Фалсафа кафедраси



жүктеу 0.9 Mb.
бет4/5
Дата25.04.2016
өлшемі0.9 Mb.
1   2   3   4   5
: uploads -> books -> 251467
251467 -> Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги гулистон давлат университети ўзбек тилшунослиги кафедраси
251467 -> Национального Университета Узбекистана имени Мирзо Улугбека методика преподавания истории в школе учебно методическое пособие
251467 -> Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги
251467 -> Аудиовизуал журналистика ва оммавий коммуникация кафедраси
251467 -> Мумтоз филология кафедраси битирув малакавий иши
251467 -> Қосимжон содиқов тарихий лексикография
251467 -> Э. К. Умурзақов, Ф. Ю. Полвонов Қурилиш ишлаб чиқариш технологияси

III БОБ. ТАФСИР ИЛМИ ВА МАҲМУД ЗАМАҲШАРИЙНИНГ МУФАССИР СИФАТИДАГИ МАҚОМИ
Ислом динининг муқаддас, илоҳий асоси ҳисобланмиш Қуръони карим Муҳаммад (с.а.в.) га араб тилида юборилган оятлардан ташкил топган. Бу китоб ислом динига эътиқод қилувчи мусулмонлар турмуш тарзининг деярли барча жабҳаларига алоқадор кўрсатмалар манбаи ҳисобланади. Шу билан бир қаторда Қуръон тилининг ўзига хослиги ва ўта мураккаблиги боис унинг оятлари асл мазмун-моҳиятини тўғри ва мукаммал тушуниш ҳатто арабларнинг ўзлари учун ҳам муайян қийинчиликлар туғдиради. Шунинг учун ҳам ислом дини кўрсатмаларини ҳаётга татбиқ этишда илк ислом давридан бошлабоқ муаммолар вужудга кела бошлади. Чунки мусулмон бўлган одамларнинг барчаси ҳам Қуръон оятларининг мазмунини, сўз ва ибораларнинг кўзда тутилган маъноларини илғаб олишга қодир эмасдилар. Бу нарса кўп ҳолларда уларнинг саводли ёки саводсиз эканликларига ва уларнииг билим даражаларига боғлиқ бўлган. Яхши билимга эга бўлган ва мутлақо саводсиз бўлган кишилар тоифаси ўртасида яна ўртача саводгагина эга бўлган одамлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Демак, Қуръонни ўқиб, ҳамма ҳам унинг кўрсатмаларидан ўзига керакли маълумотларни ола билиши учун унинг мураккаб томонларини тушунтириб берадиган қўлланма бўлиши зарур эди. Бу нарсага Қуръон оятларини тафсир қилиш йўли билан эришиш мумкин бўлган.

“Тафсир” сўзи луғатда баён қилиш, очиб бериш ва равшан қилиш маъноларини англатади. Аммо уламолар истилоҳида қуйидагича таърифланади:

“Тафсир – инсон қудрати етгунча Қуръони Каримдаги Аллоҳнинг муродини ўрганадиган илмдир”47.

Шунинг учун Қуръонда зикр қилинган ва тушунилиши мураккаб бўлган ўринларини очиб бериш, тушунтириш ишини тафсир деб аталади. Бу сўз ҳатто араб бўлмаган мусулмонлар учун ҳам таниш бўлганлиги боис, у бошқа тилларга ҳам айни шу шаклда кириб қолган.

Инсоният тарихида башариятга юборилган муқаддас китобларнинг барчаси ана шу динни тарғиб этувчи пайғамбарлар қайси миллатга мансуб бўлсалар, ана шу миллат тилида бўлган. Ислом уламолари бу ҳолни муқаддас динни, аввало, пайғамбар ўзи мансуб бўлган қавм орасида ёйиши лозимлиги зарурати билан изоҳлайдилар48. Бундай изоҳ чиндан ҳам мантиқан ўринли кўринади. Қуръон матни тадқиқоти унда арабларга қўшни бўлган қавмлар тилларига хос бўлган, аммо араблар учун тушунарли бўлган сўзлар ҳам учрашини кўрсатади. Бундай ҳолатлар ҳам Қуръон сура, оятларинииг тафсирига зарурат бор эканлигини кўрсатувчи ўринларидан ҳисобланган.

Қуръонни тафсир қилиш, яъни унинг сура, оятларини тушунтириб бериш тажрибаси, Муҳаммад алайҳиссалом даврлариданоқ бошланган эди. Сабаби у кишининг атрофидаги саҳобалар оятлар мазмунини тушуна олган бўлсалар-да, кўп ҳолларда муайян ибораларнинг мазмун-моҳиятини пайғамбар алайҳиссаломдан сўрар эдилар. Шу боис ўша даврдаёқ Қуръони карим оятларини тушунтириб берувчи манбалар ҳақидаги тушунчалар шакллана бошлади. Бундай манбаларнинг дастлабкиси ва энг асосийлари сифатида қуйидагилар эътироф этилади:

Қуръони каримнинг ўзи, яъни Қуръони каримда айрим оятларни бошқа баъзи оятлар орқали шарҳлаб, тушунтириб кетиш. Масалан, «Моида» сурасининг 1-оятида баён этилган мақсад шу суранинг 3-оятида тушунтириб берилади, “ал-Анъом” сурасининг 103-оятида илгари сурилган ғоя “ал-Қиёма” сурасининг 23-оятида шарҳланади. Бундай мисоллар Қуръони каримда жуда кўплаб учрайди. Шу сабабли Қуръон оятлари мазмунини очиб берувчи манбаларнинг дастлабкиси унинг ўзи ҳисобланади.

Иккинчи манба, албатта, пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзлари ҳисобланадилар. Чунки кўпинча саҳобалар муайян оятнинг мазмунини тушуна олмай Пайғамбар алайҳиссаломга мурожаат этганлар.

Учинчи манба сифатида саҳобаларнинг ўз фаҳмлари асосида ижтиҳод қилишлари эътироф этилади. Бунинг маъноси шуки, оятларнинг тушуниб бўлмайдиган ўринлари хусусида саҳобалар на матннинг ўзидан ва на пайғамбар алайҳиссалом ибратларидан жавоб топа олмасалар, ўз илм ва фаҳмлари асосида ижтиҳод қилганлар. Одатда бу зотлар асл араб қавмидан бўлиб, араб тилини мукаммал билганлар. Бу услубни қўллаган инсонлар сифатида, аввало, тўртта халифа “Хулафо ар-рошидин” лар – Абу Бакр Сиддиқ, Умар, Усмон ва Алилар, ундан кейин пешқадам саҳобалардан Ибн Масъуд, Ибн Аббос, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит, Абу Мусо ал-Ашъарий, Абдуллоҳ ибн аз-Зубайр, Аёс ибн Молик, Абдуллоҳ ибн Умар, Жобир ибн Абдуллоҳ, Абдуллоҳ ибн Умар ибн ал-Ос, Ойшалар зикр қилинади. Қуръон сура, оятларининг тафсирида саҳобалардан етиб келган хабарларга асосланиш, уларни ишончли манба деб қарашга бу зотларнинг мазкур оятлар эълон қилинган даврнинг гувоҳи бўлганликлари, у ёки бу оятларнинг юборилишига сабаб бўлган воқеаларнинг бевосита иштирокчиси бўлганликлари ва уларни аниқ билганликлари, қолаверса, Қуръон тили уларнинг она тиллари бўлганлиги билан изоҳланган.

Мўътабар тафсирлардан ҳисобланган “Тафсири Ибн Касир” асарининг муаллифи ал-Ҳофиз ибн Касир ўз асари муқаддимасида шундай ёзган: “Бирон оят тафсирини Қуръоннинг ўзидан ёки пайғамбар алайҳиссалом суннатларидан топа олмасак, саҳобаларнинг фикрларига мурожаат қилар эдик. Зеро, биз учун билишимиз муҳим бўлган ўша даврни улардан кўра яхшироқ биладиган одамлар йуқ. Чунки улар айни шу даврда яшаган, бу илмни ихлос билан тўғри эгаллаб, уни амалиётга тўғри татбиқ қилган зотлардир. Айниқса, уларнинг улуғлари ва билимдонлари бундай ишончга шубҳасиз лойиқдирлар»49.

Бу ўринда шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, гарчи тафсирга эҳтиёж илк ислом давриданоқ сезилган бўлса-да, бу даврда мазкур соҳада олиб борилган ишлар ёзма битиклар ҳолатига келтирилмаган. Тафсирлар битиш ҳижратнинг иккинчи асрига етгандагина амалга оширила бошланди. У даврларда оятлар тафсири ҳадисларнинг бир тури сифатида қабул қилинган бўлиб, айрим оятларнинг мазмунини ифода этишга қаратилган, холос.

Саҳобалар даврида Қуръон оятларини тафсир қилиш билан танилган алломалар бўлгани каби, тобеъинлар даврида ҳам бу соҳада шуҳрат қозонган кишилар пайдо бўлган. Бу даврда тафсир илми соҳасида қалам тебратган уламолар юқорида зикр этилган уч манба – бевосита Қуръони карим матни, пайғамбар алайҳиссалом ҳадислари ва ўз фаҳмлари билан қилган ижтиҳодларидан ташқари, ўзларидан олдин ўтган саҳобаларнинг ижодлари самарасидан ҳам фойдаланганлар. Тобеъинлар давридаги тафсирларнинг саҳобалар давридагидан фарқи шунда эдики, саҳобалар Қуръони каримнинг барча оятларини тафсир қилган эмасдилар. Улар ўз замонлари ва замондошлари учун тушунарсиз бўлган ўринларинигина тафсир қилган эдилар. Одамлар пайғамбар алайҳиссалом ва саҳобалар замонидан узоқлашганлари сари кейинги давр кишилари учун Қуръоннинг тушунарсиз ўринлари ортиб борди. Демак, тафсирнинг ҳажми ҳам орта бошлади. Тобеъинлар давридан кейинги пайтга келиб Қуръони карим матнини бошидан охирагача тафсир қилинадиган бўлди. Бу давр муфассирлари энди араб тили соҳасидаги илмларига таянган ҳолда аждодлардан қолган манбалар орқали эришган билимларига, зарур маълумотлар ва билим йиғиш воситаларига таянган ҳолда иш олиб бордилар. Тафсир илмининг шаклланиши ва ривожланишида ислом динининг янги минтақаларга тарқалиши, саҳобаларнинг дунёнинг турли томонларига сафар қилишлари ҳамда шогирдлар орттиришлари ҳам муайян ўрин тутди.

Жумладан, Маккада, айни шу тарзда Ибн Аббос янги тафсир мактаби шаклланди. У кишининг шогирдлари орасида Саъид ибн Жубайр, Мужоҳид, Акрама, Товус ибн Кайсан ал-Йаманий, Товус ибн Абу Раббоҳ кабиларнинг номларини зикр қилиш мумкин. Мадинада эса Убай ибн Каъб бошқаларга нисбатан самарали ижод қилди. Унинг шогирдлари орасида Зайд ибн Аслам, Абу ал-Олия, Муҳаммад ибн Каъб ал-Қуразийларнинг номларини келтириш мумкин. Ироқда эса Ибн Масъуд тафсир мактаби шаклланди. Бу мактаб вакиллари бўлмиш кўплаб тобеъинларнинг номлари танилиб кетди. Уларнинг орасида энг машҳурларидан Алқама ибн Қайс, Масруқ, ал-Асвад ибн Язид, Марра ал-Ҳамадоний, Омир аш-Шаъбий, Ҳасан ал-Басрий ва Қаттада ибн Даъама ас-Садусийларнинг номлари тарихда қолган.

Мазкур муфассирлар тобеъинлар даври вакиллари ҳисобланадилар. Улар тафсир илми соҳасида бой мерос қолдирдилар. Булардан кейин тафсир илми майдонига кириб келган муфассирлар бу меросдан самарали фойдаландилар. Шу билан бир қаторда, бу муфассирлар орасида айрим масалаларда турли фикрлар, тортишувлар, келишмовчиликлар вужудга кела бошлади. Натижада, тафсир илмининг шаклланиши ва ривожланиши жараёнида турли фикр ва йўналишлар юзага келган.

Тафсирларни, бошқа соҳаларда бўлгани каби алоҳида китоб шаклида ёзиб бориш умавийлар даврининг охири аббосийлар даврининг бошларида жорий бўла бошлади. Бу даврга келиб ҳадислар мавзуларга ажратилган ҳолда тўплана бошлади. Тафсирлар ҳам ҳадис тўпламлари бобларининг бири сифатида, яъни Қуръон тафсири боби сифатида ажралиб чиқди. Қуръон тафсирини ҳадислар тўпламининг алоҳида боби шаклида тузган муаллифлардан Язид ибн Ҳорун ал-Суламий (ваф. 736), Шуъба ибн ал-Ҳажжож (ваф.777), Вакиъ ибн ал-Жарроҳ (ваф.814), Раваҳ ибн Аббода ал-Басрий (ваф. 820) ва бошқаларнинг номларини зикр қилиш мумкин. Аммо мазкур муаллифларнинг асарлари бизгача етиб келган эмас.

Улардан кейин илм майдонига кириб келган муфассирлар тафсир илмини ҳадис илми таркибидан ажратиб, алоҳида исломий илм даражасига кўтардилар. Улар энди Қуръони каримни айни у ёзилган тартибда тўла тафсир қилиш тажрибасига ўтдилар. Тафсир илмини алоҳида илм сифатида ривожланишига хизмат қилган дастлабки муфассирлар сифатида Ибн Можжа (ваф 886 й.), Ибн Жарир ат-Табарий (ваф. 922), Абу Бакр ибн ал-Мунзир ан-Найсабурий (ваф. 930 й) ва бошқалар эътироф этиладилар.

Тафсир илми ўрта асрларда Мовароуннаҳр маънавий-маданий ҳаётида ҳам алоҳида ўрин тутди. Мовароуннаҳр алломалари тафсир илми соҳасида ҳам ниҳоятда самарали меҳнат қилдилар. Масалан, булар қаторида бутун ислом оламида калом илми асосчиларидан бири сифатида машҳур бўлган аллома Муҳаммад ибн Муҳаммад Абу Мансур ал-Мотуридий (ваф.945) нинг “Таъвилот аҳл ас-сунна” номли асари ҳадис илмида номи бутун ислом дунёсига танилган Нажмуддин Абу Ҳафс Умар ан-Насафий ас-Самарқандий (ваф.1142) нинг “Тайсир фи ат-тафсир” (“Тафсирни енгиллатувчи”) деб номланган тафсири, фиқҳ илмининг йирик намояндаларидан бўлган Абу-л-Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ан-Насафийнинг “Мадорик ат-танзил фи ҳақойиқ ат-таъвил” (“Нозил бўлганга етишиш ва шарҳлаш ҳақиқатлари”) номли асари ва яна бир қатор бошқа алломаларнинг тафсирларини келтиришимиз мумкин. Бу асарлар ислом оламида ҳанузгача қимматли манбалардан ҳисобланади50.

Ислом дини ва исломий илмлар тараққиёти тарихида ўзига хос ўринга эга бўлган минтақамиз алломаларидан яна бири Маҳмуд ибн Умар Абул Қосим Жоруллоҳ аз-Замаҳшарийдир. Манбаларда бу зот араб тили грамматикасининг уста билимдони, адиб, шоир, муфассир, мутакаллим, фақиҳ бўлганликлари ҳақида маълумотлар келтирилади. Аллома ниҳоятда бой илмий мерос қолдирган бўлиб, улар илм соҳасининг турли йўналишларини қамраб олган.

Унинг кўпгина асарлари қаторида тафсир илмига бағишланган “ал-Кашшоф” (“Очувчи”) номли асари ҳам жуда машҳурдир. Манбаларда аз-Замаҳшарий маълум муддат Маккада истиқомат қилгани, ва шу боис, “Жоруллоҳ” лақабига эга бўлгани хабар қилинади. Маҳмуд Замаҳшарий шахсиятининг, шу жумладан, у киши яратган тафсирнинг ўзига хослик томонлари бор.

Маълумки, Замаҳшарий фиқҳий мазҳаблардан ҳанафия мазҳабига мансуб бўлгани ҳолда эътиқодда муътазилий бўлган. Мана шу сабаб аксарият сунний мусулмонларда у кишининг шахсияти ва илмий меросига нисбатан бирмунча ноанъанавий муносабат шаклланишига сабаб бўлган.

Кейинги авлод алломанинг турли соҳалардаги асарларига, айниқса, араб тили, унинг грамматикаси ва луғатларига катта қизиқиш ва эҳтиром сақлагани ҳолда, у кишининг айни тафсирига нисбатан унчалик ижобий муносабатда бўлмаган. Айрим манбаларда баъзи ҳанафия мазҳаби фақиҳлари мусулмонларни бу тафсирни ўқишдан қайтарганликлари ҳақидаги хабарлар ҳам учрайди.

Маҳмуд Замаҳшарий тафсирининг тўлиқ номи “ал-Кашшоф ан ҳақоиқ ғавомизи-т-танзил ва уйуни-л-ақовил фи вужуҳи-т-таъвил” (“Нозил бўлган нарсалар ва айтилган сўзларнинг ҳақиқатини таъвил юзасидан очиб берувчи”) деб аталади. Алломанинг буюк тилшунос ва адиб бўлганлиги тафсирда муътазилия руҳиятини сингдиришнигина эмас, балки ўзининг рақибларига усталик билан жавоб қила олишини ҳам таъминлаган. Мазкур тафсирдаги муайян эътиқодий ёндашиш аксар мусулмонлар эътирозига сабаб бўлганлигига қарамай, муаллифнинг Қуръони каримдаги маъно гўзалликларини нутқ, баён, луғавий ва адабий жиҳатлардан маҳорат билан очиб берганлигини барча баравар эътироф этади. Аллома муфассирлар учун бундай хусусиятлар зарурлиги ҳақида фикр билдириб, асар муқаддимасида, Қуръони карим ҳақиқатини очиб беришга жазм қилган киши Қуръон илмига хос бўлган икки илмни Қуръон маънолари илми ва унинг баёни илмини мукаммал билиши зарур эканлигига ишора қилади. Қуръон тафсирига қўл уришни ихтиёр қилган кишилар олдига бундай талаблар қўйган алломанинг ўз тафсирини шу соҳаларда юқори илмга эга бўлган ҳолда амалга оширгани яққол сезилиб туради. Шунинг учун ҳам, бизнинг назаримизда, муаллиф асарида ҳар қандай эътиқодий зиддиятлар ва улар руҳиятини акс этгирганидан қатъи назар мазкур тафсир гўзал тил услуби ва юқори маҳорат билан амалга оширилганлиги билан Қуръони каримга ёзилган тафсирлар қаторида алоҳида ўрин тутади.

Хулоса қилиб айтганда, аллома Маҳмуд Замаҳшарийнинг илмий мероси, хусусан, тафсир илми соҳасидаги изланишлари ўрта асрларда тафсир илми ривожида муносиб ўрин тутгани билан бир қаторда, минтақада кечган тарихий жараёнларни, ислом тарихини ўрганиш ва тадқиқ этишда ўзига хос манба бўла олишлиги билан муҳимдир.
3-01. Маҳмуд Замаҳшарийнинг “Ал-Кашшоф” асари ва унинг Ўзбекистондаги нусхалари

VIII асрнинг 1- ярмида нозил бўлган Қуръон мусулмонларнинг муқаддас китоби ҳисобланиб, у ўз тарихий ва маданий аҳамияти билан бутун Шарқ халқларининг маънавий ва ижтимоий тараққиётига катта таъсир кўрсатди. Бир томондан, Қуръоннинг ўша давр классик араб тилига хос мураккаб услуб ва тилда насрий сажъ шаклида ёзилганлиги, иккинчи томондан, мазмун ифодасининг чуқур ва кенг қамровлиги, табиийки бу тарихий ёдгорликни тўлиқ тушуниб англашни қийинлаштирган. Араб тилини билган ҳар бир киши ҳам уни тўғри ва тўлиқ тушуниши қийин бўлган. Шу сабабларга кўра зарурат туфайли ўрта асрлардан бошлаб Қуръонни тафсир ёки шарҳ билан ўқиш одат тусини олган. Шу сабабдан ҳам Қуръон нозил бўлган даврдан эътиборан унга бағишланган тафсирлар, шарҳлар ёзишга катта эҳтиёж сезилган. Турмуш тақозоси билан мана шундай вазиятда ислом тарихида Қуръонга бағишланган кўплаб тафсирлар, шарҳлар вужудга келган.

Бу улуғ тафсир илми Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг даврларида юзага келган. Чунки, у зоти бобаракот одамларга Қуръони Каримнинг маъноларини ўз суннатлари ила баён қилар, саҳобаларнинг Қуръон оятлари маъноси тўғрисидаги саволларига жавоб берар эдилар. Саҳобаи киромларга тафсир илми Пайғамбар (с.а.в.)дан мерос қолди. Лекин уларнинг бу илмдаги даражалари турлича эди. Шунинг учун ҳам, улардан кимки баъзи оятларнинг маъносини англашда ўзида ҳожат сезса, ўзидан олимроқ бошқа саҳобалардан сўраб олар эди.

Маҳмуд Замаҳшарий ҳам ўзидан олдин ёзилган Қуръонга аталган тафсирларни қунт билан ўрганиб, ўз асарида улардан унумли ва танқидий равишда фойдаланган. Натижада мукаммал бир тафсир, яъни “Ал-Кашшоф ” вужудга келган.

Маҳмуд Замаҳшарий бу асарни ёзишга алоҳида эътибор берди, чунки Қуръони Каримга бағишлаб тафсир ёзиш ниҳоятда шарафли ва мушкул ишдир. Бу мураккаб ишни қилиш учун киши, Қуръоний илмлар ва пайғамбар алайҳиссалломнинг ҳадисларидан чуқур билим олган, Расулуллоҳнинг ҳаётлари ва у кишининг сийратларидан ҳаққоний ва ишончли билимга эга бўлмоғи лозим. Алломанинг ўзи бу ҳақида ўз асарида шундай ёзган: “Қуръони каримга хос бўлган икки илм-илм ал-маоний ва илм ал-баёнда ўткир илм соҳиби бўлган одам бу ишни уддасидан чиқиши мумкин ”51.

“Ал-Кашшоф”нинг мазмун-моҳияти тўғрисида У.Уватов шундай ёзади: “ Макка амирининг кўрсатган ҳайрихоҳлик ва ёрдами туфайли ўша пайтда маълум бўлган барча Қуръон-тафсирлари ва шарҳлари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлган.” Мазкур тафсир ва шарҳлардан оқилона фойдаланган “Ал-Кашшоф”ни яратди. Асарда, айниқса, Қуръоннинг филологик таҳлилига катта эътибор қаратилган, шунинг учун ҳам унинг филологик қиммати бениҳоя каттадир”52.

У Уватовнинг яна таъкидлашича Қоҳирадаги Айн Шамс дорилфунунинг профессори Мустафо ал-Жуванийнинг “Манҳаж аз- Замаҳшарий фи тафсир ал-Қуръан” (“Қуръон тафсирида усуллари”) асари “Ал-Кашшоф”га бағишланади. Жуванийнинг эътироф этишича, Замаҳшарийнинг буюк хизмати шундаки, у ўз тафсирини ёзишда ҳар хил сабабларга кўра бизгача етиб келмаган тафсир, ҳадис, фиқҳ, илм ал-қироат, наҳв, адаб ва бошқа илмларга оид ўша пайтда машҳур бўлган кўплаб манбаалардан фойдаланиб, ўз тафсирини бойитган. Шу сабабдан ҳам йўқолиб кетган зикр қилинган асарлар ҳақида маълумот ва тасаввурни замонавий тадқиқотчилар фақат Замаҳшарийнинг “Ал-Кашшоф”дан оладилар53.

“Ал-Кашшоф” асари мусулмон дунёсида ҳозиргача ўз аҳамиятини сақлаб келмоқда. Тафсирнинг машҳурлиги қўлёзма нусхаларининг кўплигидадир. “Ал-Кашшоф”нинг нусхалари ҳозирда Миср, Теҳрон, Бағдод ҳамда Оврупа кутубхоналарида ҳам тафсир қўлёзмалари сақланади. Жумладан бу қўлёзманинг нусхалари бизда ҳам мавжуд. Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлар идораси кутубхонасида №317-рақам остида 1274 йилда кўчирилган нусхаси сақланади. “Ал-Кашшоф” тафсирининг Ўзбекистон Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар жамғармасида бир неча қўлёзма нусхалари сақланади. Улардан Муҳаммад ибн Али ал-Мафохирий томонидан насхда кўчирилган мукаммалроқ бир нусхаси П№4458-ашёвий рақамда сақланади. Кўчирилган санаси қўлёзманинг ўзида “Ҳижрий 794 йили рабиул-аввал ойи” деб кўрсатилган. Бундан ташқари, асарнинг №1909 рақам остида 763 саҳифадан иборат 1433 йилда Муҳаммад бин Муҳаммад ал-Козируни томонидан насхда кўчирилган нусхаси, №2324 рақам остида 257 саҳифадан иборат асли Тошкентлик ҳаттот Аҳмад бин Маҳмуд аш-Шоший томонидан насхда кўчирилган нусхаси, №4464 рақам остида 199 саҳифадан иборат 1317 йилда Амир Қавомиддин ал-Атқоний томонидан насхда кўчирилган нусхаси, №6043 рақам остида 446 саҳифадан иборат 1420 йилда Абдураҳмон ибн Абу Бакр томонидан насхда кўчирилган нусхаси, №6048 рақам остида насхда кўчирилган 335 саҳифадан иборат нусхаси (кўчирувчиси номаълум), №7946 рақам остида 489 саҳифадан иборат 1649 йилда кўчирилган (кўчирувчиси номаълум) нусхаси, №7949 рақам остида 470 саҳифадан иборат 1420 йилда Абдураҳмон ибн Абу Бакр томонидан насхда кўчирилган нусхалари ҳозирги кунга қадар сақланиб келинмоқда.

Маҳмуд Замаҳшарийнинг тафсир бобида ягона "ал-Кашшоф" асари Маккада ёзилган. Мана шу асарни 526-ҳижрий йилда ёза бошлаган ва икки ярим йил сарфлаган. Бу ҳақда унинг ўзи “Ал-Кашшоф” нинг муқаддимасида шундай езади: “Аллоҳ ўзи ҳидоят йўлига бошлаб ушбу асарни Абу Бакр ас-Сиддиқ (р.а.) халифалик қилган муддатда ёзиб тугатишни муваффақ қилди”.54 Биз биламизки, Абу Бакр (р.а.) халифалик қилган муддати икки йил уч ойу ўн кунга тўғри келади.

Алломанинг “Ал-Кашшоф” асари алломанинг ўз эътирофи билан муътазилийлик мазҳаби ақидасига мувофиқ ёзилган бир тафсир бўлсада, у алоҳида эътиборга молик. Қуръоннинг мўжизавий сирлари, таркиби, гўзаллиги ва балоғат-фасоҳатдаги юқори даражаси аллома томонидан далиллар асосида кўрсатилган. Бундай юксак қобилиятнинг асосий сабаби Замаҳшарийнинг жуда кўп илм соҳасида, хусусан, араб тилининг жозибадорлиги, ундаги балоғат, фасоҳат, баён, эъроб, наҳв, сарф, қироат илми соҳаларига тенги йўқ этук олим эканлигидир. Яна нозик ақл- идрок соҳиби, мунаввар қалб, олижаноблик салоҳиятига эга эканлигида ҳамдир.

У ғоятда журъатли бўлганидан ҳам Қуръон карим (махлуқ)дир, деб очиқ-ойдин айтаверардики, бу муътазила мазҳабининг фикри эди. Аҳвол шу даражага бориб етдики ҳатто ушбу тафсир муқаддимасини

الحمد لله الذي خلق القرءان كلاما

«алҳамду-лиллоҳи аллазий халақа ал-Қуръан» («Қуръонни яратган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин») деб бошламоқчи бўлади, лекин дўстлари уни бу фикрдан қайтариб: «Агар шундай қилсанг одамларнинг нафрати қўзғалиб, унда бу тафсирнинг ҳеч бир нафи бўлмайди», - деб туриб олдилар. Ана шундан кейингина муътазилия оқимидаги ўта тақводор бу инсон фақат одамларга фойдасию нафи бўлишлиги юзасидан ўз фикридан қайтиб, асар муқаддимасида



الحمد لله الذي أنزل القرءان كلاما

«алҳамду- лиллаҳи аллазий анзала ал-Қуръон» («Қуръонни нозил этган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин») деб ёзишга розилик билдирган.

Муътазилийлик руҳидаги бу асарда Қуръоннинг яратилгани ғояси ифодаланганлигидан бошқа Тавҳид (яккахудолик) тушунчасини, бундан ташқари Аллоҳ сифатларини ҳам муътазилийлар нуқтаи назаридан талқин қилган. Асар Қуърон матнини чуқур филологик таҳлил қилинганлиги билан қимматлидир. Бу асар дунёнинг турли шаҳарларида қайта-қайта нашр қилинган. Мусулмон аҳли, олимлар ундан ҳозиргача муҳим дастур сифатида фойдаланадилар.

нинг ҳаётининг сўнгги йиларида ушбу тафсирга қўл уриши бир жиҳатдан, имондан бўлса, иккинчи жиҳатдан , муайян диний омиллар таъсирида содир бўлган.

“Ал-Кашшоф” нинг ўз ёзилиш сабаблари ҳам бўлиб, муаллиф ўз асари муқаддимасида шундай ёзади: “Араб тили ва дин билан шуғулланувчи фозил ишилар бирор оятни шарҳлаш учун доимо менга мурожаат қилганларида, мен бу оятлардаги баъзи бир берк маъноларини очиб беришга ҳаракат қилардим. Тафсирни эшитиб, улар хурсандликларини ичларига сиғдира олмай, таажжубда қолардилар ва мен қўллаган усулларнинг барчасини ўзида мужассам қилган бир тафсир китоби кераклигини интиқлик билан гапирардилар, ҳатто, “Қуръондаги берк ҳақиқатларни ва уларни шарҳлаш орқали ривоятларнинг кўзларини очиш” борасида сабоқлар беришимни илтимос қилардилар”.55

хаёлида унинг услуби билан қизиқиб қолган омма ёзилажак тафсир китобини интиқлик билан кутиб тургандек ва бундай руҳий-маънавий муҳит уни Аллоҳга яқинлашувидан бошқа нарсага машғул қила олмайдигандек эди. шундай йўл танладики, у йўл аввалги оғзаки тафсиридагидек кенг ва тафсилий эмас, балки, қисқа, мўжаз тафсир усули эди. Унинг бундай йўл тутишига сабаб, биринчидан 60 ёшдан ошганлиги, иккинчидан, Қуръонни бутун тафсир қилишни ўз олдига вазифа қилиб қўйганлиги ва учинчидан, омма у амалга оширмоқчи бўлган ишнинг самарасини зўр иштиёқ билан кутиб турганлигидадир. Мана шу сабаблар Маҳмуд Замаҳшарий китобини мумкин қадар мўжаз, тушунарли қилишга ундади.

Ҳақиқатан ҳам Маҳмуд Замаҳшарий муфассирга зарур бўлган барча василаларни жамлаб, ўзининг улуғ тафсирини ёзиб тугатиб, одамлар эътиборига ҳавола қилди. Маҳмуд Замаҳшарий ўзининг бу тафсири барча фазилатларни жамлаган асар бўлганини, барча олимлар ҳузурида ҳусни қабулга муносиб кўрилганини билгач, Аллоҳнинг бундай неъмати ва иноятига шукрона келтириб ушбу ғазални ёзди:

Дунёда тафсирлар сону саноқсиз,

Улар орасида Кашшоф сафодир.

Агар сен ҳидоят қидирсанг, ўқи!

Жаҳл бир касаллик, Кашшоф шифодир. 56

Шу ўринда яна бир маълумотни эътироф этиш лозим. Қуръон оятларининг 6000 таси барча уламолар ва муфассирлар томонидан тасдиқ қилинган, ундан зиёдасида эса турли фикрлар мавжуд. Масалан: юртдошимиз, улуғ аллома Абулқосим Жоруллоҳ Маҳмуд Замаҳшарий ибн Умар Маҳмуд Замаҳшарий «Ал-Кашшоф» номли машҳур тафсирида ёзишича, Қуръони карим 114 сура, 6666 оят, 77. 439 сўз, 325. 343 дона ҳарфдан таркиб топган.57

Хулоса қилиб айтганда, ҳамюртимиз, тафсир соҳасининг улуғ шайхи Жоруллоҳ Замаҳшарийнинг «Ал-Кашшоф» тафсири ислом оламидаги барча тафсирлардан ёзилиш услуби, балоғат ва фасоҳати нуқтаи назаридан олий даражадаги тафсирдир. Демак, Маҳмуд Замаҳшарий сингари улуғ олимларнинг эътиборли тафсирларидан, эътиқодий адашувларини назардан қочирмаган ҳолда, илмий-танқидий ва қиёсий жиҳатдан жиддий ўрганиш ва керакли ўринларда улардан истифода этиш фойдадан холи бўлмайди.
3.2. Маҳмуд Замаҳшарийнинг Қуръони карим сура ва оятларини тафсир қилиш услуби

Маҳмуд Замаҳшарий Ал-Кашшоф асарини яратишга бошқа биронта ҳам китобига кўрсатмаган алоҳида эътибор билан ёндошди. Чунки Қурони каримга бағишлаб тафсир ёзиш - бу ғоятда шарафли ва жиддий ишдир. Бу мураккаб ишнинг юқори нуқтаси шундан иборатки, илм ал-баён ва унинг завқидан юксак малака ҳосил қилмаган, Қуръоний илмлар ва пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадисларидан чуқур билим олмаган, Расулуллоҳнинг ҳаётлари, у зоти шарифнинг сийратларидан ҳаққоний ва ишончли билимга эга бўлмаган киши Қуръони Каримга тафсир ёзишга журъат этолмайди. Шулар билан бирга муфассир катта ақл- идроккаю мунаввар қалбга, ҳассос руҳий салоҳиятга ҳам эга бўлиши зарур.

Мана шулар Қуръони Карим тафсирига киришиб, унинг иъжозий (Қуръоннинг идрок этиши қийин мўъжизалари) ўринларю унинг балоғати сир-асрорини билишни истаганларнинг сифатлариридир. У ўзини камсуқумлик билан ушбу билимлар майдонининг оқибатларидан (яъни эгаллаганлардан) эмас, деб ҳисобларди ва шу боисда ҳам у ўз фаолияти бунга қодир эмас, деган андиша билан ушбу маслакдан қадам босиш хусусида фикр ҳам қилмаганди. Лекин муътазилий оқимига мансуб ўз биродарларига Қуръони Карим маъноларини ўргатди, улар араб тили ва дин усуллари илмларини ўзлаштирган эдилар. Кейин Замаҳшарий уларга Қуръон Карим оятларини тафсир қилиши билан ушбу гуруҳдагиларни ҳайратга солгач, улар унинг бу ишга муносиблигига ишонч ҳосил қилиб, ундан ўзлари учун Қуръони Карим сирларини очадиган бир тафсир ёзишни илтимос қилиб сўрадилар.

Лекин, аввалига, Замаҳшарий бу ишнинг улканлигидан дан узр билдирган билан, улар роса ўтиниб сўрагач, улар ал-Бақара сурасини имло қилади ҳамда бошқалар унга тақлид қилиб, унинг йўлига эргашиш учун фақат шу бир сура тафсири билан кифояланади. Аллома ўзи имло қилиб берган ал-Бақара сурасининг тафсирида тафсилотини ҳам шарҳлаб, шу билан чегараланганди; зеро унинг ёши хам кексалик томон шиддат билан шошиларди. Алқисса, унинг жидду жаҳдини ҳаракатга келтириб, у бошлаган ишини тамомига етказишида бир ҳодиса рўй берди. Бу шундан иборат эдики, Замаҳшарий Байтуллоҳ ал-Ҳарамга иккинчи марта қайтиб мужовирликни иродат этган бўлиб, ҳар гал илм аҳлларидан иборат бир тоифа ёнидан ўтганда ўзи битган тафсирини ўқиш завқи пайдо бўларди. Қачонки у Аллоҳ таоло амниятни муяссар кўрган Маккаи мукаррамада макон тутиб ўргангач, Макканинг амири (шарифи) Абу-л-Ҳасан Али ибн Ҳамза ибн Ваҳҳосни учратиб - у эса олимнинг қалбида юксак мақомни эгаллаган инсон эди - аз- Ҳижоздан ғойиб бўлган пайтида дилида юз берган фироқлик аламларию аз- имло этган Қуръони Карим тафсиридан ўша бир бўлакни (ал-Бақара сурасини) эшитиш учун ҳатто чўлу биёбонларни босиб Хоразмга, унинг ҳузурига келишгача тайёр бўлганини сўзлайди ва олимдан бошлаган тафсирини охирига етказишни илтимос қилади.

Ўзи бошлаган (хайрли) ишни поёнига етказиш зарурат эканлигини аниқ бўлди. Лекин бу вазифани ўзи бошлаган услубда уддалаш учун жисмоний қувватни қаердан олади – ёш ҳам еттинчи ўнликка (етмишга) ўтиб қолганди. Бу ҳақда алломанинг ўзи: «Араблар даққоқат арриқоб» (ўлим) деб атайдиган ўнлик (олтмиш)ни уриб қўйибман. Шу боис кўпдан-кўп фойдали мулоҳазалар ва сирларни чуқур тадқиқ қилиш кафолати билан олдинги услубга қараганда мухтасарроқ бир йўлни танламадим»,- деб ёзади. Натижада, аллома ушбу тафсирни икки йилдан камроқ вақтда ёзиб тугаллади. Шу пайтда у Байтуллоҳга мужовир (қўшни) яшаб, ўз дўсти Макка амири Ибн Ваҳҳос билан яқин муносабатда бўлди. Бу ҳақда унинг ўзи ҳикоя қилиб: «Ҳар бир оятнинг ана шу ал-Байт ул-Муҳаррам (муқаддас уй)нинг мўъжизаларидан, менга тўлиб-тошиб насиб бўлган барака эса мана шу ал-ҳарам ал-Муаззамнинг баракатларидандир», - деб таъкидлаган.

Маҳмуд Замаҳшарий яратган тафсир, ундан бошқа тафсирларда бўлмаган фазилатлар билан ажралиб туради. Чунончи муфассир Қуръони каримдаги балоғат сирлари ва унинг ўта нозик иъжозларини яхши билади. Ундан муқаддам ҳеч бир кишининг ақл-идроки бу муаммоларни ҳал этишга етмай, фақат у шундай пок мақомга етишди. Маҳмуд Замаҳшарийдан кейин яшаб Қуръони Каримга баёний тафсир ёзганлар ундан жуда кўп иқтибос қилдилар. Улардан баъзилари, гарчанд унинг даражасига етмаган бўлсаларда, тақлид қилиб унга эргашиб тафсир битдилар, лекин аслий ва тақлидий фикрлар орасидаги фарқ очиқ-ойдин кўриниб турарди. Бирон муфассир ҳам унинг тафсири даражасига болиғ бўла олмади, Замаҳшарий етган буюк таъбирни изҳор қила олмади.

У, энг аввало, маънони зикр қилиб, шундан кейин ان قلت «агар айтсангиз» (ин қулта) деб бу маъно хусусидаги бошқалар баҳсини келтиради. Ана шулардан кейин ўзи жавоб қилиб قلت“мен дедим” (қулту) деб ўз фикрини билдиради. Мана шу услубни аз- ал-Бақара сурасидан бошлаб қўллаган эди. Бу услуб муътазилия оқимидагиларга хос бўлган муноқаша ва мунозарага риоя қилишнинг ўзи эдики, чиндан ҳам улар бу масалада (мунозарада) ўта қобилиятли олимлар эдилар.

Маҳмуд Замаҳшарий тафсири ўзига хос услубда ёзилган бўлиб, Қуръоннинг бошидан охиригача шарҳланган. Тафсир Қуръон тартибига биноан тузилган. Оятларни шарҳлашда, кўпинча, аввл грамматик жиҳатдан таҳлил этади. Сўнг 7 турдаги қироат билан бирга, бошқа қироатлардан ҳам фойдаланади. Маҳмуд Замаҳшарий бошқа муфассирлар сингари Қуръони каримнинг ўзидан фойдаланиб шарҳлайди. Чунки, Қуръонда бир оят бошқа бир оятни янада очиб берадиган ҳолатлар кўлаб топилади. Масалан, «Моида» сурасининг 1-оятида баён этилган мақсад шу суранинг 3-оятида тушунтириб берилади, «ал-Анъом» сурасининг 103-оятида илгари сурилган ғоя «ал-Қиёма» сурасининг 23-оятида шарҳланади58. Унинг тафсирида кўпроқ ўз ижтиҳодини ишлатишини кўришимиз мумкин. Шунингдек, Пайғамбар (с.а.в.) ҳадислари, саҳобий ва тобеъийлар ривоятларидан ҳам фойдаланиб, шарҳни янада очиб беради.

Масалан;

وَبَشِّرِ الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ أَنَّ لَهُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِنْ تَحْتِهَا الأنْهَارُ كُلَّمَا رُزِقُوا مِنْهَا مِنْ ثَمَرَةٍ رِزْقًا قَالُوا هَذَا الَّذِي رُزِقْنَا مِنْ قَبْلُ وَأُتُوا بِهِ مُتَشَابِهًا وَلَهُمْ فِيهَا أَزْوَاجٌ مُطَهَّرَةٌ وَهُمْ فِيهَا خَالِدُونَ

“Имон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларга остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатдан хушхабар беринг”59 ояти шарҳи давомида ҳадисдан келтириб шундай дейди: “Бу оятдаги хушхабар бериш Пайғамбар (с.а.в.)га ҳам бошқаларга ҳам бирдек буюрилгандир. Мисол қилиб Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) шундай деганларини айтиш мумкин: “Қоронғуда масжидларга пиёда борувчиларни қиёмат кунида мукаммал нур эгаси бўлишларидан башорат беринг”. Яъни Пайғамбар (с.а.в.) хушхабар беришни саҳобийлардан бир кишига алоҳида буюрмадилар. Ҳар бир киши хушхабарни бошқа кишига айтиши мумкин. Мана шундай шарҳ бериш афзал. Чунки, бунда башорат беришнинг улуғлиги учун ҳар бир хушхабар беришга қодир киши бу ҳуқуққа эга бўлади”60.

Маҳмуд Замаҳшарий тафсири қилишдаги услубининг энг эътиборли жиҳатларидан бири унинг араб балоғати ва фасоҳати имкониятларидан кенг фойдаланишидир.

“Фурқон” сураси шарҳида шундай дейди:

وَهُوَ الَّذِي مَرَجَ الْبَحْرَيْنِ هَذَا عَذْبٌ فُرَاتٌ وَهَذَا مِلْحٌ أُجَاجٌ وَجَعَلَ بَيْنَهُمَا بَرْزَخًا وَحِجْرًا مَحْجُورًا 


“ (Аллоҳ) икки денгиз (дарё)ни буниси жуда чучук, униси жуда шўр қилиб оқизиб қўйган ва уларнинг ўртасида тўсиқ ва пухта парда қилиб қўйган зотдир”61.

“Аллоҳ кўп сувли жойни икки денгиз деб номлади. Фурот етарли даражада чучук бўлиб, шириндир. Оятдаги “ужжож” (“аччиқ”) унинг тескарисидир. Уларни ёнма-ён, бир-бирига ёпишган ҳолда ётқизиб қўйган. Аллоҳ ўз қудрати билан, уларни бир-бирлари билан аралашиб кетишидан сақлаб, уларнинг орасини ажратиб қўйган. Бу унинг қудратининг буюклигидандир. Уларнинг ўртасидан ўз қудрати билан кўринмас парда-тўсиқ қўйди. “Ҳижран машжуро”нинг маъноси нима деб сўрасангиз, жавоб шуки: бу сўз паноҳ тиловчи кишининг иборасидир. Бу ерда бу ибора мажозий тарзда келган. Худди иккала денгиз ҳам бир-биридан паноҳ сўраётгандай. Бири иккинчисига ўтиб “ҳижран машжуро” дейди. Бошқа бир оятда иккала денгиз бир-бирига ўтиб аралашиб кетмайди, дейилган. Бу ерда эса, “бир-бирига босиб ўтиш”, “паноҳ сўраш” билан ифодаланган. Уларнинг ҳар бири иккинчиси учун босиб келувчи сифатида бўлиб, бири иккинчисининг босиб келишидан паноҳ сўраб туради. Бу оят истиора ва балоғатнинг гўзал намунасидир”62.

Шунингдек, унинг ўзи бирор оятни янада ойдинлаштириш учун эркин тарзда мисол ҳам келтиради.

“Фуссилат” сураси 34 оятига қуйидагича шарҳ беради:

وَلا تَسْتَوِي الْحَسَنَةُ وَلا السَّيِّئَةُ ادْفَعْ بِالَّتِي هِيَ أَحْسَنُ فَإِذَا الَّذِي بَيْنَكَ وَبَيْنَهُ عَدَاوَةٌ كَأَنَّهُ وَلِيٌّ حَمِيمٌ
 “Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ёмонликни) гўзалроқ (муомала) билан даф қилинг! (Шунда) бирдан сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ (қалин) дўстдек бўлиб қолур”63.

“Яъни яхшилик ва ёмонлик бир-бирига яқин нарсалардир, яхшиликни ол, у ўзига яқин бўлган ёмонликдан афзалдир. Сен баъзи душманларингдан келаётган ёмонликни яхшилик билан даф қил. Масалан: Агар бир киши ёмонлик қилса, яхшилигинг уни кечиришингдир. Энди энг яхши ёки яхшироқ нарса билан даф қилишинг эса, унинг ёмонлигига яхшилик қилишингдир. Масалан; у сени хорласа, уни мақташинг, болангни ўлдирса унинг боласини душман қўлидан сақлаб қолишингдир. Агар шундай қилсанг, душманинг яқин дўстга айланади. Аллоҳ бу ишни фақат сабр аҳли ёки яхшилик манбаидан энг кўп насибага эришган кишигагина насиб қилади, демоқда.64

«Ал-Кашшоф» асарида ал-Бақара сураси муфассал тафсир этилсада ундан сўнгги оятлар мухтасар ҳолда баён этилган. Муаллифнинг ўзи бунинг сабабини баён қилган. Ал-Бақара сурасига ёзилган тафсир у куч-қувватга тўлган пайтда, қолган (иккинчи) қисми эса кексалик пайтида ёзилиб, уни муаллиф тақдир тақозоси (вафоти)дан олдин тугатишни иродат этганди. Шу боисдан ҳам ҳисоблаб кўрилса, тафсирнинг тугатиш зарурати билан боғлиқлиги аниқ бўлади. Шу нарса қизиқарлики, Замаҳшарийга эргашганлар ва унга тақлид қилганлар, у нимани аъло даражада бажарган бўлса, улар ҳам аъло даражада қилганлар. У нимани рад қилган бўлса, улар ҳам рад қилганлар. У бу услубнинг узрли томонларини топган, лекин кейингиларда ҳеч қандай узрли ҳолат бўлмай, бу фақат улар фаолиятининг заифлиги, иқдори етишмаганлиги ва идрокининг йўқлигидан эди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:

“Кимда ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай” (Нисо,93).65

Маҳмуд Замаҳшарий ушбу оятни тафсир қилар экан, қуйидаги ибораларни келтиради: “ Ушбу оятнинг мазмун-моҳиятига кўра, Аллоҳ таоло гуноҳи кабира қилгувчиларни астойдил тавба қилмасалар, уларни асло кечирмайди”. Бунга оятдаги далил қани деб сўралса, قللت (қулту) айтаманки: “Оятдаги “кимда-ким ўлдирса” сўзидир. Чунки Аллоҳ таоло тавба қилган киши билан тавба қилмаган кишини ажратмасдан “кимда-ким” иборасини келтирди. Аммо гуноҳи кабира қилгандан кейин тавба қилгувчилар эса, бошқа оят билан булардан мустаснодир. Кимки, гуноҳи кабира аҳли тавба қилмаса ҳам, гуноҳлари кечирилади деса, далилини келтирсин”66.

Барчамизга маълумки, аҳлу-сунна ва-л-жамоа маҳабининг ақидасига кўра, Аллоҳ таоло катта-ю кичик, барча гуноҳларни тавба қилиш шарти билан авф этади. Энг катта гуноҳлардан ҳисобланган қотилликни амалгам оширганлар ҳам жаҳаннамда абадий қолмайди. Аллоҳ, уларни қалбларидаги имонлари билан, барибир, жаннатига киритади.

Муътазила ақидасига кўра, қотиллик каби катта гуноҳ қилганлар астойдил тавба қилмасдан туриб, ўлиб қолса, улар жаҳаннамда абадий қоладилар, жаннатга эса, асло кира олмайдилар. Маҳмуд Замаҳшарий оятдаги ушбу тафсир билан ноҳақ одам ўлдирган ёки шу ниятда бўлган кимсаларнинг қилмишларига чек қўйилганлигини кўрсатади.

Буюк мутафаккир Маҳмуд Замаҳшарийнинг мазкур оятга берган тафсири тасаннога лойиқдир.

Аллоҳ таоло ояти каримада яна шундай марҳамат қилади:

“Сиз (бундан) олдин на Китобни (Қуръонни) ва на имоннинг (моҳиятини) билгувчи эдингиз” (Шўро,52)67.

Мутафаккир мазкур оятни савол-жавоб тариқасида тафсир қилиб айтадики: “Агар айтсангиз, Расулуллоҳга ваҳий келишидан илгари Қуръони карим нималигини билмас эдилар, бу тўғри, имон нималигини билмас эдилар деган оятни қандай тушунамиз, чунки ҳар бир пайғамбар ҳеч қачон имондан, тавҳиддан жудо бўлиши мумкин эмаску”. قللت “Айтаманки” (“Қулту”) … - деб сўз бошлайди мутафаккир ушбу саволга жавобан, … имон кўп нарсаларни ўз ичига олади. Уларнинг баъзиларига ақл-идрок билан эришиш мумкин бўлса, баъзиларига эса, фақат илоҳий ваҳий орқалигина эришиш мумкин. Оятдаги “Имон нималигини билмас эдинг”, дегани илоҳий ваҳий орқали эришилган томонини билмас эдинг деганидир… Аммо ақл-идрок билан англаш мумкин бўлган томони эса, Расуллуллоҳда мавжуд эди. Бақара сурасининг 143-оятидаги имон калимаси намоз маъносини билдиради. “Албатта, имон намозни тақозо этади68

Аллома ушбу тафсири орқали Пайғамбар (с.а.в.)ни, унга араб тилининг нозик жиҳатларини билмаган нодонлар томонидан нисбат берилиши мумкин бўлган жоҳиллик сифатидан поклайди. Биргина шу мўжазгина тафсирдан ҳам Маҳмуд Замаҳшарийнинг нақадар юксак салоҳият ва илмий даража соҳиби эканлиги аён бўлади. Чунки олим оят тафсирига нафақат ўз ақл-идроки билан, балки уни бошқа оятдан далил келтириб тафсир қилган. Бу эса тафсир илмидаги энг ишончли услуб эди. Ушбу оятни оят билан тафсир қиладиган “тафсир би-л-маъсур69” номли олий даражадаги тафсир мартабасидир. Айни вақтда аллома мазкур услуб орқали мухолифларининг “Қуръон оятларини ўз фикригагина таяниб, тафсир қилади”, деган қарашларини пучга чиқарган.



1   2   3   4   5


©netref.ru 2017
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет