Хорижий мамлакатлар тарихи” кафедраси умумий тарих. ҚАдимги давр. Тошкент – 2009



жүктеу 1.98 Mb.
бет3/9
Дата28.04.2016
өлшемі1.98 Mb.
1   2   3   4   5   6   7   8   9
: uploads -> books -> 47879
47879 -> Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги термиз давлат университети тарих факультети маънавият асослари ва
books -> Махсус таълим вазирлиги низмий номидаги тдпу ходиева дилрабо пиримовна
books -> Национального Университета Узбекистана имени Мирзо Улугбека методика преподавания истории в школе учебно методическое пособие
47879 -> Термиз давлат университети педагогика факультети психология кафедраси
47879 -> И.Ҳ.Ҳамдамов, С. Б. Мустанов, Э. И.Ҳамдамова, Г. А. Сувонова ботаника и.Ҳамдамов, С. Мустанов, Э. И.Ҳамдамова, Г. Сувонова Ботаника
47879 -> 3. Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатлари тарихи Хетт давлати (салтанати)
47879 -> Термез давлат университети жисмоний маданият факультети жисмоний тарбия ва спорт кафедраси
47879 -> Ўзбекистон тарихи кафедраси маматқулова раънонинг 5220200-тарих таълим йўналиши бўйича бакалавр даражасини олиш учун
47879 -> Самарқанд қишлоқ ХЎжалиги институти
47879 -> Термиз давлат университети жисмоний маданият факультети жисмоний тарбия ва спорт кафедраси

Таянч иборалар

Навсера, Хетеп - Хорес, Кебен, жажат, кенбет, иунтиуни, “Олтита уруғ уй”, мағхара қоялари, «Палермо тоши», «Ра ўғли»
Саволлар:

1. Мисрнинг номларга бўлиниб кетиши сабаблари ва оқибатлари

2. Эҳромлар қурилиши тарихидаги муаммолар
4. Миср ўрта подшолик даврида (милоддан аввалги 2250 -1750 йиллар)

Мисрнинг алоҳида номларга – кичик давлатларга бўлиниб кетиши марказлашган давлатни инқироз ёқасига келтириб қўйди. Марказлашган кучли ҳарбий ҳокимиятнинг йўқ бўлиб кетиши натижасида истилочилик сиёсати ва ташқи савдо ҳам тўхтаб қолди. Ягона давлат тушкунликка юз тутган шароитда суғориш тизими ҳам секин - аста вайрон бўлиб, ишдан чиқа бошлади, бу ҳол эса қишлоқ хўжалигининг ривожланишига тўсқинлик қилди. Хўжаликнинг вайрон бўлиши, очарчилик ҳамда синфий зиддиятлар кескинлашуви халқ қўзғолонларига сабаб бўлди.

Марказлашган давлатнинг инқирозга учраб, парчаланишидан ғарбдаги қўшни ливиялик қабилалар ва шарқдаги кўчманчилар фойдаландилар. Улар Мисрга бостириб кириб, унинг бойликларини талон тарож қилди. Қадимги подшоликнинг марказий шаҳри – Мемфис ҳам инқирозга юз тутди. Унда ҳукмронлик қилаётган VIII –сулола вакиллари мамлакатни бирлаштиришнинг уддасидан чиқа олмадилар. Юқоридаги сабаблар мамлакатнинг сиёсий жиҳатдан қайтадан бирлаштирилишини тақозо қилиб, шу билан бирга Мисрнинг кучли вилоятлари ўртасида давлатнинг бирлигини тиклаш учун кураш бошланди. Бунда икки йирик бирлаштирувчи марказ сифатида шимолда Гелиополь, жанубда Фива майдонга чиқди.

Мисрни бирлаштириш учун Гелиополь билан Фива ўртасидаги кураш. Бу шаҳарлар географик жиҳатдан қулай ерга жойлашганлиги учун ҳам, мамлакатнинг иқтисодий ҳаётида муҳим ўрин тутган. Мисрдаги сиёсий ва иқтисодий воқеалар мамлакатни қайта тиклаш заруратини юзага келтирди. Мисрни қайтадан бирлаштириш учун ҳам шимолда, ҳам жанубда кураш бошланди. Гелиополь билан Фива Мисрда устун келиш ва унга ҳукмронлик қилиш учун милоддан аввалги III минг йиллик ўрталарида кураш бошлаб, эртами - кечми ўзаро тўқнашиши муқаррар эди.

Дастлаб сиёсий курашни Гелиополь бошлаб берди. Миср бўлиниб бораётган даврда марказий ҳокимият заифлашган сари Гелиополь ҳокимлари кучайиб, улар бутун Мисрни ўз таъсирига олишга ва уни ўз қўл остиларида бирлаштиришга интилдилар. Хети-Мери-иб-Ра Мисрни қайтадан бирлаштириб, Миср фиръавнларининг Гелиополь (умумий ҳисобда тўққизинчи) сулоласига асос солган Хети 1 (Ахтой) Мисрни бирлаштирибгина қолмасдан, балки Қадимги Подшолик фиръавнларининг истилочилик сиёсатини тиклашга ҳам уринди. Гелиополь подшолари шимолдаги номларни бирлаштириб, ливияликларни ва Осиё кўчманчиларини мамлакатдан суриб чиқардилар. Улар ўзларини Юқори ва Қуйи Миср ҳукмдорлари деб эълон қилдилар. Бироқ IX-X сулола вакиллари бўлмиш Гелиополь подшолари ҳокимияти мустаҳкам эмас эди. Мамлакат ичида кучли синфий кураш бориб, камбағаллар бойларга қарши бош кўтарган эди.

Жанубий Мисрнинг асосий шаҳарларидан бири Фива ҳам жўғрофий жиҳатдан қулай ерда жойлашган эди. Муайян вақт Гелиополь билан Фива ўртасидаги курашда гоҳ у тараф, гоҳ бу тарафнинг ғолиб келиб, қўли баландлигига қарамай охир-оқибат Фива устунлик қилди. Кучли Фива ҳокимлари Нубиянинг моддий бойлиги ва ишчи кучидан фойдаланиб, жанубий Мисрни ўз атрофларига бирлаштиришга муваффақ бўлдилар. Бу курашда Фива подшоси Ментухатеп узил - кесил ғалаба қозониб, ягона Миср давлатини қайтадан тиклади. Ментухатеп Миср фиръавнларининг XI- сулоласига асос солган. Шу тариқа милоддан аввалги 2250 йилдан 1750 йилгача давом этган умуммамлакат миқёсидаги Ўрта Подшоликка асос солиниб, бу даврда 11, 12 ва 13 - сулола намояндалари подшолик қилдилар. Мазкур давр давлатнинг ҳар жиҳатдан гуллаб-яшнаган даври бўлди.

Ўрта подшолик даврида хўжалик ва ички ҳаёт. Мисрда 11 ва 12 сулола фиръавнлари даврда яна қайтадан қудратли, марказлашган давлат вужудга келди. Бу давлат Шимоли- Шарқий Африкада ҳукмрон бўлишга ва қўшни мамлакатларга ўз таъсирини кучайтиришга интилди. Топилган ёзув ва ёдгорликлар ўша даврда мамлакатнинг ишлаб чиқарувчи кучлари анча ўсганлигини, хўжаликнинг турли тармоқлари ҳар томонлама ривожланганлигидан далолат беради. Аграр мамлакат бўлган Мисрда қишлоқ хўжалиги жиддий ўрин тутиб, у даставвал, ишлов бериладиган ерлар кенгайтирилишини, ҳамда суғориш иншоотларининг мукаммал бўлишини талаб қилган. Шунинг учун ҳам давлат ҳокимияти бу соҳада бир қатор тадбирларни амалга ошириши керак эди. Бу замонда ҳам Қадимги Подшолик давридаги каби, суғориш иншоотларини қуриш ва янги ерлар очишга катта эътибор берилган. 12 сулоланинг қудратли фиръавнлари замонида Миср яна катта ва кучли давлат бўлиб бирлашганидан сўнг, хусусан, Аменемхет III даврига келиб сунъий суғориш тармоқлари анча кенгайтирилган ва мукаммаллаштирилган. Ўрта Подшолик даврида Фаюм воҳасида айниқса ирригация соҳасида катта ишлар амалга оширилди. Бу воҳада Юнонлар Марида кўли деб атаган ва алоҳида канал воситаси билан Нилга туташтирилган катта сув омбори мавжуд бўлган. Ирригация соҳасида олиб борилган бу ишлар натижасида Фаюм воҳасида деҳқончилик ривож топди. Мамлакатда қишлоқ хўжалиги равнақ топиши оқибатида Миср гуллаб яшнаган.

Қишлоқ хўжалиги ривожланиши билан бирга ҳунармандчилик ҳам бирмунча тараққий этди. Бронза ихтиро этилиши натижасида меҳнат қуроллари янада такомиллашди. Шунингдек, заргарлик ва тўқимачилик соҳасида ҳам бир талай ютуқларга эришилган. Ёғочсозликда ҳам хилма - хил қурол - асбоблар ишлатилган; бу ҳунарнинг ўсиши эса кемасозликнинг ривожланиб бориши билан чамбарчас боғлиқ. Ниҳоят, бу даврда қуруқликдаги транспорт билан кемачилик тараққий этганлиги, шаҳарларнинг ўсиши, ташқи ва ички савдонинг кенгайиши бутун хўжаликнинг гуллаб - яшнаганлигидан гувоҳлик беради. Нубия ва Сурияга йирик савдо экспедициялари уюштирилган. Синай мис конлари ва Нубиянинг олтин конларидан кенг фойдаланилган. Мисрга ёндош ерлар, жумладан воҳаларига мисрликлар кўчиб бориб, ўтроқ бўлиб яшаб қолганлар. Миср иқтисодининг ривожланиши учун катта аҳамиятга эга бўлган савдо йўллари қурилган. Масалан, шундай йўлларнинг бири Нил водийсини Қизил денгиз қирғоқлари (Водий - Ҳаммамат) билан бирлаштирувчи йўлдир. 11 ва 12 сулола фиръавнлари даврида қурилиш ишлари ҳам кенг кўламда олиб борилган. Фивада Амон худосига атаб дастлабки йирик ибодатхона қурилган. Дайрал - Баҳрида аввалги пирамида шаклини ўзида сақлаб қолган ўзига хос ибодатхона бунёд қилинган. Антик тарихчиларнинг асарларида бу ерда қурилиб, кейинчалик Лабиринт номини олган муҳташам бино тилга олинади. Мамлакатнинг ўзига хос диний ва маъмурий маркази бўлган бу бино то сўнгги вақтларгача сақланиб келган ва юнон тарихчиси Страбон томонидан таърифланган эди. Воҳанинг атрофида эса чорвачилик кенг ривож топган.



Савдо-сотиқнинг ривожланиши. Ўрта Подшолик даврида мамлакатда ички савдо-сотиқ ривожланиши билан бир қаторда, ташқи савдо алоқалари ҳам тараққий этди. Миср шимоли- шарқда Финикия, Фаластин, Икки дарё оралиғи ва Кичик Осиё билан савдо алоқаларини олиб борди. У томонлардан Мисрга қора ёғоч, қўрғошин, кумуш, қимматбаҳо тошлар, Критдан эса денгиз кемаларида мис келтирилар эди.

Миср савдогарлари жанубда Нубия ва Пунт ўлкасигача бориб етганлар. Улар у ердан олтин, фил суяги ва бошқа қимматбаҳо буюмлар олиб келиб, савдо- сотиқ сув йўли - Нил дарёси ва Қизил денгиз орқали олиб борилган. Ички ва ташқи савдонинг катта қисми қуруқликдаги йўллар орқали амалга оширилган. Миср чет ўлкаларга ҳунармандчилик маҳсулотларини чиқарган. Фаюм воҳасида муҳташам шаҳар Иттаун қурилиб, фиръавнлар ўз қароргоҳларини ўша ерга кўчирганлар.

Ўрта Подшолик замонида ўтган Миср фиръавнларидан қолган ёзувларда Нубияни ва Жанубий Сурия вилоятларини босиб олиш мақсадидаги кўплаб ҳарбий юришлар тилга олинади. Ушбу давр фиръавнлари айниқса олтинга бой Нубияни босиб олишга интилганлар. Натижада Миср қўшинлари Нубия, Ўрта денгизнинг шарқий соҳилидаги Финикия, Фаластин ва Фрот соҳилларигача кириб бордилар. Мазкур ерлар Мисрга бўйсундирилиб, минглаб асир, чорва моллари ва беҳисоб бойликлар қўлга киритилди.

Шундай қилиб, 12 сулола фиръавнлари даврида Миср Яқин Шарқдаги энг қудратли давлатга айланди.



Камбағаллар ва қуллар қўзғолонлари. Мисрда камбағаллар ва қуллар кўтарган қўзғолонлар ҳақида бизга турли манбалардан маълум. Олағовур йилларда шаҳарларда тез-тез қўзғолонлар кўтарилиб, уларда қуйи табақа аҳолиси иштирок этган. Шаҳарда кўтарилган қўзғолонлар ҳақида ўша замон адабий ёдгорликларида айтиб ўтилади. Масалан, папирус ёзувлардан бирида қўзғолондан “хароб бўлган” бир шаҳар тўғрисида сўз боради.

Фиръавнлар, коҳинлар, амалдорлар ва маҳаллий номларнинг бойлиги, обрўйи, оддий халқ ва қуллар меҳнати ҳисобига ошиб борган. Мамлакатдаги ички низолар ва фиръавнларнинг босқинчилик сиёсати ҳалқ оммаси ва қуллар аҳволининг ёмонлашувига олиб келди. 13 -сулола фиръавнлари подшолиги даврида Мисрда ўзаро урушлар бошланиб, давлат тушкунлик босқичини бошидан кечирди. Бу даврда ўнлаб подшолар алмашганига қарамай, улар мамлакатдаги кескин вазиятни ўнглай олмадилар. Миср таназзулидан яқин-атрофда яшайдиган қабилалар фойдаланишга интилди. Натижада Жанубий Фаластин, Шимолий Арабистон ва Синай қабилалари, хусусан, гиксослар шарқдан ҳужум қилиб, дельтанинг шарқий қисмини эгаллаб олдилар. 13- сулола подшолари эса уларга қаршилик кўрсата олмай қолди. Худди ана шу даврда фиръавн, номлар ва маҳаллий амалдорлар жабр-зулмидан безган халқ мавжуд тузумга қарши бош кўтарди. Бу қўзғолон милоддан аввалги 1750 йилда содир бўлиб, унда оддий халқ билан бирга қуллар ҳам фаол иштирок этганлар.

Мисрдаги бу воқеалар ўша даврга оид икки асарда: “Ипусер насиҳатномаси” (344 - сонли Лейден папируси матни) ва Санкт - Петербургдаги Эрмитажда сақланаётган “Ноферреху насиҳатномаси” да ўзининг ёрқин ифодасини топган. “Ипусер насиҳатномаси” асарининг муаллифи йирик мансабдор киши бўлиб, у халқ оммасининг ҳаракатига нафрат ва салбий назар билан қараган. Ипусердаги маълумотларга қараганда камбағал ва қуллар зодагон ва аёнларга қарши бош кўтарганлар. Қуйида ундан бир парча келтирилган: “Насл- насаби бўлмаган кишилар энди зодагонлардан фарқ қилмайдилар. Ҳокимларнинг болалари қўзғолончилар қўлига асир тушган. Уларни уриб калтаклаганлар ва бошларини деворга уриб мажақлаганлар. Подшо ва бадавлат кишиларнинг мол -мулклари батамом тақсимланган. Ер ҳайдашга ҳўкизи ва омочи бўлмаган деҳқон эндиликда бутун бир подага, бошпанаси бўлмаган кишилар ҳашаматли турар жойларга эга бўлганлар. Битта қайиғи бўлмаган кишилар бутун бир кемалар флотига эгалик қилганлар. Бир вақтлар башанг кийинган кишилар эндиликда жулдур кийимда юрадиган бўлган. Чўрилар бўйинларига олтин, кумуш ва асл тошлардан ишланган зеб - зийнат буюмларини тақиб олганлар, зодагон аёллар эса оч юрганлар. Қўзғолончилар суд идораси ва маҳкамаларга бостириб кириб, унда сақланаётган ҳужжатлар, солиқ рўйхатларини кўчаларга улоқтириб ташлаганлар, майда - майда қилиб йиртиб ташлаганлар. Улар подшо саройига ҳужум қилиб, унинг ўзини тутиб олиб ҳайдаб юборганлар. Мамлакат бошлиқлари қочиб жон сақлаганлар, амалдорлар эса ўлдирилган. Қуллар қулдорларга айланган. Бу бахтсизлик қалбимни тилка – пора қилмоқда. Оҳ, бу замоннинг азоб – уқубатлари мен учун нақадар қайғули”. Ипусер қўзғолоннинг қанча вақт давом этгани ва қандай бостирилгани ҳақида маълумот келтирмаган. Ипусер қўзғолонни тасвирлар экан, шундай дейди, - “Мансаблар энди йўқ. Одамлар чўпонсиз, ҳуркиган подага ўхшайди.”

Дарҳақиқат, бу қўзғолон Қадимги Миср тарихидаги энг даҳшатли қўзғолон бўлди. Бу қўзғолон Мисрдаги қулдорлик тузуми ва қулдорлик давлатининг асосларини ларзага солган бўлса ҳам, тарихий жараён тараққиётини тубдан ўзгартириб юбора олмади. Қўзғолон кўтарган меҳнаткаш омма ҳамжиҳат бўлмаган ҳамда ўз олдидаги турган вазифаларни англамаган ва англай олмасди ҳам.



Гиксосларнинг Мисрга бостириб кириши. Мисрдаги бу воқеалар Синай, Арабистон ярим ороли ва Фаластин жанубида яшаган жанговор гиксос қабилалари эътиборини тортди. Ўрта Подшолик даври сўнггида яъни милоддан аввалги XVIII асрда “гиксос” деб аталган осиёлик қабилалар Мисрга бостириб кирган; кейинроқ пайдо бўлган ва антик дунё муаллифларининг асарларида сақланиб қолган тарихий маълумотларда қабила номи бўлмиш “гиксос” сўзи чўл мамлакатларининг “ҳукмдорлари” (“хекау хасут”) деган мисрча сўзнинг бузиб айтилиши, деб таърифланади. Милоддан аввалги XVIII асрнинг иккинчи ярмида улар ўзларининг от қўшилган жанговар араваларида Шимолий Мисрга бостириб кириб, уни эгаллаганлар. Улар дельтада Аварис (“Хат - уарит” - мисрча, чўллар ва ажнабий мамлакатлар худоси Сэтуга бағишланган шаҳар) шаҳрини қуриб, уни ўзларининг пойтахтига айлантирдилар ва юз йилдан ортиқ давр мобайнида Мисрда ҳукмронлик қилишган.

Гиксос ҳукмдорлари 15-16 сулола намояндалари эдилар. Улар шимолда Миср, Фаластин, Синай ярим ороли, Арабистоннинг шимолий қисми устидан ҳукмронлик қилганлар, аммо Мисрнинг жанубий вилоятларида Фива ҳукмрон бўлиб қолаверди.

Подшо Хиан даврида гиксослар салтанати ўзининг энг юксак тараққиёт даражасига эришди. Подшо Хиан исмининг юнон талаффузи сақланиб қолган бўлиб, греклар уни Ианнас деб атаганлар. Хиандан қолган жуда кўп муҳрларда унинг “чет мамлакатлар подшоси”, “эзгу подшо”, “эзгу худо” каби унвонлари сақланиб қолган бўлиб, булар четдан кирган унвонларнинг аста - секин Миср фиръавнларида расм бўлган унвонлар билан алмашиб борилганини кўрсатиш мумкин. Унинг вафотидан сўнг Мисрда мустақиллик учун кураш бошланди. Хусусан, жанубий номлар Фива атрофида қайтадан бирлашиб, мамлакатни гиксослардан озод қилиш учун курашга отланди. Бу кураш мамлакат бўйлаб кенг ёйилди ва у Мисрда янги салтанат вужудга келиши учун замин ҳозирлади.

Таянч иборалар

«Ипусер насихатномаси», Ҳаммамат, папирус, гиксослар, лабиринт, номлар
Саволлар

1. Ўрта подшолик даврида Миср хўжалиги тараққиётининг асосий омиллари нималардан иборат?

2. Қадимги Мисрда Ўрта подшоликнинг инқирозга учраш сабаблари қандай эди?
5. Янги подшолик давридаги Миср (милоддан аввалги 1580 -1125 йиллар)

Гиксосларнинг Мисрдан ҳайдаб чиқарилиши. Гиксос подшолари Мисрда тахминан милоддан аввалги XVII асрдан то 1580 йилгача ҳукмронлик қилганлар. Чет элликларнинг ҳукмронлик қилиши мустақил Миср давлатини тиклашга интилган ерли аҳолининг қўзғолон кўтаришига сабаб бўлди. Бундан аввалги даврда бўлгани каби, мамлакатни бирлаштириш учун кураш Юқори Мисрдан бошланган, чунки мамлакатнинг бу қисми доимо ўзининг мустақиллигини бир қадар сақлаб келган. Гиксосларга қарши кураш Фива подшоси Камесу вақтида кучайиб, бегоналар ҳукмронлигига қарши озодлик урушига айланиб кетди.

Камесудан кейинги Фива подшоларидан бири Яхмос I гиксослар устидан узил - кесил ғалаба қозонган, у XVIII Фива сулоласига асос солган подшо деб ҳисобланади. Яхмос I нинг ҳарбий фаолияти бизга унинг катта мансабдорларидан бири Яхмос Иабана ўғлининг бизнинг замонамизча сақланган таржимаи ҳолидан маълум. Бу тарихий ҳужжатда Яхмос I нинг чет элликлар билан олиб борган уруши даврларга бўлиб таърифланган. Қуруқлик ва сувдаги бўлган бир неча жангдан кейин Миср қўшинлари гиксосларнинг дельтадаги асосий таянч пункти Аварис шаҳрини қамал қилдилар. Гиксосларнинг қаттиқ қаршилик кўрсатишига қарамай, мисрликлар уларнинг қўшинларини тор- мор қилиб, Мисрдан ҳайдаб чиқаришга муваффақ бўлдилар. Миср қўшинлари гиксосларни таъқиб эътиб, Осиёга ҳам кириб бориб, гиксосларнинг Олд Осиёдаги ҳокимият марказларини эгаллаб олишга интилдилар.

Мисрнинг чет элликлар зулмидан озод қилиниши, мамлакатнинг Фива подшолари қўл остида бирлаштирилиши, яхлит ва мустақил давлатнинг тикланиши Миср фиръавнларининг ўзларидан аввалги подшолар юритган истилочилик сиёсатини қайтадан тиклашгина эмас, балки бу сиёсатни яна кенгайтиришга ҳам имкон берди. Яхмос I бу сиёсатни тиклаб, Мисрдан ташқарида, Олд Осиёда гиксослар устидан ғалабаларга эришган. Ўша вақтдан қолган ёзувларга қараганда, Миср қўшинлари то Финикия ва Сурия вилоятларигача кириб борганлар. Яхмос I айниқса Нубияда, катта муваффақият қозонган. У Нубиянинг илгари Миср подшолари қўл остида бўлган вилоятларини яна қайтадан истило қилган.

Мамлакат ишлаб чиқарувчи кучларининг ўсиши. Янги Подшолик давридаги мақбараларнинг деворларида сақланиб қолган тасвирлар Мисрда хўжалик ҳаётининг янада тараққий этганлигини кўрсатади. Номларда қишлоқ хўжалиги, шунингдек ҳунармандчилик ҳам ривож топган. Ишлаб чиқариш борган сари ихтисослашиб, тобора бир ерда жойлашиб борган. Амалдор Хаемхет мақбарасининг деворларида деҳқончилик ишлари, манзаралари, чунончи, омоч билан ер ҳайдаш, сўка билан ер ағдариш ва болға билан ер юмшатиш тасвирланган; бу ишларнинг барини бирваракай 20 киши бажараётгани кўрсатилган. Деҳқончиликда ишлатиладиган меҳнат қуроллари бу даврда ҳали ўзининг ибтидоий характерини сақлаб қолаверган эди. Бунинг сабаби эса иш кучи арзонлиги, қулдорлар қулларни такомиллашган меҳнат қуроллари билан таъминлашни истамаганлиги ва ниҳоят ернинг серунумлигида. Аммо 17 сулола замонидан бошлаб техника соҳасида бир қадар силжиш кўзга ташланди, жумладан, деҳқончилик қуроллари бирмунча мукаммалашди.

Шу билан бирга ҳунармандчилик, ишлаб чиқариш ҳам ривож топа борди. Фива мақбараларининг деворларидаги тасвирлар ва уларга оид ёзувлар ҳунармандчиликнинг ривожланганини кўрсатади. У даврда катта ибодатхоналарга қарашли ва замонаси учун йирик ҳунармандчилик устахоналари кўп эди. Нофер Ронпет мақбараси деворларида (19 сулола даври) Амон ибодатхонасининг 20 дан ортиқ киши ишлаёган устахонаси тасвирланган. Айниқса вазир Рехмер мақбараси деворларида сақланган тасвирлар муҳимдир. Бунда Фивадаги Амон ибодатхонасига қарашли йирик ҳунармандлик хўжалиги, устахоналар тасвирланганини кўрамиз. Бу каби катта устахоналарда 150 тагача ҳунарманд: темирчи, ёғочсоз, кўнчи, бинокор, ҳайкалтарош каби ҳунармандлар ишлаган. Бу ҳунармандлар орасида чет эллик қуллар ҳам бўлган. Бунга Рехмер мақбарасидаги тасвирлар ва ёзувлардан ишонч ҳосил қилиш мумкин. Тутмос III подшолик қилган даврда вазир, пойтахт бошлиғи ва олий ҳакам мансабларини эгаллаган бу олий амалдор айни пайтда “Амон ибодатхонаси бошлиғи” ҳамда “Амоннинг Фивадаги барча ишлари мудири” вазифасини ҳам адо этган. Шунинг учун Амон ибодатхонасидаги барча устахоналар унга бўйсунган ва шу сабабдан бу устахоналар унинг мақбараси деворларида жуда батафсил тасвир этилган.

Бутун ишлаб чиқариш соҳалари ичида темирчилик энг катта аҳамиятга эга бўлган; темирчиликнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши техникада ҳам, мамлакатнинг иқтисодий тараққиётида ҳам улкан ўзгариш ясади. Меҳнат қуроллари ва қурол - яроғ тайёрлашда темирчилик алоҳида аҳамиятга эга эди. Металлдан ясалган меҳнат қуроллари ва қурол - яроғлар аста-секин тош қуролларини сиқиб чиқариб, бу ҳол бир мунча юксалишга сабаб бўлган. Бу соҳада айниқса XVIII сулола даврида тараққиётга эришилиб, ундан олдин пайдо бўлган бронза бу вақтга келиб Мисрда жуда кенг тарқалиб, мис ва мис буюмларни сиқиб чиқара борган. XVIII сулола замонида металлургия техникасининг эски усуллари такомиллаштирилган. Булар ичида тоблаш ва қуйиш айниқса кенг ўрин олган бўлиб, улар Фива мақбаралари деворларида жуда яхши тасвир этилган.

Савдо. Мамлакат ишлаб чиқариш кучларининг ривожланиши ички ва ташқи савдонинг тараққиётига сабаб бўлди. Янги Подшолик даврида Мисрнинг қўшни давлатлар билан бўлган савдо алоқалари кенгайиб борди. Суриянинг айрим вилоятлари билан савдо-сотиқ ишлари тараққий этиб, мисрликлар у ердан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари - дон, шароб, асал ҳамда чорва моллари олиб келганлар. Ливан вилоятларидан эса кўплаб бинокорлик ишлари учун ёғоч маҳсулотлари келтирилган. Ниҳоят, мисрликлар Суриянинг йирик шаҳарларидан зебу – зийнатлар келтирганлар. У Сурия орқали узоқроқ мамлакатлар–Хетт давлати, Эгей денгизи ороллари ва Месопотамиядан ҳам кўплаб моллар келтирган. Сурия билан савдо -сотиқ ишлари ҳам қуруқликдаги йўллар, ҳам сув йўллари орқали олиб борилган. Бу даврда мисрликлар денгиз флотига эга бўлиб, улар молларни Суриядан елканли кемаларда олиб келардилар. Мисрнинг бу мамлакат билан савдо сотиқ юритишида муҳим таянч пунктларидан бири Бобил шаҳри эди.

Бу даврда мисрликлар бир қатор янги мамлакатлар, чунончи, Кипр, Кичик Осиё ва Месопотамияга савдо экспедициялари ва истилочилик ниятида қўшин юборганлар. Бу вақтга келиб Синайдаги мис конлари заҳираси деярли тугаб қолганлиги сабабли, мисрликлар ўзларига зарур миснинг янги манбаларини қидиришга мажбур эдилар. Янги Подшолик даврида айниқса Кипр оролидан кўп мис келтирилар эди.

Бу даврда Мисрга Кичик Осиёдан, хусусан, унинг хеттлар яшаган шарқий вилоятларидан темир келтирилган. Темир ўша даврда Миср учун нодир металл ҳисобланган. XVIII сулола фиръавни Тутанхамон мақбарасидан атиги бир неча дона темир буюм топилган. Миср савдоси яна шимоли-шарққа, Месопотамия вилоятлари томон ривож топа борди. Икки дарё оралиғининг шимоли-ғарбида жойлашган Митанни давлатидан бронза, ложувард, газмол, кийим- кечак, ёғ, жанг аравалари, отлар ва қуллар келтирилса, Бобилдан ҳам кумуш, ёғочдан ясалиб олтин ва фил суяги билан безатилган қимматбаҳо буюмлар олиб келинган. Миср билан Оссурия ўртасида ҳам савдо алоқалари ўрнатилган. Ёзма манбалардаги маълумотларга қараганда, мисрликлар Оссуриядан жанг аравалари, отлар ва ложувард келтирганлар.

Янги Подшолик даврига хос хусусиятлар. Янги Подшолик даврида давлатни идора қилишнинг мураккаб аппарати таркиб топди. Марказлаштирилган идора тизими тобора кучайиб борди. Мамлакат Шимолий ва Жанубий Мисрни ўз ичига олган иккита катта маъмурий вилоятга бўлинди: вилоятга фиръавннинг махсус ҳокими тайинланиб, бу идора қилиш ишини янада марказлаштириш имконини берди. Номларни идора қилиш иши тўлиқ подшо амалдорлари қўлига ўтди.

Ҳар бир ўлка бошида махсус амалдор туриб, унинг мирзаси ва алоҳида девони бўлган. Давлатнинг биринчи ва олий амалдори бўлган вазирга подшо томонидан фармон топшириларди. Янги Подшолик давридаги Миср давлатининг алоҳида хусусияти - у ҳарбий соҳага, йўналишга ихтисослашган давлат бўлган. Бир неча асрлар давомида фиръавнлар томонидан олиб борилган истилочилик сиёсати давлатни идора қилиш тизимига таъсир кўрсатмай қолмади, албатта.

Давлат аппарати ҳарбий сиёсат манфаатларига мослаштирилган. XVIII сулола ҳокимиятининг охирида Миср қўшини иккита қисмга бўлиниб: бир қисми - жанубда, иккинчиси – шимолда жойлашган эди. XIX сулола даврида эса қўшин ва ҳарбий қисмлар бир неча бўлимлардан иборат бўлган. Ҳарбий қисмларга ўша даврдаги бош худолар исмлари берилган.

Миср ҳарбий қўшини мунтазам ўзгариб борган. Аввалига у асосан эркин жамоалардан йиғилган янги аскарлардан тузилар эди Аммо бу даврда Нубия ва Ливиянинг бўйсундирилган қабилаларидан, шунингдек, ўша вақтда Мисрга ҳужум қилиб турган “денгиз халқлари” дан ёлланган аскарларнинг аҳамияти кўпайган. Улар сон жиҳатидан ҳам тобора кўпайиб, аста-секин туб Миср қўшинининг заифлашувига олиб келди. Миср давлатининг ҳарбий қудратига путур етганлиги сабабларидан бири ҳам ана шу.

XVIII, XIX ва XX сулола фиръавнлари хукмронлик қилган даврни ўз ичига олган Янги Подшолик даврида (милоддан аввалги XVI - XI асрлар) Мисрда хўжалик ҳаёти янада тараққий этиб борди. XVIII сулола давридан эътиборан техника соҳасида бирқадар тараққиёт кўрина бошлайди, жумладан бронза бу пайтга келиб Мисрда кенг тарқалган ва мис ҳамда мис буюмларни секин-аста сиқиб чиқара борган. Металлургия техникасининг эски усуллари такомиллаштирилган, булар ичида тоблаш ва эритиш кенг ўрин олган.

XVIII сулола давридаги ҳунармандчилик тўғрисида Карнакдаги Тутмос III ибодатхонасидан чиққан ва шу подшонинг номи ёзилган болта, пойтеша ва кесиш асбоблари аниқ тасаввур беради. “Олти қисмдан иборат бронза” махсус ибораси ишлатилганлиги турли қотишмалар тайёрлаш усулининг анча тараққий этганлигидан далолат беради. Шу билан бирга заргарлик ишлари ҳам анча равнақ топиб, бунга ҳукмдор қулдор зодагонларининг ҳийла бойиб кетиши сабаб бўлган. XVIII сулола замонида олтинга ишлов беришнинг тамоман янги усули пайдо бўлди. Жумладан, олтиндан ўта нозик симлар, ундан жуда нафис занжирлар ясалган, (Фиръавн Тутанхамон мақбараси).

У даврда кўпроқ катта ибодатхоналарга қарашли ва ўз замонаси учун йирик ҳунармандлик ишхоналари бўлган.

Номларда қишлоқ хўжалиги ҳам ривож топган. Амалдор Хаемхетнинг мақбараси деворларида деҳқончилик юмушлари, чунончи, сўқа билан ер юмшатиш тасвирланган; деҳқончилик қуроллари бирқадар мукаммаллаштирилган. Масалан, сўқанинг шакли ўзгартирилган, унга кўндаланг қилиб қўйилган ёғочга узунроқ даста бириктирилган.

Натурал хўжалик асосий роль ўйнаганлиги учун, савдо ҳали ҳам мол айирбошлашдан иборат қадимги шаклини сақлаб қолган. Лекин молнинг товар эквиваленти, жумладан, металлар аҳамияти тобора ортиб борган ва аста-секин оддий шаклдаги металл пулга айланиб борган. Турли молларнинг қийматини белгилаш учун муайян оғирликдаги металл қуймалар - олтин, кумуш ва мис ишлатилган. Шундай қилиб, аста-секин алоҳида ўлчов - пул тизими юзага келди; бу тизимга 91 граммга тенг оғирлик бирлиги, яъни дебен асос қилиб олинди. Дебен ҳам 10 та таркибий бўлакчалардан иборат бўлган.

Истилочилик сиёсати қайта тикланишига кўп даражада мамлакат ишлаб чиқариш кучларининг ўсиши сабаб бўлди. Қишлоқ хўжалиги ва ҳунармандчиликнинг ривожланиши, хом ашё ва қулларга бўлган доимий эҳтиёж ва бундан кейин ташқи савдони янада тараққий эттириш зарурати Миср фиръавнлари олиб борган талончилик - босқинчилик урушларининг асосий сабаблари эди.

Шундай қилиб, Миср йирик ва кучли давлатга айланиб, жаҳон тарихида сезиларли ўрин эгаллади. Мамлакат томонидан бу даврда юритилган ҳарбий босқинчилик сиёсати қулдорлик хўжалиги ривожи билан чамбарчас боғлиқ эди.

Мисрликлар энг муҳим хом ашё манбаларини ҳамда қўшни мамлакатларга борадиган савдо йўлларини эгаллаб олишга интилиб, шу туфайли Миср фиръавнлари шимоли – шарққа, Фаластин ва Сурияга, жанубга Нубияга қарши истилочилик урушлари олиб борганлар.

Мисрнинг XVIII сулола фиръавнлари истилочилик сиёсатини кенг қўллаб, шу мақсадда бир неча марта катта юришлар қилганлар. Узоқ давом этган бу урушлар натижасида Сурия босиб олинган. Сурия ерлари шимолда Кичик Осиё чегарасигача, шимоли – шарқда эса то Ф ротнинг катта бурилишигача етиб борган.

Янги Подшолик даврининг дастлабки подшоси Яхмес (Амасис) I гиксослар устидан узил-кесил ғалаба қозонган. Яхмес I XVIII Фива сулоласига асос солган подшо ҳисобланади. Яхмес I нинг ҳарбий фаолияти бизга унинг йирик мансабдорларидан бири - (Яхмес) Иабана ўғлининг замонамизга қадар етиб келган таржимаи ҳолидан маълум. Яхмес I истилочилик сиёсатини тиклаб, мамлакатни Фива подшолари қўли остида бирлаштирди ва бир бутун, мустақил давлатни тиклай олди.

Яхмес I дан кейинги подшолар Фаластин ва Сурияга муттасил босқинчилик юришлари қила бошлаганлар. Айниқса Тутмос III (милоддан аввалги 1525-1491 йиллар) катта истилочилик урушлари олиб бориб, узоқ давом этган подшолиги даврида Сурияга кўп марта қўшин тортган.

Мисрнинг ўша вақтдаги ҳарбий тарихига оид муҳим маълумотлар муфассал ёзиб қолдирилиб, уларнинг кўпи бадиий кўринишга эга эди. Мазкур манбалардан мисрликлар айниқса ўлжалар ичидан “тирик асир” ларга, олтин ва кумуш, отлар ва жанг араваларига ўч бўлганларини билса бўлади.

Тутмос III қаттиқ кураш натижасида мухим стратегик аҳамиятга эга бўлган Сурия, Финикия ва бошқа ерларни эгаллаб, Миср ҳукмронлигини мустаҳкамлашга муваффақ бўлди. Тутмос III олиб борган бу истилочилик урушлари Осиёда Миср таъсирини шу қадар кучайтириб юбордики, Бобил, Оссурия ва Хетт каби Осиёнинг бир қанча подшолари Мисрга хирож тўлай бошладилар.

XVIII сулола фиръавнлари ичида сўнгги истилочилардан бири Аменхотеп II (милоддан аввалги 1491-1465 йиллар) эди ва у Сурия, Фаластинга юришлар қилиб, кўплаб олтин, мис, йиқи ва жанг аравалари олиб келган. Бу нарсалар Мисрда жуда қадрланган.

Миср фиръавнлари Нубияни ҳам Нилнинг то тўртинчи остонасига қадар босиб олганлар, шу билан бирга, бу ерда Тутмос III кўпроқ фаоллик кўрсатган. Нубиянинг истило қилиниши мисрликларга жануб мамлакатларининг табиий бойликларидан фойдаланиш имконини берган. Фиръавнлар Нубиянинг олтинга бой ерларидан олтин келтира бошлаганлар ва энг муҳим савдо йўлларини қўлга киритиш ва бу бой ҳудудларни ўзларига бўйсундиришга интилдилар.

Миср фиръавнларининг Сурия ва Нубиядаги давомли урушлари мамлакатнинг мадорини қуритди. Шунинг учун ҳам Аменхотеп III (милоддан аввалги 1455-1424 йиллар) хукумронлиги даврида катта урушлар бўлмади ва тинчликка асосланган ташқи сиёсат юритилди. Аменхотеп III нинг тинчлик сиёсатини қўллашига кўп жиҳатдан мамлакатда харбийлар миқдори камайиб кетганлиги сабаб бўлган. Миср фиръавнлари энди Мисрнинг Осиёдаги сиёсий таъсирини қурол ва қўшин кучи билан эмас, балки дипломатия ва олтин ёрдамида асрашга мажбур бўлдилар.

Босқинчилик сиёсатидан воз кечиш фиръавн Аменхотеп IV фаолиятида ифодасини топди; у ўз фаолиятида Миср аҳолисининг кенг табақаларига суянган.

Сулоланинг 10 фиръавни – Эхнатон, Аменхотеп III ва малика Тининг ўғли бўлиб, Аменхотеп IV номи билан ҳам машҳур. Аменхотеп IV динни ислоҳ қилиши бу вақтда Миср тарихида рўй берган йирик воқеадир. Бу ислоҳотни амалга оширишдан мақсад кўп худоларга сиғинишдан иборат қадимги анъанавий дин шаклини ягона қуёш худосига сиғиниш билан алмаштиришдан иборат бўлди. Бу ислоҳот муайян ижтимоий- иқтисодий сабабларга эга эди.

XVIII сулола фиръавнлари олиб борган истилочилик урушлари бир гуруҳ сарой зодагонларининг бойишига сабаб бўлди. Аммо бу урушлар мамлакатдаги меҳнаткаш аҳолининг ҳаётига салбий таъсир кўрсатди. Ибодатхоналар ва Амон коҳинлари айниқса катта бойлик орттирдилар. Тахт бошига Аменхотеп IV келганидан кейин у Фива коҳинларининг юқори табақаларига қарши кураш бошлади. У бунда Гелиополь ва Мемфис коҳинларига суянишга мажбур эди, чунки бу ерларда қадимдан ягона ва олий қуёш худосига топиниш ривож топиб келган Аменхотеп IV Гелиополь худоси Ра- Горахтага ибодат қилишни худо Амонга сажда қилишга қарама - қарши қўйган. Ўзини бу худонинг бош руҳонийси деб эълон қилиб, Фивада ибодатхона қурдира бошлаган. Бунда янги диннинг асосий белгилари кўриниб турибди. Худо Амонга эътиқод қилиш ва кўп худоларга сиғинишдан иборат қадимги анъана қувғин остига олинган. Худо Амон номи Мисрнинг бошқа худоларининг номи ҳам, ҳатто “худолар” деган сўзнинг ўзи ҳам барча ердан ўчириб, ҳатто Аменхотеп IV шунга бордики, ў ўз отасининг исмини ҳам ёдгорликлардан олдириб ташлади. Аменхотеп IV ягона ва олий худо – қуёш худоси Атонга сиғинишни амр этиб, бу нарса подшонинг ўз номини ўзгартиришида ҳам ўз ифодасини топди. Фиръавн “Эхнатон” деган ном олиб, бу “Атон шуъласи” деган маънони англатади. Эхнатон ҳозирги Аль-Амарна деган жойда янги пойтахт - “Ахетатон” - “Атон уфқи”ни қурдирди.

Агар Мисрнинг илгариги худолари фақат Миср мамлакати ҳамда Миср фиръавнларининг ҳомийси сифатида тасвирланган бўлса, энди янги худо Атон нафақат Миср, балки қўшни мамлакатларнинг ҳам худоси деб эълон қилинган.

Ўз диний ислоҳатини амалга оширишда Эхнатон аҳолининг эркин ўрта табақаларига суянган. У ўзига содиқ янги амалдорлар гуруҳига ҳам таяниб, подшолик даврининг бошидан то охиригача зўр бериб дин соҳасида жиддий ислоҳатларни амалга ошириб борди. Бу сиёсат Фива коҳинлари ва ном ҳокимларининг норозилигига сабаб бўлди.

Пировардида диний ислоҳат натижа бермади. Эхнатондан кейин тахтга ўтирган Тутанхамон Фива коҳинларига ён бериб, Амонга сажда қилишни қайтадан тиклади ва ҳатто ўз исмини ўзгартириб “Тутанхамон” деб аташга мажбур бўлди. Фива яқинидаги «подшо мақбаралари водийси» номини олган водийда 1922 йилда инглиз археологи Говард Картер томонидан топилган Тутанхамон мақбарасидан нақшинкор ва гўзал ишланган кўплаб буюм ва расмлар топилган. Улар Фива коҳинлари таъсирида қолган бу ёш подшонинг муросасозлик сиёсатини жуда равшан ифодалайдилар. Худо Амон билан худо Птанинг тасвирларини қайтадан тикланиши ва уларнинг ибодатхоналари қайтадан бино қилдиргани ана шундан далолат беради.

Шундай қилиб, диний ислоҳатлар даври Фива коҳинларининг тўла ғалабаси билан тугади. Эхнатон бошлаган ислоҳатларни Хоремхеб якунига етказди. Хоремхеб тўрт йил (милоддан аввалги 1342-1338 йиллар) давомида ҳукумронлик қилган. Хоремхеб номархлар уруғидан бўлиб, юқори табақа коҳинлар билан боғлиқ зодагонларнинг вакили эди. Тутанхамон вақтида у юқори ҳарбий лавозимни эгаллаган. Бу даврда унинг сиёсий таъсири анча кучли бўлиб, Фива коҳинлари ёрдамида, давлат тўнтариши қилишга муваффақ бўлган. Ҳокимиятни ўз қўлига олганидан кейин, Хоремхеб ўзини ошкора Фива коҳинларининг тарафдори деб эълон қилди ва шу билан бирга Фива худоси Амонга сиғинишни қайтадан тиклаган.

Хоремхеб ҳарбий сиёсатни тиклаш мақсадида бир неча маъмурий ислоҳатлар ўтказиб, жумладан, солиқ тизимини қайта тузди, ҳамда қўшинни мустаҳкамлашга катта аҳамият берган. Чамаси, Хоремхеб Миср давлатининг истилочилик сиёсатини тўла-тўкис тиклашга журъат қила олмаган. Бу сиёсатни XIX сулола фиръавнлари давом эттирдилар.

Рамзес I (Риа-масэса) Миср қўшинини қайтадан тузиш ва уни мустаҳкамлашга қаратилган бир қанча тадбирларни амалга оширди. Катта ҳарбий юришларга Рамзес I дан кейинги фиръавн Сети I қўл урди. У Сурияга йирик қўшин тортиб борган ва Мегиддо текислигига қадар бостириб кириб, муҳим ерларни ишғол қилишга муваффақ бўлган. Миср қўшинлари Сурия қирғоқларига мустаҳкам ўрнашиб олишга эришиб, шубҳасиз, бу ҳол Мисрнинг Осиёдаги таъсирини кучайтирган.

Сети I дан кейин тахтни эгаллаган Рамзес II (милоддан аввалги XIV аср охири – XIII аср бошлари) истилочилик сиёсатини кенгайтириб юборди. Урушдан мақсад Сурия ихтиёрига ўтган илгариги Миср ерларини қайтариб олиш ва мамлакатнинг Осиёдаги аввалги нуфузини тиклаш эди. Рамзес II Мисрнинг Фаластин, Финикия ва Суриядаги аввалги ҳукмдорлик мавқеини тиклаш учун хеттларнинг шу мамлакатларда жойлашган асосий ҳарбий кучлари қаршилигини синдириши лозим бўлган.

Гарчи Миср ёзувларида Миср қўшинлари Кадеш ёнидаги жангда (милоддан аввалги 1312 й) хеттлар устидан ғалаба қозонди деб айтилишига қарамай, аслида ундай бўлмаса керак. Мисрликларнинг катта талофат кўрганлиги шу нарсадан кўриниб турибдики, улар биринчи юриш оқибатида на Сурияда, на Фаластинда ўрнашиб қололмаганлар. Сурияга қилинган иккинчи юришда кўп жиҳатдан ўша вақтда Хетт подшолигида бўлиб турган ғалаёнлар Миср қўшинларининг муваффақият қозонишига сабаб бўлди. Тахт талашув Хетт давлатининг қудратига жиддий путур етказди.

Хетт подшоси Хаттусил милоддан аввалги 1296 йили Рамзес II билан сулҳ тузди. Сулҳ аҳдномасига биноан ҳар икки томон бундан кейин бирор-бири томоннинг ерига тажовуз қилмайдиган бўлиб, ўзаро ҳарбий мудофаа иттифоқи тузилди. Ҳар икки тараф жиноятчиларни жазолашда бир-бирига ёрдам бериш мажбуриятини олди. Аммо манбаларда сақланган матнлар урушдан кейин белгиланган чегаралар хусусида аниқ маълумотлар бермайди. Хеттларнинг ҳужжатларига қараганда, Суриянинг шимолий қисми хеттлар таъсирида бўлган. Мисрликларнинг ёзувларида уруш натижасида Фаластин, Жанубий Финикия ва Жанубий Сурия яна Миср ихтиёрида қолган. Тинчлик аҳдномаси ўзаро фойдали никоҳ муносабатларини ўрнатиш билан мустаҳкамланган.

Рамзес II Мисрда 66 йил подшолик қилди. Ушбу фиръавннинг номи қадимги Миср ёдгорликларида жуда кўп учрайди. Рамзес II дан кейин тахтга ўтирган фиръавнларга Мисрнинг Осиёдаги таъсирини сақлаб қолмоқ учун узоқ ва шиддатли урушлар олиб боришларига тўғри келди. XIX сулоланинг сўнгги даврига келиб Мисрда йирик ғалаёнлар бўлиб, бундан ташқари Миср чегараларини Ливия қабилаларининг ҳужумидан ҳимоя қилишга тўғри келган.

Четдан келган қабилаларнинг доимий ҳуружлари Миср давлатининг тарқаб, емирилиб кетишига сабаб бўлди. Бир бутун мамлакат қатор мустақил вилоятларга бўлиниб кетди.

Миср давлатининг заифлашувидан ливиялик қабилалар фойдаланиб қолдилар. Улар дельтага тинимсиз ҳужум қилиб, ўша вақтда Қуйи Мисрнинг бой ўлкаларига ўз қўшинларини сафарбар қилишган. Миср инқирозга юз тутиб, Рамзес II XIX сулоланинг охирги фиръавни бўлиб қолди.

Сетнахт (Сута-нахте) янги XX сулолага асос солди. Сетнахт марказий ҳокимиятни қайтадан мустаҳкамлаб, Мисрдаги путурдан кетган тартибни қайта тиклади. Қулдорлик тузуми ва мустабид давлатни мустаҳкамлаш мақсадида у бир қатор тадбирлар кўрган. Бу тадбирлар натижасида коҳинлар кучайди, уларнинг илгариги обрў-эътибори тикланди, ер ва мол-мулклари яна ўзларига қайтариб берилди. Сетнахтнинг Миср давлатини мустаҳкамлаш учун олиб борган ишларини ундан кейин тахтга ўтирган ўғли Рамзес II давом эттирди. XIX сулола фиръавнларининг сиёсатини давом эттириб, Рамзес III чет элликлардан иборат ёлланма қўшин тузган. Булар асосан ливияликлар ва Ўрта ер денгизи бўйида яшаган шардана қабиласи вакиллари эдилар. Шу қўшинларга суяниб, Рамзес III қатор урушлар олиб борди. Рамзес III нинг подшолик даври Миср давлати ҳарбий қудратининг охирги палласи бўлган. Рамзес III дан кейинги Рамессейлар номини олган заиф фиръавнлар ҳукмронлиги даврида коҳинлар эътибори янада ортди.

Кохинлар жуда кучайиб, Амон бош руҳонийси Херихор тўнтариш қилади, сўнгги саккизинчи фиръавн Рамзес XII ни ҳокимият тепасидан олиб ташлайди ва Миср фиръавнларининг тахтини эгаллайди. Херихор Рамзес III вақтида бош руҳоний лавозимида бўлганидаёқ ўзини подшога тенг ҳисоблаган. XX сулола фиръавнлари подшолиги даврида синфий зиддиятлар кучайиб кетди.

Давлатнинг олий мансаб эгалари бўлиб, коҳинлар билан яқин алоқада бўлган қулдорлар жуда катта бойлик орттирганлар. Олиб борилган узоқ урушлар меҳнаткаш аҳоли елкасига оғир юк бўлиб тушган. Қаттиқ эксплуатация халқнинг норозилигини қўзғатиб, бу қўзғолонларга сабаб бўлди. Рамессейларнинг ҳукмронлиги даври халқ қўзғолонларининг сабабига аниқлик киритади. Шунинг учун ҳукумат буйруғи билан тузилган махсус ҳужжатларда бу ижтимоий ҳаракатларни ифодаловчи муҳим далиллар сақланиб қолган. Ҳужжатларга кўра, Рамзес III подшолигининг 29-йили қўзғолон бўлиб, бу қўзғолонда Фива қабристонларида ишловчи кишилар ҳам қатнашган.

Меҳнаткаш аҳолининг пастки табақалари мақбаралар қурилишидаги тош терувчилар, дафн, мотам ва маъракаларга оид буюмларни тайёрловчи ҳунармандлардан иборат эди. Улар амалдорлар ва коҳинларга қарши чиқиб, озиқ-овқат талаб қилиб чиққан. Қўзғолон кўтарганлар Тутмос III ибодатхонасининг орқа девори тагига жойлашганлар. Чамаси улар ибодатхонага яшириниб олган амалдорлар ва коҳинларни қамал қилган бўлсалар, ажаб эмас. Қўзғолончилар қулдорлар жабр зулмига чидаш, уларга итоат қилишдан бош тортганлар. Ҳалқ қўзғолонлари куч билан бостирилган.

Узоқ давом этган урушлар ва катта қўзғолонлар Мисрни бутунлай ҳолдан тойдирган. Бу вақт Мисрнинг тамомила заифлашган даври бўлиб, кўп ўтмай Миср чет эллик истилочиларга қарам бўлиб қолди.



1   2   3   4   5   6   7   8   9


©netref.ru 2017
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет