Дебют-2014” фестивалида энг яхши эртак номинацияси бўйича иштирок этди ва юқори ўринлардан бирига сазовор бўлди. “ ” саройи сирлари



жүктеу 213.41 Kb.
Дата01.05.2016
өлшемі213.41 Kb.
: files
files -> Шығыс Қазақстан облысындағы мұрағат ісі дамуының 2013 жылдың негізгі бағыттарын орындау туралы есеп
files -> Анықтама-ұсыныс үлгісі оқу орнының бланкісінде басылады. Шығу n күні 20 ж
files -> «Шалғайдағы ауылдық елді мекендерде тұратын балаларды жалпы білім беру ұйымдарына және үйлеріне кері тегін тасымалдауды ұсыну үшін құжаттар қабылдау» мемлекеттік қызмет стандарты
files -> «Наркологиялық ұйымнан анықтама беру» мемлекеттік көрсетілетін қызмет стандарты Жалпы ережелер «Наркологиялық ұйымнан анықтама беру»
files -> Регламенті Жалпы ережелер 1 «Мұрағаттық анықтама беру»
files -> «бекітемін» Шығыс Қазақстан облысының тілдерді дамыту жөніндегі басқармасының басшысы А. Шаймарданов
files -> «бекітемін» Шығыс Қазақстан облысының тілдерді дамыту жөніндегі басқармасының бастығы А. Шаймарданов
files -> Шығыс Қазақстан облысының тілдерді дамыту жөніндегі басқармасының 2012 жылға арналған операциялық жоспары
files -> Тарбағатай ауданының ішкі саясат бөлімі 2011 жылдың 6 айында атқарылған жұмыс қорытындысы туралы І. АҚпараттық насихат жұмыстары
ДЕБЮТ-2014” фестивалида энг яхши эртак номинацияси бўйича иштирок этди ва юқори ўринлардан бирига сазовор бўлди.
САРОЙИ СИРЛАРИ
Жорий “Соғлом бола” йилининг 29 апрел санасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси драматургия бўлимида республикада ижод қилаётган қирқдан зиёд ёш театршунос, санъатшунос ва драматургларнинг навбатдаги йиғилиши бўлди. Қизиқарли ва мароқли ўтган ушбу йиғилишда сирдарёлик ёш истеъдодли ижодкор ва шоир, Олим Хўжаев номидаги Сирдарё вилоят мусиқали драма театри адабий бўлим бошлиғи Ўзбектош Қиличбекнинг бошланғич синф ўқувчилари учун мўлжаллаб ёзган “А” саройи сирлариэртак-пьесасининг муҳокамаси бўлиб ўтди.

Сўзга чиққанлар ушбу эртак-пьесани атрофлича таҳлил қилиб, муаллиф аввалги асарларидаги каби болаларга чексиз меҳрини қоғозга туширганлиги, воқеаликни янгича шаклда талқин этганлигини, воқеаларнинг қизиқарли ривожи ва ечими, мавзунинг тарбиявий аҳамияти, болажонларни миллийлигимизга ёт ва нохуш қаҳрамонларга хос тарбиядан асраб, миллий урф-одатларимиз, қадриятларимиз асосида тарбиялашга даъват этаётгани, иштирокчиларнинг ёрқин, аниқ характерга эга эканлигини ҳамда асар тилининг болаларга хослигини алоҳида қайд этдилар.

А” саройи сирлари” эртак-пьесаси бир кўринишдан иборат эканлиги ва унинг бош қаҳрамони Дангаса полвонни театр имкониятидан келиб чиқиб, Дангаса хонимга алмаштириш мумкинлиги учун ҳам нафақат театр саҳналарида, балки умумтаълим мактаблари (“Алифбе” байрамларида) ва болалар дам олиш оромгоҳлари саҳналарида ҳам намойиш этиш имкони борлиги таъкидланди.

Муҳокама сўнгида муаллиф Ўзбектош Қиличбек таҳлилий ва танқидий фикр-мулоҳазалар учун барчага ўз миннатдорчилигини билдириб, келгусида бундан-да юксак ва баркамол асарлар ёзилишида Ёзувчилар уюшмасининг бу каби тадбирлари ва муҳокамалари муҳимлигини эътироф этди.

Юқорида билдирилган фикрлар асосида қайта ишланган “А” саройи сирлари” эртак-пьесасининг муваффақиятли жиҳатларини инобатга олиб, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан чоп этиладиган “Ёшлар баёзи”га киритилишига ва республика театрларида саҳналаштириш учун тавсия этилади.
Адҳам АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист

А” САРОЙИ СИРЛАРИ

Эртак-пьеса


Қатнашчилар:

  1. Дангаса полвон.

  2. SH” ҳарфи шошқолоқроқ

  3. S” ҳарфи ақлли

  4. Т” ҳарфи урушқоқ ва шўх

  5. “I” ҳарфи кўнгилчан ва раҳмдил

  6. 5рақами

  7. 6рақами

  8. 9” рақами

  9. Ошқовоқ

  10. Лимон

  11. Микроблар


Биринчи парда, биринчи кўриниш

А” ҳарфи шаклида қурилган сарой. Саройга олиб борувчи тумшуқ йўлак бошида қўш табақали миллий нақшинкор ёғоч эшик. Табақаларга халқа осилган. Кўкда сарғиш ярим ой. Сарой биноси ёнида олма дарахти ғарқ пишган. Юқоридан туширилган кўринмас чилвирларга лотин ёзувидаги бир неча ҳарфлар – S, A, а, V ва тутуқ белгиси осилган.



Дарахт остида қорни семиз болакай Дангаса полвон ётади. У чойнакдаги чой тафтини сақлаб қолиш учун фойдаланиладиган ёпинчиққа ўхшаш қалпоқ кийган.

SH” ҳарфи чопиб келади.

“SH” ҳарфи: (Шошиброқ гапиради.) Ассалому алайкум, болажонлар! Томошалар шаҳрига хуш келибсизлар. Биз - ҳарфлар оиласи сизларга ажойиб томоша кўрсатамиз. Мен - “Ш” ҳарфи бугун ушбу томошани бошлаб бераман. Мактабларда ўғил болалар, қиз болалар яхши ўқигани учун, уйда ота-оналарининг сўзига “хўп бўлади” деб юрганлари учун ҳаммангизни учар ликопчада саёҳатга таклиф қиламиз. Бир, икки, уч (Осмонга қараб) учар ликопча, туш! Фақат тинчлик сақласак, учар ликопча тушади!

Хуррак овози эшитилади. “SH” ҳарфи беркинади.

“SH” ҳарфи: Беркининглар. Душманлар уруш очди.



Қушлар сайроғи ва қанот қоқиб, учиб кетгани эшитилади. Дангаса полвоннинг юзига оппоқ бўтқа тушади. Хуррак тинади.

Дангаса полвон: Бу қуслар маса қилиб ётганимни кўйишомийди! (Тескари ўгирилиб ётади.) Қуслар, далахтла, менга ҳасад қилади. Фақат Ёстиқой менга дўст!

“SH” ҳарфи: Мен трактор тириллаяпти, десам, бу хуррак овози экан-ку? Бу болани танияпсизларми? Ахир бу ўша машҳур Дангаса полвон-ку! Бунинг ётишини қаранглар. Қушлар менга ҳасад қилади, дейди. Аслида у қушларга ҳавас қилиши керак-ку! Яна бу бола-чи, сўзларни бузиб айтади! Қушлар дейиш ўрнига “қуслар”, дейди! Ахир “қушлар” сўзида мен бўлишим керак эди-ку. “Дарахтлар” дейиш ўрнига “далахтла” дейди. Бу дангасаликдан. Агар ҳарфларни тўғри айтишга ҳаракат қилганида ҳамма сўзларни чиройли айтади. Бу Дангаса полвон оёқ-қўлини қимирлатишга эринади. Ҳатто юзига қўнган пашшани ҳам биров қўриса, дейди. Бу бола-чи, ҳатто кўзини очиб-юмишга, тилини айлантиришга ҳам эринади. Тилини танглайига яқинлаштириб, кучлироқ нафас чиқарса, “SH” ҳарфи, яъни мен пайдо бўламан. Лабларини тўғри жойлаштирса, (мимикада кўрсатиб) “R” ҳарфи пайдо бўлади.

Дангаса полвон: Қимайман ҳеч қандай ис! (эснайди) Олма пис, оғзимга тус!

“SH” ҳарфи: Ҳар йилнинг мана шу кунида ҳамма ҳарфлар ва белгилар “А” саройида катта байрам шодиёнасини нишонлайди. Фақат бу байрамнинг ўзига хос шарти бор. Агар сайёрамиздаги ҳамма болалар биз - ҳарфларни тўлиқ таниб, сўзлар ҳосил қилишни ўргансагина “А” саройи эшиклари очилади. Агар орамизда бир нафар ҳарф танимаган бола бўлса ҳам бу сеҳрли эшиклар очилмайди. Бу Дангаса полвон ҳарфлар ва рақамлар байрамида шундай қилиб турса-я? Ҳадемай барча ҳарфлар келиб қолишади. Энди нима қилсам бўлади?

SH” ҳарфи оёқларини чўзиб, иложсиз ўтиради. Мусиқа садолари остида томошабинлар орасидан “S” ҳарфи, “I” ҳарфи ва елкасига камон, ўқларга тўла садоқ осган “T” ҳарфи чопиб келади.

Хор: Бир бор экан, йўқ экан,

Ёлғондан рост кўп экан.

Яқин ўтган замонда,

Сайхун дарё томонда,

А” саройи бор экан,



Унда ҳарфлар яшаркан.

Ҳар йил баҳор чоғида,

Ажиб байрам бўларкан.

Ажиб байрам бўларкан.

“SH” ҳарфи: Бу йилги байрам бўлмайди!

“I” ҳарфи: Нега?

“SH” ҳарфи: Орамизда сўзлардаги ҳарфларни айтмайдиган дангасалар ҳалигача бор экан.

“Т” ҳарфи: Қани, ким у ҳарфларни ҳурмат қилмайдиган бола? (Томошабинларга) Қайси бири? Шуми?

“SH” ҳарфи: мана... (Тўнкарилиб ётган Дангаса полвонни кўрсатиб) Энди учар ликопчада саёҳат қилишимизга бу Дангаса полвон халақит беради.

“Т” ҳарфи: Шуми бизнинг байрамимизга халақит берадиган? Бу бола қачонгача сўзларни бузиб айтади? Орангизда хафа бўлганлар бўлса, чиқинглар. Уни шундай жазолайликки, ҳарфларни таниб олсин. Бир умр бизни эсидан чиқармасин.

Т” ҳарфи камонни елкасидан олиб, Дангасани нишонга олади. Даҳшатли мусиқа янграйди. Ёй таранг тортилади. “S” ҳарфи “Т” нинг елкасига қўлини қўяди.

“I” ҳарфи: Шошма. Ундай қила кўрма. Йўқ. Унга яхшиликча тушунтирамиз. У бизни тушунади. Шунда у бизга дўст бўлади.

“Т” ҳарфи: Сен кўнгилчансан. Бундай ялқовларга нисбатан қаттиққўл бўлиш керак.

“S” ҳарфи: Қаттиққўл бўлиш керак, дегани унга қўл кўтариш, уриш керак дегани эмас.

“I” ҳарфи: Тўғри. Баъзи дангасалар айрим аълочилардан иқтидорлироқ, қобилиятлироқ чиқади.

“Т” ҳарфи: Шу ерга келгунча сенга ўхшаганлардан қанчасининг адабини бердим. Сениям кўзингга бир кўрсатиб қўяй. Агар мана бунақа дангаса болалар кўпайиб кетса, биз ҳарфларни ҳеч ким айтмай қўяди. Ҳеч қачон байрам бўлмайди. Ҳой, Дангаса полвон, қани ўрнингдан тур!

Дангаса полвон: Тулгандан ётган маззаааа!

“S” ҳарфи: Бир гаплашиб олайлик!

Дангаса полвон: Гапилсам чайчаб қоламан.

“I” ҳарфи: мана буни ҳақиқий дангаса деса бўлади. Гапиришга ҳам эринадиган дангасалар бошқа ерда бўлмаса керак.

Дангаса полвон: Мени дангаса деманглар. Мен бий кун давомида жуда кўп иcла қиламан. Эйталабдан туйиб юзимни юваман. Юзимни ювгунимча қанча меҳнат қиламан. Ундан кейин овқат ейман. Овқат ейис учун қанча кучим кетади. Кейин мана бу боққача битта-битта қийналиб қадам босиб келаман. Ётаман. Кўзлайимни юмис учун қанча кучим кетади. Мана, телефоним бой. Телефонимни тугмасини босис учун бечойа баймоқлайим қийналади.

“I” ҳарфи: Қаранг-а, мана бундай тугмаларни босиш қийин бўлса? Ахир эрталаб туриб, мана бундай қилиб тонгги бадантарбия билан шуғулланиш керакмасми?

Дангаса полвон: Таътилда фақат дам олис кейак.

“Sh” ҳарфи: Дам олиш керак, тўғри. Лекин дам олиш дегани ёстиқ қучоқлаб ётиш керак деганимас.

“S” ҳарфи: Ахир таътилда бўлса ҳам бадантарбияни канда қилиш керакмасми?



Улар бир неча машқлар бажаришади. “Т” ҳарфи, “I” ҳарфи, “Sh” ҳарфлари керакли тартибда жойлашиб, шу сўзларни ҳосил қилишади.

“Т” ҳарфи: Қани, Дангаса полвон, тур. Бир уриб, каллангни ошқовоқдай эзиб қўяман.

Дангаса полвон: Бир ўзингнинг қўлингдан нима келайди?

“Т” ҳарфи: Мен ёлғиз эмасман, билсанг алифбода нечта ҳарф борлигини, ундай демаган бўлардинг.

“S” ҳарфи: Уни “Сиз”лаб гапириш керак. Дангаса полвонтўра, туринг ўрнингиздан. “Сиз”ни кутишмоқда.

“I” ҳарфи: Бир ками бу ишбилмасга хушомад қилишим қолувди.

“S” ҳарфи: Ширин сўз билан илон инидан чиқади, деган ўзбек халқ мақоли бор, билсанг.

Биргаликда: Туринг, туринг, Дангаса полвонтўра, турсангиз-чи!



Дангаса полвон ўрнидан туради. Унинг қулоғида наушник, бўйнига айпад, айфон, телефон осиб олган.

Дангаса полвон: Нима гаплайинг бор?

“Sh” ҳарфи: Биз сен билан дўстлашгани келдик!

Дангаса полвон: Сизлар билан дўстлашгандан нима фойда?

“S” ҳарфи: Ким биз - ҳарфларни таниса, уни бутун дунёни танийди!

Дангаса полвон: Иннайкейин-чи?

“Sh” ҳарфи: Дунё таниганни дунё танийди. Уй вазифаларни тайёрловчи роботлар сотволадилар.

Дангаса полвон: Иннайкейин-чи?

“Sh” ҳарфи: Оёғинни узати-и-и-иб ётади.

Дангаса полвон: Шундоғам оёғимни узатиб ётибман-ку!

“S” ҳарфи: Сизга сеҳрли қалам совға қилинади. У барча ҳарфларни ўзи ёзади.

Дангаса: Сеҳийли қаламни қўлга кийитишим учун нима қилишим кеак?

“S” ҳарфи: Бунинг учун биз ҳарфлар ва рақамлар билан дўст бўлишинг керак.

Дангаса: Менга ҳеч қанақа дўст кейакмас. Мана менинг кадйдон дўстлайим. Битта нотбук, иккита айпад, тўйтта айфон, олтита наушник. Мусиқа эситаман.

“S” ҳарфи: Саноқниям билмайдия? Ахир учтагина телефони бора. Билмагани майли, лекин билмаганини ҳам тан олмайди.

“Sh” ҳарфи: Менда бир фикр туғилди. Биз ўзимизни таништирамиз. Зора, бу дангасамизни қолоқлик ботқоғидан қутқаролсак.



Мусиқа янграйди. Барча рақсга тушади.

“S” ҳарфи: салом, салом, ассалом,

Мен “S” ҳарфи, “S” ҳарфи,

“Салом” сўзи бошланар мендан.

Шунинг учун мен серсаломман.

Салом бериш соғлик тилашдир,

Саломдан сўнг ҳаёт бошланган.

Ким мени бошқа ҳарф билан алмаштирса ёки бир сўзни айтишда ташлаб кетса, қоматим эгилиб кетади. Худди ўзимни йўқдай тасаввур қиламан.

“SH” ҳарфи: Таништирай ўзимни,

Мен “SH” ман. Сал шошқалоқ,

Чиройи бор ҳар гулнинг,

Чиройи бор ҳарфнинг.

Р” ҳарфи бор аррада,



Ширмойнонда “Ш” ҳарфи.

Д” ҳарфи бор далада,

К” ҳарфи бор каллада.

Бизга ёрдамчи ҳарфлар

Ҳар қандайин паллада!

“Т” ҳарфи: мен Тошкентда, Тонгда бор,

Тилак ҳамда тинчликда.

“Т” ҳарфидан ташаббус,

Борман пурвиқор тоғда.

“Sh” ҳарфи: мана, учта ҳарфдан “тиш” сўзи пайдо бўлди. Бош ҳарфини олиб ташласак, “иш” сўзи ҳосил бўлади. Ишни, ишлашни севмайдиган бу дангасаларни мана бу сеҳрли саройда ажойиб сир кутмоқда.

Дангаса полвон: У елда, ҳойнаҳой, музликлай бўлса кейак. Мени ўса музлик қафасига қамаб қўймоқчисизлар.

“Т” ҳарфи: Аксинча, у ерда дангасалар учун ҳамма шароит бор. У ерда болалар қўлини ҳам ювиб, қийналиб юришмайди. Қўлларини фаришталар ювиб қўйишади.

С ҳарфи. Олма пиш, оғзимга туш, деса, олмалар тушади.

Дангаса. (Ўрнидан туриб, қорнини силаб) Йостанми?

“Sh” ҳарфи: Ҳа! У ерда фақат ётишади. У ерда пашша ҳам йўқ, ҳалақит берса.

Дангаса полвон: у ерга бойгим келяпти. Бойишим керак.

“Т” ҳарфи: Фақат битта шарти бор,

Тилингни машқ қилдириб,

Биздек қўшиқ куйлашинг даркор.

“Ш” ҳарфи: яна мана худди акробат,

Рақсга тушмоқ даркор!

A La Turka (Mozart) куйига робот рақси ижро этилади.

“Р” ҳарфи: Бир, икки, уч,

Дангаса полвон: Бий, иккий, уш... (учгандай ҳаракат қилади.)

“Ш” ҳарфи: “Уш” эмас, “уч”! “Уч” дегани учишмас, бу уч (учта бармоғини кўрсатиб). Санашни билмаганларга тил машқи бу.

“Р” ҳарфи: Бир, иккида сакраймиз.

Уч, тўртда айланамиз.

Беш, олти яна сакраб,

Етти, саккизда айланамиз.

Тўққиз, ўн такрорлаймиз!

Дангаса полвон машқнинг ярмида йиқилади.

“Sh” ҳарфи: Биз сени дангасалар мамлакатига олиб кетмоқчи эдик. Лекин у ерга етиб боришга ҳам кучинг етмаскан.

Дангаса полвон: У ерда нима қиламан.

“Sh” ҳарфи: Дангасалар мамлакатида сен истаганингдай яшайсан. Сойларида шоколад оқади, овқатларни ўзлари едириб қўйишади.

Т ҳарфи: Ҳатто уй вазифаларни ҳам бировлар бажариб беришади.

Дангаса: Мен қадийдон ёстиғимни ташлаб кетолмайман. Мен ёстиғимга сени яхши кўйаман, бир умр ташлаб кетмайман, деб ваъда бейганман. (Қўшиқ куйлайди.) ёстиғим жон ёстиғим,

Қучсам, келар ухлагим!

Ёстиғим, жон ёстиғим,

Унда ширин тушлайим!

Ёстиқдан бошқа дўстим йўқ,

Китобдан кўра яхши у.

Юмшоққина, иссиқина,

Офтобданам яхши у!

Ҳарфлар чиқиб кета бошлайдилар.

Дангаса полвон: Улай кетяптилай. Мен қолиб кетаманми? Йўқ. Уйиниб кўйай. Бий... бил... бир... бир, икки, уч!



Ҳарфлар тўхтаб тинглашади.

Дангаса полвон: Бий... бил... бир... бир, икки, уч! (Ш ҳарфига яқинроқ келиб қўли билан уни кўрсатади.) Мен сени танийман. Ҳозий сени қанақа ҳайфлигингни айтаман. Сен ссссс.... с ҳарфисан!

Ш ҳарфи: хафа қиляпсан! Мен ахир иккита белгидан иборат ҳарфман. Қара, қўшимчам бор.

С ҳарфи: Мен уруш эълон қиламан. У эмас, мен С ҳарфиман.

Дангаса полвон: Сен с-с-с... ш-ш-ш-ш ҳарфисан!

“Sh” ҳарфи: Ҳа! Мен “Sh” ҳарфи, “Sh” ҳарфи,

Шамолда бор, шахматда борман.

Шилдирашга қодирман,

Шиллиққуртда ҳам борман.

Дангаса полвон: мана “Р” ни ҳам айтаман,

Ари дейман, Рустам дейман. Рррррр...

“Т” ҳарфи: Сен биринчи шартдан ўтдинг. Қойил. Буни қандай уддаладинг?

Дангаса полвон: жудаям, жудаям дангасалар саройига боришни истаяпман.

“Ш” ҳарфи: демак, демак, агар болалар бир нарсани чиндан истаса, ҳамма ишни эпласа бўларкан-да?

Дангаса полвон: Ҳа, мен буни ўзимда синаб кўрдим.

“И” ҳарфи: Қулоқ солгин, дўстим, менга,

Бир топишмоқ айтай сенга.

Илонда бор, филда бор,

Қуёнда йўқ у надир?

Дангаса полвон: Хартум!

“Т” ҳарфи: Илонда хартум йўқ-ку.

Дангаса полвон: Илоннинг тили кичкина хартумча ҳисобланади.

“Т” ҳарфи: Сенинг гапингни тўғри десак, қуёнда ҳам хартум бор дейишимиз керак! Жавоб нотўғри. Дўстларингни қийин аҳволга солдинг.

С ҳарфи: (Дангаса полвонга) Мана бу томошақовоқдай катталикдаги миянинг нўхатдай жойи ишласа керак! Ҳа, тушунаман.

Дангаса полвон: (бошини қашиб) Илонда бор, филда бор,

Қуёнда йўқ у надир? Топдим. Ахир бу И ҳарфи. Сизку!

И ҳарфи. Ҳа. Мен...

С ҳарфи: адашган эканман. (Дангаса полвонга) Мана бу томошақовоқдай катталикдаги миянинг ёнғоқдай жойи ишлар экан!

Дангаса полвон: Мен агар сўзлардаги керакли ҳарфларни ташлаб талаффуз қилсам, айтмаган ҳарфларим хафа бўларкан. Билмаган эканман. Мени кечиринглар. Сиз - ҳарфлар кераклисиз. Сизлар бўлмасангизлар, узун-узун сўзлар ҳам пайдо бўлмаскан. Лекин ораларингда бир белги бор. Тутуқ белгиси кимга керак? У ортиқча. Уни алифбедан олиб ташлаш керак.

Ш ҳарфи осилган ҳарфлардан”САЪВА” сўзини ҳосил қилади.

“Т” ҳарфи: ўқиб кўр-чи!

Дангаса: Сава! Оддий сава! Тутуқ белгиси бўлса ҳам сава, бўлмаса ҳам сава!

Ш ҳарфи имо қилади. Қолганлар чилвирларни тортиб, Дангаса полвонни савалашади.

Дангаса полвон: Нима қиляпсизлар?! Айбим нима? Мени нега савалашяпсизлар! Тўхтанглар! Бас қилинглар!

“Т” ҳарфи: Ўзинг “сава” дединг-ку!

Ш ҳарфи: Ҳа, оғридими!? Сўзларни тўғри айтмасанг, ана шундай баданинг оғрийди. Агар тутуқ белгисига эътибор бермасанг, сени савалашади. Ана шундай тутуқ белгиси, сен кераксиз ҳисоблаган белгига аҳамият бериб, “саъва” десанг, биз ҳув осмонда учаётган саъва қушини айтяпти, деб саваламаган бўлардик.

“Т” ҳарфи: биз ҳаммамиз битта ҳарфлар оиласимиз! Бизни бир-биримиздан ажратиб бўлмайди.

И ҳарфи: топ-чи! Чиройли ҳарф қайсимиз?

Энг керакли қайси биримиз?

Ҳарфлар бирин-кетин подиумда юргандек ўзини намойиш қилишади. Дангаса полвон уларни диққат билан кузатади.

Дангаса полвон: А ҳарфин чиройлироқ десам,

З ҳам қолишмас ундан.

Т нинг қадди келишган,

Д келишганроқ ундан.

Ю ҳарфи бор юракда,

Ю кўпроқ керакмикан?

Лекин Т бор тилакда,

Ё Т кўп керакмикан?

Ўйлаб боқсам ҳарфларга,

Бари бирдек чиройли,

Бари бирдек керакли!

Тортишманглар, ҳарфжонлар,

Барингиз ҳам керакли! Ҳаммангиз ҳам керакли!



Дангаса полвон қўшиқ айтиш баробарида рақсга тушади. Унинг қорни тушиб қолади. У қорнини коптокдай улоқтириб юборади. Ҳарфлар унга қарсак чалишади. Дангаса полвон ўтириб олади.

Дангаса полвон: Энди тушундим. Демак, мен сизлар билан кетишга нолойиқман. Сизлар кўп кишисизлар. Ҳаммаларинг ёрдам бериб, мени ўзларинг билан олиб кетинглар.

Ҳамма: Розимиз!

Улар кетишга чоғланадилар. Шу пайт ер гумбурлайди, атрофни тутун қоплайди. Қовоқвой ва Лимоной юмалаб келишади. Ҳарфлар кўздан панароқ жойда ҳаракатсиз туришади.

Қовоқ: Шошманглар! Бу дангаса полвон сизлар билан кетишга нолойиқ. Чунки у биз - сабзавотлар оиласини, мени, дугонам Шолғомойни ва мевалар оиласини мана бу лимонойни ҳам хафа қилган. У қилган хатосини тушунсин. Шундан кейин у сизлар билан кетишга муносиб бўлади.

Дангаса полвон: Менинг айбим йўқ.

Қовоқвой: “Айбим йўқ” эмиш. Мени косангда кўрсанг нима қилардинг?

Дангаса полвон: Албатта ахлат қутига улоқтираман. Чунки сен бемазасан!

Қовоқвой: Мен ошқовоқ, ойимқовоқ,

Витаминлар омбориман.

Емаганлар кўп аҳмоқ,

Буйракларга дориман!

Лимоной: Тўғри!

Қовоқвой: Қани, айт-чи, дангаса полвон, сенинг кундузлари ҳам уйқунг келадими?

Дангаса полвон: Ҳа.

Қовоқвой: Болаларни кундузи уйқу босса, бу хасталикдан далолат. Сен сабзавотлар қироличаси Шолғомойни, Қизил ва оқ лавлагини, турпни, карамни, мевалардан олмани, беҳини, нокни, ўрикни емаганинг учун, фақат ширинликлар еб юрганинг учун уйқусираб, ҳамма жойинг оғриб юради.

Дангаса полвон: Ҳа, тишим оғрийди. Қорним қулдирайди. Шунинг учун ўртоқларим мени Қовоқкалла деб калака қилишаркан-да.

Лимоной: Сен мана бу қовоқни емаганинг учун қовоқкалласан! Миянгни яхши ишлаши учун зарур бўлган витаминлар мана шу қовоқнинг ичида!

Дангаса полвон: Майли, қовоқни ейман! Лекин мана бу аччиқ лимонни чойимга солишса, у чойни ичмайман.



Бир четда уялиб, қимтиниб турган Лимоной хижолат, қўлларини бирлаштирганча ўртага чиқади.

Лимоной: Тўғри, мен Лимоной нордонман,

Лекин оғзингиздан ўтсам, ширинга айланаман ва қонингизга фойда қиламан. Майда жонзот вирусларни ўлдираман. Сизни тетик қиламан. Умрингизни узо-о-оқ қиламан!

Дангаса полвон: Вой-бў! Мен узо-о-оқ яшашни истайман. Лекин сени емасам ҳам узоқ яшоламан. Бу эртагингни менга айтма.



Дангаса ётиб олади. Шу пайт қора туман тарқалиб, ҳар ёқдан қора кийган Микроблар бостириб келиб, Дангасани асирга оладилар. Қора шарпалар камонларидан отилган ўқлар Дангасанинг танасига, ҳатто қулоғига, кўзига қадалади. У типирчилаб, додлайди.

Лимон: Ажаб бўпти. Бизни емаганнинг аҳволи мана шундай бўлади.

Дангаса: Майли, айпадимни бераман. Лекин менга тегманглар.

Қўрқинчли овоз: Ашқол-дашқолинг ўзингга буюрсин.

Дангаса: Ме... мени... ни... ма қилмоқчисизлар?

Овоз: Сени микроблар ва вируслар ботқоғига олиб кетиб, емиш қиламиз.

Дангаса: Айбим нима? Нега шунча болалар турганда мени танладинглар?

Микроб1: Бошқа болалар - соғлом тана эгалари. Сенинг ичингда биз - микроблар яшашимиз учун жудаям қулай шароит бор.

Дангаса: Йўқ.

Микроблар Дангаса полвонни олиб кета бошлайди. Қовоқ уларнинг йўлини тўсади.

Микроб 2: Қоч!



Микроблар қовоқни туртиб юборишади. Қовоқ ёрилиб, ичидан нур таралади. Микроблар бир лаҳзада ер ютгандай ғойиб бўладилар. Дангаса полвон ўрнидан туриб келади. Лимоной Қовоқвойнинг қошида ўтиради.

Дангаса: Мени микроблар чангалидан мен ёмон деган сен- Қовоқвой қутқардинг. Шунинг учун сени ҳам еганим бўлсин! Раҳмат, сенга Қовоқвой, раҳмат сенга Лимоной, ўз айбимни тушунтириб берганларинг учун!

Лимоной: Сени қутқараман деб ўзини нобуд қилди.

Пауза.

Дангаса: Мени кечиринглар! Мен ўзгараман. Ҳарфлар айтган ҳамма гапга қулоқ соламан.

Лимоной: Кечирамизми?

Ҳамма: ҳа, ҳа, кечирамиз ва “А” саройи томон юрамиз.

Лимоной: Ҳа, биз кетамиз. Фақат Дангаса полвоннинг ўзи қолади. Чунки дангасалар саройига ёлғиз кирилиши зарур.

Лимоной: Майли, сен билан хайрлашамиз. Дангасалар саройига кирақол.



Улар кетишади. Дангаса полвон қолади. Осилган рақамлар осмонга кўтарилиб кетади.

Дангаса полвон: Кетишдими? (улар кетган томонга қараб) Боплаб лақиллатдимми? Мен дангасалар саройига бориш учун уларнинг шартини бажардим. Қовоқни ҳам ейман, дедим. Ҳеч қачон! Улар айтган гап тўғри бўлса ҳам бажармайман. (Қўлини ишқалаб) Энди дангасалар мамлакатида роҳатланиб, меҳнат қилмай яшайман. Хайр.



Дангаса полвон “А” саройи томон юради. У эшикка яқинлашган сари қўрқинчли мусиқа кучаяди. Чақмоқлар чақади, момоқалдироқлар гулдирайди. Бино юқорисидан Эшик юқорисидан ва ёнларидан соқчиларсимон кийинган 5, 6 , 9 рақамлари пайдо бўлади. Дангаса полвон ўтириб қолади.

5: Мени танидингми?

Дангаса полвон: Сен бир кичкинагина 5 рақамсан!

5: Сени дангаса дейишганди, кўриб турибманки, сен дангаса бўлиш билан бирга, иккичи экансан-у!? Рақамларнинг катта-кичиги бўлмайди. Фақат бир хил 5 рақами бор. Сен, ҳойнаҳой, “икки” рақамини яхши кўрсанг керак?

Дангаса полвон: Албатта! Иккининг думи бор!

5: Менинг тожим бор! Мана.

Дангаса полвон: Майли, сен билан ади-бади айтиб, тортишиб ўтиришга вақтим йўқ. Мен шошяпман! Саройга кетишим керак.

5: Сен ҳам ялқов, ҳам қўпол экансан-ку? Ана, билиб олдик.

Беш сонида бешта хислат бор,

Дўст дўстга тилак айтса,

Ишинг беш бўлсин деяр,

Хурсанд бўлганда дўстлар

Қани, беш ташла, деяр!

Хуллас, бу саройга Иши бешлар киради,

У ерда “беш”чилар билан ўз бахтини кўради!

Дангаса полвон: Қоч.



Дангаса полвон 5 рақамини итариб юборади ва эшикка яқинлашади. Унинг йўлини 9 рақами тўсади.

9 рақами: Ҳам қўпол, ҳам жанжалкаш экансан! Ёмон хислатларингнинг чегараси борми? Хўш, мен қайси рақамман?

Дангаса: Нега саволларингга жавоб беришим керак?

9 рақами: Бизни билмасдан бу ердан бир қадам ҳам нари юролмайсан. Хўш, мен қайси рақамман?

Дангаса полвон: Тўққиз.

9 рақами бошини пастга қилиб, 6 рақамига айланади.

9: Энди-чи?

Дангаса полвон: Олти!

6: иккаламиз-чи?

Дангаса полвон: 66.

5: Иккаласининг 9 та фарқини топ-чи?

Дангаса полвон: Биттаси семизроқ, бири семиз. Бирида зар шокила бор, бирида йўқ. Биттаси ҳуштакли. Бирининг ранги тўқроқ, бири очроқ. Қолганини тополмадим.

5: Демак, сен бу ҳашаматли саройга киришга нолойиқсан.

Дангаса полвон: Ўзларингга буюрсин ўша саройларинг. Ўзи киришни орзу қилмагандим. Йўлимда ҳарфларни ҳам, сабзавот, меваларни ҳам лақиллатдим. Сизларни ҳам бир амаллаб алдайман.

9 ўз жойига айланиб олади.

9: Ҳам жанжалкаш, ҳам ёлғончи экансан. Ичинг минг хил иллатларга тўла экан-у?

5: Ҳаммани чақирамиз, дангасани саҳрога бадарға қиламиз.

6 рақами ҳуштак чалади. Ҳуштак мусиқий чақириққа айланади. Ҳарфлар, Қовоқвой ва Лимоной келадилар.

5: Хуш келибсизлар, дўстлар.

С ҳарфи: Салом, салом, салом, ассалому алайкум, дўстлар. Биз келдик.

Ш ҳарфи: Ҳамма рақамлар тизилсин. Дангаса полвонни сувсиз, овқатсиз саҳрога бадарға қилиниши фармон қабул қилинсин.



Осилган ҳарфлар тушади. “Фармон”,”бадарға” сўзлари пайдо бўлади.

Дангаса полвон: Майли, мен розиман. Қаерга бўлса ҳам кетсам, кетавераман. Сиз - ҳарфларга ҳайронман. Нега рақамлар билан дўстлашгансизлар? Улар бўлмаса, одамлар ҳарфларни кўпроқ ҳурмат қилишарди-ку?

Ш ҳарфи: Рақамлар биз қилолмаган ишни бажаришади. Улар бизнинг ишимизни енгиллаштиради. Шунинг учун...

Ҳамма бирга: Биз ҳарфлар ва рақамлар,

Ҳар дам аҳил-иноқмиз. Айириб бўлмас бизни! Енгиб ҳам бўлмас бизни!

Дангаса полвон: Ҳу анави ярим ойни кўряпсизларми? Қаранглар, унда бир чиройли қизнинг сурати бор.

И ҳарфи: Кўринмаяпти-ку!

Ҳамма ўша ёққа қараган пайтда Дангаса полвон эшикка кириб кетмоқчи бўлади. У 5 рақамига урилиб, ўтириб қолади.

5 рақами: Бир кишини, икки, уч, тўрт, беш кишини лақиллатиб, чув тушириб кетишинг мумкин. Лекин кўпчиликни лақиллатиб бўлмайди. Бирлашган одамлар ҳамиша ғолиб!

Дангаса полвон: Ўзларингни биз кўпмиз, деб ўйлаяпсизларми?

И ҳарфи: Бу кўриб турганинг бизнинг оила аъзоларимизнинг ярмининг ярмиси! Сени олдинда ҳали қўшув, кўпайтирув белгилари, нуқта, вергуллар кутиб турибди.

5 рақами: Миллиард бобомиз бизни бошқаради.

Дангаса: Ҳалиги... Бир сонидан кейин тўққизта ноли бор Миллиардни айяпсизларми?

5: Ҳа. Ўша. У жуда-жуда улкан рақам. Бир миллиардгача санашинг учун 35 йил умринг кетади.

6 ҳарфи: Агар бир миллиард дона қоғозни устма-уст тахлаб чиқилса, ҳув анави ойгача етиб боради!

Дангаса полвон: Вой-бў! Билмаган эканман. Шунча катта ва сирли дунё экан бу рақамлар ва ҳарфлар!

Ш ҳарфи: Мана, ҳаммамиз билан яхшилаб танишиб олдинг. Биз ҳам сени яхши таниб олдик. Сен дангаса, мақтанчоқ, эринчоқ, қўпол ва ўз хатоларини тузатмайдиган ёлғончи бола экансан. Шунинг учун сени ўша Дангасалар саройига жўнатишга қарор қилдик. Фақат у ернинг қандайлиги ҳақида айтиб қўймоқчимиз. Қулоқ сол. У ерда ўзингга ўхшаган дангаса болалар яшашади.

И ҳарфи: У ерда болалар фақат ухлаши учун ҳамиша қоронғи бўлади.

Т ҳарфи: У ернинг кундузи бўлмайди. У ерда тонг отмайди.

С ҳарфи: У ерда бир-бирига салом беришмайди.

5 рақами: Дангасалар саройига борганлар асло бу ерга қайтиб кела олишмайди.

6: У ерда сенинг на дўстинг, на оила аъзоларинг бўлади.

Дангаса полвон: Ундай бўлса, Сизлар ҳам мен билан бирга кетинглар.

Ҳарфлар ва рақамлар: Бизлар дангаса эмасмиз! Меҳнат қилиб, толмасмиз!

Дангаса полвон: Майли, унда ўзим кетаман. (Эшик томон шаҳд билан юради. Сўнг секинлашади. Эшик халқасини ушлаб, тўхтаб, ортига ўгирилади.) Йўқ. У ерга борганлар бир умр ўша ерда қолишадими?.

Ш ҳарфи: Албатта! У ердан ортга йўл йўқ!

Дангаса полвон: Менга дангасалар саройи эмас, шу ер ёқиб қолди. Мен шу ерда, Сизлар билан қоламан.



Сукут. Ўртада турган Дангаса полвон ҳаммага бир-бир қараб чиқади.

Ҳамма бирга: Ҳа-а-а! Яшасин, дўстлик! Йўқолсин, дангасалик!

Ш ҳарфи: Кимнидир алдамоқчи бўлганларнинг ўзи алданади. Сен ҳам алдандинг, Дангаса полвон! Биз сени алдаган эдик. “А” саройи дангасалар яшайдиган жой эмас!

Дангаса полвон: У ер қанақа жой?

Ҳарфлар ва рақамлар: “А” саройи бу – АЖДОДЛАР МАКТАБИ!

У ердан чиқади илм офтоби!

Буюк аждодлар биз-чун яратиб кетган,

Уларнинг бўлайлик биз муносиби!

А” саройи эшиклари ўз-ўзидан нур таратиб, очилади. Барча қатнашчилар саройга кириб кетишади.

Овоз: Дангаса полвон айбин билиб,

Меҳнат томон босди қадам.

У ҳам етиб муродга,

Шу билан эртак тамом!

Сизга айтсам, дўстларим,

Ширин экан меҳнат, ҳа меҳнат!

Ш ҳарфи: Хайр, азиз болажонлар. Кейинги сафар албатта Учар ликопчада саёҳат қиламиз. Кўришгунча-а-а-а!



ПАРДА

2014 йил 12 январ, 5 май ЎЗБЕКТОШ ҚИЛИЧБЕК т.: +99-894-168-86-07




Ушбу асарни устоз Ҳайитмат Расул айтганларидек, “театр не доказать, а показать” ибораларига амал қилиб, ёзишга қарор қилдим ва буни қайсидир маънода уддаладим. Болалар учун ҳарфлар ва рақамлар иштирокида томоша кўрсатиш алоҳида қийматга эгалигини таъкидламоқчиман. Болалар тасаввурида ҳарфлар, рақамлар ва тимсоллар қай кўринишда акс этади. Уларни ўрганиб, ҳаётга татбиқ этиб боришда ҳам бу театрнинг ўрни муҳим. Балки истеъдоднинг калити мияда илк таассуротларнинг шаклланишига боғлиқ...

Лейтмотив Mozart – Canzona. Моцартнинг қўғирчоқ театрлари учун ёзган мусиқаларидан фойдаланилади.
P. S. Эртак бош қаҳрамони Дангаса полвонни театр имкониятидан келиб чиқиб, “Дангаса хоним”га алмаштириш ҳам мумкин.






©netref.ru 2017
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет