Хорижий мамлакатлар тарихи” кафедраси умумий тарих. ҚАдимги давр. Тошкент – 2009



жүктеу 1.98 Mb.
бет8/9
Дата28.04.2016
өлшемі1.98 Mb.
1   2   3   4   5   6   7   8   9
: uploads -> books -> 47879
47879 -> Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги термиз давлат университети тарих факультети маънавият асослари ва
books -> Махсус таълим вазирлиги низмий номидаги тдпу ходиева дилрабо пиримовна
books -> Национального Университета Узбекистана имени Мирзо Улугбека методика преподавания истории в школе учебно методическое пособие
47879 -> Термиз давлат университети педагогика факультети психология кафедраси
47879 -> И.Ҳ.Ҳамдамов, С. Б. Мустанов, Э. И.Ҳамдамова, Г. А. Сувонова ботаника и.Ҳамдамов, С. Мустанов, Э. И.Ҳамдамова, Г. Сувонова Ботаника
47879 -> 3. Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатлари тарихи Хетт давлати (салтанати)
47879 -> Термез давлат университети жисмоний маданият факультети жисмоний тарбия ва спорт кафедраси
47879 -> Ўзбекистон тарихи кафедраси маматқулова раънонинг 5220200-тарих таълим йўналиши бўйича бакалавр даражасини олиш учун
47879 -> Самарқанд қишлоқ ХЎжалиги институти
47879 -> Термиз давлат университети жисмоний маданият факультети жисмоний тарбия ва спорт кафедраси

Таянч иборалар

Ҳаммурапи қонунлари, Аблианум, Синмагир, дамкарлар, қўй майдони, ота уйи, талион ҳуқуқи, шакканакку, рабианум, қўшнилар, қудуррулар, касситлар, Кардуниаш, биту, бел-бит, реду, баиру, кодекс, Таврот, бит-абиа, бел-ашшатим, «қўй майдони», гур, мин, шекель
Саволлар

1. Ҳаммурапи қонунларининг қадимги Бобил жамияти ривожланишдаги ўрни қандай бўлган?

2. Қадимги Бобил подшолигида ер эгалигининг ўзига хос хусусиятлари нимадан иборат?
5. Оссурия

Оссуриянинг табиий шароити. Қадим замонларда Дажла дарёсининг юқори оқими бўйлаб, ўрта қисмини эгаллаган жойлар Оссурия деб аталган. Ҳозирги пайтда бу ерлар Ироқ давлатининг шимоли-шарқий қисмига тўғри келади.

Унинг ҳудуди шимоли - шарқда Загр тоғлари билан чегараланиб, жануби-шарқда – Дажла дарёсининг қуйи оқими яъни қуйи Заб бўйларигача ерларни эгаллаган. Оссуриянинг ғарбини бепоён Сурия-Месопотамия чўли кесиб ўтган. Ўта қадимдан буён маҳаллий аҳоли вақти-вақти билан канал ариқлар қуриб Дажланинг тошқин сувларидан фойдаланиш имконини топиб, сунъий суғориш учун имконият яратган.

Оссурийларнинг хўжалик ҳаётида чорвачилик муҳим ўрин тутган. Қиш узоқ давом этмайди, эрта баҳорда водий ва чўл кўм-кўк майса билан қопланади, лекин ёз бошида ўтлар қуёшда куйиб кетади. Шу сабабли кўчманчи қабилалар ва чорвадорлар подани тоғли ўтлоқларга ҳайдаган.

Жануби - шарқда Оссурия Адема ва Дияла дарёлари водийлари билан чегараланган. Шу ердан савдо йўллари хар тарафга қараб кетган: Эрон ясси тоғлигидан тоғ йўллари орқали Аққод томон юрилса, Икки дарёнинг шимолий қисмига, Дажла бўйлаб шимоли - ғарбга кириб борилса, Сурия ва Кичик Осиё чегараларига чиқилади, ғарбга йўл олинса, Сурия - Финикия қирғоқларидаги савдо шаҳарларига элтадиган йўл очилади. Ушбу йўллар орқали жез, кумуш, олтин, қўрғошин билан савдо қилинган.



Ашшур шаҳар - давлати ва Оссурия давлатининг ташкил топиши. (Қадимги Оссурия даври - милоддан аввалги II минг йилликнинг 1 ярми). Оссурия тарихи уч асосий босқичга бўлинади: Қадимги Оссурия даври (милоддан аввалги XX - XVI асрлар), Ўрта Оссурия даври (милоддан аввалги XV - XI асрлар) ва Янги Оссурия даври (милоддан аввалги X - VII асрлар).

Энг қадимги оссур ёзувларига кўра милоддан аввалги XV асрга қадар “Оссурия” тушунчасининг ўзи мавжуд бўлмаган. Оссуриянинг энг йирик шаҳарлари: шимолда - Ниневия, шарқда – Арбаиму (Урбиллум), жанубда - Ашур ва Карана (Телль - ар - Римах), ғарбда - сиёсий ва этник жиҳатдан ягона бўлмаган. Кейинчалик бу шаҳарлар Оссурия давлати учун асос бўлдилар. Ниневия Оссуриянинг энг йирик шаҳригина бўлиб қолмай, балки жуда қадим тарихга эга эди. “Ниневия” сўзи хурритлардан келиб чиққан бўлса, эҳтимол. “Ашшур” эса сом тилларига мансуб деб фараз қилинади.

Энг қадимги оссур ёзувларига кўра, милоддан аввалги XXII - XXI асрда Ашшур шаҳри ҳокимлари Урнинг III сулола шоҳлари ҳокимияти остида бўлганлар.

Милоддан аввалги XVI асргача Оссурия давлати “алум Ашшур”, яъни “Ашшур жамоаси” деб номланган. Оссурия патриархал оиланинг қадимги шаклларини ва тараққий этмаган давлат тузумини узоқ вақт сақлаб келди. Унда ўз - ўзини идора қилиш бошқармалари бўлиб, улар махсус “шаҳар хонаси” - оқсоқоллар кенгаши томонидан идора қилиниб борган. Оқсоқоллар кенгаши қулдор зодагон вакилларидан иборат бўлиб, шу сабабли ҳокимият зодагонлар қўлидаги маҳкама вазифасини бажарган. Оссуриянинг дастлабки ҳокимлари “шаккум” деб аталган ярим коҳинлик унвонини олганлар. Бу унвон қадимги шумерийларнинг “патэси”га тўғри келади. Оссурия ҳокимлари олий мартабали коҳин ҳисобланиб, улар ҳарбий ҳокимият раҳбари бўлганлар.

Милоддан аввалги XX асрда халқаро вазият Оссурия учун кескинлашади. Бобил шоҳлигини барпо қилган аморийлар билан Оссурия ҳокимлари ўзаро жиддий кураш олиб бордилар. Бу кураш вақтида Оссурия ҳокимлари Шумернинг қадимги шаҳарларига таянганлар, чунки Шумер давлатининг ўтмишдаги қудрати ҳали бу шаҳарлар хотирасидан ўчмаган эди. Оссур шоҳи Илушума мамлакатнинг қадимий савдо алоқаларини тиклаш мақсадида Месопотамиянинг жанубий қисми билан бирга Дажла дарёсидан шарқдаги баъзи ўлкаларни ҳам бўйсундирган. Аммо Бобил шоҳи Ҳаммурапи Оссурия давлатининг кучини синдириб, Субарту мамлакати ҳамда Оссуриянинг ўша вақтдаги бош шаҳри – Ашшурни ҳам ўзига бўйсундиришга муваффақ бўлди. Ҳаммурапи Оссурияга қарши давомли ва шиддатли кураш олиб борди. Оссурия шоҳи Шамшиадад 1 (милоддан аввалги 1813 - 1781 йиллар) эркин ҳалқ оммасининг манфаатларини бир қадар ҳимоя қилганлиги маълум бўлиб, бинобарин ҳокимиятни ҳам кенг ҳалқ харакати оқибатида қўлга киритган бўлса, ажаб эмас. Шамшиадад ўрта табақа эркин аҳолига таяниб, Оссурияни бир қадар мустаҳкамлашга эришган. Шамшиадад Оссуриянинг шимол ва шарқидаги Тукриш ҳамда Кипр мамлакати шоҳларидан хирож олиб турган, “Улуғ денгиз” (Ўрта денгиз) даги Лабан (Ливан) мамлакатида ҳайкал ўрнатган. Шамшиадад, Даган худосига эътиқод қилиб, бу факт унинг нафақат Оссурияга, балки, унинг ғарбидаги Хана мамлакатига ҳам ҳокимлик қилганлигидан далолат беради. Шамшиадад ўзининг Иасмахадад исмли ўғлини Мари мамлакатига шоҳ этиб тайинлайди ва шу орқали Бобилга рақиб бўлиб олади. Оссурияга қўшни бўлган худудларда кучли Митанни шоҳлиги юзага келиб, у Мисрнинг ёрдами билан тез орада бир қанча қўшни ўлкалар шу жумладан Оссурияни ҳам истило қилади.

Оссурия милоддан аввалги XV асрда Митанни шоҳларига қарам эди. Митанни ҳукмдори Шаутшатар Оссурияни тор-мор келтириб, Ашшурни забт этади ҳамда қўлга киритилган бой ўлжалар, хусусан олтин ва кумуш билан безалган шоҳона дарвозаларни пойтахти Васуганнига олиб кетади. Хеттларга қарши узоқ вақт давом этган ва шиддатли кураш натижасида кучсизланган Митанни шоҳлиги Месопотамиянинг шимолида аста-секин ўз таъсирини йўқота борди. Оссурия шоҳлари Митанни кучсизланганидан фойдаланиб, ўз мамлакатларини мустақилликка чиқариш мақсадида узоқ Миср давлати билан сиёсий ва иқтисодий алоқа боғлаганлар.



Ўрта Оссурия даври. Миср ва Оссурия давлатларининг сиёсий ва иқтисодий алоқалар Миср фиръавнлари Аменхотеп III ва Эхнатон ҳамда Ашшур подшолари Ашшур - надин - аххе II ва Ашшурбаллит 1 (милоддан аввалги XV аср охири - XIV аср бошларида) даврида кенг ривожланган. Милоддан аввалги II минг йилликда Оссурия Миср ёрдамида аста- секин халқаро майдонга чиқа бошлади. Ашшурбаллит Бобилга қўшин тортиб бориб, ўз қариндоши Куригальза III ни Бобил тахтига ўтқизиш ва бу билан Иккидарё оралиғининг шимоли-ғарбида ҳамда шимолида Оссурия таъсирини жуда мустаҳкамлашга муваффақ бўлади.

Юз йил давомида, яъни Адад – Нирари I, Салманасар I ва Тукульти – Нинурта I (милоддан аввалги 1307 - 1208 йиллар) даврида Оссурия шоҳлиги юксалишга ўтди. Истилочилик урушлари туфайли Оссурия худудлари кенгайиб, ҳарбий - сиёсий қудрати кучайди.

Адад – Нирари I қўшни давлат қўшинлари устидан бир неча марта ғалаба қозонган. У Загр вилоятларида касситлар Бобилига қаттиқ зарба беради ва бир неча шаҳарни қўлга киритади. Сўнгра у ғарбга йўл олади. Митанни шаҳарларини, сўнг Суриягача кириб бориб, Харрандан тортиб то Кархемишгача чўзилган кенг худудни истило этади. Шундай қилиб, Ўрта денгизнинг осур қирғоқларига чиқиб борадиган энг муҳим савдо йўлларини ҳам қўлга киритиб олади. Адад-Нирари истилочилик сиёсатининг кенг қулоч ёйганлигига урғу бериш учун “кўплар шоҳи” унвонини олган.

Милоддан аввалги XIII асрнинг 1 ярмида ҳукмдорлик қилган Салманасар I катта ҳарбий ютуқларни қўлга киритди. У Уруатри (кейинги Урарту) шимолидаги саккиз мамлакатни ишғол қилиш билан бирга, Оссуриянинг таъсирини янада кенг ёйиш учун шимолий мамлакатларда бир қанча колониялар барпо этади. Ғарбда ҳам у анча йирик ғалабаларга эришиб, хусусан Шаттуар қўшинларини тор - мор қилади ва натижада оссурлар 14400 га яқин аскарни асир оладилар. Ниҳоят, Салманасар Бобилнинг кассит ҳукмдори қўшинларига катта зарба берганидан сўнг, кассит шоҳи, хетт ҳукмдори Хаттушил III нинг қутқуси балан Оссурияга қарши отланади ва оқибатда мағлуб бўлади.

Тукулти - Нинурта истилочилик сиёсатини янада зўр бериб амалга оширди. Милоддан аввалги XII аср Оссуриянинг ташқи сиёсатида Бобил ва шимолий йўналишлар катта аҳамиятга эга бўлди. Тукулти – Нинурта Элам ўлкалари, Шимолий Сурия, Ван кўлининг ғарбидаги Наири тоғли мамлакатига ҳарбий юриш қилган. Ниҳоят, оссур подшосининг Бобилга қилган ғолибона юриши муваффаққият билан якунланади. Унинг қўшинлари Бобилни босиб олиб, унинг истеҳкомларини бузиб ташлайдилар, Мардук худоси ибодатхонасини талаб, Бобилнинг ушбу тангриси ҳайкалини ўлжа сифатида ўзлари билан олиб кетадилар.

Оссур ҳукумдорларининг барча қўшни мамлакатларга қарши олиб борган давомли ва қаттиқ урушлари Оссурияни ҳийла заифлаштириб қўяди ва ҳатто улар вақтинча бобиллар таъсирига тушиб қоладилар ҳам. (IV Бобил сулоласига асос солган шижоатли Навохудоносор I даврида). Милоддан аввалги XII аср охиридагина ҳукумдор Тиглатпаласар (милоддан аввалги 1115 - 1077 йиллар) Оссуриянинг аввалги қудратини тиклай олди. Унинг шимолдаги Наирига ғолибона юриши, у ерда кўп ва қимматли ўлжани қўлга туширгани ҳусусида топилма ёзувларда батафсил баён қилинган. Оссурия шоҳи Сурияга юриб, Финикия қирғоғидаги Библ, Сидон, Арвад каби муҳим савдо шаҳарларини қўлга киритади, ҳатто узоқ Миср ҳам Оссурия ҳукмдорининг қудратини тан олишга мажбур бўлади. Тиглатпаласар I Аққодга ҳам бир неча бор бостириб кириб, Сиппар ва Бобил шаҳарларини босиб олади. Аммо Оссурия узининг энг хавфли душманларини Дажланинг ғарбидаги бепоён чўлларига, асосан Фрот дарёсининг ғарбий қирғоғига улоқтириб ташлашга муваффақ бўлган, лекин ундан кейин кўчманчиларга етарли қаршилик кўрсата олмай қолган эди. Чунки узоқ давом этган урушлар туфайли заифлашган Оссурия шу орада таназзулга юз тутган.

Милоддан аввалги XIV асрга оид бўлиб, ҳозирга қадар сақланиб қолган қонунлар тўплами қадимги урф-одатларга асосланган ҳуқуқ мажмуаси тузилганлигидан далолат беради. Бу ҳуқуқ жуда қадим замонлардан қолган бўлиб, чунончи, қасос олиш (хун) ёки айбсизлигини сув ёрдамида синаб аниқлаш шулар жумласидан эди. Бироқ урф- одат хуқуқи ва жамоа судининг қадимги шакллари ўзгариб, улар ўрнини тобора кўпроқ шоҳликнинг замонавий адлия ишлари (юрисдикцияси) эгаллай бошлаган; шоҳликнинг адлия ишлари суд амалдорлари қўлида бўлиб, улар низоли ишларни ҳал қилганлар. Шунингдек, суд ишларини юргизишнинг муайян тартиби ҳам адлия (суд) ишлари нақадар тараққий этганини кўрсатади. Суд қилиш тартиби жиноят тафсилоти ва турини аниқлаш, гувоҳларни сўроқ қилиш, сўнгра суд ҳукмини чиқаришдан иборат бўлган. Гувоҳлар ўз сўзларининг тўғрилигини тасдиқлаш учун “қуёш худосининг ўғли – илоҳий ҳўкиз” номи билан қасамёд қилганлар. Олий суд мажлислари эса одатда шоҳ саройида ўтказилган.

Бизга қадар етиб келган ҳужжатлардан маълум бўлишича, оссур судлари айбдорларга нисбатан турли жазо чоралари қўллаб, баъзан бу жазолар ўта шафқатсиз бўлган.

Давлатни идора қилиш тизими оссур шоҳларининг истилочилик сиёсатига хизмат қилган. Урушлар қулчиликнинг асосий манбаларидан бири бўлиб, асоратга тушган қарздорлар қул қилиб сотиб юборилган.

Аёллар ва оиланинг кичик аъзолари қул ҳолида бўлган. Оссуриядаги каби уй қуллигининг очиқ – ойдин шакли қадимги Шарқнинг бирон бошқа мамлакатида учрамайди. Қулликнинг бундай шакллари ҳақида Оссуриянинг милоддан аввалги XIV асрга оид қонунларида ёзувларни топиш мумкин



Янги Оссурия даври. Буюк Оссурия ҳарбий давлати (милоддан аввалги

1 минг йиллик). Бу даврга доир жуда оз ёзув ва ёдгорликлар сақланиб қолган. Маълумки, Олд Осиё шимолида милоддан аввалги II минг йиллик охирида темир ишлатила бошланган. Вақт ўтиши билан темир бронзани тобора сиқиб чиқаради. Милоддан аввалги XIII асрга келиб, ибодатхона пойдеворларини қуришда темир буюмлар ишлатилган. Оссурия шоҳлари ўз қўл остидаги халқлардан хирожни темир билан тўлашни талаб қилганлар. Хорсободдаги қазиш ишларида темирдан ясалган буюмлар, асбоблар омбори топилди. Темир рудаси қазиб олиш ва унга ишлов бериш тараққиётида катта ўзгариш қилиб, ҳунармандчилик ишлаб чиқаришнинг ўсишига сабаб бўлди ва ишлаб чиқарувчи кучлар ривожига ёрдам берди. Металлнинг кенг қўлланилиши савдо тараққий этишига ва янги мукаммал қурол - яроғлар билан такомиллаш имконини бериб, бу эса Оссуриянинг ҳарбий - сиёсий қудрати тикланишига олиб келди.

Оссур шоҳи Ашшурназирпал III (милоддан аввалги 883-859 йиллар) ўз ҳукмдорлигининг бошидан охирига қадар босқинчилик сиесатини юритиб, Оссуриянинг ҳарбий қудратига асос солган. Ашшурназирпал ороми қабилаларини ўзига бўйсундирганидан кейин, бу қабилалар оссур шоҳига хирож тўлай бошлайдилар. Шу вақтда Оссурия наири қабилалари орасида ҳам ўз таъсирини тиклайди. Унинг Ғарбда олиб борган урушлари муҳим аҳамиятга эга эди. Ашшурназирпал ҳарбий ҳаракатлар натижасида Ўрта денгизга йўл очиб чиқишга муваффақ бўлди. Унинг қўшинлари Оронт водийсини кесиб ўтиб, Аман тоғларигача бориб етган ва Оссурия шоҳи қимматбаҳо ёғоч турларини шу ердан оладиган бўлди. Финикия шаҳарлари Оссурияга хирож тўлаб турганлар. Ашшурназирпал ўша вақтда ўзининг янги пойтахти Калах шаҳрида қурдирган ҳашаматли сарой қолдиқлари ҳали ҳам бор.

Милоддан аввалги IX асрда Салманасар III (милоддан аввалги 859 - 824 йиллар) ҳукмронлиги даврида ўттиз иккита ҳарбий юриш қилган. Милоддан аввалги 856 йили Салманасар III Бит - Адинини ўзига бўйсундирган, ороми шоҳлиги пойтахти Тил - Барсибни эгаллаб, ҳашаматли сарой қурдирган. 1929 - 1931 йилларда ана шу шаҳардаги қазилмалар вақтида сарой харобалари топилди. Оссур шоҳи бу шаҳарга сиёсий жиҳатдан катта эътибор берган, чунки Тил - Барсиб орқали муҳим ҳарбий савдо йўли ўтган. Салманасар III Сурия томон йўл олиб, йўлдаги энг муҳим шаҳарларни қўлга киритиш ва шундан кейин Ўрта денгизга савдо йўллари очишни мақсад қилган. У Дамашқнинг шиддатли қаршилигига дуч келди, чунки Дамашқ Сурия ва Финикияни, шунингдек Фаластинни ўз иттифоқчиларига айлантириб, ҳатто араб қабилалари бу иттифоққа қўшилган эдилар. Орон бўйидаги Каркара ёнида, Хаматдан шимолроқда иккала қўшин тўқнаш келди. Қонли жангда (милоддан аввалги 854 йили) Салманасар III душман кучларини енга олмади. Фақат милоддан аввалги 840 йили ўн олти ҳарбий юришидан сўнг Оссурия ҳукмдори ғалабага эришишга муваффақ бўлди. Исроил, Тир, Сидон унга бўйсуниб, хирож тўлай бошладилар. Оссурия Урарту шимолидаги қабилалар билан ҳам қаттиқ кураш олиб боришга мажбур бўлган. Оссур аскарлари гарчи Урарту тупроғига бостириб кирган бўлишларига қарамай, Урарту давлатини мағлуб эта олмадилар.

Оссурия ўз устунлигини узоқ сақлаб қола олмади. Кучайган Урарту давлати Оссурия учун хавфли рақибга айланди. Урарту ҳукмдорлари ғолибона юриб, Оссурияни Кавказ орти, Кичик Осиё ва Шимолий Суриядан ажратиб қўйишдилар. Натижада Оссуриянинг бу мамлакатлар билан юритган савдо ишларига катта зарба берилди ва бу ҳол мамлакат хўжалик ҳаётига ҳам салбий таъсир кўрсатди. Милоддан аввалги VIII асрда халқаро вазиятни ўзгариши, Оссурия давлатининг орқага қараб кетишига сабаб бўлди. Олд Осиёнинг шимолий қисмида энди Урарту давлати ҳукмронлик вазиятига эга бўлди.



Оссуриянинг учинчи юксалиши. Оссурия давлатининг тикланиши. Милоддан аввалги VIII аср ўрталарида Оссурия яна кучаяди. Тиглатпаласар III (милоддан аввалги 745 - 727 йиллар) ўзидан аввалги шоҳларнинг истилочилик сиёсатини давом эттиради. Тиглатпаласар III Урартуга биринчи маротаба муваффақиятли юришлар қилади. Тиглатпаласар Урарту подшолигини бўйин эгдира олмаган бўлса ҳам, уни бир мунча кучсизлантиради ва шундай қилиб, Олд Осиёнинг шимоли-ғарбий қисмида Оссуриянинг аввалги қудратини қайта тиклаган Тиглатпаласар милоддан аввалги 729 йилда Бобилни босиб олиб, уни ўзига қўшиб олади ва буни Бобил коҳинлари ҳам қўллаб–қувватлаганлар. Ички ҳудудларни етарли миқдорда иш кучлари билан таъминлаш учун подшо қўл остидаги мамлакатлардан минглаб қуллар ҳайдаб келтирган. Оссур ҳукумдори ўз давлатида яшаган қабилаларни мамлакатнинг бир жойдан бошқа ерга оммавий кўчириш тартиби (насаху) ана шу вақтдан бошлаб истило этилган мамлакатларни бўйсундириш усулларидан бирига айланган.

Тиглатпаласар III шоҳлиги даврида муҳим ислоҳатларни амалга оширди. Ислоҳатлар маъмурий ва ҳарбий соҳаларга таалуқли бўлди. Тиглатпаласар III дан кейин унинг ўғли Салманасар V тахтга ўтириб (милоддан аввалги 727 - 722 йиллар), беш йил мобайнида бир қанча юришлар қилган ва муҳим ислоҳат ўтқазган. Ҳаддан ташқари кескинлашиб кетган синфий зиддиятларни бир қадар юмшатиш мақсадида Салманасар V Оссурия ва Бобилнинг Ашшур, Ниппур, Сиппар ҳам Бобил каби қадимги шаҳарларига берилган молиявий - иқтисодий имтиёзлар ҳамда солиқларга оид енгилликларни бекор қилади. Бу билан Салманасар айниқса зўр иқтисодий таъсир кучига эга бўлган қулдор зодагонлар, бой - савдогарлар, коҳинлар ва катта ер эгаларига кучли зарба берди. Салманасарнинг бу тадбирлари юқори табақа вакиллари орасида ҳукмдор сиёсатидан жиддий норозиликни келтириб чиқарди ва уюштирилган фитна оқибатида Салманасар V тахтдан туширилиб, ўрнини укаси Саргон II эгаллади.

Саргон II (милоддан аввалги 722-705 йили) “қонуний шоҳ-Шаррукен” деб ном олгани ҳокимият тепасига зўрлик билан келганлигини кўрсатади. Миср ёрдамида кўтарилган қўзғолонларини бостириш учун Саргон II Сурияга яна қўшин тортиб боришга мажбур бўлади. Бу уруш натижасида Саргон II Исроилни тор - мор келтириб, Самарияни ишғол қилади ва 25 минг кишини асир қилиб олиб кетади. Бу асирлар Оссурия ўлкалари ва мамлакатнинг олис чегараларига жойлаштирилган.

Саргон II ҳукмдорлигининг 7 ва 8 йилларида Урарту устидан ҳам йирик ғалаба қозонди. Элам мамлакати қўллаб - қувватлаган Бобилга қарши кураш Саргон II учун ўта машаққатли кечди. Шоҳ Урарту устидан қозонган ғалабасидан сўнг, лидияликлар билан эронликлар яшайдиган ўлкаларда ўз таъсирини кучайтириш имконига эга бўлди. Саргон II янги пойтахт - Дур - Шаррукин шаҳрини барпо қилди.

Саргон II ўғли Синаххериб (милоддан аввалги 705 - 681 йиллар) давлати у қадар кучли бўлмай, унга хавф солган янги иттифоқлар юзага келади. Сурия, Финикия ва Фаластиндаги кичик шоҳликлар қайтадан бирлашдилар. Тир ва Яхудих шаҳарлари Оссурияга қарши қўзғолон кўтарадилар. Оссурия ҳукумдори қурол ёрдамида, балки дипломатия йўли билан иш кўришга мажбур бўлади.

Жанубий Месопотамияда ҳам Оссурия учун жиддий муаммолар юзага келди. Бобил шоҳи Меродах - Баладанни ҳамон Элам ҳукумдори қўллаб - қувватлаб турган. Катта зарба бериш мақсадида, Синахериб Халдияна ва Эламга катта қўшин йўллайди. У Элам ва бобилликларга қарши шиддатли кураш натижасида фақат милоддан аввалги 689 йилда Бобилни эгаллай олди ва уни вайрон қилди. Сарой тўнтаришида Синахериб ўлдирилиб, унинг ўрнига ўғли тахтга ўтиради (милоддан аввалги 681-669 йиллар). Ўз мавқеини мустаҳкамлаш учун у коҳинлар, ҳарбий гуруҳлар ва савдогарларга таяниш ниятида эди. Милоддан аввалги 679-678 йилларда Ассархаддон Бобилни қайта тиклашга муваффақ бўлди.

Асархаддон Мисрга қарши ҳарбий юришни тайёрлаш жараёнида аввало энг кучли душманларидан бири Сидон шоҳига зарба беради, сўнг бутун Сурияни буйсундириб, исёнкор халқни махсус қурилган янги шаҳарга кўчиради. У Мисрни ҳам босиб олиб, Тахарка қўшинларига қақшатқич зарбалар беради. Оссурия давлати шарқда - Эроннинг ғарбий чегараларидан ғарбда-Ўрта денгизгача, шимолда Кавказ ортидан, жанубда – Эфиопияга қадар чўзилган қадим шарқнинг деярли барча мамлакатларини буйсундирган эди.

Оссурия давлатини тушкунлик даври ва парчаланиши. Оссурия давлатининг сўнгги кучли ҳукмдори – Ашшурбанипал (милоддан аввалги 669 - 635/27 йиллар) ҳукмронлигининг бошидан охирига қадар бу улкан давлатнинг бирлиги ва ҳарбий-сиёсий қудратини машаққат билан сақлаб келди.

Оссурлар бўйсундирилган халқлар эзувчиларига қарши курашни давом эттириш билан чекланмай, Оссурияга қарши курашиш мақсадида иттифоқ ҳам тузганлар. Шу тариқа Оссурияга қарши жуда қудратли иттифоққа Аққод, Халдея арамейлари, Элам, Гутиум ва Миср қўшилган.

Ашшурбанипал Мисрга қарши қўшин йўллайдию, аммо мақсадига эриша олмайди. Фиръавн Нехонинг ўғли Псаметик Оссуриянинг ички муаммоларидан фойдаланиб, ундан ажралиб чиқади ва мустақил Миср ҳоқонлигини барпо этади. Ашшурбанипал Финикия билан Сурия устидаги ўз назоратини сақлаш учун анча куч ва имконият сарфлашга мажбур бўлди.

Оссурия давлати аста-секин кучсизланиб бораётган эди. Унинг шимол ва шарқида яшовчи кўп сонли кўчманчи қабилалар, хусусан киммирийлар, скифлар, лидияликлар ва форслар Оссурияга доимо хавф солиб келганлар. Ашшурбанипал ўлгандан кейин тез орада лидияликлар билан бобилликларнинг бирлашган кучлари Оссурияга бостириб кириб, оссур қўшинини тор - мор қилади. Милоддан аввалги 605 йили Оссурия давлати душманларнинг зарбалари остида қулади. Каркемиш ёнидаги жангда Бобил қўшинлари оссурларнинг сўнгги ҳарбий қисмларини ҳам янчиб ташлайдилар.

Шундай қилиб, жуда катта қудратга эга бўлиб, жаҳонда ҳукмрон бўлишга интилган ва 150 йил мобайнида Олд Осиёни бирлаштириб турган давлат барбод бўлди.
Таянч иборалар

«Кўплар шоҳи», шаҳар хонаси, қуёш худосининг ўғли илоҳий хўкиз, қонуний шоҳ Шаррукен, патэси, «Улуғденгиз», Лабан, шаккум, хун, насаху.

Саволлар

1. Оссуриянинг юксалишига нималар сабаб бўлган?

2. Оссурияни Шарқда тарихий аҳамияти нимада?

6. Янги Бобил подшолиги

Бобил касситлар истилосидан кейин заифлашиб, Месопотамиянинг энг муҳим иқтисодий маркази сифатидаги аҳамиятини йўқотди. Милоддан аввалги II минг йиллик охирларида Месопотамиянинг жанубий қисмида халдейлардан бўлган семит қабиласи пайдо бўлади. Бу қабила жанубий Бобилни истило қилиб, Денгиз бўйи давлатини тузишга эришган. Бу мамлакат ҳукмдорлари Эламнинг ёрдамига таяниб, Оссурияга қарши қатъий кураш олиб бориб, Бобилнинг ўтмишдаги қудратини тикламоқчи бўлдилар. Оссурия шоҳларининг Бобилга ҳамда Денгиз бўйи мамлакатининг халдеялик ҳукмдорларига қарши тўхтовсиз ва аёвсиз кураши Бобилнинг ана шу давр ичида бой ва кучли савдо мамлакати сифатида ўз аҳамиятини сақлаб турганлигини ҳамда иқтисодий ва сиёсий мустақиллиги учун жиддий курашганлигини кўрсатади. Бобил Ашшурбанипал (милоддан аввалги 626 йили) вафотидан сўнг Оссуриянинг кучсизланиб қолганидан фойдаланиб, Оссурия ҳукмронлигидан озод бўлади ва Мидия билан иттифоқ бўлиб, унга қақшатқич зарба беради. Халд уруғи вакили бўлган ва Бобилга юборилган лашкарбоши Набопаласар (милоддан аввалги 626 - 604 йили) душман томонига ўтиб, ўзини Бобил шоҳи деб эълон қилади ва Бобил ҳукмдорларининг янги сулоласига асос солади. Бобил коҳинлари, унинг савдогар ва қулдорлари, зодагонлар ҳамда Мидия шоҳи Киаксар билан тузилган ҳарбий иттифоққа таянган Набопаласар Оссурияга қақшатқич зарба беради. Оссур шоҳларининг ҳашаматли ва обод пойтахти Ниневия милоддан аввалги 612 йилда батамом вайрон қилинган. Оссурия шоҳлиги вайроналари устида кейинроқ янги Бобил - Халдея давлати қад кўтарди.



Иқтисодиёт ва ижтимоий тузум. Бобил илгариги даврдагидек, асосан қишлоқ хўжалиги мамлакати бўлиб, кўплаб дарёлари, ўтлоқ ва дарё водийларига туташган кенг далалари чорвачиликни тараққий эттириш имконини берган. Мулкий жиҳатдан кескин табақаланиш, қулдорлик хўжалиги тараққий этиши ва ўсиши чорванинг бойлар қўлида тўпланишига олиб келди. Чорвадор бойлар ўз молларини одатда ижарага берганлар ва сақланиб қолган ҳужжатлар ижара ҳақи одатда махсулот билан тўланганлигидан далолат беради.

Суғориш тизимига асосланган деҳқончилик мамлакат хўжалик ҳаётида шу қадар катта рол ўйнаганки, ўша замон қонунларига махсус моддалар киритилиб, унда ерга сифатли ишлов берилиши ҳамда суғориш тармоқларини батартиб сақлашга алоҳида урғу берилган. Мамлакат қишлоқ хўжалиги қулдор бойлар назорати остида бўлган. Нафақат катта ер ҳудудлари, балки каналлар ҳам қулдор бойларга қараган. Энг йирик ер эгалари ўз ҳисобидан каналлардан ариқлар қаздириб, улардан фойдаланган маҳаллий деҳқонлардан махсус ҳақ ундирганлар.

Оссурия давлати ағдарилгач, Бобилнинг ўтмишдаги шуҳрати тикланди. Бобил мамлакати ва савдосининг янги, аммо сўнгги гуллаган даври бошланди. Мулкий табақаланиш туфайли хўжалик ҳаёти ҳам аввалгига нисбатан анча мураккаблашди. Савдо - сотиқ кенг тараққий этиб, унинг турлари кўпайди. Ғалла, чорва, турли қишлоқ хўжалик ва ҳунармандчилик маҳсулотлари билан бирга ҳом ашё, турли кўчмас мулк, ер, боғлар, бино ҳамда кўплаб қуллар ҳам олиб сотиладиган бўлди.

Бобил қадимги Шарқнинг йирик савдо марказига айланиб, бу ерга узоқ мамлакатлардан савдогарлар келадиган бўлди. Бобил бозорларида халдеялик, оссуриялик, ороми, форс, мисрлик ва яҳудийларни ҳам учратиш мумкин эди. Оссурия даврида ороми тили кенг тарқалиб, замонлар ўтиши билан бу тил тобора кўпроқ қўлланиладиган бўлди.

Қул эгалигининг ривожланиши, мамлакатда қуллар кўпайиши, қулларнинг тез-тез қочиб кетиш ҳоллари, қул савдоси кенг қулоч ёйганлиги туфайли қулларнинг қўлдан-қўлга ўтиши бу жараён давлат ҳокимияти томонидан назорат қилинишини талаб этган. Қулдорнинг қулга эгалик хуқуқи алоҳида муассасаларда қайд қилиб қўйилган бўлиши ҳам мумкин. Қулдорлар ўз манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қулларга тамға босганлар.

Янги Бобил шоҳлигининг тараққий этиши. Милоддан аввалги VII аср бошларида Бобил қулдор зодагонлари катта нуфузга эга бўлганлар. Катта ибодатхоналарнинг бош коҳинлари шулар таркибига кирган. Месопотамиянинг қўшни мамлакатлар билан савдосини Бобилнинг махсус муассасалари назорат қилиб турганлар.

Қудратли коҳинлар, йирик қулдорлар ва савдогарлар Халдея - Бобил давлатида сиёсий жиҳатдан етакчи ўрин тутганлар. Халдея сулоласига асос солган Набопаласар мамлакатда Бобил коҳинларига таяниб иш кўрган.

Бобил подшолигининг чегараларини мустаҳкамлаш муҳим сиёсий вазифалардан бири бўлган. Бобил учун икки дарё оралиғининг шимоли-ғарбий қисмида мустаҳкамланиб олиш зарур эди, чунки Оссуриянинг қолган қутган лашкарлари қочиб бориб, шу ердан бошпана излаганлар. Набопаласар бу вилоятнинг иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан аҳамиятли йирик шаҳарлари – Харран ва Кархемишни ишғол қилади ва уларда лашкарларини қолдириб, ўзи Бобилга қайтиб кетади. Бундан кейин ташқи сиёсат билан фаол шуғулланиш учун куч тўплаш лозим бўлиб қолган.

Бобилнинг асосий душмани Миср бўлиб, бу вақтда у ўз тараққиётининг сўнгги даврини кечираётган эди. Саис сулоласи фиръавнлари Миср давлатининг ўтмишдаги қудратини тиклашга уриндилар. Оссуриянинг кучсизланганидан фойдаланган Псамтик Мисрнинг Фаластинга сиёсий таъсирини қайтадан тиклаш мақсадида милоддан аввалги VII аср охирида бу ерга бостириб киради. Мисрнинг навбатдаги фиръавни Нехо нафақат Фаластинни, балки Финикия билан Сурияни ҳам босиб олиш мақсадида ишга киришади. Миср фиръавни Мегиддо яқинидаги жангда яҳудия қўшинларини тор - мор келтириб, Қуддусга хирож солиб, Финикия шаҳарларини қўлга киритади. У Сидон шаҳрида зафарномасини ёзиб қолдирган. Сўнгра Нехо Фрот дарёсига етиб бориб, Бобил қўшинини енгади ва Кархемиш шаҳрини ишғол қилади. Мисрликлар бу шаҳарда оссурлар билан бирлашиб, Бобил шоҳига қарши чиққадилар. Мисрликлар билан оссурлар иттифоқи Бобил учун катта хавф туғдирган. Душманга қақшатқич зарба бериш учун Набопаласар куч тўплашига тўрт йилга яқин вақт керак бўлди. Бобил қўшини Набопаласарнинг ўғли ва тахт вориси Навуходоносор бошчилигида 605 йилда Кархемиш ёнида бўлиб ўтган машҳур жангда мисрликлар билан оссурларнинг бирлашган аскарлари устидан ғолиб келган. Ҳарбий кучлари етарли бўлмаган Нехо буткул мағлуб бўлиб, шошилинч ортга чекинишга мажбур бўлди. Навуходоносор II (милоддан аввалги 605 - 562 йиллар) ҳарбий муваффаққиятларидан тўла равишда фойдаланган. У Нил дарёси дельтасигача етиб бориб, Сурияни эгаллаб, мисрликларни Олд Осиёдан батамом сиқиб чиқаради. Навуходоносор ғоят эҳтиёткор ҳукмдор бўлганлиги сабабли, ана шу эришган ютуқлари билан чекланган.

Бироқ Бобил ҳам, Миср ҳам бу аҳволга томошабин бўлиб қолишни истамас эдилар. Саис сулоласининг шижоаткор фиръавнлари Сурия қўлдан кетишига рози бўлмай, кучли қўшин тўплаганлар ва уни ёлланма юнон аскарлари билан тўлдирганлар, Бобил подшоси эса Ўрта денгиз соҳилларидаги ўз ҳукмронлигини мустаҳкамлашга интилган. Шундай қилиб, яқин орада яна уруш бошланиши аниқ бўлиб қолди. Фиръавнлар Фаластин, Финикия ва Сурияни истило қилган дастлабки вақтларда улар Мисрнинг иқтисодий ва маданий таъсири остида эдилар. Мана шундай таъсир асоратлари бу мамлакатларда милоддан аввалги 1 минг йилликда ҳам сезилиб турди. Фаластинда Миср тарафдорлари анчагина кўп эди, шу жумладан, Яҳудия шоҳи Иоаким ҳам Мисрни қўллаб-қувватлаган. Яҳудиянинг Бобилдан ажралиб чиқиб, Бобилга хирож тўлашдан бош тортиши янгидан уруш бошланиб кетишига баҳона бўлди. Навуходоносор Яҳудия устига қўшин тортиб, Қуддус шаҳрини қамал қилади. Бобил қўшинлари қалъа деворлари билан ўраб олинган бу пойтахт шаҳарни уч ой қамалдан сўнг, охири милоддан аввалги 597 йилда эгаллашга муваффақ бўлдилар. Яҳудия таслим бўлгач, шох оиласи, кўзга кўринган зодагонлар, ҳунармандлар ва ҳарбий асирлар билан бирга Бобилга мажбуран кўчиртириб олиб кетади. Қуддуснинг машҳур ва бой ибодатхонаси талон тарож қилинади. Миср ҳукмдори ана шундай вазиятда ҳам иттифоқчисига ёрдамга келишга ўзида журъат топа олмайди. Шундай қилиб, Навуходоносор Фаластинда яна ўз ҳокимиятини тиклаган.

Лекин бу муваффақият Бобилнинг тўла тантанаси эмас эди. Фаластин билан Финикия янги курашга тайёрланарди. Миср аввал қўл остида бўлган Сурия ерлари ҳақида орзу қилиб юрарди. Фиръавн Уах - иб -Ра (Аирий) Сурия соҳилларини эгаллаш ва шу орқали сиёсий ҳукмронлик қилиш учун зарур асосий худудларни қўлга киритиш мақсадида, қўшинлар ва ҳарбий флотга бош бўлиб, Осиё томон отланди. Даставвал Миср фиръавни бир неча ютуқларга эришиб, Седанни ишғол қилади ва Финикиянинг бошқа шаҳарларини ҳам таслим этади. Қуддус яқинида жанг қилаётган Бобил аскарлари ортга чекинишга мажбур бўладилар. Озод бўлган Яҳудия душмани – Бобил устидан қозонган ғалабасини тантана қила бошлайди. Аммо мисрликларнинг қувончи узоққа бормади. Навуходоносор Сурияни душманга топшириб, тинчини йўқотди. Бобил шоҳи Сурияга бостириб кириб, Миср қўшинларини тор-мор қилади ва уларни чекинишга мажбур этади. Кўп сонли Бобил қўшини яна Қуддусни қамал қилади. Яҳудийлар шиддатли ва қонли жангларда Яҳудия давлатининг ҳаёт мамоти учун, пойтахтларини қаттиқ туриб, қаҳрамонларча мудофаа қиладилар. Бироқ барибир яҳудийлар қаршилиги синдирилади. Бобил қўшинлари Қуддусни шижоат билан қўлга киритиб, шаҳарни вайрон ҳамда талон - тарож қилиб, унга ўт қўйиб юборганлар (милоддан аввалги 586 йил).

Бобил шоҳи исёнчиларни қаттиқ жазолади. Яҳудия ҳукмдори Цидкия қолган-қутган қўшини билан бирга Иерихон текислигида қўлга тушади ва кўзи ўйилиб, кўр қилинади. Яҳудия шаҳзодалари эса қатл қилинади. Кўплаб яҳудийлар асир олиниб, Бобилга ҳайдаб олиб кетилади. Милоддан аввалги 586 йилда вайрон қилинган Қуддус ёнғинида яҳудийларнинг эркин ва мустақил давлат ҳақидаги орзулари батамом пучга чиқди. Бобил шоҳи Сурияда ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаб, Фаластинга ҳам эгалик қила бошлади. Аммо Навуходоносор Сурияни ўзига тобе қилиш учун Финикия шаҳарларини ҳам узил-кесил бўйсундириши керак эди. Финикия давлатининг қадимги пойтахти - бой ва қудратли Тир – савдо маркази бўлиб, шаҳарлар орасида етакчи ўринлардан бирида турарди. Тир аҳолиси ўз мустақиллигини мардларча ҳимоя қилди. Тир шаҳри денгиздаги орол устига қурилган ва бу мустаҳкам шаҳарни Бобил қўшинлари 13 йил мобайнида қамал қилиб, эгаллай олмаганлар. Узоқ давом этган қамал натижасида шаҳар ҳимоячиларининг тинкаси қуриб, улар мажбуран таслим бўлдилар. Навуходоносор Финикияни ҳам оғир машаққатлар билан эгаллаган. Бобил қўшинларининг олдида яна бир қийин вазифа, у ҳам Мисрга сўнгги ва қатъий зарба бериш вазифаси турарди. Асосий мақсад – Мисрнинг кучини синдириш ва уни Олд Осиёда фаол сиёсат юрита олмайдиган қилишдан иборат эди. Манбалардаги маълумотларнинг ноаниқлиги ва тарқоқлиги урушнинг қай йўсинда борганлигини аниқлаш имконини бермайди. Шу сабабли, Навуходоносорнинг ҳатто Миср ичкарисига кирган ё кирмаганлигини ҳам аниқ айтиш қийин. Ҳар ҳолда Бобил шоҳи Мисрга бир қадар зарар етказган бўлиши керак. Мисрдаги Гелиополга яқин жойда Бобил шаҳрининг барпо этилиши ҳам шу воқеалар акс-садоси деган фараз мавжуд. Миср Бобилининг барпо этилиши тахминан ана шу даврга тўғри келади. Лекин Миср ўша вақтда ҳали етарлича кучга эга эди. Миср фиръавни Яхмос II (Амазис) кучли флот ёрдамида Кипрни босиб олади ва у ердан Финикиянинг савдо шаҳарларига хавф сола бошлайди. Яхмос II бу билан Бобилнинг Ўрта денгиз шарқидаги ерларини эгаллашида қаршилик кўрсатмоқчи бўлган. Бобил ҳукмдори Месопотамия, Сурия, Финикия ва Фаластинни истило қилган бўлишига қарамай, шошилинч бунёд этилган салтанатнинг у қадар мустаҳкам эмаслигини ўзи ҳам биларди. Наҳрилқалб дарёси буйидаги қояларда Миср фиръавнлари ва Оссурия истилочиларининг тантанали ғалабаларига оид маълумотлар мавжуд. Аммо Навуходоносор ҳақидаги ёзувларда юқоридаги ғалабалар ҳақида хеч нарса айтилмаган.

Навуходоносор милоддан аввалги 562 йилда вафот этади. Унинг 43 йиллик ҳукмдорлик даврида Янги Бобил подшолиги юксак тараққиётга эришди. Навуходоносор ворислари унинг ишларини муносиб давом эттира олмадилар. Коҳинлар бош қўшган сарой ғулғулалари оқибатида тез-тез давлат тўнтаришлари бўлиб турган. Бобил подшолари тахтида 6 йил ичида уч ҳукмдор ўтириб, улардан иккитаси ўлдирилган. Сиёсий вазиятнинг кескинлашуви, мамлакат ичидаги синфий табақаланиш, форсларнинг бостириб кириш хавфи ҳукмдорлардан ғайрат ва дипломатик моҳирликни талаб қилган. Милоддан аввалги 555 йилдаги давлат тўнтаришидан кейин Бобил тахтига ўтирган Набонид Навуходоносор II ишини давом эттириш ниятида бўлиб, у Навуходосорни ўз ёзувларида кўп қайд этади ва уни ўз ҳомийси сифатида ҳурмат билан тилга олади.

Набонид 17 йил (милоддан аввалги 555 - 538 йиллар) ҳукмдорлиги даврида мамлакат бутунлигини сақлаш учун қаттиқ курашган. Набонид шоҳлигининг дастлабки йиллари шимолий Сурияда кўтарилган қўзғолонни бостириб, Хаматга, Амурру мамлакатига қўшин тортиб, то Эдемнинг жанубигача етиб боради. Аммо Бобил учун асосий хавф уяси бу ерда эмас эди. Сурия билан Фаластин бостирилган ва кучсизланиб қолган Мисрдан ёрдам кута олмасдилар. Тир шаҳрини Набонид подшо қилиб кўтарган Хирам II идора қилар эди. Месопотамиянинг шимолий қисмида Бобил учун анча мушкул аҳвол юзага келган. Мидия ҳукмдори Астиаг (Иштувегу) Шимолий Месопотамияга юриб, Харран ўлкасига кириб боради. Ёзувлардан маълум бўлишича, Набонид “умманманд” лар (мидиялик) ларга қарши чиқадию, лекин мидияликларни ундан аввал Аншана шоҳи Кайхисрав тор-мор келтиради. Мидия ҳукмдорлигининг емирилиб, Эрон юксалаётганини кўрган Набонид ўзининг шимолий - ғарбий чегараларини мустаҳкамлашга қарор қилган ва шу сабабли, ўз сўзларига кўра, Харранда бу ерга мидияликларнинг хуружидан катта зарар кўрган муқаддас қадамжоларни тиклаш мақсадида алоҳида эътибор берган бўлиши мумкин.

Эрон босқини хавфини аввалдан сезган Набонид Арабистон билан алоқаларини мустаҳкамлаш ниятида Теймага лашкар тортиб, уни босиб олиб, ўз қароргоҳига айлантиради. Набонид Теймада ўзини бир қадар тинч сезарди. Сиёсат майдонидаги вазият Бобил салтанати учун тобора хавфли бўлиб борди. Эрон шоҳи Кайхисрав милоддан аввалги 550 йилда Мидияни бўйсундириб, Лидияга қарши отланади. Лидия салтанатини эгаллаб, шу орқали Месопотамияни шарқ ва шимолдан ўзига қарашли ерлари билан ўраб олади. Эрон шоҳининг барча ютуқлари Бобил хроникасида батафсил кўрсатилган, чунки у энди бевосита айнан Бобилга хавф солмоқда эди. Хрониканинг милоддан аввалги 546 йилга оид бобида эламийлар (форслар ёки уларнинг Эламдаги иттифоқчилари деб тахмин қилинади) Аққодга бостириб кирганлиги ва Урукга Элам ҳокими тайинланганлиги айтилади. Форслар Дажла дарёсининг шарқида Қуйи Заб, Дажла дарёси воҳасидаги Гутиум ўлкасини босиб оладилар. Кайхисрав милоддан аввалги 539 йилда Месопотамияга бостириб кириб, Опис ёнида Бобил қўшинларини тор-мор келтирган. Милоддан аввалги 538 йилда Кайхисрав Сиппарни ишғол қилиб, Бобил чегараларига яқинлашади. Набониднинг художўй ва олимлиги ҳам, бутун мамлакатдан келтирилган худо ҳайкаллари ҳам (Набонид уларни йиғиб, Бобилни ғоят катта қадимги диний ёдгорликлар музейига айлантирган) уни қутқариб қололмади. Кайхисрав милоддан аввалги 538 йилнинг кузида Бобилга кириб, Набонидни тахтдан четлаштиради ва Бобилни қудратли Эрон давлати таркибига қўшиб олади.

Янги Бобил салтанати шу тариқа интиҳо топди ва шу билан буюк давлат барпо қилиш йўлидаги сўнгги уриниш ҳам барбод бўлди. Лекин Бобил Олд Осиёнинг энг катта савдо маркази ҳамда нафақат қадимги Шарқда, балки бутун қадимги дунёда ҳам маданий ҳаёт тараққиётига катта таъсир кўрсатган маданият маркази сифатида ўз аҳамиятини муайян муддат сақлаб қолди.



1   2   3   4   5   6   7   8   9


©netref.ru 2017
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет