиғувчи – багадукха ва бошқалар шулар жумласидан. Жуда қадим замондан айғоқчилик хизмати ташкил топган. Эпос манбаларига кўра арава ва филларда жанг қилган ражаний ёки кшатрийлар асосий ҳарбий куч ҳисобланган. Давлат тузилмаларини таъминлаш мақсадида солиқ бали йиғилган. Бу ҳақда “Ригведа”да ҳам айтилади.

Ведалар даврида яшаган ҳиндлар Ганг водийсининг ўрмон билан қопланган катта қисмини ўзлаштирганлар. Бу жараён узоқ давом этган. Ҳинд-орий қабилалари ерли халқ билан аралашиб, маҳаллий ҳаёт тарзи ва хўжалик фаолиятига кўника бошладилар.

Темир қазиб олиш ва қайта ишлаш ўша даврнинг асосий ютуқлари сифатида хўжалик ҳаётида муҳим аҳамият касб этади. Ганг воҳасининг ғарбий туманларида олиб борилган қазиш ишлари одамлар ўша даврда темирдан фойдаланганлигидан далолат беради. Масалан, 130 га яқин турли темир буюм-камон учи, найза, болта, пичоқ, игна ва шу каби ашёлар топилган. Қадимги ҳиндлар гарпун, уй-рўзғор буюмлари, қурилиш ашёлари – мих кесгич, қисқич, қишлоқ хўжалиги буюмлари – ўроқ, болта, зеб зийнатлар ясашган.

Нисбатан мукаммал ишланган меҳнат қуроллари янги ерлар очишда қўл келган. Арпа, шоли, буғдой, сули, бошоқли донлар экилган. Арпанинг қора, тезпишар ва бошқа навлари ҳақида маълумотлар бор. Шунингдек пахта ҳам етиштирилган. Манбаларда айрим меваларнинг номини учратиш мумкин. Ерлар омоч ёрдамида ҳайдалган. Сунъий суғориш мавжуд бўлган. “Ригведа”да чархпалак – “чакра” ҳақида маълумот берилган. Қорамол, биринчи навбатда сигир қадимги ҳиндларнинг асосий бойлиги бўлган. Тадқиқотчилар ҳиндуизм динида сигирга эътиқод қилиш шу тариқа келиб чиққан деб такидлайдилар.

Веда адабиётида темирчи, кулол, дурадгор, кончи, заргар, қассоб, мусаллас таёрловчи, сарторош, тикувчи каби касб эгалари ҳақида маълумотлар учрайди. Тўқимачилик асосан уй машғулоти бўлган.

Ведалар даврида қабилалар ўртасида алоқалар ривожланиб, ўзаро савдо ишлари гуллаб – яшнади. Савдогар ва судхўрлар пайдо бўлди. Чирик қорамол қиймат ўлчови бўлиб, тўлов бирлиги сифатида, шунингдек, бўйин тақинчоғи – “нишка” ҳам ишлатилган. Бундан ташқари, бу мақсадда металл парчаларидан ҳам фойдаланилган. Савдо қуруқлик ва дарёлар орқали амалга оширилган. Денгиз ҳақида, юз эшкакли кемалар мавжуд бўлганлиги тўғрисидаги маълумот денгизчилик ривож топганидан далолат беради. Ушбу даврда бошқа мамлакатлар билан алоқалар яна тараққий этган. Бунга мисол қилиб, милоддан аввалги VII-VI асрларда Дажла ва Фрот воҳасида ибодатхона ва саройлар қурилишида ҳинд дарахти – тик ишлатилганини айтиш мумкин. Қадимги яҳудий тилидаги пахта, маймун, товус каби ашё ва жониворлар номини англатган сўзлар ҳинд тилларидан қабул қилинган бўлса керак. Оссурияда “сункху” (Ҳинд дарёсининг қуйи оқимидаги Синдх вилояти номидан олинган) “пахта” маъносини англатган.

Қадимги Ҳиндистон тарихининг ведалар ва улардан кейинги давр ҳақида анчагина маълумот мавжудлигига қарамай, ушбу давр, хусусан, ведалар даврининг сиёсий тарихини тиклаш хамон муаммо бўлиб қолмоқда. Пурана ва эпос манбалари бир-бирига зид. Энг қадимги пураналар нисбатан кечроқ III-IV асрларда яратилган. Сўнги йилларда мазкур муоммони ўрганишга янгича ёндашилмоқда.

Ведалар даврида дин ва маданият. Веда дини, афсона ва маросимлари. Ведизм Ҳиндистоннинг энг қадимий диний тизимидир. У мамлакатнинг кейинги даврдаги диний қарашлари ва фалсафий таълимотига катта таъсир кўрсатди. Веда динига политеизим – кўп сонли маъбудаларга эътиқод этиш хос. Ведалар даврида ҳиндлар табиат, унинг ҳодисалари шунингдек маъбудаларга сиғинганлар. Уларнинг фикрича худолар инсонга хос фазилат ва нуқсонларга эга эдилар. Веда худолари одам ва жонивор шаклида тасвирланган. Худолар шарафига мадҳиялар ўқилиб, қурбонликлар қилинган. Қадимдаги ҳиндлар дунёси уч қисмдан: осмон, ер ва антарикша (ер ва осмон орасидаги макон) дан иборат, уларнинг ҳар бири ўз маъбудига эга деб ҳисоблаганлар. Само маъбудалари қаторига қуёш маъбудаси Сурия, тонг маъбудаси Ушас ва фалак тартиботни маъбудаси Варуна кирган. Ер маъбудалари ичида олов маъбудаси Агна ва ичкилик маъбудаси Сомага кўпроқ эътиқод этилган. Антарикша маъбудалари қаторида момақалдироқ маъбудаси Рудра, шамол маъбудаси Вайю ва қудратли маъбуда Линдрани кўрсатиш мумкин. “Ригведа” мадҳияларининг катта қисми айнан унга бағишланган. Маъбуда Агна алоҳида эҳтиромга эга бўлган. Олов дин учун муҳим аҳамиятга эга бўлиб, одамлар билан маъбудалар ўртасида воситачи ҳисобланган. Қуёш маъбудаси Сурия гўё ҳар тонгда оташ рангли отлар қўшилган аравада намоён бўлган. У атрофни ёритиб ҳаётбахш иссиқлик таратади деб ҳисобланган.

Халқ эътиқодига кўра осмон эгаси қадимги маъбуда – Варуна у ўз аравасида сайр қилиб юрган. У дунёда тартибот ҳимоячиси ҳисобланган. У ер, осмон ҳавони тутиб турган ва йил-фасл алмашувини тартибга солган. “Ригведа” нинг кўп мадҳиялари маъбуда Сомага бағишланган. Сома маъбудалар ҳаётининг асоси ҳисобланган.

Ведалар даврида эзгулик маъбудалари билан бирга жин-ажиналар (ракшаса) ҳамда маъбудаларнинг душманлари (асурлар)га ҳам ишониб, ўсимлик, тоғ ва дарёларни илоҳийлаштирганлар.

Сўнгги ведалар адабиётида ягона учликдан иборат асосий маъбудлар –Брахма, Шива ва Вишну алоҳида ўрин олди. Уларга атаб қурбонлик қилиш, ҳадя – ионалар бериш катта аҳамият касб этди. Мадҳиялар кўпинча қўшиқ тарзида ижро этиларди. Маъбуда шарафига қурбонлик қилиш жараёни тобора мураккаблашиб, кейинроқ диний маросимларни бир неча коҳин ўтказадиган бўлди. Ҳиндлар махсус дабдабали маросимларда иштирок этишдан ташқари кундалик ҳаётда дхарма – аҳлоқ ва турмуш қоидаларига биноан турли урф – одатларга риоя қилардилар. Бундай маросимлар, масалан бола туғилганда, никоҳдан ўтаётганда, яқинлари вафот этганда ўтказиларди.

Веда давридаги ҳиндлар ҳар бир нарса, ҳатто тоғ, тош ва ўсимликларда ҳам сўзлаш, оғриқ сезиш, хурсанд бўлиш каби ҳиссиётлар мавжуд деб ўйлаганлар. Сўнгги ведалар даврида ҳар бир тирик жонзот икки қисимдан иборот, яъни кўз билан кўриш мумкин бўлган тана ва кўзга кўринмас руҳдан иборат деб ҳисоблашган. Қадимги ҳиндлар одам ўлганидан сўнг унинг руҳини олиб кетиш учун дунёнинг ҳукмдори тангри Яманинг элчилари келишига ишонганлар. Вақт ўтиши билан одамлар қайта дунёга келиш тушунчаси пайдо бўлган. Ниҳоят, илк упанишадларда Карма ҳақидаги таълимотга аниқлик киритилди. Руҳ инсон ўлимидан сўнг ўлмай, балки бошқа танага кўчади. Бунда руҳ ҳаётида қайси табақадаги одам танасига кўчиб ўтиши таъкидланган. Шоҳ кейинги ҳаётида қароқчи, бой эса камбағал, брахман-шудра бўлиб дунёга келиши, ҳатто ўсимлик ёки ҳайвон тусини олиши ҳам мумкин деб ўйлаганлар. Кейинроқ юзага келган ҳиндуизм динида руҳларнинг кўчиб юриши сансара номини олди. Бу тасаввур секин-аста ривожланиб, янада мукаммал ҳолга келди. Руҳнинг қандай жойни эганлаши инсоннинг ҳаётидаги қилган ишларига боғлиқ. Амаллари (карма) қандай бўлса, кейинги ҳаётга ҳам худди шу тарзда келади. Карма қонунига кўра у ўз ишлари билан келажагини белгилайди. Аммо бу қонунда нафақат келажак, балки одамнинг ҳозирги аҳволи ҳақида ҳам сўз боради.

Маъбудаларга сиғиниш, қурбонлик келтириш билан боғлиқ мадҳиялар анчагина бўлган. Қурбонлик келтириш маросими жамият барча табақалари ҳаётида муҳим ўрин тутган. Бу маросимни уй соҳибининг ўзи ўтказарди. Расмий маросимлар алоҳида тантанавор ва мураккаблиги билан ажралиб, шраута деб номланган. Махсус тайёрланган уй ҳайвонлари қурбонлик қилиниб, гўштининг бир қисми оловга ташланса, қолган қисмини маросим иштирокчиларига тарқатилар эди. Ҳиндлар тасаввурича, маъбудлар ўтда ёнган нарсалар билан озиқланишган. Шоҳларнинг маросимлари айниқса дабдабали ва тантанали бўлган ва бир неча ойлаб давом этган. Айниқса, отни қурбонлик келтириш алоҳида эътибор берилиб, бу маросим ашвамедха деб аталиб, уни фақат ҳукмдор ўтказиши мумкин бўлган. Диний маросимлар инсонларнинг бутун ҳаёти давомида туғилганидан то вафот этгунига қадар бўлган даврни қамраб олган.

Веда маросимларини ўтказиш учун махсус ижрочилар – коҳин ва уларнинг ёрдамчилари талаб этилган. Коҳинлар кейинчалик асосий ўрин эгалладилар. Бу даврда тарки дунё қилиш муҳим аҳамият касб этган. Баъзилар камроқ овқат истеъмол қилишга чақирса, бошқалар умуман таом емасликка, яна бировлар эса тиланчилик билан кун кечиришга даъват этарди.

Ведизм ибтидоий динлардан одамларнинг ижтимоий тенгсизлигини илоҳийлаштириш билан фарқ қиларди. Карма ҳақидаги таълимот ижтимоий тенгсизликни оқлаш имкониятини берган. Ҳукмдорлар илоҳийлаштирилган, маъбудаларга тўла – тўкис бўйсуниш ҳар бир одамнинг олий бурчи бўлган.

Аввал веда қабилаларининг эҳромлари бўлмаса ҳам, улар кейинчалик маъбудаларга сиғиниш учун махсус бинолар қурдилар.

Веда адабиёти. Ведалар Ҳиндистоннинг адабий ёдгорлигидир. Улар ўзида турли тарихий босқичларга матнларни жамлаган. Ҳинд тарихчиларидан А.Ч.Банержи ва Н.К. Синха веда адабиёти милоддан аввалги 2500 йилдан то 500 йилга қадар бўлган давр оралиғида яратилган дейдилар. Бугунги кунда ҳам ҳиндлар туғилиш, ўлим ёки никоҳ тўйи муносабати билан боғлиқ диний маросимларни қадимги веда урф – одатлари бўйича ўтказишади. Браҳманларнинг ҳар куни уч маҳал қиладиган тоат – ибодати икки ёки уч минг йил илгариги ведалардан келиб чиққан. Ведалар давридан сўнг ривожланган санскрит адабиётининг асоси ва келиб чиқиши ведалар билан боғлиқ. Ҳинд фалсафий тизимлари асосида Ведалар таълимоти ётади. Ҳиндларнинг анъанавий ҳуқуқий муносабатлари, хўжалик ва диний урф одат ва маросимлари ҳамон Ведаларга асосланган.

Веда адабиётининг таркибига тўрт тоифа асарлар киради: Самхит, яъни мадҳиялар, тоат – ибодат, қурбонлик дуолари ва ҳ.к. Тўртта ведалар тўплами мавжуд:



Ригведа (мадҳиялар девони) энг муҳим тўплам. У милоддан аввалги XI – X асрларга таалуқли бўлиб, 1028 мадҳиядан (сукт) иборат. Баъзи мадҳиялар қадимдан маросим дуолари сифатида хизмат қилган, аммо бошқача йўналишдаги мадҳиялар ҳам бор. Булар самовий ва тўй мадҳияларидир.

Яна бир мадҳиялар тўплами “Атхарваведа”. Ҳозирги кунда у 731 мадҳиядан иборат бўлиб, 20 та китобга бўлинади. Бу асар “Ригведа”га нисбатан кечроқ яратилиб, руҳлар, жин ва сеҳрли кучларга эътиқод хусусидаги маълумотларни жамлаган. Олимлар фикрича, у этнография ва дин тарихи учун ҳам катта аҳамият касб этади.

Учинчи тўплам – “Самаведа” (қўшиқлар девони) – 1549 мадҳиядан иборат. Улар қурбонлик маросимида айтилган.

Тўртинчи тўплам – “Яжурверда” (қурбонлик ва ҳайр-эҳсон тиловатлар девони). У қисман мадҳиялар ва наср парчалар (журлар) дан иборат.



Браҳманлар ёки насрий матнлар. Урф – одатлар ва қурбонлик маросимларига оид дуолардан иборат. “Ригведа” га тааллуқли илк браҳман Айтарее браҳман ва Кашутаки браҳман катта аҳамиятга эгадир.

Араньяклар ёки ўрмон китоблари. Бу китоблар шу қадар муқаддас ҳисобланганки, уларни фақат ўрмонда (аранья) ўқишга рухсат берилган. Улар фалсафий мулоҳазалар, мажозий маросимлар ва саҳийларнинг сирли аҳамиятидан баҳс этади. Аранья ўрмонда ҳаёт кечираётган зоҳидлар учун ёзилган деб фараз қилинади. Бу асарларда қурбон келтириш маросимлари аста-секин кейинги ўринга ўтиб, уларнинг ўрнини ҳақиқат ва табиат ҳақида фалсафий мулоҳазалар эгалайди.

Упанишадлар ва уларнинг таълимоти. Веда адабиётининг хотима қисми упанишадлар, яъни веда ривоятлари ва маросимларига оид турли фалсафий ва диний-фалсафий шарҳларни жамлаган матнлар йиғиндисидир.

Упанишадлар «веданта», яъни ведалар ниҳояси деб аталган. Тахминларга кўра 108 упанишад бўлиб, уларнинг энг қадимгиси милоддан аввалги VII – IV асрларда яратилган. Улардан 13 матн асосий деб ҳисобланади.

Упанишадлар кейинчалик жайнизм ва буддизмда ҳам ўз ифодасини топган карма ақидасини шакллантирганлар. Бунга биноан дунёдаги барча нарсалар ахлоқ қонунига бўйсунади. Ҳар бир нарсанинг жони бор, у туғилади ва вақти келиб ўлади, сўнг ҳаётида қилган ишларига яраша бошқа бир шаклда ёки бошқа бир одамнинг жисмида қайта намоён бўлади.

Одам тириклик пайтида яхши хулқ – атворга зид ҳатти – ҳаракат қилган бўлса, кейинги ҳаётида бирор жонивор, ўсимлик ёки тош кўринишида туғилади, аммо эзгу ишлари, хушфеъллиги билан у яна инсон қиёфасига қайтиши мумкин. Жон жаннат роҳатларидан баҳраманд бўлиши ёки дўзах қаъридан жой олиши мумкин, аммо у ҳамиша бирдай аҳволда бўлмайди. Упашидларда карма ҳақидаги таълимот – сансар, яъни фалакнинг гардиши сингари ҳаёт ҳамиша айланиб туриши ҳақидаги фикр билан боғланган. Шу икки тушунча, яъни карма ва сансар Ҳиндистоннинг кўпгина диний – фалсафий тизимлари таркибига кирган. Жумладан, упанишадлардаги баъзи қарашлар кейинчалик буддизм ва жайнизмда ҳам ўз ифодасини топди.

Шуни таъкидлаш лозимки, бирор халқ қадимги ҳиндлар каби ибтидоий жамоадан то цивилизация давригача ведалардек кўплаб ёдгорлик қолдирмаган. Тўрт минг йилдан ортиқ давр ичида юзлаб брахман авлодлари ведаларни хотираларида сақлаб келишган ва ёзма равишда тарих ёдгорлиги сифатида қолдиришган.

Эпик адабиёт. Қадимги Ҳиндистоннинг энг катта эпик достонлари «Маҳабхарата» билан «Рамаяна» милоддан аввалги I мингинчи йиллар охири – милодий I асрда шаклланди. «Маҳабхарата»да пандавийлар билан куравийлар ўртасида Курукшетра майдонида 18 кун давом этган жанг ҳақида ҳикоя қилинади.

«Рамаяна»да ёвуз жин – Равана томонидан Ланка оролига зўравонлик билан олиб кетилган шоҳ Раманинг севгилиси Ситани қутқариш учун Раманинг шу оролга юриши тўғрисида сўзланади. Бир қатор олимларнинг фикрича, «Рамаяна»да ҳинд-орийларнинг шимолдан узоқ Ланка (ҳозирги Шри - Ланка)га кириб бориши ҳақидаги тарихий факт ифодасини топган. Иккала достон ҳам йирик асар: «Махабхарата» 100000 байт (шлок), «Рамаяна» эса 24000 шлокдан иборат. «Маҳабхарата» муаллифлигини донишманд Вясега нисбат беришади. «Рамаяна»нинг муаллифининг номини эса Вальмике деб атайдилар. Аммо, олимлар бу икки шоир ҳаёти ҳақида аниқ маълумот келтирмаганлар. Улар хар иккиси ҳам шу қадар маълум ва машҳурликлари сабабли, номлари асрдан асрга сақланиб келди. Иккала асар ҳам қадимги Ҳиндистоннинг ўзига хос ёдгорлиги ва қомуси. Уларда ўша давр сиёсий, маданий, ижтимоий ҳаёти, давлат тузуми, қадимги ҳиндларнинг кундалик турмуши тўғрисида қизиқарли ва диққатга сазовор маълумотлар бор. Ҳиндистоннинг ҳозирги, шунингдек қадимги ҳудудида ҳам бу асарларга мувофиқ ўзга асар йўқ. Қадимги даврнинг ўзида Шарқий ва Жанубий Осиё, Узоқ ва Яқин Шарқда бу асарларнинг аҳамияти беқиёс бўлган. Улар Европа тилларига ҳам таржима қилинган. Улар кўплаб адабиёт, санъат арбобларини шу асарлар мазмунига ҳамоҳанг янги санъат асарларига илҳомлантирган. Ҳозир ҳам Ҳиндистонда бу достонлар севиб, ардоқлаб ўқилади.

«Маҳабхарата»да ҳикоя қилинган уруш тахминан милоддан авалги 1100 йили бўлиб ўтган. Сўнгги ведалар даврида Керру қабиласи энг қудратли орий қабилаларидан ҳисобланган. Хастинапур ва Индрапрастха эса тарихий шаҳарлар. Косала узоқ вақт мобайнида қадимги Ҳиндистоннинг буюк давлатларидан бири бўлиб келди. Олимлар фикрича «Рамаяна» сюжети ҳам, тарихий ҳақиқатга мос келади. Нафақат Ҳиндистонда, балки умуман Шарқда бунчалар шуҳрат қозонган достон мавжуд эмас. Бу асарлар Шарқ ва Ғарб ҳалқларида Бетховен, Ҳейне, Ганди ҳамда Тагор каби арбобларни ўзига мафтун қилган.

Илмий билимларнинг пайдо бўлиши. Веда матнлари асосида ведалар давридаги илмий билимларнинг ривожланишини кузатиш мумкин. Ведаларда математика фанининг ривожланиши ҳақида маълумотлар сақланиб қолган. Шулпасутралар, яъни ўлчам қоидалари тўплами ҳам алоҳида қизиқиш уйғотади. Шулпасутраларда турли шаклларнинг тузилиши, ҳисоблаш тизимлари ҳақида баён қилинган. Тиббиёт ҳам юксак даражада ривожланган. Бу соҳада ҳиндларнинг билими чуқур бўлиб, улар турли ўтлар, сув, махсус малҳам ва дуолар ёрдамида кўп касалликларни даволаганлар.

Илк веда асарларида айтилишича, у вақтларда табиблар ҳам бўлиб, улар бхишаж номи билан аталганлар. «Атхарваведа»да тиббиёт тўғрисида кенг маълумот берилади. Қадимги ҳиндлар касалликлар сабабини худонинг ғазабига йўйиб, беморнинг соғайиб кетишини ҳам тангри раҳмдиллиги туфайли деб билганлар. Қадимги шифокорлар юрак, ошқозон, кўз, тери ва ўпка касалликларини билиб, тузата олганлар. Матнларда одамнинг 300 га яқин тана аъзолари номи қайд этилган.

Ведалар даври аҳли астрономияни ҳам яхши билган. Улар нафақат Қуёш ва Ой, балки сайёралар ва юлдузларни ҳам батафсил ўрганишган. Қадимги ҳиндлар тақвим (календар) лар ҳам тузганлар. Ушбу тақвимга кўра йил 12 ой, бир ой эса 30 кундан иборат бўлган.



1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   15


©netref.ru 2017
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет