АҲоли даромадлари ва давлатнинг ижтимоий сиёсати режа



жүктеу 249.23 Kb.
Дата01.05.2016
өлшемі249.23 Kb.



АҲОЛИ ДАРОМАДЛАРИ ВА ДАВЛАТНИНГ ИЖТИМОИЙ СИЁСАТИ
РЕЖА

  1. Бозор иқтисодиёти ва тақсимлаш муносабатлари.

  2. Аҳоли даромадлари, уларнинг турлари ва манбалари. Даромадлар тенгсизлиги, улар даражасини аниқлаш.

  3. Давлатнинг ижтимоий сиёсати.


Адабиётлар:

Асосий манбалар

1. Ўзбекистон Республикаси қонуни. Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида. 1995 й.

2. И.А.Каримов Инсон манфатлари устуворлигини таъминлаш барча ислохот ва ўзгаришларимизнинг бош мақсадидир. Т.: “Ўзбекистон” 2008йил 17-18 бетлар

3.И.А.Каримов “Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози, Ўзбекистон шароитида уни бартараф этишнинг йўллари ва чоралари” Тошкент «Ўзбекистон» 2009 йил, 15-16, 26-27, 41-46, 48-52 бетлар.

4.И.А.Каримов «Асосий вазифамиз – Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришдир» Т.: «Ўзбекистон» 2010 йил, 48-49, 62-63, 70-75 бетлар.

6.Ш.Шодмонов, У.В.Ғофуров. Иқтисодиёт назарияси. Т: «Молия» 2005 й. 639-661-бет.

7. А.Ўлмасов, А.Ваҳобов. Иқтисодиёт назарияси. Т.:«Шарқ» 2006 йил.429-455 бет
Қўшимча адабиётлар.

1 .Д.Тожибоева Иқтисодиёт назарияси. Т. «Шарқ» 2003 й. 232-324, 325-350 бетлар

2. Н.Бекнозов. Иқтисодиёт назарияси. Т.: ТДЮИ 2005 й. 383-394 бетлар.

3. Ю.Қ. Йўлдошев Иқтисодиёт назарияси Т.: “Стандарт полиграф” 2010 й.


Асосий таянч тушунчалар:

Даромадлар, бозор даромадлари, нобозор даромадлар, ахоли даромадлари, номинал даромад, ихтиёрида бўлган даромад, реал даромад, ижтимоий сиёсат.

Incomes, market incomes, non-market incomes, population incomes, nominal incomes, incomes which are in one’s control, real incomes, social policy.



  1. Бозор иқтисодиёти ва тақсимлаш муносабатлари

Ҳар қандай иқтисодиётнинг бош масаласи инсон ва унинг эҳтиёжларини қондиришдан иборат. Бу албатта инсоннинг жамиятдаги ўрни, ишлаб чиқарилган моддий неъматларни тақсимлаш муносабатларига боғлиқ бўлади. Мамлакат иқтисодиётининг ривожланиш даражаси ишлаб чиқаришнинг ҳолатига кўп жиҳатдан боғлиқ бўлса ҳам, тақсимот масаласи ҳам ўзига хос муҳим ўрин тутади. Тақсимлаш – бу ҳар бир хўжалик юритувчи субъектнинг ишлаб чиқарилган маҳсулотдаги улушини аниқлаш жараёнидир.

Тақсимлашнинг икки жиҳатини, яъни иқтисодий жиҳатини ва ижтимоий жиҳатини фарқлаш лозим. Тақсимлашнинг иқтисодий жиҳати тақсимлашнинг миллий иқтисодиётга эҳтиёжлар тизими, манфаатлар ва рағбатлар орқали таъсир этишини ифода этса, ижтимоий жиҳати эса унинг аҳоли ижтимоий эҳтиёжларининг қондирилиши ва ривожлантирилишини акс этади.

Асрлар давомида инсоният тақсимотдаги ижтимоий адолат устида фикр юритиб келади. “Иқтисодиёт назарияси”да ижтимоий адолат – бу даромадлар тақсимланишидаги мўтадил тенгсизлик муаммосидир. Уни турли концепциялар ўзига хос равишда талқин этади. Жумладан, “Эгилитар” концепция тарафдорлари даромадларнинг текис тақсимланишини адолатли, деб билади. “Роулсиан” концепциясига кўра эса, адолатлилик жамиятнинг энг кам таъминланган аъзоси фаровонлигини максималлаштиришдир. “Утилитар” концепция даромадларни тақсимлашда адолатлилик, деб шундай ҳолатни назарда тутадики, унга кўра ижтимоий фаровонлик биринчи ўринда туради. Бозор концепциясига кўра адолатли тақсимлаш, бу ишлаб чиқариш омилларига талаб ва таклиф асосида шаклланадиган тақсимлашдир.

Ўзбекистонда шакллантирилаётган ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти оммавий фаровонликни мўлжал қилиб олади. Унга эришиш учун бозор механизмига хос воситалар ишлатилади.

Ҳозирги замон иқтисодиёти юксак ривожланган техника-технология, сифатли иш кучи ва тараққий этган менежментга асослангани учун фаровонликни таъминлайдиган юқори меҳнат унумдорлигига эришади. Юксак ишлаб чиқаришга асосланган иқтисодиётда инсонпарварлик принциплари амал қилиши учун замин юзага келади. Аммо фаровонликни таъминлаш инсонийлик билан бир қаторда жамиятнинг иқтисодий тизимида ҳам сифат ўзгаришлари бўлишини талаб этади. Ҳозирги кунда бунга мулкнинг демократлашуви натижасида – кўп хил мулкчилик негизида иш тутиш билан эришилади. Бу ерда асосий жиҳат – мулксизларнинг мулкдорларга айланишидир. Ҳозирги кунда иш кучи соҳиблари бошқа мулк эгаларига ҳам айланмоқдалар.

Меҳнат ва мулк функцияларининг оддий одамлар қўлида йиғилиши иқтисодиётни инсонийлик принпицларига бўйсундиради.

Бозор иқтисодиёти ривожланган жамиятда нуфузли иқтисодий фаолият қонуни амал қилади. Бу қонунга кўра, иқтисодий фаоллик негизида пул топиб, бой бўлиш эмас, балки жамиятда нуфузли, обрў-эътиборли бўлиш, ўз нуфузи билан ном чиқариш ва шу йўсинда ижтимоий ҳаётда ўз ўрнини топа билишга интилиш мақсади ётади. Бу ҳол юз бериши учун инсон саҳий ва олижаноб бўлиши керак. Нуфузли иқтисодиёт қоидалари қанчалик кенг амал қилса, шунчалик оммавий фаровонлик юз беради.

Ҳар бир киши истеъмол этадиган буюмларнинг эквиваленти бўлган пул даромади тақсимот категориясидир. Бозор иқтисодиётига хос тақсимот қонунига кўра моддий неъматлар ва хизматлар ресурслар берган пирорвард натижасга қараб, уларнинг эгалари ўртасида тақсимланади. Шу билан бирга, жамиятда тақсимотнинг нобозор қоидалари ҳам амал қилади.

Бозор иқтисодиётига хос тақсимот қонунига кўра моддий неъматлар ва хизматлар ресурслар берган пировард натижасига қараб, унинг эгалари ўртасида тақсимланади. Айтилган тақсимот қонуни бозор иқтисодиёти учун ижтимоий адолат тамойиллари белгилайди. Улар даромадни чеклашни инкор этадилар. Уларга биноан даромадлар ҳар бир ишлаб чиқариш омили самарасига қараб, чексиз ўсиб бориши мумкин. Тақсимот қонунига биноан иш кучи соҳиби иш ҳақи олади, капитал эгаси фойда, ер эгаси рента олади, менежер иш ҳақи ва фойда олади, аввал ишлаганлар пенсия оладилар. Тақсимотнинг бозор қоидалари ҳукмрон бўлсада, жамиятда унинг нобозор қоидалари ҳам амал қилади. Ногиронлар, камбағаллар, бошпанасизларга ёрдам кўрсатиш тақсимотдаги ижтимоий ҳайр-эҳсон тамойили бўлиб, унинг бозор қонунларига алоқаси йўқ, аксинча, у инсонийлик жиҳати ҳисобланади.

Бозор тақсимотига эквивалентлик, яъни омиллар берган натижага монанд равишда даромад ажратиш хос. Аммо ноэквивалент тақсимот ҳам бор. Давлат даромаднинг бир қисмини ўз иҳтиёрига олганга тақсимлаш муносабати юз беради, аммо эквивалентлик бўлмайди, чунки давлат даромаддаги ўз ҳиссасини иқтисодий ўсишдаги хизматларига тенг миқдорда эмас, балки умумдавлат талаб-эҳтиёжини қондириш зарурлиги учун олади.

Ресурс эгаларининг даромади уларнинг ишлатилиш самарадорлигига боғлиқ ва унинг мезонини бозор аниқлайди. Самарадорлик мезони эса бозор талабининг қондирилишидир. Ресурслар ёрдамида талабгир товар қанчалик кўп яратилса, шунчалик пул кўп топилади, шунга биноан даромадлар ҳам кўпаяди. Ресурслар бозор нуқтаи назаридан самарали ишлатилмаса, табиийки, даромад камаяди. Хуллас, даромад бозорнинг ресурслар сифатини нақадар тан олишига боғлиқ.

Иқтисодий воқеликдан келиб чиқиб, турли мактаблар даромадларни тақсимлаш масаласига турлича ёндашадилар. Масалан, “Либерал” назария вакиллари ишлаб чиқариш омиллари таълимотига таяниб, ҳар бир омил эгаси ўз улушини олади ва давлатнинг бу йўналишга аралашуви мақсадга мувофиқ эмас, деб билсалар; “Ижтимоий давлат” назарияси намоёндалари эса, аксинча, давлат фуқароларининг арзигулик даромадларини давлат томонидан қайта тақсимланишини зарур, деб ҳисоблайдилар. “Даромадларни қайта тақсимлашнинг масштабли” назарияси бозор иқтисодиёти шароитларида давлатнинг хатти-ҳаракати орқали барчанинг юқори турмуш даражасини таъминлашни ифода этади.




  1. Аҳоли даромадлари, уларнинг турлари ва манбалари. Даромадлар тенгсизлиги, улар даражасини аниқлаш

Юқорида айтилганидек, бозор иқтисодиёти шароитидаги тақсимот қонунига мувофиқ иқтисодиёт субъектларининг даромади уларга қарашли ресурсларнинг миқдори ва самарали ишлатилишига қараб белгиланади. Бунга биноан олинган даромадлар ишлаб чиқариш омиллари даромадлари ёки бозор даромадлари ҳисобланади ва ҳар бир омил ўз эгасига алоҳида даромад келтиради. Ишчи кучи эгаси иш ҳақи, капитал эгаси фойда, кўчмас мулк эгаси рента, пул эгаси фоиз, акция эгаси дивидент шаклида даромад олади.

Тақсимот қонунига кўра, даромадлар эквивалент яъни баббаравар, тенгма-тенглик тамойилига асосланиши – ҳар бир субъект ўз қўлидаги ишлаб чиқариш омили ёрдамида товар ва хизматлар яратишга қўшган ҳиссасига қараб даромад олиши керак. Бундай даромадлар иқтисодиётда бозор даромадлари деб аталади. Бу асосий даромад тури бўлсада у ягона даромад эмас, ундан ташқари бозор тамойиллари эмас, балки инсонпарварлик қоидаларига асосланган нобозор даромадлари ҳам бўлади.

Бозор даромадлари олиниш усулига ва шаклланиш манбаларига кўра фарқланади. Ўз олиниш усулига кўра даромадлар меҳнатга асосланган ва меҳнатсиз топилган даромадларга бўлинади. Иш ҳақи, фойда каби даромадлар меҳнатга асосланган даромадлар, деб ҳисобланса, қўйилмалар учун фоиз, мерос каби даромадлар меҳнатсиз даромадлар жумласига киради.

Шаклланиш манбаларига кўра даромадлар иш ҳақи, мулкдан келган даромадларва ижтимоий тўловларга бўлинади. Мулкдан келган даромадлар сирасига фойда, рента, фоиз, дивидент даромадлари мансубдир. Ижтимоий тўловлар билан боғлиқ даромадлар пенсия, стипендия ва ҳоказолардан иборат.

Бозор иқтисодиётида иш ҳақи даромаднинг асосий қисми, аммо ягона даромад эмас. Ривожланган бозор мамлакатларида у ахоли жами даромадларининг 2/3 қисмини ташкил этади. Иш ҳақи миқдорининг кўп ёки оз бўлиши одатда, меҳнат бозоридаги иш кучига талаб ва иш кучи таклифининг нисбатига, меҳнатнинг унумдорлик кучига, бозор талабига мос равишда ишлай билишига боғлиқ бўлади.

Фойда, фоиз, дивидент, рента, мулкдан келадиган даромад уларнинг миқдори, унинг эгаси томонидан қанчалик самарали ишлатилишига қараб бўлади.

Давлат томонидан қарилик ва ногиронлик ёки боқувчисиз қолганларга бериладиган пенсия, нафақалар, бир йўла ёрдам пуллари, стипендиялар ва турли натурал тўловлар, нобозор даромадларини ташкил этади. Бу тўловларни давлат фирмалари ва айрим ҳомийлар ташкил этиб, шу ҳисобдан муҳтожларга бепул овқат, кийим-кечак, дори-дармон берилади, бепул хизматлар кўрсатилади.

Бозор иқтисодиёти шароитида ахоли даромадлари иш ҳақи тадбиркорлик фаолиятдан олинадиган даромад, нафақа, пенсия, стипендия, турли хил ёрдам шаклидаги пул тушумларидан, мулкдан фоиз, дивидент, рента шаклидаги даромадлардан, қимматли қоғозлар, кўчмас мулкдан, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотишдан, ҳунармандчилик, касаначилик, турли хил хизматлар кўрсатиш ва молия кредит, банклардан келадиган даромадлардан ташкил топади.

Ахоли даромадлари даражасини аниқлашда номинал, ихтиёрида бўлган ва реал даромад тушунчаларидан фойдаланилади.



Номинал даромад – ахоли томонидан маълум вақтда пул шаклида олган даромадларининг миқдори.

Ихтиёридаги даромад – номинал даромаддан солиқлар ва турли мажбурий тўловлар чиқариб ташлангандан сўнг, ахоли ихтиёрида шахсий истеъмол ва жамғариш учун қоладиган даромад.

Реал даромад – ахолининг ихтиёрида қолган даромадга қанча товар ва хизматлар сотиб олиши билан аниқланади, даромаднинг харид қобилиятини англатади ёки реал даромад – бу истеъмол этиладиган товар ва хизматларда ифода этилган даромад бўлиб, муайян нарх-наво шароитида пул даромадларига бозорда нима берилишини билдиради.

Реал даромад икки нарсага боғлиқ бўлади.

А) қўлда мавжуд бўлган пул даромадининг ёки ахоли ихтиёрида қолган даромаднинг миқдорига тенг.

б) пул бирлигининг харид қобилияти. Бу бозорда нархга боғлиқ бўлади, яъни нарх қимматлашса у камаяди, нарх арзонлашса ортади.

Масалан, ўқитувчининг бир ойлик қўлга теккан ёки ўз ихтиёрида қолган даромади 200 минг сўм. Шу пулга 100 минг сўмлик кийим-кечак, 60 минг сўмга озиқ-овқат товарлари, 40 минг сўмига рўзғор учун зарур товарлар, уй-жой анжомлари, болаларига мактаб товарлари харид қилиш мумкин. Нарх пасайса 90 минг сўмга кийим-кечак, 50 минг сўмга озиқ-овқат товарлари, 30 минг сўмга уй-рўзғор анжомлари, болалар учун турли хил ўқув қуроллари харид қилса (200-170-30) 30 минг сўм қолади. Шу пулга қўшимча равишда товарларни харид қилиш мумкин. Бу истеъмолни орттиради, нархлар ошса истеъмол қисқаради. Шунинг учун реал даромад аниқланганда нархларнинг ўзгариши ҳисобга олиниши зарур. Бунинг учун истеъмол товарлари нархининг индексидан фойдаланилади. Бу товарлар таркибига кўпчилик истеъмол қилинадиган товарлар тўплами кирадики, у истеъмол савати деб юритилади. Истеъмол савати ишлаб чиқаришни ривожланиши ва кенгайиши билан ўзгариб кенгайиб боради, янги товар ва хизматлар кириб келади. Масалан, бир вақтлар шахсий автомобилга эга бўлиш, телевизор, компьютерлардан, уяли телефон алоқасидан фойдаланиш харажатлари истеъмол саватига кирмаган. Бугун эса булар одатдаги истеъмол товарларига айланиб бормоқда ва истеъмол саватига киради.

Аҳоли даромадлари “турмуш даражаси” ва “турмуш сифати” тушунчалари билан чамбарчас боғлиқ. Аҳоли даромадлари ошиб борган сари халқ яшаш шароитлари яхшиланиб боради. Турмуш даражаси, деганда кишилар фаровонлигининг миқдорий меъёри тушунилади. Даромадлар ва истеъмол даражасининг ўсиши, умр ёшининг ўсиб бориши, иш ҳафтаси ва таътилнинг узунлиги уни ифодаловчи асосий кўрсаткичлардир.

Турмуш сифати кишилар турли шароиталри ҳақидаги умумий тушунчалар бўлиб, меҳнат шароитлари ва хавфсизлиги, маданий даража, жисмоний ривожланиш кабилар билан характерланади.

Бозор иқтисодиёти шароитида даромадларнинг табақаланиши ёки тенгсизлиги ҳукм суради. Бозор шароитида ҳамма бир хил тенгликка асосланган даромад ололмайди. Чунки кимдир кўп пул топса, кимдир кам топади. Чунки пулни кўп, оз топиш энг аввало инсоннинг иш қобилиятига, ижтимоий-иқтисодий муҳитга боғлиқ. Бу муҳит ҳар бир шахснинг иш қобилиятини тўлароқ юзага чиқара олса ишлаб пул топиш кўпаяди, агар акси бўлса камаяди.

Бозор иқтисодиёти пул топиш учун, қонуний равишда тенг имкониятлар беради, лекин бу имкониятдан фойдаланиш ҳар хил бўлади ва бу ўз навбатида турмуш даражасида фарқланади ва бу даромаднинг ҳар хиллигида юз беради. Кишилар турмушини фарқлантирувчи яна бир омил ижтимоий-демографик ҳолат бўлиб, оила таркибининг ҳар хиллиги билан юз беради. Оила таркибида меҳнат қилиб пул топарлар кўп бўлса, боқимандалар оз бўлса, албатта у жон бошига ҳисобланганда кўп бўлади. Шунинг учун кўп болали оилаларда ихтиёридаги даромад ҳажми катта бўлсада, у жон бошига ҳисобланганда кам чиқади. Мисол учун икки оилани олиб кўрайлик. Биринчи оилада 5 киши бор 3 киши пул топади. Ҳар бирининг даромади ойига 100 минг сўм 2 киши боқиманда. Бу оиланинг жами даромади 300 минг сўм бўлиб, жон бошига 60 минг сўмдан тўғри келади. Иккинчи оилада 6 киши бор улардан фақат 2 киши ишлаб ойига 200 минг сўм даромад топади, лекин бу ерда боқиманда 4 киши, жон бошига даромад 33 минг сўмга тўғри келади. Даромадларнинг фарқланиши (60>33) пул топишга эмас балки, оила аъзолари сонига, боқимандалар сонига боғлиқ.

Даромаднинг фарқланиши унинг табақаланиши-дифференциацияси, деб юритилиб даромадлардаги тенгсизликни кўрсатади.

Даромадлардаги тенгсизлик аниқланганда хонадонлар 5 та квинтелга (гуруҳга) бўлинади. Бунда хонадонлар қуйидан юқорига, яъни паст даромаддан юқори даромад сари жойлаштирилади (1 квинтель – ўта камбағаллар, 2 квинтель – камбағал, 3 квинтель – ўртаҳол, 4 квинтель - бой, 5 квинтель – ўта бойлардан иборат бўлади).

Турли квинтелдаги хонадонларнинг умумий хонадонлар сонидаги ҳиссаси (% ҳисобида) уларнинг жами даромаддаги ҳиссаси билан таққосланади. Бу билан хонадонларнинг қандай даромадларнинг қандай қисмини олинганлиги аниқланади. Одатда қуйи квинтеллардаги хонадонларнинг даромаддаги ҳиссаси кичик бўлади, яъни масалан 10 % хонадон 5-6 % даромадни олади. Ваҳоланки, юқо-ри квинтелларда хонадонлар сони кам бўлсада, улар даромаднинг катта қисмини оладилар. Айрим мамлакатларда оз миқдордаги 4-5 фоизни ташкил этган бой оилалар даромадларнинг катта қисмини оладилар.

Бугунги кунда ривожланаётган мамлакатларда ишлаб чиқаришни ўсиши, ахолининг турмуш даражаси кўтарилаётганлигига қарамай, энг бой ва энг камбағаллар ўртасидаги тафовут ошиб бормоқда. БМТ нинг маълумотига кўра, дунёдаги энг бой 3 одамнинг бойлиги Африка, Осиё, Лотин Америкаси қитъасидаги 48 та кам ривожланган мамлакатларнинг йиллик ялпи ички маҳсулотидан ортиқ. Сайёра-мизнинг 225 энг бой одамларининг умумий даромади 1 трлн дол-лардан ортиқ. Шундай бир вақтда ривожланаётган мамлакатларда яшаётган 4,4 млрд. ахолининг 3/5 қисми канализациядан фойдалан-май, 1/3 қисми тоза ичимлик сувидан истеъмол қилишдан, 1/3 қисми соғлиқни сақлаш хизматидан фойдаланишдан маҳрум этилган. Европаликлар бир йилда 11 млрд. долларлик истеъмол қилган музқаймоқнинг қиймати, дунёда тоза ичимлик суви ва канализацияга муҳтож бўлганлар эҳтиёжини тўла қондириш имконини беради1.

Даромадлар тенгсизлиги даражасининг миқдорини аниқлаш учун Лоренц2 эгри чизиғидан фойдаланилади.

Y


Даромад ҳиссаси,%


В

100



80
60
40
20 А

Х

0 20 40 60 80 100


Ахоли ҳиссаси,%
“Оилалар” улуши ётиқ чизиқда, даромадлар улуши эса тик чизиқда жойлашган. Назарий жиҳатдан даромадларнинг мутлоқ тенг таъминланиши имконияти (бурчакни тенг иккига бўлувчи) чизиқда ифодаланган бўлиб, у оилаларнинг ҳар қандай тегишли фоизи даромадларнинг мос келувчи фоизини олишини кўрсатади. 20% оилалар барча даромадларининг 20 %, 40% ахоли 40% даромадни, 60% ахоли 60% даромадларни олишни билдиради.

Мутлоқ тенгликни ифодаловчи чизиқ ва Лоренц эгри чизиғи ўртасидаги тафовут даромадлар тенгсизлиги даражасини акс эттиради. Бу фарқ қанчалик катта бўлса тенгсизлик катта ва даромадларнинг ҳақиқий тақсимланиши мутлоқ тенг бўлса, бунда Лоренц эгри чизиғи ва биссектириса ўқи бир-бирига мос келиб, фарқ йўқолади.

Даромадлар табақаланишин аниқлашнинг кўп қўлланиладиган кўрсаткичларидан бири дицел коэффициенти бўлиб, бу кўрсаткич 10% энг юқори таъминланган ахоли ўртача даромадлари ва 10 % энг кам таъминланган аҳол ўртача даромади ўртасидаги нисбатни ифодалайди. Солиштирилаётган аҳоли қатламлари орасидаги фарқ 13-15 мартадан ошиқ бўлмаслиги талаб этилади. Ўзбекистонда бу фарқ турли йилларда 7,9 дан 11,5 гача бўлиб, у меъёрдан чиқиб кетмаган. 2012 йил бу кўрсаткич 8,0 ни ташкил этди. 2 Масалан АҚШ ва Англияда бу нисбат 13:1 га, Швецияда эса 5,5:1 га тенг.

Ялпи даромаднинг ахоли гуруҳлари ўртасида тақсимланишини характерлаш учун ахоли даромадлари тенгсизлиги индекси (Джинни коэффиценти)3 кўрсаткичидан фойдаланилди. Бу кўрсаткич қанчалик катта бўлса (яъни 1,0 га яқинлашса) тенгсизлик шунча кучли бўлади. Жамият аъзолари даромадлари тенглашиб борганда бу кўрсаткич 0 (ноль)га интилади.

Республикамизда ижтимоий ночор ва кам таъминланган ахоли қатламларига устивор ёрдам сиёсати туфайли ахоли даромадлари орасидаги тафовут даражасини бирмунча юмшатишга олиб келди. Жинни коэфиценти (жамиятнинг даромад бўйича табақаланиши кўрсаткичи) 1991-1997 йилларда 0,261 дан 0,421 га кўтарилиб, 2003 йилда 0,387 гача тушди. У 2010 йил 0,3 ни ташкил этди.

Умумий даромадларнинг табақаланиши алоҳида тармоқлар ва фаолият соҳаларида иш ҳақи даражасидаги фарқнинг ортиши билан бирга боради. Миллий иқтисодиётда ўртача иш ҳақининг тармоқлар, корхоналар ва ишловчилар категорияси бўйича маълум тенгсизлиги мавжуд.

Даромадлар тенгсизлигининг асосий сабаби, бозор иқтисодиётининг хусусиятидан келиб чиқади. Республикамизда ҳам бозор иқтисодиётига ўтиш даромадлар тенгсизлиги масаласини маълум даражада кескинлаштиради. Даромадларнинг табақаланиши энг аввало мулкий табақаланишдан келиб чиқади.

Бозор иқтисодиёти шароитида даромадлар тенгсизлигини келтириб чиқарувчи умумий омиллар мавжуд бўлиб, уларнинг энг асосийлари:



  • одамларнинг умумий – жисмоний, ақлий лаёқатидаги фарқлар;

  • ижтимоий жиҳатдан ўз қобилиятини ишга сола билиш имконияти;

  • таълим, билим даражаси ва малакавий тайёргарлик даражасидаги фарқлар;

  • тадбиркорлик маҳорати ва таҳликага тайёрлик даражасидаги фарқлар;

  • ишлаб чиқарувчиларнинг бозорда нархларни ўрнатишига лаёқатлилиги;

  • омад, бошқалар билан тил топа билиши.

Бундай ҳолатда давлат даромадларни қайта тақсимлаш орқали даромадлар тенгсизлигини камайтириши ва жамият барча аъзолари учун қулай моддий ҳаёт шароитини яратишга интилмоғи зарур.

Бунга давлатнинг ижтимоий сиёсати орқали эришиш мумкин.




  1. Давлатнинг ижтимоий сиёсати

Мамлакатимизда шакллантирилаётган маданийлашган бозор иқтисодиёти ижтимоий ҳимоялашни кучайтириш билан чамбарчас боғлиқ. Ижтимоий ҳимоялашнинг қай даражада бўлиши давлатнинг олиб бораётган ижтиомий сиёсатига боғлиқ. Давлат ижтимоий сиёсатининг моҳияти турли ижтимоий гуруҳлар, табақалар ўртасида табақаланишнинг ҳаддан ташқари чуқурлашувига йўл қўймаслик, уларнинг маълум даражада ҳаёт кечиришини таъминлашга қаратилганлигидир. Давлатнинг ижтимоий сиёсати асосини ахоли даромадларини шакллантириш сиёсати эгаллайди. Жамият аъзоларининг даромад даражаси фаровонликнинг муҳим кўрсаткичи бўлиб, унга қараб ҳар бир кишининг моддий – маънавий ҳаёти, илм олиш, соғлиқни сақлаш, дам олиш ва бошқа эҳтиёжларни қондириши юз беради. Шунга кўра, давлатнинг ижтимоий сиёсати – ижтимоий жараён ва кишилар ўртасидаги муносабатларнинг бутун комплексини тартибга солишга қаратилган давлат томонидан таъсир этирш чора-тадбирларининг йиғиндисидир.

Ижтимоий сиёсатнинг қуйидаги асосий мақсадлари мавжуд:


  • Аҳоли турмуш даражаси ва сифатини ошириш;

  • Кишиларнинг моддий ва маънавий эҳтиёжларини борган сари тўлароқ қондириш учун шарт-шароитлар яратиш;

  • Ижтимоий адолатни чуқурлаштириш, ижтимоий кафолат ва ижтимоий ҳимоя механизмини такомиллаштириш.

Ижтимоий сиёсатнинг туб мақсади Президентимизнинг қуйидаги фикрларида ўз ифодасини топган: “Барча ислоҳотларнинг, - деб ёзган И.Каримов, - иқтисодий, демократик, сиёсий ислоҳотларнинг асл мақсади инсонга муносиб турмуш ва фаолият шароитларини вужудга келтиришдан иборат.”1

Айни вақтда давлатнинг ижтимоий сиёсати қуйидаги ҳолатларни тақозо этади:



  1. Барча меҳнатга лаёқатлиларга тадбиркорлик ва меҳнат учун қулай шароитларни таъминлаш. Булар жумласига киради:

  • Бизнесни либераллаштириш;

  • Кичик тадбиркорликни рағбатлантириш;

  • Юқори даражадаги бандликни қўллаб-қувватлаш;

  • Меҳнат муносабатларини тартибга солиш.

  1. Жамиятнинг барча аъзоларига фаровонликнинг маълум стандартларини таъминлаш. Бунинг учун қуйидагиларни амалга ошириш зарурат ҳисобланади:

  • Жамиятда даромадларни қайта тақсимлаш;

  • Турли нафақалар ва пенсияларни оптималлаштириш ;

  • Умумий саводхонлик ва барча жамият аъзолари учун зарурий тиббий ёрдамни уюштириш.

Истеъмолдаги фарқлар фақат меҳнат билан боғлиқ даромадларгагина эмас, балки оила аъзолари сони, оиладаги ишловчилар сони, оиладаги ишловчилар билан ишламайдиганлар нисбати, соғлиғи, миллий шароитга боғлиқ.

Мавжуд катта фарқларни фақат давлат ижтимоий сиёсат орқали тартибга солиши мумкин.

Маълумки, бозор иқтисодиёти ўз-ўзидан жамиятда ижтимоий муносабатларни шакллантира олмайди, аксинча ахолининг иқтисодий жиҳатдан табақаланишини кучайтиради.

Ижтимоий сиёсатнинг асосий вазифаси ахолининг ночор, муҳтож тоифаларини ишончли ижтимоий ҳимоясини шакллантиришдан иборат.

Маълумки, бозор муносабатларига қийинчиликларсиз ва ижтимоий зиддиятларсиз, силлиққина ўтиб бўлмайди. Бу бозор муносабатларига ўтган мамлакатлар тажрибасидан маълум.

Шунинг учун ҳам бозор механизмини жорий этишдан олдин ахолини ижтимоий ҳимоялаш бўйича кучли эҳтиёж чора – тадбирларни олдиндан кўра билиш, ахолини ижтимоий ҳимоялаш йўли билан одамларнинг турмуш даражасининг кескин пасайиб кетишини олдини олиш ва шу асосда жамиятда осойишталик ва барқарорликни сақлаш учун асосий омил бўлади. Ўзбекистонда худди шу йўлдан борилди.

Ислоҳотларнинг бошланғич босқичидан бошлаб ахолини ижтимоий ҳимоя қилиш учун қўплаб, усул ва услублардан фойдаланилди. Жумладан, миқдори мунтазам ўзгартириб борилган иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар, турли нафақалар, компенсация тўловлари, бевосита пул тўловлари имтиёзлар ва турли дотациялар тарзидаги билвосита тўловлар кенг қўлланилди. Энг кам иш ҳақи ва пенсиялардан солиқ олинмайдиган бўлди. Корхоналарнинг ўз ходимларига ижтимоий ёрдам кўрсатиш соҳасидаги харажатларининг бир қисми бюджет маблағлари ҳисобидан қопланди. Кенг истеъмол моллари ва хизматларнинг кўпгина турлари нархларидаги тафовутларнинг ўрни бюджетдан қопланди. Бошланғич синф ўқувчилари ва ёлғиз пенсионерлар учун бепул овқат, барча мактаб ўқувчилари ва студентлар учун овқатлар арзонлаштирилди, кўпгина тоифадаги фуқароларга турар – жойлари хусусий мулк қилиб бепул берилди, баъзи турдаги коммунал хизматлар ҳақини тўлашда енгилликлар жорий этилди.

Ислоҳотларнинг биринчи босқичида ижтимоий ҳимоялаш харажатлари республика бюджетининг салкам учдан бир қисмини ташкил этди.

Нархларнинг эркинлаштирилиши ва пулнинг қадрсизланиши даражасининг ортиб бориши билан даромадларнинг энг кам ва ўртача даражасини мунтазам ошириш ижтимоий ҳимоялашда устун йўналишлардан бири бўлди. Бу йўналиш ахолининг барча табақаларини қамраб олди ва ислоҳотлар биринчи босқичида кенг миқёсда қўлланилди. Республикада даромадлар ва нархлар нисбати-нинг ўзгариши билан иш ҳақи, пенсиялар, стипендияларнинг, жамғарма банкларидаги ахоли омонатлари ставкаларининг энг оз миқдорлари қайта кўриб чиқилди.

Энг кам иш ҳақи ва бошқа тўловлар олдиндан кўпайтирилиб келинди, нарх-наво ўзгариши билан боғлаб олиб борилди. Бу ўз навбатида ахоли тўлов қобилиятининг сақланиб қолишини таъминлади ва унинг турмуш даражасининг кескин пасайиб кетишининг олди олинди.

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишда республика ички истеъмол бозорини ҳимоя қилиш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ва ноозиқ-овқат моллари турлари истеъмолини муайян даражада сақлаб туришдан иборат кўрилган чора-тадбирларнинг ўрни катта бўлди.

Истеъмол бозорини зарур товарлар билан тўлдириш ва уларнинг четга чиқиб кетишини олдини олиш мақсадида истеъмол молларини сотиб олиш учун бир марта, сўнгра кўп марта ишлатиладиган купонлар муомалага киритилди, кундалик зарур товарларнинг чекланган турларини меъёрланган тарзда сотиш жорий этилда. Бу ўз навбатида бозорни пишиқ-пухта ҳимоя қилибгина қолмай, савдо тармоқларига барча зарур озиқ-овқат товарларини ва кундалик харид молларини мунтазам равишда чиқариб туришни таъминлади ва уларнинг истеъмол қилиш ҳажмини камайтирмаслик учун имкон яратди.

Иш ҳақини ошириш билан бирга, барча тоифадаги мактабларнинг ўқувчилари, болалар уйлари, мактабгача ва мактабдан ташқари муассасалар тарбиячилари, Олий ва ўрта махсус ўқув юртларининг профессор - ўқитувчилари ва илмий ходимлари, ижодий ва тиббий ходимларни ижтимоий ҳимоялаш ва уларнинг меҳнатини рағбатлантириш мақсадида уларга қўшимча моддий неъматлар – квартира ҳақи ва коммунал тўловларда имтиёзлар берилди. Якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари ажратилди.

Ўзгаларнинг қаровига муҳтож бўлган ёлғиз пенсионерлар турар-жойи ва коммунал хизмат учун ҳақ тўлашдан озод этилди. Уларга белгиланган меъёрда энг зарур молларни, дори-дармонларни бепул олиш, жамоат транспортида текин юриш ҳуқуқи берилди. Олий ўқув юртлари талабаларининг, техникумлар ва ҳунар-техника билим юртлари ўқувчиларининг, аспирантларнинг стипендиялари бир неча марта оширилди.

Ёшларни ижтимоий ҳимоялашнинг бошқа шакллари озиқ-овқат нархининг бир қисмини қоплайдиган қўшимча тўловлар, мактаб ошхоналари ва тамади хоналари қўшимча харажатларининг бир қисмини бюджет маблағлари ҳисобидан қоплаш, хусусий хонадонларда яшаётганлар учун қўшимча тўловлар, жамоат транспортида арзон ҳақ тўлаб юриш ва бошқа енгилликлар жорий этилди. Биринчи бор никоҳдан ўтаётган келин-куёвлар учун мебель ва гилам маҳсулотлари, никоҳ узуклари сотиб олиш учун имтиёзлар берилди.

Умуман айтилганда ислоҳотларнинг биринчи босқичида барча ахоли яъни кам даромадли оилалар ҳам, ўзига тўқ фуқаролар баб-баравар миқдорда фойдаландилар ёки ахолининг барча қатлами ёппасига ижтимоий ҳимоядан баҳраманд бўлди.

Иқтисодий ислоҳотларнинг иккинчи босқичида ахолини ялпи ижтимоий ҳимоялаш тизимидан янги тизимга ўтилди. Бу – ишончли ижтимоий кафолатлар ахолининг энг муҳтож гуруҳларини ахолининг аниқ табақаларини қамраб олишни кўзда тутади, ёрдам тизими фақат кам таъминланган ва меҳнатга лаёқатсиз одамларга нисбатан қўлланилиб, шу мақсад учун давлат маблағлари билан бирга меҳнат жамоалари, турли ташкилот ва жамғармаларнинг маблағларидан фойдаланилади.

Ижтимоий ёрдамнинг янги тизимида болалар ва кам таъминланган оилалар учун барча нафақа ва моддий ёрдамлар фақат маҳалла орқали берилади. Шу мақсадда маҳаллаларда бюджет маблағлари, корхона ва ташкилотлар, тадбиркорлар ва айрим фуқароларнинг ихтиёрий равишда ўтказилган маблағлари ҳисобидан махсус жамғармалар ташкил этилди.

Бугунги кунда оилаларга моддий ёрдам тайинлаш фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари – маҳалла йиғинлари томонидан амалга оширилмоқда. Эндиликда барча нафақа ва моддий ёрдамлар фақат маҳалла ёрдамида амалга оширилади. Бунда оила асосий мавқеига эга бўладики, бу ноёб тартиб ўз навбатида умуминсоний қоидалар, миллий урф-одат анъаналаримизга мос келади.

Маҳалла йиғинлари ёрдам сўровчи оилаларнинг реал моддий ва мулкий аҳволи, даромади манбаларини яхши билади. Маҳалла йиғинлари орқали моддий ёрдамнинг азалдан халқимизга хос бўлган инсонпарварлик урф-одатлари – қўшнига ёрдам, унинг ҳол – аҳволидан хабардор бўлиш каби анъаналар асос қилиб олинганлигидан далолат беради.

Шу билан бирга маҳалла йиғинларида дангасалар ва боқимандалар, текинхўрларга нисбатан нафрат, муросасизлик билан қараб келинганлигини ҳам таъкидлаш даркор.

Ижтимоий ҳимоянинг янги тизими меҳнатни рағбатлантирадиган омиллар ва воситаларнинг янги тузилмасининг пайдо бўлишига асос бўлади.

Хулоса, ислоҳотлар даврида давлат ахолининг муҳтож қатламларини ижтимоий ҳимоялашнинг турли йўллари билан бирга, ўз меҳнат фаолияти натижасида оиласининг фаровонлигини таъминлашга ҳаракат қилувчиларга тенг шароит ва қулай имконият яратишга йўл очиб беради.

Бозор муносабатлари шароитида аҳолининг иш билан бандлигини таъминлаш муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Чунки ишсизлик муаммосининг мавжудлиги бозор иқтисодиётининг ажралмас хусусиятидир. Шундай экан, ишсизлик муаммосини ўрганишдан асосий мақсад – аҳолининг иш билан бандлигини ошириш орқали мамлакатда ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга алоқадор тадбирлар ишлаб чиқишдан иборат.

Жаҳонда рўй бераётган молиявий-иқтисодий инқироз таъсирида дунё бўйича 56 миллион кишидан ортиқ ишсизлар армияси вужудга келган бир шароитда Ўзбекистонда юз минглаб янгидан-янги иш ўринлари ташкил этилмоқда. Бунинг яна бир аҳамиятли томони - янги иш ўринларини яратишнинг ўзига хос механизмларининг таркиб топгани ва унинг бир қатор йўналишлар бўйича изчил амал қилиб келаётганидир.

Мамлакатимизда аҳолини самарали муҳофаза қилишга йўналтирилган мақсадли чора-тадбирлар ҳамда юқори иқтисодий ўсиш ва бандлик суръатлари аҳоли фаровонлигини оширишни таъминламоқда.



Аҳоли реал даромадларининг ошишида асосий омил бўлиб макроиқтисодий шароитнинг қулайлиги, иқтисодий ўсишнинг тез суръатларда ошиши, инфляциянинг сезиларли даражада пасайгани, иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришлар ва аҳолини аниқ ижтимоий ҳимоя қилишнинг кучайгани ҳисобланади.

Сўнгги йилларда иш ҳақи, пeнсия, стипeндия ва нафақалар миқдoрини oшириш, жисмoний шаxслар дарoмадидан oлинадиган сoлиқ ставкаларини камайтириш, инфляция даражасини пасайтириш бўйича кўрилган чoра-тадбирлар натижасида аҳoлининг ялпи ва рeал дарoмадлари сeзиларли равишда oшди, унинг xарид қoбилияти барқарoр суръатда ўсиб бoрмoқда. Жумладан, 2012 йилда ўртача иш ҳақи 17,5 фоизга ўсди, энг кам иш ҳақи 26,5 фоизга ошди. Умуман олганда, 2000 йил билан таққослаганда, реал даромад аҳоли жон бошига 8,6 баробар кўпайди. Ҳисоб-китобларга кўра, ўртача иш ҳақи истеъмол саватчаси баҳосидан 4 баробардан зиёд ошди.

Аҳoлининг ўсиб бoраётган тўлов қoбилияти билан мамлакатимиз кoрxoналарида ишлаб чиқарилаётган истеъмол тoварлари ҳажми ўртасида ички бoзoрда мутанoсибликни таъминлаш, бундай маҳсулoтлар турини кенгайтириш, бoзoрларимизни улар билан ишoнчли тарзда тўлдириб бoриш алoҳида аҳамият касб этади. Чунки аҳолининг турмуш фаровонлиги кўп жиҳатдан унинг озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиш даражасига боғлиқ бўлади. Мазкур масалани ҳал этишда ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун кенг имкониятлар яратиш, деҳқон ва фермер хўжаликлари фаолиятидан янада самарали фойдаланиш зарур бўлади.

Ижтимоий эҳтиёжларни қондириш жараёни аҳоли ҳаёт фаолияти учун шароитлар яратади. Бу шароитлар «турмуш сифати» тушунчаси билан тавсифланади. Турмуш сифати кўплаб омиллар таъсирида шаклланади (1-расм).

Аҳоли турмуш даражасини яхшилаш ва уларга қулайликлар яратиш жараёнида хонадонларни газлаштириш ва аҳоли учун етказиб бериладиган табиий газ нархини белгилаш масаласи ҳам муҳим аҳамият касб этади. Республикамиз аҳолисига табиий газ қўшни давлатларга нисбатан арзон нархларда етказиб берилади. Масалан, аҳолига 1 минг м3 ҳажмдаги табиий газни сотиш учун Қирғизистонда 309 доллар, Тожикистонда 303,5 доллар, Қозоғистонда 100-140 доллар, Ўзбекистонда эса 30 доллар нарх белгиланган.

1-расм



Турмуш сифатининг шаклланишига таъсир

кўрсатувчи омиллар
Шунингдек, мустақилликка эришилгач, аҳоли уй-жойлари ва хонадонларни газлаштиришга катта эътибор қаратилди. Айниқса, бу борада шаҳар ва қишлоқларнинг газ билан таъминланиш даражаси ўртасидаги тафовутни кескин қисқартиришга аҳамият берилди.

Бунинг натижасида 2010 йил 1 январь ҳолатига республикамиздаги хонадонларнинг газ билан таъминланиш даражаси шаҳар жойларда 85 фоизни, қишлоқ жойларда эса 78,7 фоизни ташкил этди. Шу кунга қадар жами газлаштирилган хонадонлар сони 4270,6 мингтани ташкил этиб, шундан 2419,8 мингта хонадон шаҳарда, 1850,8 мингта хонадон қишлоқда жойлашган.

Юртимзда оилаларнинг сифатли ва узоқ муддат фойдаланадиган истеъмол товарлари билан таъминлаш даражаси сезиларли равишда ошди. Жумладан, бугунги кунда ҳар 100 та оилага ўртача 132 та телевизор, 99 та холодильник, 18 тадан зиёд кондиционер, 12 та шахсий компьютер, 27 тадан ортиқ енгил автомобиль тўғри келмоқда.
Асосий тушунчалар

Даромадлар – иқтисодиёт субъектларининг ўзларига қарашли ресурсларининг миқдори ва самарали фойдаланганлигига қараб ҳар бир иқтисодий субъектга тегадиган даромад.

Бозор даромадлари – ҳар бир субъект ўз қўлидаги ишлаб чиқариш омили ёрдамида товар ва хизматлар яратишга қўшган ҳиссасига қараб оладиган даромад.

Нобозор даромадлари – инсонпарварлик қоидаларига асосланган даромадлар. (Давлат томонидан қарилик ва ногиронлик ёки боқувчисиз қолганларга бериладиган пенсия, нафақалар, бир йўла ёрдам пуллари, стипендиялар ва турли натурал тўловлар).

Ахоли даромадлари – ахолининг маълум вақт давомида пул ва натура шаклида олган даромадлари .

Номинал даромад – ахоли томонидан пул шаклида олинган даромадлар суммаси, миқдори.

Ихтиёрида бўлган даромад – номинал даромаддан солиқлар ва мажбурий тўловлар чиқариб ташланиб, шахсий истеъмол ва жамғаришга сарфланадиган даромад.

Реал даромад – нархнинг ўзгариши натижасида ахоли ихтиёридаги даромадга зарур бўлган моддий ва номоддий неъматларни сотиб олишга етадиган қуввати ёки ахоли даромадининг харид қуввати- қобилияти.



Ижтимоий сиёсат – давлатларнинг бозор шароитида даромадлар тенгсизлигини юмшатиш, иқтисодий субъектлар ўртасидаги зиддиятларнинг олдини олишга қаратилган сиёсати.

Такрорлаш учун саволлар

  1. Даромадлар тушунчаси нима? Бозор ва нобозор даромадларига таъриф беринг.

  2. Ахоли даромадлари ва унинг даражасига таъсир этувчи омилларни санаб кўрсатинг.

  3. Турмуш даражаси тушунчаси, унинг кўрсаткичларини санаб беринг.

  4. Даромадлар тенгсизлигининг асосий сабаблари нима? Уларни тушунтириб беринг.

  5. Ижтимоий сиёсат нима ва унинг асосий йўналишларини санаб беринг.



1 Журнал Вопросы экономики М. 2003 г. №3 стр. 46

2 М.Лоренц. АҚШ Иқтисодчиси

2 Ислом Каримов. “Бош мақсадимиз – кенг кўламли ислоҳотлар ва модернизация йўлини қатъият билан давом эттириш”. “O’zbekiston ovozi” газетаси, 2013 йил 19 январь.

3 Коррадо Джинни (1889-1965) Италия иқтисодчиси ва статисти.

1 И.А.Каримов “Ўзбекистон иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш йўлида” Т. “Ўзбекистон” 1995 й. 119 бет.



©netref.ru 2016
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет