Абдухамид зайриев



жүктеу 2.2 Mb.
бет1/9
Дата28.04.2016
өлшемі2.2 Mb.
  1   2   3   4   5   6   7   8   9
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ
ТОШКЕНТ ДАВЛАТ ШАРҚШУНОСЛИК ИНСТИТУТИ

ЖАҲОН СИЁСАТИ КАФЕДРАСИ

АБДУХАМИД ЗАЙРИЕВ

«ИСЛОМ ҲУҚУҚИ АСОСЛАРИ» ФАНИ БЎЙИЧА

МАЪРУЗА МАТНИ


ТОШКЕНТ -2013

1­мавзу. ИСЛОМ ҲУҚУҚИ ФАНИ ТУШУНЧАСИ, ПРЕДМЕТИ, ТИЗИМИ ВА АҲАМИЯТИ
Маълумки, ислом дини 610 йил Макка шаҳрида ислом пайғамбари Ҳазрат Муҳаммад ибн Абдулло (с.а.в.) томонидан илоҳий китоб - Қуръони карим билан эълон қилиниб оз муддат ичида мисли кўрилмаган суръат билан тарқалган, ўз жозибаси билан турли табақаларни ўз томонига торта бошлаган. Ислом дини таълимотига амал қилиш асрлар давомида инсонлар руҳига сингиб кетган ботил эътиқодлар, расму русумларнинг тарк этилишига сабаб бўлиб, тарихий, ижтимоий ўзгаришлар учун шароит яратиб берган. IX­XII асрларда Шарқ ўлкаларида ислом дини кенг миқёсда тарқалиб, умумий дин тусини олган. Ҳозирги кунда жаҳонда мусулмонлар сони бир миллиард уч юз миллион кишига етиб боради1.

Ўрта Осиёга ислом дини кириб келиши биланоқ, бу минтақада унга мансуб турли мазҳаблар, ақидавий оқимлар ва фикрий йўналишлар ҳам тарқала бошлади. Марв шаҳридан тортиб, Бухоро, Самарқанд, Фарғона, Хоразм, Сурхондарё ва Қашқадарё ҳудудларигача мазкур оқим ва мазҳабларнинг рақобат марказларига айланиб, уларнинг тарқалиши ёки майдондан чиқиб кетиши ва барча соҳаларда ҳанафий мазҳаби қатъий ғалабага эришишининг гувоҳи бўлди.

Ҳижрий I асрда ислом ҳуқуқи шакллана бошлаб, ҳижрий II ва III асрларда тараққиёт босқичларига кўтарилди. Ҳижрий II аср бошларида илк ҳуқуқий мактаблар (мазҳаблар) юзага кела бошлади ва янги шаклланган ислом жамияти ўзининг бошланғич ҳуқуқий ва қонуний институтлари - муассасаларини қуришга муваффақ бўлди.

Бугунги кунда ислом дини ва унинг асосий қисми бўлмиш фиқҳ — ислом ҳуқуқшунослигини давр талабларини назарда тутган ҳолда ўрганиш ва уни ўзлаштириб, амалий ҳаётда ундан фойдаланиш бир заруратга айланди.

Диний экстремистик оқимлар ва фундаменталистлар ислом динининг моҳият ва мазмуни ва олий инсоний меъёрларини бузиб талқин қилиб, ундан ўз тубан мақсадлари учун фойдаланишга уринганликларини диққат билан кузатадиган бўлсак, ҳозирги даврда ушбу дин таълимотининг туб моҳиятини ёритиб бориб, унинг тинчликсеварлик ва инсонпарварлик мақсадларга қаратилган ғояларини тўғри талқин этиш, фиқҳнинг амалий ҳаёт билан чамбарчас боғланган бир ҳуқуқий тизим эканлигини кўрсатиш нечоғли илмий ва амалий аҳамиятга эга эканлигини тушуниб оламиз.

Бундан ташқари, ислом ҳуқуқи биз учун қуйидаги нуқтаи назарлардан инкор этиб бўлмайдиган аҳамиятга эга:



Биринчидан, тарихий жиҳатдан. Негаки ислом ҳуқуқи ўзбек давлати ва ҳуқуқи тарихида ўзига хос ўрин тутиб келган.

Қорахонийлар, Ғазнавийлар, Сомонийлар, Хоразмшоҳлар, Салжуқийлар, Темурийлар, Шайбонийлар ва Аштархонийлар давлатларидан ташқари, Бухоро амирлиги, Хива ва Қўқон хонликларида ҳам ислом ҳуқуқи меъёрлари халқимизнинг иқтисодий­ижтимоий ва оилавий муносабатларини тартибга солувчи қоидалар сифатида, урф­одат қонунлари билан бирга қўлланилган, подшоҳлар, амирлар фармонлари ва урф қонунлари билан бирга, мазкур давлатларнинг ҳуқуқий пойдеворини ташкил этиб келган.

Темурийлар ва Бобурийлар давлатларининг асосий қонунларини ўз ичига олган «Темур тузуклари» ва ундан кейин «Бобурнома»ни кўздан кечирадиган бўлсак, шаръ қонунлари инъикосини уларда, айниқса, «Темур тузуклари»да яққол кўришимиз мумкин. Масалан, Темур ўз «Тузуклар»ида фарзандларига салтанатни бошқариш учун тавсия этган 12 та тузукларнинг биринчисида Тангри таолонинг дини ва Муҳаммад Мустафонинг шариатига ривож бериб, ислом динини мустаҳкамлаганини таъкидлайди, тўртинчи тузугида, давлат ишларини салтанат қонун­қоидаларига асосланган ҳолда бошқаргани, тўра ва тузукка таяниб, салтанатда ўз мартаба ва мақомини мустаҳкам сақлаб турганини билдиради2.

Шунингдек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ҳусайн Бойқаро ҳақида сўзлаганда «Баъзи муомалотда шаръни (шариатни) бисёр риоят қилур эди. Бир қатла бир ўғли бир кишини ўлтиргани учун қонликларга топшириб дорул­қазога3 юборди»4, - деб ёзади.



Иккинчидан, ислом дини ва ислом ҳуқуқини ривожлантириш ва тарқатишда бизнинг буюк ватандошларимиз, йирик фақиҳ ва алломаларимиз ўз таълимотлари, яратган барҳаёт асарлари ва ишлаб чиққан ҳуқуқий кодекслари билан унутилмас хизматлар қилиб келганлар. Очиқ­ойдин айтиш мумкинки, буюк имом Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий, имом Абу Исо Термизий, Абу Ҳафс Кабир Бухорий, Шамсул­аимма Сарахсий, Абу Мансур Мотуридий, Абу Зайд Дабусий, Фахруддин Қозихон, Алоуддин Самарқандий, Умар Насафий, Бурҳониддин Марғиноний ва Садруш­шариалар каби жуда кўп фақиҳлар ва муҳаддислар бўлмаганда, шариат тараққиёти бугунги кундаги даражага етармиди?

Шунга биноан, Туркистон — Ўзбекистон ҳудудида яратилган сон­саноқсиз илмий­ҳуқуқий асарлар бизнинг ифтихоримиз ҳисобланади. Уларни ўрганиб, тарқатиш ва тўғри талқин қилиш биз учун миллий бурч ва тарихий вазифа ўрнида туради.



Учинчидан, ислом ҳуқуқи ўзига хос хусусиятлари ва йўналишлари билан жаҳон миқёсида ривожланган бир мустақил ҳуқуқий тизим сифатида тан олинган. «Исломда ҳуқуқ» китобида таъкидланганидек, ислом қонуни ислом руҳининг хулосаси, яъни, исломий ҳаётнинг жилваси ва бошқа ибора билан айтганда исломнинг мағзи ва марказий ядросидир5.

Шунингдек, 1937 йил Гаага шаҳрида (Голландия) қиёсий қонуншунослик бўйича ўтказилган халқаро конференция томонидан чиқарилган баённомада қуйидагилар таъкидланган:

а) ислом шариатига (қонунларига) умумий қонун тузиш манбаларидан бири сифатида эътибор берилди;

б) бу қонун тараққиётга мос келадиган барҳаёт деб тан олинди;

в) унга мустақил ва бошқа жойдан иқтибос этилмаган тизим сифатида эътибор берилди6.

Шунингдек, АҚШ нинг Олий мартабали прокурори Роберт Ҳугут Жексон «Исломда ҳуқуқ» номли китобга ёзган сўзбошисида шундай фикр билдирган:

«Энди шундай вақт етиб келдики, биз ўзимизни дунёда адолатсевар ёки адолат нима эканлигини тушунадиган ягона халқ деб билмаслигимиз керак. Негаки, ислом мамлакатлари ўзларининг қонуний тизимларида ушбу мақсадга эришишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйганлар. Улар орттирган тажрибалар бизга қимматли сабоқлар бериши мумкин»7.

Тўртинчидан, Исломий меъёрлар ва фиқҳ нормалари халқимизнинг ҳаётига сингиб кетган. Халқимизнинг миллий руҳини исломий ҳиссиётларсиз тасаввур қилиш мумкин эмас. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов таъкидлаганларидек «Ислом дини – ота­боболаримизнинг муқаддас эътиқоди. У туфайли халқимиз минг йиллар мобайнида маънавияти, бой мероси ва ўзлигини омон сақлаб келган».

Бунинг сабаби шундаки, асрлар давомида буюк ҳуқуқшунос олимларимиз қадимий урф­одатларимиз, расму русумларимизни шариат меъёрлари билан уйғунлаштириб, уларни ислом ҳуқуқи — фиқҳ тармоқлари (фуруъул­фиқҳ) таркибига киритганлар. Ўрта Осиё халқлари орасида маросим ва удумлар ислом нормаларига мувофиқ амалга оширилади.

Юқорида айтиб ўтилганларни назарда тутадиган бўлсак, ислом ҳуқуқи, айниқса, буюк фақиҳларимиз яратган ҳуқуқий асарлар биз учун, умуман ҳуқуқшунослик соҳаларида малака ошириш ва илмий тадқиқот ишларини олиб бориш учун, шунингдек, Ўзбекистонда қонунчилик тизимини ривожлантириш ва қонунларни мукаммалроқ ишлаб чиқиш мақсадида фойдаланиш учун туганмас хазина ҳисобланади.

Ислом ҳуқуқи асослари фани ислом ҳуқуқи ҳақида умумий ва тарихий маълумот берувчи мутахассисликга кириш фанидир.

Ислом қонунчилиги ва унинг асосий қисми бўлмиш ислом ҳуқуқи қуйидаги услубларда ўрганилади:

Биринчиси: Илмий услуб. Ушбу услуб асосида фиқҳнинг туб моҳиятига етиб бориш учун унинг асосий манбалари, усулул­фиқҳ (ислом ҳуқуқи методологияси), фиқҳий мактаблар (мазҳаблар) юзага келишининг омиллари, фиқҳий ҳукмларнинг фалсафий томонларини очиб бериш билан бирга фуруъул­фиқҳ, яъни фиқҳий назарияларнинг амалий ҳаёт билан уйғунлашуви кўрсатиб ўтилади.

Ушбу соҳада оврўпалик олимлардан германиялик шарқшунос ва исломшунос олим Эдуард Сахов ёзган «Ислом фиқҳининг энг қадимий тарихи борасида» номли асари, Аннимари Шиммил хоним асарлари, Ульрих Рудольф ёзган «Ал­Мотуридий ва Самарқанд илоҳиёти» асари8, венгриялик исломшунос олим Гулд Зеҳирнинг «Исломда ақида ва шариат» номли асари ва фиқҳ илми ҳақида «Ислом энциклопедияси»га киритган илмий мақоласи, «Аҳлуз­зоҳир» ва бошқа асарлари, голландиялик олим доктор Жозеф Шахт ёзган «Муҳаммад фиқҳининг асоси ва бошланғич нуқтаси», христиан араб олими Мажид Хаддурий ёзган «Исломда уруш ва сулҳ қонуни» ва бошқа асарлари катта аҳамиятга эга.

Мисрлик олим имом Муҳаммад Абу Заҳра, кўп сонли қимматли илмий асарлар муаллифлари Абдурраҳмон Тож, Ас­Санҳурий, шайх Шалтут, ҳиндистонлик Муҳаммад Ҳамидулло, Файзий «Хулосаи қонуни Муҳаммадий», ливанлик Субҳий Муҳассамоний «Исломда фиқҳ фалсафаси» асарлари билан бу соҳада ниҳоятда муҳим тадқиқотлар олиб бориб, ислом ҳуқуқининг барча қирраларини ёритиб берганлар. Шунингдек, профессор А.Х.Саидов томонидан ёзилган «Основў мусульманского права» («Мусулмон ҳуқуқи асослари») номли китоб ўзига хос аҳамиятга эга.

Иккинчиси: Тарихий услуб асосида ислом ҳуқуқи юзага келиши, ўсиб ривожланиш босқичлари, турли мазҳаблар юзага келишининг объектив ва субъектив омиллари тарихий фактларга асосланиб ўрганилади. Ислом ҳуқуқини тарихий услубда ўрганиш ушбу фанни аниқроқ англаб, тарих жараёнида тутган ўрнини ҳар томонлама кўрсатишга ёрдам беради.

Бу соҳада ёзилган Абу Заҳранинг «Ислом мазҳаблари тарихи», суннийликнинг тўрт мазҳаби асосчилари ҳақидаги муҳим китоблари, доктор Муҳаммад Юсуф Мусо қаламига мансуб «Ислом фиқҳи тарихи» китоби, шайх Муҳаммад Хузарийбекнинг «Тарихут­ташриъил­исломий» (Ислом шариати тарихи), доктор Аҳмад Шалабийнинг «Ат­ташриъу вал­қазо фил­фикрил­исломий» («Исломий тафаккурда қонун ва суд»), «Абдуллатиф ас­Субкий, Муҳаммад Али ас­Соис ва Муҳаммад Юсуф ал­Баририйнинг «Тарихут­ташриъил­исломий» китоби, турк олимлари Саййидбек ва Исмоил Ҳаққий яратган асарлар алоҳида диққатга сазовордир.



Учинчиси: Қиёсий услуб. Ушбу услубдан мақсад, ислом ҳуқуқини бошқа ҳуқуқий тизимлар билан солиштириб ўрганиб, бир­биридан таъсирлангани ёки бир­бирига таъсир ўтказгани, шунингдек, ўхшаш ва қарама­қарши томонларини очиб беришдир.

Ушбу соҳада мисрлик олим Саййид Абдулло Али Ҳусайн ёзган 4 жилдлик «Ал­Муқоранатут­ташриъийя байнал­қавонинил­вазъийя ват­ташриъил­исломий» (Дунёвий қонунлар ва ислом шариатини (қонунларини) қиёсий қонуншунослик асосида ўрганиш) номли муҳим китоб, Абдулқодир Ўда битган икки жилдлик «Ат­Ташриъул­жиноий ал­исломий муқоранатан бил­қонунил­вазъий» (Ислом жиноий қонунларини вазъий қонунлар билан қиёсий ўрганиш) номли китоби, доктор Муҳаммад Жаъфарий Лангрудий ёзган «Ислом ҳуқуқида ҳуқуқий мактаблар», профессор А. Саидовнинг «Сравнительное правоведение» (Қиёсий ҳуқуқшунослик) китоби ва бошқа бир қатор асорлар катта аҳамиятга эгадир. Ислом мазҳаблари бўйича қиёсий ҳуқуқшунослик соҳасида ёзилган энг муҳим асар имом Марғинонийнинг «ал­Ҳидоя» асари ҳисобланади.



Тўртинчиси: Жазмий (догматик) услуб. Ушбу услуб асосида ислом таълимоти ва шариат замон ва макондан, яъни ижтимоий ва иқтисодий шароитдан ажратилиб ўрганилади.

Догматик услуб шариат ва ислом ҳуқуқини ҳақиқий ва ҳаётий мазмунидан узоқлаштириб, шахс, жамият ва давлатнинг барча фаолиятлари ва хатти­ҳаракатини шариат вакиллари деб тан олинган кишилар назорати остига қўяди. Бундай қарашлар ислом ҳуқуқининг ривожланиш ва ҳаёт билан уйғунлашиш йўлини тўсиб қўяди. Айрим ислом давлатларида чиқарилган қонунларга биноан парламент чиқарган қарорларни бир гуруҳ руҳоний намояндалари назорат ва бекор қилиш салоҳиятига эгадирлар.

Ваҳҳобийлик ҳаракати асосчиси Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб қаламига мансуб асарлар, ал­Ихвонул­муслимун (Мусулмон биродарлар) ташкилоти раҳбарлари, жумладан, Саййид Қутб ёзган «Маъолим фит­тариқ» (Йўллардаги белгилар) номли китоб, Шукрий Мустафо ёзган «ал­Хилофа» китоби, «Ҳизбут­таҳририл­исломий» ҳаракати асосчиси Тақиюддин Набаҳонийнинг «Низомул­ислом» рисоласи шулар жумласидандир.

Шунингдек, Толибон томонидан Афғонистонда олиб борилган сиёсат шариатни догматик услубда талқин ва татбиқ қилишнинг энг қўпол шакли эди.


2­мавзу. ШАРИАТ ТУШУНЧАСИ, УНИНГ ТАЪРИФИ, АТАМАЛАРИ ВА КАТЕГОРИЯЛАРИ
«Шариат», «шариа», «шаръ» сўзлари «сувга олиб борадиган йўл» маъносида ишлатилган9. Шу асосда араблар ҳозирги кунда ҳам шоҳкўча (проспект)ни «аш­шориъ» деб атайдилар. Диний ифода билан айтадиган бўлсак, шариат илоҳий буйруқлар ва исломий қонунлар (ислом қонунчилиги) мазмунини англатади.

Унинг эски шакли «ширъа» бўлиб, одат маъносида қўлланилган10.

А.Деҳхудо «Луғатнома»да «Орифлар атамалари қомуси» китобидан келтирган маълумотга кўра, шариат сувга кирадиган жой, одамлар сув ичадиган жой, катта ариқ, яратувчи томонидан пайғамбарлар орқали одамларга юборилган қонун, дин, дин йўли, ёруғ йўл ва қонун маъноларини ифодаловчи сўз бўлиб, унинг кўплиги «шароиъ»дир.



Аҳли шаръ (шариат аҳли) дейилганда мужтаҳид, қози, фақиҳ ва муфтий назарда тутилади. «Шаръ ва ақл»дан мақсад дин ва фалсафадир11.

«Шаръ» ўзагидан келиб чиққан сўзлар: шориъ - қонун тузувчи, пайғамбар, яъни шариатнинг тарғиботчиси ва Аллоҳ томонидан қонун тузиш ваколатига эга бўлган киши маъносида, «машруъ» - шариатга мувофиқлаштирилган нарсадир. Тартибга солинган, диний қонунга кирган ёки унга уйғун бўлган, ёхуд қонуний бўлган нарса «шаръий» деб аталади. Ушбу нуқтаи назардан «Кашшофу истилоҳотил­фунун» китоби ва «Ислом энциклопедияси» таъбирига биноан шаръийнинг зидди ҳиссий деб аталади. Шаръий дейилганда беш сезги орқали идрок этилган, айни ҳолда ҳуқуқий қимматга эга бўлган нарса назарда тутилади. Ҳиссий эса бундай қимматга эга бўлмаган нарсадир. Масалан, ийжоб ва қабул (таклиф ва қабул) бир битимнинг шаклланишида шаръий бўлса, бошқа ҳолларда, яъни ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлмаган аҳволда ҳиссийдир12.

Бу соҳада ўрта осиёлик фақиҳлар ва мутакаллимлар ўз фикрларини билдириб келганлар. Масалан, Нажмиддин Умар Насафийнинг «Ақоидин­насафия» китобига Саъдуддин Тафтозоний ёзган шарҳда таъкидланганидек, баъзан «шаръ» дейилганда фаръий ҳукмлар, яъни ҳуқуқий муаммолар бўйича амалий ҳукмлар назарда тутилади. Фаръий ҳукмлар ҳақидаги илм «илмуш­шароиъ вал­аҳком» ва асосий ҳукмлар (эътиқодга тегишли ҳукмлар) ҳақидаги фан «илмут­тавҳид вал­аҳком» деб аталади13.

Ушбу атама бир диний­қонуний тизим сифатида мураккаб, кўп қиррали ва кенг қамровли моҳиятга эга бўлгани учун унга илмий таъриф бериш бўйича муайян тўхтамга келиш осон бўлмаган.

Машҳур араб тарихчиси Журжи Зайдон ўзининг беш жилдлик қимматли асари «Ислом маданияти тарихи»да шариатнинг юзага келиши ҳақида қуйидагича фикр билдиради:

«Мусулмонлар давлатга асос солингандан кейин, шахсий, ҳуқуқий ва ижтимоий ишларни идора қилиш учун бир қатор қонун­қоидаларга зарурат сезиб, Қуръон ва Суннага мурожаат қилдилар. Уларга асосланиб, белгилаб олинган қонун­қоидалар орқали мусулмонларнинг ўзаро муносабатларини тартибга солиш учун фойдалана бошладилар.

Дунёнинг буюк ўлкаларида ҳам давлат ташкил топганидан кейин қонун тузиш йўлига ўтиш шундай кечган. Масалан, Рим империясида давлат ташкил топганидан ўн­ўн беш аср ўтгандан кейин, 533 йили асрлар давомида Рим аҳолиси орасида йиғилиб келган лотин, саксон ва бошқа миллатлардан ўтган барча одат, расм­русум ва турли эътиқодлари қонуний мажмуа қилиб тўпланди.

Лекин мусулмонлар ўз ҳукмларини (қонун­қоидаларини) Қуръон ва ҳадисдан чиқариб олиш бўйича илк кунларидан бошлаб кенг кўламли фаолият олиб бордилар. Шу йўсинда икки­уч асрда ислом шариати ривожланиб, ўз қиёмига етди. Дунёнинг энг юксак ва энг олий ҳуқуқий тизимларидан бири бўлмиш фиқҳ ва унинг қонунлари мукаммал шаклда тартибга солиниб тўпланди»14.

Абулбақо ривоятига кўра, пешволари Имом Абу Мансур Мотуридий бўлган машойихимиз (устозларимиз)нинг айтишларича, бизнинг китобимиз (Қуръон) ёки Пайғамбаримиз ҳадислари билан исботланган, олдинги пайғамбарлардан қолган ҳукмлар бизнинг Пайғамбаримиз шариатининг бир қисми бўлиб ҳисобланади. Шунинг учун уларни ўтган пайғамбарларнинг шариати деб эмас, балки ўз Пайғамбаримизнинг шариати деб қабул қилишимиз зарур. Негаки, шариатнинг асоси бўлмиш пайғамбарлик Аллоҳ билан унинг оқил бандалари орасида воситачилик - элчилик қилишдан иборат бўлиб, Пайғамбаримиз ҳар бир шаръий ҳукмларни ваҳий орқали Аллоҳдан олган. Агар Қуръон ва Суннада олдинги пайғамбарлар шариатларидан иқтибос қилиб зикр этилган ҳукмларни мустақил шариат сифатида тан олиб, унга эргашиш биз учун вожиб бўладиган бўлса, бизнинг Пайғамбаримиз ўзларидан олдин ўтган пайғамбарлар билан ўз умматлари орасидаги элчи бўлиб қолади. Бу эса ботил (асоссиз)дир15.

Таъкидлаганимиздек, шариатнинг асосини Қуръон ва Сунна ташкил этган бўлса ҳам, у амалий ҳаёт жараёнида бошқа қонуний тизимлар каби ўз тараққиёт босқичларини босиб ўтди. Шариат ҳукмларини илоҳий манбалардан аниқлаб олиш, улардан олинган тушунчаларни белгилаб бериш услубларини яратиш каби фаолиятлар ислом тарихида эришилган илмий, маданий, ижтимоий ва сиёсий тажрибаларнинг маҳсули эди.



Ўтмишда исломий жамиятларни ўз таъсири остига олган табиий, иқлимий омиллардан ташқари, яшаш шароитлари ва унда мавжуд бўлган сиёсий ва ижтимоий йўналишлар шариат ривожи учун тарихий омиллар бўлиб хизмат қилди. Шунингдек, ислом дини тарқалиш доирасининг кенгайиши, турли­туман маданиятларга эга бўлган этник жамоаларнинг ушбу динни қабул қилиши ҳам бу соҳада ўз таъсирини ўтказди. Биринчи уч аср давомида айтиб ўтилган омиллар таъсири остида мусулмон ўлкаларда қурилган давлатларнинг турли муассасалари ва сиёсий фаолият тамойиллари шаклланди. Буларнинг ҳаммаси ислом қонунчилигининг ривожида чуқур из қолдирди16.

Шаръ ёки ислом қонунчилигининг тизимли бир тақсим ва таснифига ҳеч қачон эришилмаган. Суннийлар уни ташқи кўринишига кўра қуйидаги уч қисмга бўладилар: ибодот (ибодатлар ва уларга тегишли мажбуриятлар), муомалот (фуқаролик ҳуқуқи муносабатлари), уқубот (жазолар). У, исноашарий (жаъфарий) шиалар томонидан эса қуйидагидек тасниф этилган: ибодот, уқуд (икки томонлама-шартномали ҳуқуқий муомалот), ийқоот (бир томонлама битимли ҳуқуқий муомалот), аҳком (бошқа ҳуқуқий ҳукмлар)17.

VIII ва IX асрларда Қуръонни шарҳу тафсир этиш, Пайғамбар ҳадислари бўйича тадқиқот олиб бориб, уларни тўплаш ва сохта ҳадислардан ажратиш соҳасида изчил ва табиий бўлмаган бир фаолиятнинг гувоҳи бўламиз. Усулул­фиқҳ илми асосида шаръий манбалар аниқланиб, суннийлик оқимида тўртта асосий мазҳабнинг ҳар бири ўзига хос йўналишни белгилаб олган ҳолда, ривожланиш ва тарқалиш босқичларини босиб ўтди. Ундан сўнг, ушбу мазҳаблар доирасидан чиқмаслик, фақиҳлар ва мазҳаб тарафдорлари учун тақлид этилиши зарур бўлган бир анъанага айланиб қолди. Ҳар бир мазҳаб тарафдорлари ўша мазҳаб бўйича ўз имомлари изидан бориши зарур деб топилди18.

Баъзи бир фақиҳлар бундай тақлиднинг чегарасини бузиб ўтиб, мазҳаб доирасидан чиққан ҳолда тўғридан­тўғри Қуръон, Сунна ва саҳобалар ривоятларига мурожаат қилиш билан ижтиҳод қилиш ваколатига эга эканликларини даъво қилган бўлсалар ҳам, мужаддидлар, яъни янгилаштирувчи ёки тикловчи сифатида танилган бундай олимлар ўз фаолиятлари жараёнида қабул қилинган фиқҳий қоидалар ҳудудидан чиқа олмадилар. Улар манбалар ёки услублар ёхуд ислом қонунчилигининг умумий тушунчалари ва асослари бўйича ҳеч қандай аҳамиятга эга бирон­бир янгилик киргизишга муваффақ бўлмадилар. Масалан, Ибн Таймия19 ушбу мужаддидлар гуруҳининг энг кўзга кўринган вакили сифатида барча фаолиятларини ҳанбалий мазҳаби доирасида олиб борди.

Шаръ бир диний­қонуний тизим сифатида биринчидан, илоҳий ваҳий (ваҳйи жалий), яъни Қуръонга ва ундан кейин Пайғамбар Сунналари - «ваҳйи хафий»га асосланган. Ан­Наим таъкидлашича, ижмо ва қиёс Қуръон ва Суннада очиқ­ойдин шариат манбалари қаторида зикр этилган бўлмаса ҳам, бу икки тушунчанинг ривожланиши оқибатида ислом қонунчилигининг икки манбаи даражасига кўтарилиши ҳижрий II­III асрларда суннийлик ҳуқуқий мактабларининг асосчилари бўлмиш имомлар ижтиҳодининг натижаси эди.

Ислом тарихига назар соладиган бўлсак, Мадина шаҳар­давлатида мусулмонларнинг кўпчилиги назарий ва амалий томондан шариатга катта эътибор қаратиб келарди. Лекин назариёт ва амалиёт соҳасида бундай уйғунлик ер юзининг маълум ҳудудида ва муайян муддат давомида амалга оширилди.

Аббосий халифалари Умавийларга нисбатан кўпроқ шаръий ҳукмларни татбиқ этиш бўйича олға қадам ташлашларини исботлашга ҳаракат қилган бўлсалар ҳам, улар барча ишларни ўз қўлларида марказлаштирганликлари сабабли, шариат маҳкамалари сиёсий ҳокимиятдан ажралган мустақил олий суд органи (ҳокимияти) сифатида фаолият юрита олмасди. Ислом тарихининг сўнгги даврларида ҳам шариат ҳукмларига асосланиб амал қилиш, гоҳо энг кучли даражада ва баъзан энг кучсиз даража орасида тебраниб турарди.

Қуръони карим ва Суннада оила ва мерос бўйича муфассал йўлланмалар кўрсатилгани шариат аҳкомининг татбиқ этилишига сабаб бўлган. Фақиҳлар мусулмонлар билан яратувчи орасидаги алоқаларни тартибга солиш учун бир қатор меъёрларни умумий қонун эмас, балки хусусий қонун доирасида ишлаб чиқдилар.

Фақиҳлар бу соҳада олиб борган фаолиятларида шариат нормаларини бир қатор ахлоқий мажбуриятлар сифатида талқин қилишди. Ушбу нормалар дунёвий ечимга эга бўлган ҳуқуқий ва қонуний мажбуриятларга эмас, балки диний оқибатларга олиб келади. Шу йўсинда инсонларнинг барча фаолият соҳалари вожиб, мандуб, мубоҳ, макруҳ ва ҳаромга бўлинади.

Абдулло ан­Наим чиқарган ушбу хулосага биноан, шариат шахсий ёки умумий, ёхуд расмий суратда уммат (ислом жамоаси), давлат ва унинг умумий муассасаларига хитоб қилиш ўрнида, кўп ҳолларда ҳар бир мусулмоннинг виждонига хитоб қилиб келган.

Биз ан­Наим томонидан шариат нормаларининг барчаси ахлоқий мажбуриятлар сифатида талқин этилишига қаршимиз. Шунингдек «улар дунёвий ечимга эга бўлган ҳуқуқий ва қонуний мажбуриятларга эмас, балки диний оқибатларга олиб келади» деган фикрига қўшилмаймиз.

Ан­Наим фиқх илмида белгилаб берилган ҳаққулло (Аллоҳнинг ҳуқуқи) ва ҳаққул­абд (банда, яъни кишиларнинг ҳуқуқи) атамаларнинг туб моҳиятини чуқур англаб олиши керак эди.

Фиқҳда ҳаққулло икки қисмга бўлинади: Биринчи қисм Аллоҳ билан бандалар орасидаги муносабатдан иборат бўлиб, яратувчига яқин бўлиш учун барча мусулмонлар томонидан бажарилади. Улар диний ва ахлоқий моҳиятга эга. Масалан намоз, рўза, закот, ҳаж ва бошқа ибодатларни бажаришда ҳар бир оқил ва болиғ кишининг ўзи масъул бўлиб, Аллоҳнинг олдида жавобгар ҳисобланади.

Ҳаққуллонинг иккинчи қисми жамият манфаатларини риоя қилган ҳолда шахсий ҳуқуқдан устун қўйилиб бажарилиши зарур бўлган ҳуқуқдир. Ҳуқуқ тили билан ифодалайдиган бўлсак ушбу соҳа оммавий ҳуқуқ ёки омма ҳуқуқидан иборат бўлиб, ҳудуд жазолари, халққа тегишли давлат бойликлари, барча фуқаролар фойдаланадиган умумий йўллар ва умумий муассасаларни қамраб олади. Ушбу маънода агар ҳаққулло (оммавий ҳуқуқ) билан шахсий ҳуқуқ бир­бирига қарши турса, ҳаққулло (оммавий ҳуқуқ) устун қўйилади. Масалан, қурилиши керак бўлган бир умумий кўча ёки транспорт йўлини бир қатор фуқароларнинг шахсий уйлари устидан ўтказиш зарур бўлса, ўша уйлар эгалари розилик бермаса ҳам, давлат томонидан тасарруф қилиниб қиймати тўланади ва йўл қурилади.

Хаққул­абд эса шахсий ҳуқуқдан иборат бўлмиш барча ҳуқуқ соҳаларини қамраб олиб, оилавий ҳуқуқ, жиноят ва жазога тегишли ҳуқуқ, муомалот (фуқаролик ҳуқуқи), халқаро ҳуқуқ, вақф ҳуқуқи (жамғарманинг бир шакли) ва бошқа тармоқларга бўлинади.

Ахлоқий меъёрлар ислом ҳуқуқида ижобий аҳамиятга эга бўлса ҳам, айтиб ўтилган соҳаларнинг ҳеч бири соф ахлоқий нормалардан иборат эмас, балки амалий­дунёвий моҳиятга эга бўлиб, ўрни келганда илзом (ҳуқуқий ва қонуний мажбурият) тусини олади.

Фиқҳ – ислом ҳуқуқи тизими асрлар давомида турли дунёвий давлатлар ҳуқуқий пойдеворини ташкил этган ҳолда, ривожланган суд тизимининг шаклланиши учун замин яратиб бериб, амалий ҳаётда татбиқ этилиб келган ва асосан дунёвий ҳуқуқий нормалар мажмуасидир.

Ан­Наим эслатиб ўтган шариатнинг бешта категорияси (вожиб ёки фарз, мандуб, мубоҳ, макруҳ ва ҳаром)га келадиган бўлсак, вожиб, бажарилиши мажбурий шаклда талаб қилинган ишларидан иборат бўлиб, уни амалга оширган киши савоб эгаси ва тарк этган киши гуноҳкор бўлади.

Мандуб (мустаҳаб, маснун) бажариши маънавий мукофот, яъни савобга сабаб бўлиб, тарк этиши жазога сабаб бўлмайдиган эзгу ишлардан иборат.

Бир ишни қилиш ёки қилмаслик бўйича инсоннинг эркинлиги, ибоҳат ҳолатидир. Кишининг ўз ихтиёрида бўлган ишлар барчаси мубоҳ деб аталади. Ибоҳат инсон ҳаётининг асл ва табиий ҳолатидир.

Мандуб ва макруҳ ахлоқ доирасида тургани учун уларни бажариш мажбурий эмас. Шу сабабли уларни амалга ошириш учун ҳеч қандай қонуний кафолат йўқ.

Инсон ҳаётининг асосий соҳасини таклиф (қонуний мажбуриятлар) эмас, балки ибоҳат, яъни ихтиёр ва эркинлик ташкил этади. Шунинг учун қонунлар жамият ва инсон ҳаётининг барча соҳаларини қамраб ололмайди, балки айрим соҳаларга ўз таъсирини ўтказади.

Ҳаром эса тақиқланган ва тарк этилиши мажбурий равишда талаб қилинган ва қонунга хилоф ишлардан иборат бўлиб, унга қўл урган киши таъқиб остига олиниб, жазоланади. Масалан бировнинг ҳуқуқига тажовуз ёки ҳаётига суиқасд қилиш, ўғирлик ва жиноятнинг бошқа турлари.

Ҳурмат ва вужуб, яъни ишларнинг ҳаром ва вожиблигининг муштарак томони илзомоти шаръия (қонуний мажбуриятлар - мажбурийлик) деб аталади. Негаки муқаннин (қонун тузувчи) ушбу соҳаларда жамият аъзолари учун тааҳҳуд (мажбурият) яратади. Биз биламизки, қонун тааҳҳуд ва мажбуриятнинг асосий манбаларидан ҳисобланади1.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, баъзи бир оврўпаликлар ислом ҳуқуқи борасида тўлиқ маълумотга эга бўлмаганликлари учун нотўғри фикрлар билдириб келганлар; Масалан, Rene David «Le grand systemes de droit contemporains» номли китобида қуйидагидек нотўғри фикр билдиради:

«Мусулмон ҳуқуқшуноси фақат қонунни шарҳлайди, ҳақ таъсис этмайди (ҳаққа асос солмайди)»20.

Тадқиқотчилар унинг ушбу юзаки фикрининг асоссизлигини исботлаш учун Х асрда яшаган шофиъий мазҳаби машҳур фақиҳи Абдулваҳҳоб Шаъроний (в. 973/1567)нинг «ал­Мезон» китобининг 1­жилд 75­бетидан қуйидаги ибораларни келтирганлар:

«Тадқиқотчилар айтганларки, ислом олимлари анбиёларнинг ворислари бўлганликлари учун ижтиҳод орқали қонун тузиш ҳуқуқига эгадурлар. Улар пайғамбарлар сингари ҳуқуқий нормалар вазъ қилишга ҳақлидурлар».

Суннийлар нуқтаи назаридан ислом бешта рукн (кўплиги: аркон) асосига қурилган. Улар шаҳодат (Аллоҳнинг бирлиги ва элчисининг барҳақлигига гувоҳлик бериш) калимаси, намоз, рўза, закот ва ҳаждан иборат. Фиқҳ китобларида шаҳодат ҳақида баҳс олиб борилмайди. Бу соҳа кенг қамровли бўлгани учун «Калом илми»да ўрганилади. Қолган тўртта рукн таҳорат (ибодат қилиш мақсадида баданнинг муайян аъзоларини ювиш) билан бирга ҳуқуқуллоҳ (Аллоҳга хос бўлган ҳақлар) сифатида, фуруъул­фиқҳ китобларида баҳс мавзуи қилиб белгиланган.

Барча шаръий ҳукмлар амр ёки наҳй (ман этиш, қайтариш)дан иборат эмас. Кўп жойларда диний нуқтаи назардан муайян ишларнинг бажарилиши ёки бажарилмаслиги талаб қилинса, айрим ўринларда баъзи бир ишларнинг ёқимсизлиги назарда тутилади. Шаръ томонидан на тавсия этилган ва на ман этилган ишлар ҳам инсонлар фаолиятининг асосий қисмини ташкил этади. Шунга биноан қуйидаги бешта ҳукм (ал­аҳком ал­хамса) бешта шаръий мақула (категория)ни ифода этади:

1. Фарз ё вожиб, яъни амалга оширилиши мукофотга ва тарк этилиши жазога сабаб бўлувчи мажбурий ишлар. Ушбу категория икки тур, яъни фарзи айн ва фарзи кифояга бўлинади.

2. Сунна, мандуб, мустаҳаб, мақбул, марғуб, нафл ё нофила тавсия этилган, яъни тарк этилиши жазога сабаб бўлмай, бажарилиши савоб (маънавий мукофот)га лойиқ деб билинган амаллар. Мазкур амаллардан ҳар бирини бажариш татаввуъ деб аталади.

3.Мубоҳ (баъзан жоиз деб ҳам аталади) бажарилиши ва бажарилмаслиги на мукофот ва на жазога сабаб бўлмайдиган амаллардир. Уларни бажариш ёки бажармаслик инсоннинг ўз ихтиёрига топширилган. Бундай ишлар ибоҳа, яъни инсоннинг ихтиёрида бўлган ишлар соҳасини ташкил этиб, «ибоҳаи шаръия» - шариат томонидан берилган ихтиёр, деб аталади.

4.Макруҳ, яъни жазога сабаб бўлмайдиган, аммо ислом қонунлари меъёрларига уйғун келмайдиган ишлар. Кейинги даврларда ушбу қисмда «хилофул­авло» (мақбулга қарши) атамаси ҳам қабул қилинган. Унга кўра «мандуб» билан «мубоҳ» ўртасида «авло» (марғуб ва мақбул) категорияси туради.

5.Ҳаром (маҳзур деб ҳам аталади) тарк этилиши қатъий ва мажбурий услубда талаб қилинган ва уни амалга оширган киши таъқиб остига олиниб, жазолашга ҳукм этиладиган ишлар, масалан, одам ўлдириш, ўғрилик қилиш каби ишлардир. Бундай ишлар муҳаррамот ва ҳар бири ҳаром ёки муҳаррам деб аталади.

Ибоҳа соҳаси, яъни мубоҳ ёки жоиз ишлар соҳаси жамият ҳаётининг асосий қисмини ташкил этгани учун, қонун соҳасига кирмайди21.

Абдулқодир Ўда ёзишича, шариат уч нуқтаи назардан қонундан фарқланади:

Биринчидан, қонун инсон тафаккури ва ижодининг маҳсули бўлса, шариат яратувчи томонидан юборилган. Қонун ҳар доим ўзгариб турса, шариат ўзгариш ва заволдан узоқдир.

Иккинчидан, қонун жамият томонидан унинг ҳаётини тартибга солиш ва эҳтиёжларини қондириш учун яратилган бир қатор қоидалар сифатида жамият ўзгариши билан ўзгариб туради. Лекин шаръий қонунлар умумий моҳиятга эга бўлгани учун ўзгаришни қабул қилмайди.



Учинчидан, қонун жамият томонидан унинг урф­одатлари, расму русумлари ва тарихига мувофиқ яратилади. Шунинг учун қонун жамиятдан кейин юзага келиб, унинг тараққиётига боғлиқ бўлади. Қонунни жамият яратади, жамиятни қонун эмас. Аммо ислом қонунчилиги жамият маҳсули бўлмай, жамиятни шариат яратади, яъни жамият шариатнинг маҳсулидир22.

Ўданинг ушбу хулосаси кенг мунозарали ва баҳсли масала ҳисобланади.

Муаллиф бир қатор қадриятлар, жумладан, қуйидагиларни ислом қонунчилигининг олий хусусиятлари сифатида қайд этади:

— Мусовот (тенг ҳуқуқлилик) назарияси;

— Эркак билан аёлнинг тенг ҳуқуқлилиги;

— Ҳуррият назарияси;

— Эътиқод эркинлиги;

— Сўз эркинлиги;

— Шўро (кенгаш) назарияси;

— Талоқ (ажралиш) назарияси;

Ичкиликни таҳрим этиш (таъқиқлаш)23.

Муаллиф булардан ташқари муомалот, тижорат­савдо ва қарздорлик масалаларига тегишли бўлган бир неча хусусиятларни ҳам зикр этади.

Абдулқодир Ўда билдирган фикрларни текшириб, улар бўйича қуйидагича танқидий мулоҳазалар билдириш мумкин:

Дунёвий қонунлар билан ислом қонунчилигининг энг асосий фарқи шундан иборатки, шариатнинг иккита асосий манбаи бўлмиш Қуръон ва Сунна, илоҳий моҳиятга эга (яъни Қуръон ваҳйи жалий ва Сунна эса ваҳйи хафий) эканлигидир. Учинчи ва тўртинчи манбалар, яъни ижмо ва қиёс айтиб ўтилган илоҳий манбаларга ассосланган бўлса ҳам, рационал (ақлий) манбалар ҳисобланади. Негаки ижмо, қиёс ва уларнинг турлари инсон тафаккурининг маҳсулидир. Шу сабабли ислом қонунчилигининг асосий усул ва қоидалари Аллоҳ томонидан юборилган бўлса ҳам, унинг барча қирралари яратувчи томонидан белгилаб берилган эмас. Шариат бирданига бугунги ўз мукаммал шаклида юзага келмаган, балки Пайғамбаримиз давридан бошлаб ривожланиб борган, турли миллатлар ва халқлар урф­одатларидан фойдаланилган ҳолда саҳобалар, тобиинлар ва буюк мужтаҳидлар ижтиҳоди орқали эришилган ютуқлар орқали такаммул даражасига кўтарилган. Ҳатто ислом динининг биринчи босқичидан жоҳилият араблари ҳаётига сингиб кетган урф­одат қонунлари, масалан, музорабат (пулни фойдага шерикликка бериб ишлатиш), ҳакамият (ҳакамлик), салам (пишиб етилмаган дон, буғдой, пахта ёки бошқа нарсаларни олдиндан пул тўлаб сотиб олиш), арабларда қонуний ҳисобланган олти хил никоҳнинг икки тури, яъни ҳозирги қонуний никоҳ ҳамда вақтинча никоҳ24 ва исломнинг асосий қоидаларига қарши бўлмаган бошқа бир неча урф­одатлари қабул қилиниб, ислом ҳуқуқи таркибига киритилган. Улардан айримлари, масалан, саламга бир оз ўзгартиришлар киритилиб, айримлари шундайлигича қабул қилинган.

Шаръий асосларга мос келмайдиган бир қатор урф қонунлари, масалан рибо (судхўрлик), хотинни алмаштириш, ўз хотинини аслзода оилаларга юбориб насл олиш ва ноқонуний йўл билан ҳомиладор бўлиб, бола туғилгандан кейин унинг отасини белгилаб олиш каби никоҳ турлари бекор қилинди.

Ўрта Осиё фақиҳлари томонидан ҳуқуқий соҳада эришилган кўп ютуқлар, масалан, бухоролик фақиҳлар томонидан ишлаб чиқилган «байъ бил­вафо» ҳам шаръий масалалар жумласида қабул қилинган.

Шунингдек, ислом қонунчилигининг пойдевори бўлмиш эътиқоднинг асосий масалаларидан ташқари суннийлар ва шиалар орасида, айниқса, имомлик ва халифалик (яъни ҳокимият) масалалари ва ҳуқуқий муаммолар бўйича кўп ва баъзан келишиб бўлмайдиган ихтилофлар мавжуд.

Суннийлик мазҳаблари орасида ҳам турли ҳуқуқий ва эътиқодий соҳаларда ихтилофлар борлиги ҳаммага маълум. Ҳатто баъзан бир мазҳабда раво бўлиб, иккинчи мазҳабда нораво бўлган масалаларга ҳам дуч келамиз.

Буларнинг ҳаммаси шундан далолат берадики, ислом қонунчилиги замонлар ўтиши оқибатида ижтимоий ва иқтисодий шароит ўзгариши билан ўз асосий қоидаларига таянган ҳолда ривожланиб келган ва ҳар доим замон талабларига мослашиш салоҳиятига эга бўлган.

Доктор Муҳаммад Юсуф Мусо таъкидлашича, «замон ўтиши билан жамият бир ҳолатдан бошқа бир ҳолатга ўтиб, инсонларнинг ўзаро муносабатлари ўзгариб туради ва бу эса янги замон талабларига биноан ислом ҳуқуқини тараққиёт томонга олға суради.

Пайғамбар ва саҳобалар замонидаги содда ҳаёт билан кейинроқ тасарруф қилинган ўлкалардаги кенг ва кўп қиррали маданий ҳаёт ўртасидаги тафовут беқиёсдир»25.

Айтиб ўтилган ихтилофларга нималар сабаб бўлган, деган саволга келадиган бўлсак, таъкидлаш керакки, шариат асосчиси умумий ҳукмларларни баён этгандан сўнг, жузъий масалалар, масалан шартномаларнинг шакл ва турлари ҳақида қисқача бўлса ҳам йўлланмалар бергани йўқ. Лекин шундай бўлса ҳам бугун фиқҳ китобларида олди­сотди шартномаларига доир минглаб масала мавжуд. Ҳолбуки, Қуръони каримда байъ (олди­сотди) ҳақида иккитадан ортиқ оят йўқ. Ҳадис китобларида ҳам ушбу мавзуга тегишли ҳадислар сони йигирмадан ошмайди26.

Ижара ҳақида ҳам Қуръони каримда фақат иккита оят бор ва ҳадислар сони бу борада 7­8 тадан ошмайди. Мазкур оят ва ҳадислар ҳам инсонлар ва ҳайвонлар ҳақида бўлиб, ақор (кўчмас мулк) - ерлар борасида на бир ҳадис ва на бир оят мавжуд.



Бунинг сабаби шундаки, Пайғамбар алайҳиссалом замонида халқлар орасида муомалот урф­одат асосида амалга ошириларди, шунинг учун Пайғамбар урф­одатни қабул қилиб, ортиқча ҳукм бермади. Мазкур соҳада шаръий насслар (оят ва ҳадислар) мавжуд бўлмагани учун икки машҳур мужтаҳид — Абу Бакр Асам ва Ибн Алия кўчмас мулк (ер)ни ижарага бериш ва ижарага олиш жоиз эмас деб ҳукм қилганлар27.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Муҳаммад (с.а.в.) инсонлараро амалга оширилиб турадиган муомалотга тегишли масалалар бўйича ислом қонунчилиги аҳкомини умумий шаклда белгилаб бериб, жузъиёт ва амалиётга оид ҳукмларни урф­одат, замон тақозоси ва ислом жамоасининг фаҳму идрокига топширганлар. Негаки инсонларнинг амалий ҳаёти муомалотга боғлиқ бўлиб, ҳар доим ижтимоий ва иқтисодий ҳаёт ўзгариши билан у ҳам ўзгариб туради. Шу сабабли исломнинг буюк фақиҳлари «Замон ўзгариши билан шариат ҳукмларининг ўзгариши инкор қилинмайди», деб таъкидлаган эдилар28.

Ислом қонунчилиги шу йўсинда ривожланиб бориб, турли элатлар ва халқлар амалий ҳаётидан олинган урф қонунларини исломий қоидаларга мослаштириб ўз таркибига киритди ва ҳижрий III аср – мужтаҳидлар даврининг сўнгги босқичига келиб мукаммаллашди. Шунингдек, Абу Ҳанифа мазҳабига биноан истеҳсон қоидаси, Молик ибн Анас мазҳабига биноан масолиҳи мурсала (манфаат қоидаси) ва улардан ташқари урф­одат, шариатнинг қўшимча, яъни иккинчи даражали манбалари сифатида қабул қилинди. Ўрта Осиё фақиҳлари томонидан яратилган асарларда минтақа халқларининг урф­одатлари, расм­русумларининг катта қисми қонунийлаштирилиб, шариат ва ислом ҳуқуқи (фуруъул­фиқҳ) таркибига киритилди.

Юқоридагилардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, Абдулқодир Ўда томонидан шаръий ҳукмларнинг ўзгармас ва ривожланишдан узоқ бир тизим сифатда талқин қилиниши ислом руҳи ва фалсафасига мос келмайди. Шунингдек, Ўда томонидан фақат ислом қонунчилигига хос деб кўрсатилган бир қатор қадриятларнинг кўп қисмини (биз улардан саккизтасини кўрсатиб ўтдик) дунёвий қонунлар ва Ғарб ҳуқуқий тизимларида ҳам кенг кўламда кўриш мумкин. Уларни фақат ислом қонунига хос деб бўлмайди.

  1   2   3   4   5   6   7   8   9


©netref.ru 2016
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет