Илмий-амалий маркази гулистон давлат университети вояга етмаганлар назоратсизлиги



жүктеу 5.8 Mb.
бет10/40
Дата02.05.2016
өлшемі5.8 Mb.
1   ...   6   7   8   9   10   11   12   13   ...   40
: downloads
downloads -> Правила соревнований международная Ассоциация Бокса [Преамбула]
downloads -> Бехаалотха Когда будешь зажигать Числа 8,1 12,16
downloads -> Жастарды еңбекке тәрбиелеудегі қазақ халқының Ұлттық салт-дәСТҮрлері. Шалғынбаева Қадиша Қадырқызы
downloads -> График проведения аттестации педагогических работников №
downloads -> Ғылыми кеңесшісі: тарих ғылымдарының докторы, профессор, Қр білім және ғылым министрлігінің Р
downloads -> Қазақстан Республикасының юнеско және исеско істері жөніндегі Ұлттық комиссиясы
downloads -> Жүйесінде пайдалану ТҰжырымдамасы алматы, 2004 ббк 74. 200. 52 Ш 21
downloads -> Қазақстан республикасы Білім және ғылым министрлігі

БОШЛАНҒИЧ СИНФ ЎҚУВЧИЛАРИНИНГ СОҒЛОМ ВА БАРКАМОЛ БЎЛИБ ШАКЛЛАНИШИДА ҲАРАКАТЛИ ЎЙИНЛАРНИНГ ЎРНИ
Б.Б.Кипчаков, З.Абдулахадов, К.Ж.Норбоев, СамДУ

Жисмоний тарбия ва спорт соҳаси мустақил Ўзбекистонимизда жадал ривожланиб бораётган ва кенг аҳамият қаратилаётган соҳалардан биридир. Ушбу соҳада республикамизда кенг кўламли ишлар олиб борилаётган бўлиб, бу ишларнинг ҳаммаси ҳар томонлама етук, маънан ва жисмонан соғлом, Ўзбекистонимизнинг порлоқ келажагини ярата оладиган ёшларни тарбиялашга қаратилгандир. Бундай ёшларни камол топтириш учун эса соғлом ҳаёт тарзини тарғиб қилиш, болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишни таъминлаш, уларнинг жисмоний тарбия дарсларига ва спортга бўлган қизиқишларини ошириш зарур. Бу долзарб вазифани самарали ечишда жисмоний тарбия ва спорт соҳасида фаолият кўрсатаётган мутахассисларнинг ва, айниқса, жисмоний тарбия ўқитувчиларининг зиммасига катта масъулият юклайди.

Мамлакатимизда болаларни соғлом ва баркамол қилиб тарбиялаш учун барча шароитлар яратилган. Улар учун кўплаб спорт мажмуалари, стадионлар, спорт мактаблари, сув спорти саройлари, гимнастика мактаблари барпо этилган бўлиб, ушбу иншоотларда болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш учун барча шароитлар мавжуд. Бундан ташқари республикамизда уч босқичли мусобақалар, яъни мактаб ўқувчилари учун «Умид ниҳоллари», лицей ва коллеж талабалари учун «Баркамол авлод» ва олий ўқув юртлари талабалари учун «Универсиада» спорт мусобақалари жорий қилинган бўлиб, ушбу мусобақалар турли ёшдаги болаларни қамраб олган. Ушбу мусобақалар ҳақиқий спорт байрами даражасида ўтказилаётгани учун болаларда спортга бўлган қизиқишни янада оширишга, улар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олишга хизмат қилмоқда.

Бошланғич синф ўқувчиларининг соғлом ва баркамол бўлиб шаклланишида жисмоний тарбия дарсларининг роли беқиёсдир, чунки жисмоний маданият – ўқувчиларда ўзига, ўз танасига бўлган онгли муносабатни, соғликни мустаҳкамлашга бўлган эҳтиёжни шакллантирувчи, иродавий ҳамда ахлоқий сифатларни тарбияловчи ягона ўқув фанидир. Лекин ўқувчиларда жисмоний маданиятга ва спортга бўлган яхши муносабатнинг шаклланиши кўп жиҳатдан ўқув жараёнини самарали ташкиллаштиришга ва аниқ қўйилган педагогик вазифаларга боғлиқ.

Бошланғич синф ёши мактаб таълим тизимида алоҳида ўрин эгаллайди, чунки бу ёшда болаларнинг ўйинлар бошланғич синф ўқувчиларини жисмоний ривожлантириш ва тарбиялашда алмаштириб бўлмас восита ҳисобланади. Бу ёшда шахснинг келажакдаги жисмоний ва ахлоқий асослари такомиллашади. Болалар учун ўйин – улар яшаётган дунёни билиш ва ўзгартириш томон йўл. Ҳаракатли ўйин боланинг руҳий ва жисмоний ривожланиши учун муҳим восита ҳисобланади ҳамда катта тарбиявий ва таълимий аҳамиятга эга. Ўйинлар болаларга умуминсоний қадриятларни англашда ёрдам беради. Меҳрибонлик, ҳақгўйлик, зийраклик ва бошқа ахлоқий сифатларни тарбиялайди ва, албатта, ҳаракат кўникмаларини шакллантиришда улкан имкониятлар яратади. Ўйиннинг соғлом болани тарбиялашдаги аҳамиятини ёритар эканлар, кўплаб мутахассислар ҳаракатли ўйинлар болалар соғлигининг уйғун ривожланиши ва мустаҳкамланиши учун ажойиб пойдевор бўлишини хаққоний таъкидлайдилар. Шуни қайд этиш керакки, ҳаракатли ўйинлар ҳаракат танқислиги – гиподинамиядан болалар учун энг яхши дори ҳисобланади. Ҳаракатли ўйинларнинг муҳим хусусияти шундан иборатки, улар ўз ичига одамларнинг табиий ҳаракатлари турларини киритади: юриш, югуриш, сакраш, улоқтириш, силжитиш, предметлар билан машқлар. Шунинг учун улар болаларни жисмоний тарбиялашда энг универсал восита деб тан олинган.

Жисмоний тарбия ўқитувчиларининг биринчи даражали вазифаси – болалар ва ўсмирларни доимий жисмоний маданият ва спорт машғулотларига жалб қилиш, уларда куч, тезлик, чидамлилик, чаққонлик ва бошқа жисмоний сифатларни ривожлантириш. Ҳаракатли ўйинлар жисмоний тарбиянинг аъло воситаси ҳисобланади.

Ҳаракатли ўйинлар ҳар хил ёшдаги болалар учун мос келадиган, фаолиятнинг ҳис-туйғуларга бой тури ҳисобланади. Ўйинлар жисмоний, аҳлоқий, иродавий сифатларнинг ривожланишига кўмак беради. Ўйин фаолиятида бола мустақиллик, қатъийлик, мақсадга интилувчанлик каби ҳаётий зарур сифатларни эгаллайди. Ўйин тарбия ва таълим воситаси ҳисобланади, ўйин фаолияти ёрдамида болалар ўзаро муносабатлар аҳамиятини англайдилар. Ўйинда уларнинг ҳар бири ўз қобилиятларини, билимларини синайди, ўз кучларини англайди. Бошқача айтганда, ўйин фикрлаш, англаш жараёнларини, ижодий имкониятларини ривожлантиради. Ўйин олинган билим ва кўникмаларни шакллантириш ва мустаҳкамлашга ёрдам беради, ўйинда бола одамлар ўртасидаги мулоқот қоидаларини ўрганади. Ўйинсиз унинг тўлақонли ривожланишига эришиб бўлмайди, шахсни комил инсон қилиб тарбиялаб бўлмайди.

Ҳаракатли ўйинларнинг ўзига хослиги улар мазмунининг ҳиссиётларга бойлиги ва қизиқарли эканлигида бўлиб, мактаб ўқувчисидан маълум ақлий ва жисмоний ҳаракатларни талаб қилади. Ҳис-туйғуларга бой фаолият сифатида ўйин болаларнинг тарбиявий ишида ҳам катта қадр-қимматга эга. Улар маълум воқеликка асосланган бўлиб, ўйин мақсадига эришиш йўлида ҳар хил тўсиқ ва қийинчиликларни енгиб ўтишга йўналтирилган. Кўплаб мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳаракатли ўйинлар боланинг билимларини, дунё ҳақидаги тасаввурларини тўлдирувчи, унинг тафаккури, чаққонлик, қувноқлик каби хусусиятлари, ахлоқий-иродавий сифатларни ривожлантирувчи воситадир. Ҳаракатли ўйинларни ўтказишда бола шахсини шакллантиришга йўналтирилган ҳар хил усулларни комплекс тарзда қўллашнинг катта имкониятлари мавжуд. Ўйин жараёнида нафақат эгалланган билимларни синаш, балки уларни мустаҳкамлаш, такомиллаштириш, шахснинг янги сифатларини тарбиялаш рўй беради. Ҳаракатли ўйинларнинг соғломлаштирувчи таъсири шундан иборатки, бу ўйинлар мазмунига бола бажарадиган хилма-хил ҳаракатлар киритилган. Ўйин жараёнидаги ҳаракатлар нафас олишни, қон айланишини фаоллаштиради, алмашинув жараёнларини яхшилайди. Ҳаракатли ўйинлар тоза ҳавода ўтказилса, уларнинг соғломлаштириш самараси янада ошади. Ўйинларни йилнинг ҳар хил вақтида ва фаслида ўтказиш эса айни вақтда болаларни чиниқтиришга ёрдам беради. Соғломлаштирувчи самара бевосита бола руҳиятига яхши таъсир қилувчи ижобий ҳислар билан ҳам боғлиқ. Ҳиссий кўтаринкилик ҳаракатларни тўғри бажаришда, ўйин вазиятларида мўлжални янада аниқ олишни яхшилашда, вазифаларни аниқ англаш ва тезкор фикрлашда ифодаланади. Бу эса, ўз навбатида, ирода соҳасини ривожлантиришга олиб келади, чунки ўйин давомида бола ҳар хил қийинчиликларни енгиб ўтади. Ҳаракатли ўйинларнинг таълимий аҳамияти шундан иборатки, улар тизимлаштирилган билимларнинг ўзлаштирилишини таъминлайди, ҳаётий муҳим бўлган билим ва кўникмаларни шакллантиришга ёрдам беради, ҳаракат қобилиятларини ривожлантиради. Айни вақтда ҳаракатли ўйинлар жисмоний тарбия машғулотларига барқарор қизиқишни шакллантиришга ёрдам беради. Шу билан бирга, кузатувчанликни, таҳлил қилиш, таққослаш, кўрилган нарсани умумлаштириш қобилиятларини ривожлантиради.

Боланинг ақлий тарбиясида ҳаракатли ўйинларнинг роли ҳаммага маълум: болалар қоидаларга риоя қилиш ва онгли равишда ҳаракат қилишни ўрганадилар. Ўйинларда улар атрофидаги оламни англайдилар. Ўйин жараёнида хотира фаоллашади, тафаккур ва тасаввур ривожланади. Болалар ўйинда ўзларининг ва ўртоқларининг ҳаракатларини таҳлил қилишни ўрганадилар. Қўшиқлар, шеърлар, саноқ билан ўтказиладиган ўйинлар болаларнинг сўз бойлигини тўлдиради, нутқини бойитади, миллий маданиятга яқинлаштиради. Шундай экан, жисмоний тарбия дарсларини ҳар хил ҳаракатли ўйинлар билан бойитишимиз ва уларни янада самарали қўллаш усулларини ишлаб чиқишимиз зарур.

Хулоса қилиб айтганда, ҳаракатли ўйинларнинг бошланғич синф ўқувчиларини ҳар томонлама етук, соғлом, комил инсон қилиб тарбиялашдаги аҳамияти беқиёс. Зеро фақат соғлом болагина соғлом фикрлайди, вақтини беҳуда ўтказмайди, ҳар хил зарарли иллатлардан йироқ юради ва жамиятга фойда келтирувчи шахс бўлиб камол топади.


СОҒЛОМ БОЛА ТАРБИЯСИНИНГ ПЕДАГОГИК ВА ПСИХОЛОГИК ХУСУСИЯТЛАРИ
С.Ҳайдарова, ГулДУ

Чақалоқ туғилиши билан хонадонимизга нур, оиламизга бахт, келажагимизга умид ва ишонч кириб келади. Дарҳақиқат, фарзанд билан олам мунаввар. Зеро, у наслимиз давомчисидир. Шундай дарёлар борки, уларни тезоқар ва ўзгарувчан дея таърифлашади. Бу қиёс фарзанд тарбияси борасида ҳам ишлатилиши мумкин. Ўғил-қизларнинг ривожланиш даври худди тезоқар ва ўзгарувчан дарёларга ўхшатилади. Гоҳида улар олдинга интилиб ўзанларидан чиқиб кетгудай бўлсалар, гоҳида тинч ва осудалик касб этадилар.Истиқлолдан кейинги йилларда фарзанд тарбиясига бўлган эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилди.Бу борадаги ўзгаришлар бола тарбияси мавзусининг асрларга татигулик вазифаси эканини исботлаб бераётир.

Президентимиз ташаббуси ва раҳнамолигида соғлом авлодни тарбиялаш борасида ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Таълим муассасалари, корхона ва ташкилотларда спорт-соғломлаштириш иншоотлари, теннис майдончалари барпо этилди. Бироқ, соғлом бола деганда фақатгина жисмонан бақувват инсоннигина тушуниш масалага бир ёқлама ёндашиш бўлур эди. Авлод баркамоллиги унинг маънавий камолотига ҳам кўп жиҳатдан боғлик. Шу нуқтаи назардан бола тарбияси миллий, маънавий, руҳий, жисмоний жиҳатдан ёндашишни талаб этади.Мактабгача таълим бола шахсини соғлом ва етук, шу билан бирга мактабга тайёрлаган ҳолда шакллантириш мақсадини кўзлайди. Ўзбекистон Республикаси «Таълим тўғрисида»ги Қонуннинг 11- моддасида: «…Бу таълим 6-7 ёшгача оилада, болалар боғчасида ва мулк шаклидан қатъи назар, бошқа таълим муассасаларида олиб борилади»,- деб таъкидланган. Дарҳақиқат, таълим-тарбия қанчалик эрта бошланса, унинг самараси шунчалик эрта намоён бўлади ва инсоннинг бутун ҳаёт тарзига ижобий таъсир қилади. Боланинг ўсиши ва ривожланишида шароитларнинг моҳияти жуда муҳим. Табиат ва меҳр-муҳаббат ёш авлодни эҳтиёткорлик билан зинама-зина юқорига – ривожланиш пиллапоялари сари бошлайди. Биз эса фақатгина бу ҳаракатларнинг хусусиятларини тушунишимиз ва ўз вақтида қўллаб-қувватлаб, ушбу ривожланиш учун шароит яратишимиз мумкин.

Ҳар бир она фарзандининг соғлом, бақувват, маънавий жиҳатдан етук инсон бўлиб етишишини истайди ва бунинг учун бор куч ва ғайратини аямасликка ҳаракат қилади. Баъзан ота-оналар тажрибасизлик қилиб «Боламни яхши едирсам, ҳеч кимдан кам қилмай кийинтирсам, ҳаётда ўз ўрнини топа олиши аниқ», деб нотўғри фикрга борадилар. Тўғри, бундай ота-оналарнинг фарзандлари соғлом бўлиши мумкин, лекин уларнинг руҳий, ақлий ва маънавий жиҳатдан ривожланиши ҳам етарли даражада бўлиши лозим. Ўсаётган боланинг ҳар жиҳатдан соғломлиги ва унинг етук шахс сифатида камол топишида нафақат ота-онанинг, балки бошқа яқинлари, ўқитувчи,тарбиячиларнинг ўрни беқиёсдир. Бундан ташқари бола руҳиятининг ривожланишида атроф-муҳит, шунингдек таълим-тарбия ҳам мухим роль ўйнайди. Боланинг психологиясини билиб олган катталар, унинг қобилияти, қизиқиши, ички ҳис-туйғулари ҳакидаги тасаввурга эга бўлишлари мумкин. Бу эса, унга тарбия беришда энг самарали воситалардан бири бўлиб хизмат қилади. Катталарнинг вазифаси - болани борича қабул қилиб, доимо яхши кўришдир. У ўзининг одатлари ва ҳислатлари билан табиатан шундай. Уни қандайдир ўлчамга солишнинг кераги йўк. Дастлаб боланинг «Мен»и оилада англана бошланади ва бундан барчани ўз авақтида огоҳ этади. Секин асталик билан у катта ҳаётга қадам қўя бошлайди, яъни болалар боғчаси, дўстлар давраси, жамоада ҳамда ижтимоий муҳитда. Энди бошқа мулоқот ва бошқа мақсадлар вужудга келади. Айнан шу даврда энг асосий нарса,самимий муҳаббатни сақлаб қолишдир. Бугун шахс шаклланишида, унинг камолга етишида руҳий таъсирнинг аҳамияти, самараси юқори эканлиги нафақат амалий, балки илмий жиҳатдан ҳам аниқланган. Ҳар бир бола воя етгунига қадар аввал оилада, кейинчалик таълим муассасаларида тарбиячи мураббийлар таъсирида бўладилар. Болада яхши хулк-атворнинг шаклланиши ва соғлом бўлиб ривожланиши учун керакли шарт-шароитлар яратилиши жуда муҳимдир. Бу жараён катталардан ўз вақтларини тўғри ташкил этиш ва намунали хулк-атворни намойиш этиш каби бирмунча ҳаракатларни талаб этса-да, фарзандларининг уйдаги ва ташқи ҳаётдаги тушунчага эга бўлишлари учун ёрдам беради.

Ўсаётган боланинг ҳар жиҳатдан соғломлиги ва етук шахс сифатида камол топиши да нафақат ота-оналарнинг балки тарбиячи ва ўқитувчиларнинг ўрни жуда каттадир.Ҳозирги даврда шахсни маънавий жиҳатдан баркамол килиб тарбиялаш давлат сиёсатининг бош мезони ҳисобланади. Туғилган инсон шахс бўлиб шаклланиши лозим. Шахснинг шаклланиши асосан биологик омил, муҳит, тарбияга боғликдир. Ҳаётнинг муайян даврларида шахснинг айрим органлари ва бутун бир органлари системасининг тузилишида ва функцияларида ўзгаришлар юз беради. Шахснинг соғлик ҳолати ва бу ҳолат кўп ёки оз муддат бузилиб туриши биологик омилга таълукли. Шахснинг яшаб турган муҳитида одамлар, биринчи навбатда тарбияланувчига яқин кишилар, яъни оз сонли оила аъзоларигагина эмас. Балки унга узоқроқ бўлган кишилар унинг қўни-қўшнилари, маҳалласи, якин ўртоқлари, бирга ўқийдиган, бирга ишлайдиган турли алоқада бўладиган ўртоқлари хал қилувчи рол ўйнайди. Булардан ташқари оммавий ахборот воситаларининг таъсири ҳам ёш авлоднинг фикр ва ҳисларига унинг воқеа-ҳодисаларга берадиган баҳоларига ва интилишларига таъсир кўрсатади.

Соғлом бола тарбиясида оила ва маҳалланинг роли ўзига хосдир. Инсондаги дастлабки ижтимоий тажриба ва ижтимоий хулк элементлари айнан оилада,оилавий муносабатлар тизимида шаклланади. Боланинг ўсишига, ўзини ўраб турган олам билан мулоқотга киришишига, ҳаёти қулай осон, тушунарли ва хавфсиз бўлиши учун нималарга эътибор бериш керак? Боланинг ҳаёти ўз хонадонидан бошланади. Оилада бола ўсиб улғаяр экан ҳаётидаги илк кўникма ва малакаларни оила аъзоларидан ўргана бошлайди. Ота-онаси, буви-буваси, ака-опалари, меҳмонлар билан биринчи мулоқот кўникмаларини эгаллай бошлайди. Болада яхши хулк-атворнинг шаклланиши ва ривожланиши учун оилада керакли шарт-шароит яратиш жуда муҳимдир. Бу жараён ота-оналардан ўз вақтларини тўғри ташкил этиш ва намунали хулк-атворни намойиш этиш каби бирмунча ҳаракатларни талаб этса-да, фарзандларининг уйдаги ва ташқи ҳаёт ҳакидаги тушунчага эга бўлишлари учун ёрдам беради. Шунинг учун ҳам халқимизда «Қуш уясида кўрганини қилади» деган мақол бор. Катта ёшдаги инсонлар ўзларидаги иқтидор,малакалар билан бошқаларга ҳам тарбиявий таъсир, шахсий ўрнак кўрсатиш имкониятига эга бўладилар. Маҳалладаги муҳит ва шарт-шароитлар ҳам бола тарбиясига таъсир кўрсатади. Катталар ўзларининг ҳатти-ҳаракатлари билан болаларга намуна бўладилар. Маҳалладошлар бир-бирлари билан самимий муносабатда бўлишса,бир-бирларини ҳурмат қилишса, яхши-ёмон кунларида бирга бўлишса, қийин вазиятларда ёрдам қўлини чўзса, маҳаллани ободонлаштириш бўйича бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишса, маҳалладаги ҳар бир болани ўз фарзандларидай кўрса, бундай махаллада ўсаётган бола ҳар томонлама яхши тарбия олади.


BOLALAR SPORINI RIVOJLANTIRISHNING PSIXOLOGIK XUSUSIYATLARI
Y.Masharipov, M.A.Xo’jabekov, SamDU

Mamlakatimizda bolalar sportini rivojlantirishga alohida e’tibor berilmoqda. Bu o’rinda jismoniy tarbiya va sprot muhim rol o’ynaydi. «O’zbekistonda jismoniy tarbiya va sportni yanada rivodlantirish chora tadbirlari to’g’risida»gi 1999-yil 29-may qarorlari, 2002-yilning 24-oktyabrida Prezidentimiz imzo chekan. «O’zbekiston bolalar sportini rivojlantirish jamg’armasini tuzish to’g’risida»gi farmoni barcha ta’lim muassasalarining rahbarlari, xodimlari oldida kishilarda, xususan, bolalarda sportga mehr uyg’otish, sog’lom turmush tarziga amal qilish, ma’naviy va jismoniy kamolga intilish, Vatanga mehr-muhabbat va o’z mamlakati uchun g’urur-iftixor ruhida tarbiyalash va buning uchun zarur shart-sharoitlar yaratish kabi katta talab va vazifalar qo’yadi.

Bu borada Samarqand viloyatida bolalar sportini rivojlantirish jamg’armasining tashkil etilishi o’zining samaralarini bermoqda. Ya’ni deyarlik tumanlarning barcha joylarida sportning u yoki bu bo’yicha yangidan sprot maktablari tashkil etildi. BO’SMning sport inshoatlari va ularga zarur bo’lgan asbob-uskunalar, jihozlar sportchilarga ust kiyim-boshlar bilan ta’minlashda olg’a siljishlar yuz berdi. Futbol, yengil atletika, kurash, tennis, basketbol, sharqona yakka kurashlar va boshqa sport turlari bo’yicha iqtidorli murabbiylarni ko’rik-sinovlardan o’tkazish, ularning malakalarini davr talablari asosida takomillashtirishga kirishilmoqda. Samarqand tumanlaridagi shahar xalq ta’limi, «Yoshlik», «Talaba» sport uyushmalari o’z faoliyatlarini kuchaytirmoqda. Yana e’tiborli tomonlaridan biri shundaki, juda ko’p BO’SMda bolalar sportiga jalb qilishda joylarda o’tkaziladigan turli xil musobaqalarni kuzatish tanlab olingan bolalarni maxsus sinov-tajribalardan o’tkazish, ularning sportga bo’lgan xavas qiziqishlarini suhbat orqali bilish, nazariy bilimlar hamda tushunchalarga ega bo’lgan darajalarni aniqlash kabi eng zaruriy ishtimoiy-pedagogik jarayonlarga kirishilmoqda. Bu o’z navbatida an’anaviy jismoniy tarbiya va sport bayramlarini (chaqqonlik, nafosat, go’zallik «Balli yigitlar», «Balli qizlar», «Quvnoq startlar», «Oltin kuz») va sport turlariga (valeybol, basketbol, futbol va hokazo) bag’ishlangan an’analar o’tkazish o’quvchi-yoshlarning sog’lom rivojlantirishga va jismoniy baqquvat bo’lishiga yordamlashmoqda.

Bolalarning maktabda jismoniy mashg’ulot va sportning odam organizmiga ta’sirini chuqur anglab yetmasiligi o’zi sevgan birorta sport turi bilan mashq qilishni o’rganmaganligi natijasida talabalik davrida ham jismoniy madaniyat normalarini topshirish jarayonida yaxshi yutuqlarga erisha olmaydi. Buning sabablari quyidagilar:

Ota-onaning o’z farzandlariga bilim olish va mustaqil ravishda jismoniy mashg’ulot va sport bilan shug’ullanishi uchun shart-sharoit yaratib bermasligi.

Ba’zi o’qituvchi va murabbiylarning o’quv dasturi va o’qitish uslublarini egallashda mantiqan tushunishda qobilyatsizligi.

O’quvchilarda jismoniy harakat va sportga oid ko’nikma va malakalarni qiyinchilik bilan hosil bo’lishi.

Bolalarning yoshiga, qobilyatiga, kuchiga nisbatan qo’yilayotgan talablarning mos kelmasligi va o’quvchilarga jismoniy mashg’ulotlarning majburan o’rgatilishi va hakazo. Bu sabablar bolalarning haddan ortiq charchashiga va asabiy holatining paydo bo’lashiga olib keladi. Ularning jismoniy madaniyat darsiga mashg’ulot va sportga bo’lgan qiziqishlarini pasaytirib yuboradi.

Murabbiy sport mashg’uloti va musobaqasi jarayonida bolalar oldiga sport bilan bog’liq bo’lgan muammoli masalalarni qo’yish va bu masalalarni yechishda har bir bolaning o’zini mustaqil izlanishga odatlantirish lozim. Natijada sportchi sport sohasida yuqori ko’rsatkichlarga erishishda katta ehtiroslilik bilan yangi taktik musobaqalashish uslublarini izlaydi va qiyinchiliklardan qo’rqmaydigan bo’ladi. Agar murabbiy bolalarning sport faoliyatini qiziqarli tashkil etsa, mashg’ulot jarayonida bolalarni zeriktirib yoki charchatib qo’ymasa, bolalar o’zlari o’rganayotgan har bir sport turining inson hayoti uchun muhim ekanligini tushunib oladi.

O’tilayotgan jismoniy mashq materiallarining mazmuni haddan ortiq yengil va qiyin bo’lsa, bolalardagi sportga bo’lgan qiziqishni pasaytirib yuboradi. Buning uchun murabbiy bolalarning yoshi, kuchi, qobilyatiga qarab materiallar tanlashi, bolalarning jismoniy sifatlarini ko’proq kuzatib borishi, baholishi, tekshirishi ularni bajaradigan mashqlariga qiziqtira bilishi lozim, xuddi shuningdek murabbiy bolalarning sport sohasida yetuk sportchi bo’lishi to’g’risida qancha ko’p qayg’ursa, g’amxo’rlik qilsa, mashq va sport jarayonlariga nisbatan kuchli hissiyot uyg’otsa, bolalarda sportga bo’lgan qiziqishlari shunchalik kuchli bo’ladi.

Ma’lumki bolalarning qobilyatlari, ularning jismoniy mashg’ulot va masobaqalar jarayonida bilinadi, sportga bo’lgan qiziqishlari yaqqol namoyon bo’ladi. Sport faoliyati orqali bolalarning o’qish faoliyati samaradorligini o’stirish muhim psixologik ahamiyat kasb etadi. Bolalardagi muayyan sport qobilyatini aniqlab, uni rivojlantirish bilan birga bolaning xarakteri ham o’zgarib, tarbiyalanib boradi.

Bolalar sport mashg’ulotlarining samaradorligini oshirish uchun sport turlari bo’yicha musobaqalar o’tkazishga sharoitlar yaratish to’g’risida izlanishlar olib borish, sport jarayonini ommaviylashtirish asosida ilmiy anjumanlar uyushtirish, o’quv qo’llanmalar va darsliklar yaratishni rejalashtirish: rejali o’tkazilgan tadbirlar natijalarini tegishli tavsiyalarni murabbiylarga yetkazish va kompyuterga kiritish lozim. Agar bu yangi axborotlar kompyuter yordamida murabbiy va sportchilar kompyuterlari bilan bog’langanida, har kungi sportda axborot yangiliklaridan foydalanish mumkin bo’ladi.

Bolalarda sportga bo’lgan qiziqishni uyg’otish uchun murabbiy yoki jismoniy madaniyat o’qituvchisi, albatta, sport mashg’ulotini o’rgatayotganda psixologik sharoitlarni hisobga olishi kerak. Quyida shularning ba’zilarini ko’rib chiqamiz. Sportga qiziqishining shakllanishida asosiy psixologik sharoitlardan biri bolaning psixologik xususiyatlarini har tomonlama o’rganishdir. Bunga harakter, temperament, qobilyat, faoliyatning yo’nalishi va ichki mativlar kiradi. Qiziqishning shakllanishida yaxshi natijalar uning rivoji o’qituvchi murabbiyning qay ruhda darsni olib borishlari, o’z vazifalarini qanday o’tashlariga bog’liq. Musobaqadan o’z yutug’idan qanoatlanish umumiy ko’tarinki ruh sport mashg’uloti va musobaqa jarayonida yo’l qo’yilgan xatolardan xafa bo’lish hammasi bola shaxsiyatiga ta’sir qiladigan muhim faktorlardir. Shu faktor psixologik jarayonlar va xususiyatlar bilan birga har bir bolaning boy ichki dunyosini tashkil etadiki, u psixologik holat deb nomlanadi. Bolaning sport mashg’ulotiga qiziqish bilan qatnashishi o’qituvchi va murabbiyning bolaning o’z kuchiga ishontira bilishi, musobaqada har qanday qiyinchiliklarni yengishda o’ziga ishonch va sabotli bo’lish lozimligini uqtira bilishiga bog’liq. Bolalarning individual xususiyatlarini o’rganish va har kungi yordam ularda sabot, maqsadga erishish, bilimga qiziqish, sport va jismoniy mashqlarni o’rganishda uchraydigan qiyinchiliklarni yengish istagi va yenga olish kabilarni shakllantiradi. Sportga qiziqishni shakllantirishning yana bir muhim shartlaridan biri, jismoniy mashg’uloti jarayonida emotsional holatni tug’dirish, bu holat bolalarga sport to’garaklarida olib boriladigan keyingi ishlari bo’yicha yangi, qiziqarli narsalarni bilib olishga chorlaydi.

Xulosa qilib aytganda, psixolog bilan sportchi o’rtasidagi har qanday ijobiy munosabat musobaqada, dastavval, sportchiga ta’sir qilishdan iboratdir, bunday ta’sir bevosita yoki bilvosita bo’lishi mumkin.


ПЕДАГОГИКАДА ЗАМОНАВИЙ ЯНГИ ТЕХНОЛОГИЯНИНГ ЎРНИ
Л.Тўрақулов, Ш.Зармасов, Н.Абдуқодирова, ЖДПИ

Бугунги кунда таълим жараёнида интерфаол усуллар, инновацион технологиялар, педагогик ва ахбарот технологияларни ўқув жараёнида қўллашга бўлган қизиқиш, эътибор кундан кунга кучайиб бормоқда. Бундай бўлишининг сабабларидан бири шу вақтгача анъанавий таълимда ўқувчиларни фақат тайёр билимларни эгаллашга ўргатилган бўлса, замонавий технологиялар уларни эгаллаётган билимларни ўзлари қидириб топишларига, мустақил ўрганиб, таҳлил қилишларига, ҳатто хулосаларни ҳам ўзлари келтириб чиқаришларига ўргатади. Ўқитувчи бу жараёнда шахснинг ривожланиши, шаклланиши, билим олиши ва тарбияланишига шароит яратади, шу билан бир қаторда, бошқарувчилик, йўналтирувчилик функциясини бажаради. Таълим жараёнида ўқувчи асосий фигурага айланади.

Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонунида “Ўқитишнинг илғор шакллари ва янги технологияларини, таълимнинг техник ва ахборот воситаларини ўқув жараёнига жорий этиш” асосий масалалардан бири эканлиги таъкидланади.

Президентимиз И.А.Каримов айтганидек “Ҳозирги кескин рақобат шароитида инновасион технологиялар ва илм-фанни янада ривожлантириш иқтидорли ёшларнинг илмий фаолиятига кенг жалб этиш, ўз ижоди ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқаришлари учун уларга зарур шарт-шароитлар яратиш муҳим аҳамиятга эга” деган эди. Ушбу масалани бажаришда ўқувчи ёшларни эркин, мустақил фикрлашга ўргатиш таълимнинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Ўқувчи эркин фикрлашни ўрганмаса, берилган таълим самараси паст бўлиши муқаррар.

Педагогик технологиялар тадқиқотчиларнинг фикрича–бу ахборот технологияси билан боғлиқ, ҳамда ўқитиш жараёнида қўлланиши зарур бўлган турли хил техникавий воситалардан фойдаланиш деб белгиланади. Бизнинг фикримизча, педагогик технологиянинг энг асосий негизи–бу ўқитувчи ва ўқувчи–талабанинг белгиланган мақсаддан кафолатланган натижада ҳамкорликка эришиш учун танланган технологияларга боғлиқ деб ҳисоблаймиз, яъни ўқитиш жараёнида, мақсад бўйича кафолатланган натижага эришишда қўлланиладиган ҳар бир таълим технологияси ўқитувчи ва ўқувчи ўртасида ҳамкорлик фаолиятини ташкил эта олса, ҳар иккаласи ижобий натижага эриша олса, ўқув жараёнида ўқувчи – талабалар мустақил фикрлай олсалар, ижодий ишласа, излансалар, таҳлил эта олса, ўқитувчи эса уларнинг бундай фаолиятлари учун имконият ва шароит ярата олса, бизнинг фикримизча, ана шу ўқитиш жараёнинг асоси ҳисобланади. Ҳар бир дарс, мавзу, ўқув предметининг ўзига хос технологияси бор, яъни ўқув жараёнидаги педагогик технология – бу якка тартибдаги жараён бўлиб, у ўқувчи – талабанинг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда бир мақсадга ёъналтирилган, олдиндан лойиҳалаштирилган ва кафолатланган натижа беришига қаратилган педагогик жараёндир.

“Фан ва техниканинг мавжуд янгиликлари уларни ўқув дастурлари ва дарсликлари мазмунига жадал киритишни талаб этади ва бу орқали талабаларнинг замонавий билимларини шакллантиришга замин яратади. Замонавий ўкитиш технологияларининг жорий этилиши ва турли методик ёндошувлар эса, ўз навбатида, талабаларда кўплаб фундаментал тушунчаларнинг нисбатан енгил ва мустаҳкам шаклланишига яхши шароит яратади”.

Инновацион технологиялар педагогик жараён ҳамда ўқитувчи ҳамда талаба фаолиятига янгилик, ўзгаришлар киритиш бўлиб, уни амалга оширишда асосан интерактив усуллардан тўлиқ фойдаланилади. Интерактив усуллар – бу жамоа бўлиб фикрлаш деб юритилади, яъни педагогик таъсир этиш усуллари бўлиб таълим мазмунининг таркибий қисми ҳисобланади. Бу усулларнинг ўзига хослиги шундаки, улар фақат педагог ва ўқувчиларнинг биргаликда фаолият кўрсатиши орқали амалга оширилади. Бундай педагогик ҳамкорлик жараёни ўзига хос хусусиятларга эга бўлиб қуйидагиларни ўз ичига олади: ўқувчи дарс давомида бефарқ бўлмасликка, мустақил фикрлаш, ижод этиш ва изланишга мажбур этиш; ўқувчини ўқув жараёнида билимга бўлган қизиқишлари сўнмаслигини таъминлаш; ўқувчининг билимга бўлган қизиқишини мустақил равишда ҳар бир масалага ижодий ёндошган ҳолда кучайтириш; педагог ва ўқувчининг ҳамиша ҳамкорликдаги фаолиятини ташкил этиш.

Ўқитувчи ва ўқувчининг мақсаддан натижага эришишида қандай технологияни танлашлари улар ихтиёрида, чунки ҳар иккала томоннинг мақсади аниқ натижага эришишга қаратилган, бунда ўқувчи талабаларнинг билим савияси, гуруҳ характери, шароитга қараб ишлатиладиган технология танланади, масалан натижага эришиш учун, балки компьютер билан ишлаш лозимдир, балки фильм, тарқатма материал, чизма ва плакатлар, турли адабиётлар, ахборот технологияси керак бўлар, булар ўқитувчи ва ўқувчига боғлиқ, шу билан бирга ўқитиш жараёнини олдиндан лойиҳалаштириш зарур, бу жараёнда ўқитувчи ўқув предметининг ўзига хос томонини, жой ва шароитни, таълимнинг техник воситаларини, энг асосийси, ўқувчининг имконияти ва эҳтиёжини ҳамда ҳамкорликдаги фаолиятни ташкил эта олишини ҳисобга олиши керак. Шундагина керакли кафолатланган натижага эришиш мумкин. Ахборот технологиялари ва педагогик технологиялари асосида дарс ўтишни ташкиллаштиришдан мақсад шуки, ёш авлодни билимдон, нутқи равон, жамиятда баркамол, эътиқодли, маънавий мафкурасини, фикрини соғлом қилиб тарбиялашдан иборат. Шунингдек, бу технологиялар асосида ташкил этилган дарслар ўқувчиларнинг билимларини яхлит ўзлаштиришга ёрдам беради,ўқувчининг тафаккурини ўстиради, мустақил ижодий фикрлашга ўргатади. Зеро, баркамол авлод тарбияси жамият тараққиётининг, миллат маънавий камолотининг муҳим белгисидир.




1   ...   6   7   8   9   10   11   12   13   ...   40


©netref.ru 2017
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет