Илмий-амалий маркази гулистон давлат университети вояга етмаганлар назоратсизлиги


ТАРБИЯ, ЎЗ-ЎЗИНИ ТАРБИЯЛАШ ВА ҚАЙТА ТАРБИЯНИНГ УЗВИЙ БОҒЛИҚЛИГИ



бет16/40
Дата02.05.2016
өлшемі5.8 Mb.
1   ...   12   13   14   15   16   17   18   19   ...   40

ТАРБИЯ, ЎЗ-ЎЗИНИ ТАРБИЯЛАШ ВА ҚАЙТА ТАРБИЯНИНГ УЗВИЙ БОҒЛИҚЛИГИ
О.Суванов, ГулДУ

Тарбия инсоният шуғулланган энг қадимги ва энг замонавий фаолият турларидан бири ҳисобланади. Унинг қадимийлиги шундаки, одамларнинг онгли ҳаёт кечириш учун бажарган дастлабки ҳаракатлари, турмуш тарзи, меҳнат фаолияти айнан тарбия бўлган. Аввало, ўз олдига маълум бир мақсадни қўйиб, унга эришиш учун хилма-хил вазифаларни бажарган. Ҳар қандай бажарилган ишлар муайян натижаларда акс этган. Инсоннинг хулқ-атвори, маънавий-ахлоқий қиёфаси, ақл-заковати шаклланиб борган. Минглаб йиллар давомида умуминсоний ва миллий тарбиянинг энг нодир намуналари сараланиб, авлоддан-авлодга асраб-авайлаб ўтказиб келинган.

Замон ва маконнинг ўзгариши, ижтимоий тараққиёт, фан, техника ва технологияларнинг такомиллашуви тарбиянинг қонун-қоидаларига, мазмун-моҳиятига, ташкил этиш шаклларига, метод ва воситаларига ўзига хос ўзгаришлар киришига сабаб бўлган. Бир сўз билан айтганда, тарбия ижтимоий буюртма сифатида жамиятнинг, мавжуд тузумнинг эҳтиёжини қондирадиган шахсларни камол топтириш учун хизмат қилиб келган.

Тарбия узоқ давом этадиган жараён бўлиб, натижаси одамларнинг хулқ-атвори, юриш-туриши, ўзларини тутиши ва атрофидагиларга бўладиган муносабатларида намоён бўлади. Бугунги берилаётган тарбия албатта, эртанги кун учун хизмат қилиши, эртани бугундан мазмунлироқ, яхшироқ бўлишига қаратилмоғи зарур. Президент И. Каримовнинг фарзандларимиз биздан кўра ақллироқ, бахтлироқ бўлиши керак, деганларида тарбиянинг эртанги кундаги натижаси назарда тутилган. Ҳозирги пайтда ёшларга берилаётган тарбия уларнинг ҳар томонлама камол топган, билимдон, манавий-ахлоқий етук, касбий баркамол, замонавий техника ва технологиялардан самарали фойдаланадиган бўлишларини таъминламоқда. Бу албатта, тарбиянинг замонавийлик моҳиятини ифодасидир.

Педагогик адабиётларда “тарбия” тушунчаси кенг ва тор маънода ишлатилади. Тарбия кенг маънода қаралганда шахснинг баркамол бўлиб вояга етиши, ҳаётининг охиригача комилликка интилиб яшаши, ўзининг эҳтиёжларини тўла қондириши, жамиятга фойдаси тегадиган шахсларга айланиш жараёнида амалга ошириладиган барча саъй-ҳаракат ва тадбирлар тизими тушунилади. Кенг маънодаги тарбияга инсоннинг ақлий, ахлоқий, руҳий, касбий жисмоний етуклик сифатлари ҳам киради. Баъзан олимлар “тарбия” ва “таълим” атамаларининг қайси бири устун, бирламчи эканлиги ҳақида мунозаралар олиб борадилар. Айримлар тарбияни, баъзилар таълимни етакчи деб ҳисоблайдилар. Бизнинг назаримизда тарбия кенгроқ маъно касб этади. Таълим эса тарбиянинг таркибига кирган, инсон камолотида улкан аҳамият касб этадиган жараённи ифодалайди. Чунки таълимнинг пировард натижаси сифатида инсоннинг ақли ўсади, яъни ақлий тарбияси амалга ошади.

Тарбия тор маънода ишлатилганда шахсга бериладиган жисмоний, ахлоқий, меҳнат, эстетик, экологик, иқтисодий, ҳуқуқий, жинсий ва бошқа йўналишлардаги айрим хусусиятларни таркиб топтирадиган фаолият турларини амалга ошириш тушунилади. Айниқса ёшлар тарбиясида баъзан ҳар хил нуқсонлар кўзга ташланади. Ана шу камчиликларни тузатиш учун тегишли тарбиявий таъсир кўрсатилади. Бу таъсир ўз-ўзини тарбиялаш, ёки қайта тарбия шаклида бўлиши мумкин.

Ўз-ўзини тарбиялаш педагогика фанида анча кенг ва чуқур тадқиқ этилган, тегишли илмий-амалий хулосалар чиқарилган муаммолардан бири ҳисобланади. Тарбияланувчи ўзида мавжуд бўлган хато-камчиликни сезиб, уни ўзгартириш, ижобий сифатларга айлантириш жараёни ўз-ўзини тарбиялаш ҳисобланади. Ёш бола кўпинча ижобий ва салбий, яхши ва ёмон, фойдали ва зарарли, деган тушунчаларнинг фарқини ажратишда қийналади. Ҳаётий тажрибанинг етишмаслиги, мантиқий фикрлашнинг тўла шаклланмаганлиги оқибатида ўзи хоҳламаган ҳолда камчиликларга йўл қўяди. Бу хатони тузатишнинг йўлларини излай бошлайди. Шундай ҳолда катталар (ота-она, ўқитувчи) ёрдам бериши, тўғри йўл кўрсатиши, фойдали маслаҳатларини аямасликлари керак.

Боладаги ҳар бир ижобий ўзгариш катталар томонидан синчковлик билан аниқланиши, рағбатлантириб турилиши фойдали ҳисобланади. Бундай ҳолларда боланинг мустақиллигини чекламаслик, ташаббусини қўллаб-қувватлаш, ўзига бўлган ишончни кучайтириб бориш мақсадга мувофиқ бўлади. Бола ўсмирлик ва ўспиринлик даврида балоғатга ета бошлайди. Унда жисмоний сифатлар барқарорлашади, билим доираси кенгаяди, ахлоқий фазилатлари бойийди, руҳий кечинмаларда ҳиссиётдан кўра тафаккурнинг таъсири ортиб боради. Характер хислатлари шаклланади ва иродавий зўриқишни қийинчиликсиз енгиб ўта олади. Худди шу даврда ёшларда ўз-ўзини тарбиялашга эҳтиёжнинг кучайиши олимлар томонидан аниқланган.

Ўз-ўзини тарбиялашнинг мотивлари мавжуд бўлиб, албатта ёшлар ўзига маъқул бўлган маълум бир сабаб асосида ўзидаги камчиликларни тузатишга киришади. Талаба-ёшлар билан ўтказган сўровномамиз натижаларига кўра ўз-ўзини англаш, ўз-ўзига баҳо бериш, ўз-ўзини назорат қилиш асосий мотивлар сифатида қайд этилган. Ёшлар ҳурмат қиладиган кишиларнинг ибрат-намунаси, танлаган касбининг ўзига хос хусусиятлари, синфда ёки гуруҳда етакчи бўлиш, тенгқурларидан орқада қолмаслик каби сабаблар ҳам ўз-ўзини тарбиялашга туртки бўлиши кўрсатилган. Баъзан ўқиган китоби, кўрган кинофильми, тасодифан содир бўлган воқеа ва ҳодисалар ҳам ўз-ўзини тарбиялашга мотив бўлиши таъкидланган. Бола ўз-ўзини тарбиялаш учун танлаган мотиви қанчалик жиддий бўлса унинг натижаси ҳам шу даражада самарали бўлиши аниқланди.

Ёшларни баркамол этиб тарбиялашда қайта тарбиянинг ўзига хос ўрни борлиги эътибордан четда қолмаслиги керак. Тарбия, ўз-ўзини тарбиялашга нисбатан ниҳоятда мураккаб саналган қайта тарбиялаш тарбияланувчидаги салбий сифатларни бошқалар томонидан бартараф этиш учун амалга ошириладиган педагогик жараён ҳисобланади.

Қайта тарбиялаш оилада, таълим-тарбия муассасаларида, жамоатчилик орасида йўлга қўйиб борилади. Қайта тарбиялашнинг нормал тарбия ва ўз-ўзини тапрбиялашдан фарқи ва мураккаблиги шундаки, тарбияланувчи ўзидаги камчиликни сезмаслиги, ёки ўзгартиришни хоҳламаслиги, ўзи учун ҳатто ижобий бўлиб кўриниши мумкин. Маълум муддат орасида одатга айланган, бу одатидан қониқиш ҳосил қилган, қандайдир даражада манфаатдор бўлиб келган кўникма ва малакаларни ўзгартириш қийин кечади.

Бола дунёга келганидан тарбияга эҳтиёждор ҳисобланади. Гўдак бола тез-тез озиқланиши, давомли уйқуси ҳамда танасининг гигиена қоидаларига мос ҳолдаги парвариши дастлабки пайтларда қониқарли бўлади. Шу даврларданоқ болага яхши муомалада бўлиш, алла айтиш, эркалатиш, мулоқотга киришиш, унинг атрофида нафис муҳит яратиш, табиат манзараларидан завқлантириш, тартиб-интизомга ўргатиб бориш яхши натижа беради.

Айрим оилаларда болага бу хилдаги эътибор бўлмайди. Аксинча, оила аъзоларининг ўзаро қўпол муносабатлари, уруш-жанжаллар, бақириш ва ҳақоратлар, ҳатто қўйди-чиқдилар кузатилади. Бундай ҳолат болага салбий таъсир кўрсатади. Шу тарзда тарбияси оғир болаларда ялқовлик, қўполлик, инжиқлик, ёлғончилик, масъулиятсизлик, шафқатсизлик, одамларга эътиборсизлик, очкўзлик, ишёқмаслик, уятсизлик, бахиллик, манманлик, бағритошлик, кашандалик, ичкиликбозлик, жиноятчиликка мойиллик, фахш, модага берилиш, нафсини тиймаслик ва яна бошқа салбий сифатлар пайдо бўлади. Бу сифатларнинг бир-иккитаси бўлган болани тарбияси оғир деб ҳисобланади. Қанча салбий сифатлар кўп бўлса тарбияси ҳам шунчалик оғирлашиб боради. Бундай болалар назоратсиз, қаровсиз ва оқибатда ҳуқуқбузарларга айланади.

Давлатимиз томонидан 2010 йилда “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида” қонун қабул қилинган. Қонуннинг асосий мақсади ёшларни назоратсизликдан сақлаш, ҳуқуқбузарлик йўлига кирмасликни таъминлашда оиланинг, таълим-тарбия муассасаларининг, ҳуқуқ-тартибот идораларининг, соғлиқни сақлаш ташкилотлари ва жамоатчилик эътиборини кучайтиришдан иборатдир.

Энг аввало, ёшларни нуқсонсиз, тўғри тарбиялашга эътибор қаратиш устивор вазифа бўлмоғи керак. Бола хулқ-атворидаги айрим камчиликларни имкони борича ўз-ўзини тарбиялаш орқали ўнглашга йўл очиб бериш ижобий натижа беради. Ҳар қанча ҳаракат қилинганда ҳам қайта тарбиялаш учун эҳтиёж йўқолиб кетмайди.

Педагогика фанида қайта тарбиялаш муаммосини илмий ва амалий жиҳатдан асослаган А.С.Макаренко инсоният бор экан қайта тарбиялаш ҳам долзарб муаммо бўлиб қолаверади, деган хулосага келган. Унинг таъкидлашича, қайта тарбиялаш учун тарбияланувчининг индивидуал-психологик хусусиятлари мукаммал ўрганилиши, ижобий ва салбий сифатларнинг мувозанати аниқланиши зарур. Ижобий сифатларга суянган ҳолда ножўя қилиқлар йўқотилиб борилади. Бунда тарбияланувчининг ўзи ва жамоанинг параллел тарбиявий таъсири асосий омил вазифасини ўтайди. Айниқса ишонч билдириш, маълум бир йўналишда бошқалардан устун эканлигини далиллаш, ўзгаларга фойдаси текканидан завқланиш ва фахрланиш ҳиссини туйиш боланинг ўз “мен”ига ишонч ва ҳурматни таркиб топтиради. Қайта тарбиялаш изчил ва узлуксиз давом этиши, салбий сифатлардан батамом халос бўлиш баробарида кундалик ҳаётда бенуқсон фаолият юритиш билан давом этиши ижобий натижа беради. Жамият аъзоларининг кундалик фаолияти энг аввало ўзларини тарбиялашга, ўзгаларга тарбиявий таъсир этишга, ҳаётда ўз мавқеи ва нуфузининг юқори бўлишига замин яратади.

Ҳаётнинг ҳар бир лаҳзаси шахсни комилликка йўналтиради. Комилликнинг босқичи, даражалари кўп. Юқори, олий даражага эришмоқ учун инсон тинимсиз меҳнат қилади, илмий-ижлдий изланишда бўлади. Жамиятга фойдаси тегади. Келажак авлодларга нафи тегадиган мерос қолдиради. Буларнинг ҳаммаси тўғри ва яхши тарбия орқали, зарур бўлган ҳолларда ўз-ўзини тарбиялаш ва қайта тарбия натижасида амалга ошади. Шу сабабдан тарбия, ўз-ўзини тарбиялаш ва қайта тарбия узвий боғлиқликда олиб борилса, нафақат вояга етмаганлар орасида, балки жамиятнинг барча аъзолари ҳар томонлама камол топган шахсларга айланадилар. Аллома Абу Наср Фаробий орзу қилган фозил одамлар жамоаси таркиб топади.
УЛУҒ АЖДОДЛАРИМИЗ ТАЪЛИМОТИДА КОМИЛ ИНСОН МАСАЛАСИНИНГ ҚЎЙИЛИШИ
М.Х.Холназарова, Ш.А.Юсупова, ГулДУ

Мамлакатимизда буюк аждодларимизнинг таълимотларига катта эътибор қаратилаётганлиги туфайли улар томонидан яратилган ғоялардан оқилона фойдаланиб, баркамол авлодни шакллантиришда уларни татбиқ этиш юксак самаралар бериши мумкин. Бу соҳада буюк аждодларимизнинг ўз замондошлари тўғрисидаги маълумотлари ва шарқшунослар, файласуфлар, адабиётшунослар, педагоглар, социологлар, ҳатто психологлар комил инсонга оид тарихий материаллар, қўлёзмалар, бирламчи манбаларни таҳлил қилиш, ўхшаш томонларини умумлаштириш имкониятига эга бўлмоқдалар. Дунёвий билимлар билан диний қадриятлар ўртасидаги узвийликнинг вужудга келтирилиши даврнинг катта ютуқларидан бири бўлиб ҳисобланади. Бу йўналишда диний қадриятларга асосланган манбаларнинг нашр қилиниши, комилликнинг ҳар хил йўл-йўриқлари, воситалари мавжуд эканлигини кўрсатмоқда. Яратилган таълимотлар моҳиятини кенг кўламда ўрганиш, ўқувчилар ва талабалар томонидан мазмунини тушуниш ва англаш, комиллик ғоялари, тасаввуф тариқатлари намуналарига риоя қилиб яшаётган дунё халқлари ижтимоий-маънавий, иқтисодий-сиёсий, интеллектуал юксакликка эришиши мумкинлиги реал воқеликка айланиб бормоқда.

Ижтимоий-тарихий, иқтисодий-сиёсий, маданий-маънавий, ақлий ва жисмоний тараққиётда VIII аср ўрталарида ислом оламида вужудга келган тасаввуф таълимоти муҳим аҳамият касб этади. Худди шу тарихий саналарга муносиб тарзда, у сўфизм номи билан Шарққа, араб оламига кенг тарқалган. Лекин мазкур тадқиқотда сўфизм таълимоти моҳияти, мазмуни, тузилиши, таркибий қисмлари, келиб чиқишининг сабаблари, кўринишлари, ёндашувлари, унинг йирик намояндалари ижодиёти ва шахснинг камолот босқичлари (иерархияси, ўзига хослиги, хусусиятлари, сифатлари, қонуниятлари, қоидалари, ибрат-намуналари ва ҳоказолар) тўғрисида психологик, ижтимоий-психологик нуқтаи назардан атрофлича тўхталиб ўтирмаймиз, чунки бу муаммо ўта мураккаб бўлганлиги боис алоҳида тадқиқот предмети сифатида ўрганилиши лозим. Н.Комиловнинг таъкидлашича, сўфийларнинг ўзини ҳам Ҳусайн Воиз Кошифий “Футувватномаи султоний” асарида уч гуруҳга ажратган: муоширлар, мутарасмлар, муҳаққиқлар. Ушбу асарда сўфийларнинг ҳар қайси типига ўзига хос тавсиф берилганки, уларнинг негизида турлича психологик ҳолатлар, ҳодисалар ўз ифодасини топган. Н.Комиловнинг талқинига қараганда, сўфийлар - руҳоният билан суҳбат қурадиган, кайҳону фалак асроридан мужда (илоҳий олам сирларидан хабар) келтирадиган, фақирликни ихтиёрий равишда бўйнига олиб, илоҳий ахлоқни касб этувчи, эзгулик йўлида жонини фидо қилувчилардир; улар борлиқ ва йўқлик, замон ва макондан хориж, азалу абадни бирлаштирган мукаррам зотлардир[68]. Бошқача сўз билан айтганда, сўфийлар бойлик билан камбағалликни, вақт билан фазони, азал билан абадни бирлаштирган улуғ зотлар, комил инсонлардир.

Сўфийларнинг ижоди ва фаолиятига мутафаккирлар томонидан баҳо берилганида, улар одамларнинг турмуш ташвишларининг таҳлили билан шуғулланишдан чекланибгина қолмай, айни пайтда, фоний дунёнинг ғаму муаммоларидан устун турадиган, тафаккурининг сатҳи фалак қадар қамровли, қалбида маънолар булоғи қайнаб ётадиган комил инсонлар деб атаганлар. Мумтоз қарашларни таҳлил қилсак, сўфийлар дунёнинг ғам-ташвишларидан улуғвор, тафаккури юксак, ижодкор, серғайрат инсонлардир. Сўфизмдаги комил инсон тушунчаси илоҳийлик ва инсонийлик тажассумининг мукаммал ва олий даражаси, одамларнинг оламни яхлит ҳолда, бутунликда, азим уйғунликда кўришининг орзу хаёллари, камолотнинг машъали бўлиш билан баробарида аниқ шахслар, яъни, валиюллоҳ (авлиё) инсонлар рутбасини тан олиш ва қонунлаштириш ҳамдир. Чунки комил инсон барча илмлардан, зоҳирий ва ботиний донишдан бохабар, қалбида ғайб асрори (илоҳий олам сирлари) жўш уриб турган зот деб тушунилган. Бу давр томонидан уларга берилган юксак баҳо ва келажакка ишонч, ишора туйғусининг мужассамидир. Шайх Азизиддин Насафийнинг таъкидлашича: “Жумла мавжудот одамзотга шунинг учун сажда қиладики, одамлар орасида комил инсон бор. Бас, жумла одам комил инсон туфайли шарафлидир. Мавжудот ичра инсондан улуғроқ, шарафлироқ ва донороқ зот йўқ, чунки комил инсон энг пастдан энг юқоригача мартабалардаги мавжудотнинг хулосаси ва қаймоғидир ва фаришталар, руҳоний мавжудотлар ва аршу курси, самовоти кавокиб – ҳаммаси комил инсон хизматидадирлар ва ҳамиша комил инсон теграсини тавоф қилурлар ва комил инсон ишларини бажо келтирурлар. Комил инсон илм мазҳаридир, комил инсон илоҳий зот сифатларининг ҳам мазҳаридир...”. Бу билан муаллиф комил инсоннинг ақл-заковати, қудрати чексиз, борлиқ учун аҳамияти ўта юксаклиги тўғрисида психологик тавсиф билдирмоқда. Абу Абдулло Муҳаммад бин Али Ҳаким Термизий “Хатмул авлиё” номли асарида (Х аср) биринчилардан бўлиб, авлиёлик рутбаси, даражалари ва комил инсон ҳақида фикрларни баён этган эди. Ул зотнинг фикрига кўра, солик маърифат даража мартабаларини эгаллай бориб, илоҳиёт оламига яқинлашиб боради ва инсонга муяссар бўладиган билимларнинг энг юксаги –илоҳий чароғонлик билан тенглаша оладиган Маърифатга етади. Шу зайлда инсонда илми ғайб, илми “ладуний” порлаб, унинг руҳи яратган қудратига уланади. Ҳаким Термизий комил инсон тўғрисида мулоҳаза билдирганларида илоҳга хос, Аллоҳга интилиш илми эканлигини таъкидлайдилар.

XV асрнинг йирик мутафаккирлари Абдураҳмон Жомийнинг “Нафоҳатул унс минал–қудс” ва Алишер Навоийнинг “Насойимул – муҳаббат” асарларида сўфийларга индивидуал тавсиф берилган ҳамда уларнинг мушоҳадалари, хизматлари ҳаққоний равишда баҳоланган. Шунингдек, сохта кўринишдаги дарвешлар, зоҳидлар қаттиқ танқид қилинган. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, XV асрга келиб тасаввуфнинг тариқат, маърифат, ҳақиқат тўғрисидаги қарашлари мукаммал тарзга келтирилган ҳамда бир қатор тўлақонли асарлар яратилган. Тасаввуф тариқати муайян тамойилларга асосланганлиги қатъий белгиланган: биринчидан, илоҳсеварлик, яъни Аллоҳга муҳаббат; иккинчидан, ўзини-ўзи тарбиялаш; бунинг учун Ҳақ ва ҳақиқат сари жаҳд қилиб, нафсни мавҳ этиш учун курашиш; фоний дунёда барчага ибрат бўлиб, покиза ахлоқ намунасини намойиш қилиш; тўртинчидан, юксак инсонийлик сифатлари ҳисобланмиш карам, саховат, мардлик намуналарини кўрсатиш.

Тасаввуфда инсон руҳи мангуликка талабгор бўлса, у Ҳаққа интилсин, ўзини-ўзи такомиллаштирсин, дейилади. Ушбу таълимотда Ҳаққа эришган сўфийларгина пири комил, комил инсон деган улуғлашларга мушарраф бўлишган, холос. Инсонни улуғлаш орасида комил инсондан ташқари вали, қутб, абдол, автод, сиддиқ, нуқабо, нужабо, ғавс, мавло, хожа, махдум, аҳрор, аҳий, фақир, бобо, эшон тушунчалари қўлланилган. Бундай даражага эришишнинг мезонлари ҳам мураккаб бўлиб, юқорида қайд қилинган тўртта тамойилга риоя этишдан ташқари, жисмоний, ахлоқий, ақлий мукаммаллик ҳамда кароматлилик ҳам эътиборга олинган. Тарихий манбаларда кўрсатилишича, ҳазрати Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васаллам комил инсон ҳамда пайғамбар бўлганлар. Уларнинг вафотларидан кейин бундай улуғ номга ҳеч ким эришмаган. Лекин улуғ шоир Хусрав, унинг пири Низомиддин авлиёларни пайғамбар давомчиси, деб атаганлар. Буюк шоир Алишер Навоий ҳам Баҳоуддин Нақшбанд билан Абдураҳмон Жомийни “муршиди офоқ, кошифи асрори илоҳ” деб тавсифлаганлар. Уларга қиёс қилиб берилган мазкур атамалар моҳиятида барча ишлардан хабардор, кароматли ва пок зот деган таъриф ётади.

Шундай қилиб, тасаввуф таълимоти ижтимоий-гуманитар фан тарихида муҳим аҳамият касб этиб, одамларни Ҳақ йўлига бошлаган, уларни тўғрилик ва яхшиликка ўргатган, ижтимоий ҳаётда мафкура вазифасини бажарган. Шу боисдан, адабиёт билан фалсафа фанларининг моҳиятига чуқур сингиб кетган, машҳур шоирлар сўфиёна тасаввуф ғояларини тараннум этганлар. Сўфийлар улар учун “одамлар одамийси” ва “одамлар зийнати”, эзгулик мужассами тимсоллари тариқасида гавдаланган, фикр-мулоҳазалари ибрат деб тавсифланган. Комил инсонга тааллуқли ахлоқ, маънавият муаммосини шарҳлашда Шарқ алломаларининг фикр- мулоҳазалари, айниқса, Ҳаким ат-Термизий, Шайх Азизиддин Насафий, имом Абу Ҳомид Ғаззолий, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд, Алишер Навоий каби мутафаккирларнинг илмий қарашлари, ғоялари, ишлаб чиққан қоидалари ҳозирги даврда ҳам ўз қийматини йўқотмаган.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИДА ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ МУАММОСИНИ ЎРГАНИШНИНГ ТАЪЛИМИЙ ВА ТАРБИЯВИЙ АСОСЛАРИ

Х. Абдиаҳатов., С. Дониёров. ГулДУ

Дунёдаги ҳар бир давлатда ҳам инсон ҳуқуқларига оид муайян қонунчилик тизими шаклланган. Бу қонунчиликнинг негизини, авваламбор, конституциялар ташкил этади. Барча давлатлар конституцияларида инсон ва фуқаро ҳуқуқлари ва эркинликларига махсус бўлим, боблар ажратилган. Фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари жорий қонунларда ўз аксини топган.

Конституция ҳар бир давлатнинг асосий ҳуқуқий ҳужжати ҳисобланади. Унинг меъёрлари нафақат давлат тузуми, давлат ҳокимияти ва бошқарувини ташкил этиш принципларини, балки ижтимоий ҳаёт меъёрларини ҳам белгилаб беради. Конституциявий ҳуқуқий тартибга солишнинг ўзига хос хусусияти шундан иборатки, конституция ўзининг асосий қоидаларини ҳаётга тўлиқ татбиқ этиш учун кенг имконият яратади.

Асосий конституциявий қоидалар, принциплар юридик базани ташкил қилади. Ушбу юридик база негизида эса ҳуқуқнинг барча – молиявий, фуқаролик, жиноий, меҳнат ва бошқа соҳаларининг нормалари мужассам. Ҳар қандай меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат (қонунлар, фармонлар, қарорлар ва бошқалар) конституцияга асосланади. Бошқача айтганда, конституция барча қонун ҳужжатларининг асоси, манбаи ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра инсон, унинг ҳаёти, шаъни, қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланади. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини тан олиш ва ҳимоя қилиш давлатнинг асосий мажбуриятидир. Мазкур принцип конституциявий қурилиш асослари тизимила марказий ўрин эгаллайди. Унинг асосий хусусиятлари қуйдагилардан иборат:

биринчидан, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бошқа барча ижтимоий муносабатлар шаклланиши, жумладан давлат қурилишининг олий қадриятидир. Давлат тан оладиган ва ҳимоя қиладиган инсон ҳуқуқлари ва бошқа қадриятлар ўзаро мувофиқ келмаса, инсон ҳуқуқларига устунлик берилади;

иккинчидан, ушбу принципнинг моҳияти Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонун ҳужжатларида мустаҳкамланган инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тизими орқали очилади. Конституцияда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликлар рўйҳати тўлиқ ҳисобланмайди ҳамда шахс ва фуқаронинг бошқа умум эътироф этган ҳуқуқ ва эркинликлари тан олинмаслиги ёки камситилишини билдирмайди;

учинчидан, давлат ҳокимиятининг шаклланиши ва халқ иродасига мувофиқ ҳолда амалга оширилишини билдирувчи ҳокимиятнинг қонунийлиги. Ҳозирги демократик давлатларда ҳокимият қонунийлигига сайловлар жараёнида эришилади, аҳоли маълум шахсларга давлат ҳокимияти ваколатларини топшириб, ўз сиёсий иродасини ифода этади;

тўртинчидан, давлат ҳокимиятининг демократик тартибда шаклланиши ва амалга оширилиши. Ушбу тавсиф давлатда умумий ва тенг сайлов ҳуқуқи амалга оширилишини кафолатловчи демократик сайлов қонунчилигининг мавжудлигини, доимий равишда эркин, ҳақиқий сайловлар ўтказилишини билдиради. Шунингдек, қонун ҳужжатларида, аввало, Конституцияда давлат ҳокимиятини амалга ошириш тартиблари, жумладан қонунларни қабул қилиш тартиби, давлат идораларининг ваколатлари, ҳужжатлар қабул қилиш тартиби, ҳуқуқий тизимда турли хил ҳужжатларнинг ўзаро мутаносиблиги кабилар мустаҳкамланган бўлиши лозим;

бешинчидан, ҳокимиятни Конституцияга зид бўлган йўллар билан эгаллашнинг таъқиқланганлиги ва бундай эгаллаш (босиб олиш) қонун бўйича тақиб этилиши. Ҳокимият ваколатларига эгалик қилиш улар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қўлга киритилган тақдирдагина қонуний ҳисобланади. Давлат ҳокимиятининг сайлаб қўйиладиган органлари – демократик сайловлар йўли билан, бошқа органлар эса – қонун билан белигланган тайинлаш, танлов, бошқа усуллар ёрдамида шакллантирилади.

Инсон ҳуқуқларининг устуворлиги демократик давлатчилик принципи сифатида Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумининг асосларига киритилган ва унинг натижасида юзага келадиган бошқа принциплар, яъни ҳокимиятнинг бўлиниши, ғоявий ва сиёсий ҳурфикрлилик, кўппартиявийлик, ижтимоий адолат, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариши кабилар билан узвийдир.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси дунёнинг 100 га яқин конституцияларини ўрганиш асосида, уларнинг энг илғор тажрибаларини ҳисобга олиб, умуминсоний эътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормаларига асосан, шунингдек, халқимизнинг бой ўтмишини, тарихини, ундаги урф-одатларимиз, анаъаналаримиздан келиб чиқиб қабул қилинган ва у дунёнинг мутахассислар томонидан дунёнинг энг демократик конституцияларидан бири сифатида эътироф этилган. Конституцияда инсон ҳуқуқларига оид қуйидаги муҳим халқаро – ҳуқуқий қоидаларни мустаҳкамлаган: Биринчидан, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини тан олиш ва ҳимоя қилиш – давлатнинг мажбурияти; Иккинчидан, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тизими халқаро ҳуқуқий андозаларга мос келиши ва бу соҳада халқаро ҳуқуқнинг устунлиги; Учинчидан, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари унга туғилганидан бошлаб тааллуқли эканлиги, яъни табиий ҳуқуқ ғояси ва назариясининг эътироф этилиши; Тўртинчидан, ҳаммага ва ҳар кимга инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг тенг ва баробар тааллуқлилиги; Бешинчидан, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари давлат идоралари фаолиятининг мазмунини ташкил этиши; Олтинчидан, фуқароларнинг кафолатланган суд ҳимояси билан таъминланиши; Еттинчидан, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахслар ҳуқуқларининг бузилмаслиги зарурлиги; Ўзбекистон Республикаси Конституциясида шахс ва фуқаронинг ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга оширишга асос бўлган омил, яъни раҳбарий ғоялар йиғиндиси ҳисобланган шахс ва фуқаро ҳуқуқий мақомининг қуйидаги принциплари мустаҳкамлаб қўйилган: 1) шахс ва фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасида халқаро ҳуқуқ нормаларининг устунлиги; 2) асосий ҳуқуқ ва эркинликларнинг ажралмаслиги; 3) ҳуқуқ ва эркинликларнинг бевосита амалга оширилиши; 4) ҳуқуқ ва эркинликларни мажбуран чеклашга йўл қўйилмаслиги; 5) шахс ва фуқаро ҳуқуқ ва эркинликларининг давлат томонидан кафолатланганлиги; 6) тенг ҳуқуқлилик; 7) шахснинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириши бошқаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига путур етказмаслиги шарт эканлиги.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам замонавий демократик давлатлар конституцияси сингари барчанинг қонун олдида тенглиги, шахснинг давлатга нисбатан устуворлиги, давлатнинг инсон ва жамият фаровонлиги учун хизмат қилиш мажбурияти каби инсонпарварлик тамойилларига катта аҳамият берилган. Чунончи, Конституциямизнинг 14-моддасида “давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади,” деб қайд этилган. Ушбу ғояларни жамоатчилик онгига сингдириш ҳар бир фуқаронинг қонунларга ҳурмат билан муносабатда бўлишини шакллантиришга кўмаклашади. Дарҳақиқат, ҳар бир демократик давлатнинг конституциявий асосини инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ташкил қилади. Шу маънода, мамлакатимиз Конституциясидан “Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари” бўлими алоҳида ўрин эгаллагани бежиз эмас. Шунингдек, Бош қомусимизнинг “Асосий принциплар” бўлимида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият эканини қайд этувчи асосий ғоялар мустаҳкамланган.

Конституциямизнинг қолган барча бўлимларида ўзининг ижтимоий йўналиши бўйича жамоат ва давлат тузилмаларининг шахс ҳамда жамият олдидаги вазифалари баён этилган. Собиқ шўро тузуми даврида давлатнинг манфаатлари шахс манфаатларидан устун эканлиги қатъий белгилаб қўйилган бўлса, ушбу масала мустақил Ўзбекистон Конституциясида адолатли ҳал этилган. Яъни, шахс манфаатлари устунлиги, уни “олий қадрият” деб эътироф этиш нуқтаи назаридан ҳал этилган (13-модда). Шунингдек, Конституциямизда “фуқаро ва давлат бир-бирига нисбатан бўлган ҳуқуқлари ва бурчлари билан ўзаро боғлиқлиги” принципининг мустаҳкамлангани бундай нуқтаи назар изчиллигини таъминлайди (19-модда).

Ўзбекистонни конституциявий ривожлантириш тарихида илк марта давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъул экани белгилаб қўйилгани халқимиз барпо этаётган адолатли фуқаролик жамиятининг маъно-моҳиятини англатади.

Мамлакатимиз Конституциясида мустаҳкамланган демократик қоидалар орасида сиёсий плюрализм, яъни сиёсий институтлар, фикрлар хилма-хиллиги эътироф этилганини алоҳида қайд этиш жоиз. Бундан ташқари, ҳокимиятларни тақсимлаш ғоясининг амалга оширилгани, қонун устуворлигининг эътироф этилгани, бирон-бир шахс томонидан давлат ҳокимияти ваколатларини ўзлаштиришга йўл қўймаслиги, Конституция ва қонунлар томонидан ваколат берилган органларнинг давлат ҳокимиятини, халқ манфаатини кўзлаб амалга ошириши – буларнинг барчаси ҳуқуқий-демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш ҳамда шакллантириш жараёнига таъсир кўрсатган ҳолда, ижтимоий ривожланишнинг асосини ташкил этадиган муҳим ва асосий конституциявий принциплардир. Мамлакатимизда Конституция туфайли фуқаролар ва миллатлараро тотувлик таъминланди, турмуш фаровонлиги йилдан-йилга ортиб бормоқда, ижтимоий-маданий ривожланиш, таълим, илм-фан соҳаларида улкан муваффақиятларга эришилмоқда. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг қоидалари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, инсоннинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳимоя қилинишини таъминлайдиган миллий қонунчилик меъёри.
БЕМАЪНИ” БОЛАЛАР ЁХУД ЭЪТИБОР ТАЛАБ ЎҚУВЧИЛАР
Ҳ.Абдукаримов, ГулДУ

Ота – она фарзандини руҳий – жисмоний, маънавий- ахлоқий ҳамда ақлий соғлом вояга етишини астойидил истайди. Болани келажакда қандай касб эгаси бўлиши ҳам ота - онани бефарқ қолдирмайди.Боладаги хоҳиш – истакларнинг шаклланиши ва ўсиши , қайсидир маънода ундаги фазилатларнинг ниш ура бошлашидан дарак беради. Айни пайтда ота- она ўз фарзандининг бўй – басти , чиройи , ақл – заковати ҳамда бошқа хусусиятларини тенгқурлари билан ўйнаши ва мулоқотда бўлиши шароитида қиёслайди. Аммо, бола ўзи ҳақида қандай фикрда ва ўз- ўзини қай даражада англайди? Ўзининг фаолиятига тўғри баҳо бера оладими? деган савол нафақат ота- онани ,балки ўқитувчиларни ҳам бефарқ қолдирмаслиги лозим.

  Ўқувчини оилада, мактабда эшитгани , кўргани билан ҳаётда эшитгани ва кўргани бир–бирига тўғри келмаса ёки бир–бирини тўлдирмаса , билингки оила ва мактабда берилган тарбияга ишонч йўқола бошлайди. Ҳақиқат қиёслашда юзага чиқади деган гап бор. Аммо тарбияда қиёсий таҳлил методининг ўрни талаблар даражасида эмас десак ўринли бўлади. Аксарият муаллимлар болага “Фалончини қарагин қандай яхши ўқияпди”, “ Фалончи дарс қолдирмайди, айтганингни бажаради, сенга нима бўлди?“, “Ойнага бир қарагин , афтингни қандайлигини кўрасан , бет ва бўйинларинг ҳам ювиқсиз, кир, кийган кийимингни қара, умуман дазмол кўрмаган “каби танбеҳларни тез–тез  беришади.

      Ўз навбатида оилада ҳам болани камситувчи ( ландавур , лапашанг, исқирт, хомкалла, ошқавоқ каби ) сўзлар айтилса , кесатиқ гаплар билан жисмоний жазолаш тез - тез бўлиб турса , бола қўрқоқ ва ўз кучи ҳамда имкониятларига ишонмайдиган бўлиб қолади. Бола бегоналар олдида уялтирилса ёки жисмонан жазоланса, ўзига нисбатан бўлаётган ҳурматсизликдан қаттиқ эзилади. Дилидагини тилига чиқара олмай хўрланади.Болада ота-онага нисбатан эмоционал совуқлик пайдо бўлади.

  Фарзандга бўлган муносабат жиҳатидан авторитар, либерал ва демократик ёндашувчи ота- оналар фарқланади. Ўқитувчи- тарбиячилар мисолида ҳам шундай хулосага келиш мумкин. Юқорида биз кўриб ўтган муносабатлар айтилган авторитар муносабатларга киради. Қиёсий таҳлил нуқтаи назаридан қараладиган бўлса, метод сифатида бу жараённинг илмий моҳияти педагогикада атрофлича ўрганилмаган . Чунки, оилада эр – хотин муносабати ҳам авторитар йўсинда бўлса, унинг нуқси албатта фарзандларга кўчади. Болани эркалатиш, меҳр бериш, кўнглига қараш, уни ҳимоя қилиш, у билан маслаҳатлашиш, либерал ва демократик ёндашувли оилаларда кўзга ташланади. Бундай оилаларда кўпроқ ўзаро келишувчиликга йўл қўйилади. Боланинг озгина ютуғини кўриб ота – она суюнади, уни рағбатлантиради. Боладаги юзага чиқиши мумкин бўлган имкониятларга тегишли шароит яратиб беради. Аммо, бу ёндашувларга хос камчилликлар бола эҳтиёжларини кўпроқ, баъзан ортиқча қондирилишида кўзга ташланса, баъзан болага керагидан зиёд эркинлик бериш ҳамда ўз ҳолига ташлаб қўйиш каби ҳолатларда кузатилади. Яна бир жиҳат шулки, бу жараёнда бола “ўзим биламан” деб , ўз кучига кўпроқ ишониб, тажрибасизлиги туфайли ўзи ва ота – онасини қийин аҳволга солиб қўйиши мумкин. Нима бўлганда ҳам болани ўзига хос имкониятларини ота – она ва муаллим билган ҳолда , уни қўлидан келмайдиган, қурби етмайдиган топшириқларни бермаслиги керак.

  Авторитар ёндашувдаги оилада бола учун кўпроқ “ билмайман”, “ хабарим йўқ” , “хоҳламайман “, “ бажара олмайман “ , “ қўлимдан келмайди” , “бормайман”, “ қўрқаман” каби ҳимоя реаксияларининг келиб чиқишига замин яратилади. Бола ўзини эҳтиёт қилиш мақсадида баъзан ёлғон гаплар ҳам ишлата бошлайди. Чунки, бола ёлғонни кўпроқ ота –онасидан , атроф – муҳитдан ўрганади. Эндиги тарбиявий жараёнда ота–она болани тобора ўзидан узоқлашиб бораётганини кузатади. Ҳақиқат қанчалик аччиқ ва ёқимсиз бўлмасин , барибир ёлғондан яхшида .Бу ўринда аксарият ота –она хатосини тушуниб етсада, бўйнига олгиси келмайди. “Мен ота –онаман, фарзанд меники, фарзандим мен кутгандек бўлиши лозим” , - деган фикрда қолишади.Болани таққослаб тарбиялаш ўринли эмаслигини хар доим хам тушуниб етишмайди. Чунки,болани ўзидан кучли, доим муваффақият қозонадиган тенгдоши билан қиёслашса, бола камгап ва тортинчоқ, ўз-ўзига нисбатан ишончсизлик кайфиятида ўсади. Ҳатто синфдошлари билан бўладиган мулоқотда ҳам қийналади. Бундай ҳолатда тенгқурлари унинг устидан кулиши, ҳатто камситиши ҳам мумкин. Оила ва мактабда боланинг кучли жиҳатлари айтилиб, ўринли мақталса, болада ўз-ўзига бўлган ишонч ортади. Унда ички хотиржамликпайдо бўлади.Бола ўзига қандай муносабатда бўлса, атрофдагилар ҳам унга шундай муносабатда бўлишади.  



Ҳар бир бола шахс сифатида ўзининг хулқ–атвори, ақлий потенциали, қобилияти, руҳий–жисмоний куч–қувватига эга. Шу маънода бола ўзининг камситилиши ёки паст баҳоланишини истамайди. Аммо, мактабда тарбиявий дарсларда ибрат–намуна методига мувофиқ бошқа ўқувчиларни қандай қилиб аълочилар сафига кўтарилганлигини, унинг асосида изланиш, мутолаа ётганлигини ва аълочилар сафига қўшилиш учун қандай тавсиялар кераклиги, мутахассис томонидан айтиб ўтилса, болага ўргатилса , унинг таъсир кучи бошқача бўлади. Болаларни ниманидир олишга ва хулоса чиқаришига асос бўлади. Аммо, синфда ҳаммани баравар жазолаб ёки рағбатлантириб бўлмайди. Бу ҳолда тарбиянинг таъсир кучи ҳам бўлмайди. Айниқса,суст ўзлаштирувчи ўқувчилар ёки тартиб -қоидани бузадиган бола биринчи галда “ муаллим ҳаммага тенг гапирадику ёки ҳаммани  баробар жазоладику, менга нима”, деган хулосага келади.         Фалсафада сабаб ва оқибат категорияси бор. Кўпинча ота–она ва ўқитувчи-тарбиячилар оқибат билан ишлашади. Бу жараён айнан қайта тарбиянинг мазмун – моҳиятига мувофиқ келади.Аслида бўлиб ўтган воқеа, ҳодисага тегишли чора – тадбир белгилаш ўрнига, унинг келиб чиқишини олдини олмоқ мақсадга мувофиқ. Аниқроғи, “сабаб” билан ишлаш мураккаб тус олиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олади. Бу жараён педагогикада қайтар алоқа принципига мувофиқ келади. “Нима  учун? “ деган савол ўртага ташланиб, сабаб таҳлил этилса, яъни ўрганилса, оқибатга ўрин қолмайди. Бола ҳиссиётга берилувчан бўлиши баробарида эҳтиёжманд ҳам бўлади. Ҳиссий руҳ асосида маънавий – аҳлоқий ва ақлий тарбиянинг берилиши тафаккур ва хотира кўламини кенгайтиради. Болада ўзига хос характер хислатлари шаклланади. Бу  жараёнда бола хулқ – атвор меъёрларига тўлиқ амал қилиб фаолият юритиш лозимлигини англаб етади.Ҳар хил ола тарсаки ҳаракатлардан тийилади. Кимгадир тақлид қилади, кимгадир эргашади. Аста – секин нималарга ёки кимларгадир қаттиқ ишона бошлайди. Ва шу ишонч ўлароқ эътиқод шаклланади. Болаликда ота- онага, устозга,   дўстга,      ёш            улғайганда                 Оллоҳга, диний             қадриятларга, турмуш  ўртоғи  ҳамда   фарзанларига   суяниш    эътиқодлилик    аломатидир.       Тадқиқотга оид олиб бораётган изланишларимиз ўлароқ, оқибатгача бўлган жараёнга боланинг хулқ- атворига оид қуйидаги ҳолатларни киритиш мумкинлиги аниқланди. Булар: тўғри саломлашишни билмайдиган, олифта, сақич чайнайдиган, тўғри келган жойга туфлайдиган, телефон ўйнайдиган, ҳар хил кийимда юрадиган, ўзига  эътибор талаб, дарсга кечикиб келадиган, ўқитувчига гап қайтарадиган, уришқоқ, уйига ҳам кеч келадиган, кўча –кўйда санғиб юрадиган, ўйинқароқ, бир оз ёлғончи, дарсда бошқаларга халақт берадиган, ўзи дарсга тайёрланиб келмайдиган, тарбиявий тадбирлардан кетиб қоладиган, шанбаликларда фаол қатнашмайдиган, берилган жамоат топшириқларини кўнгилдагидек бажармайдиган, аммо лидерликни хоҳловчи, ужар, ноодатий ҳаракатлар қиладиган, эркинликни хоҳловчи ва бошқаларни ҳам шунга даъват этувчи, хулқига оид камчиликларни тан олсада уни ислоҳ этмовчи, жамоада ўзининг муносиб ўрнига эга бўла олмаган, чекиш ва ичишга мойиллиги бор, ота – оналар йиғилишида тилга олиб ўтилган ўқувчилар ҳисобланиб, кўриб ўтилган нуқсонларнинг олди олинмаса, яъни якка тартибдаги тарбиявий ишлар олиб борилмаса, ахлоқ бузарликнинг, яъни девиант хулқ – атворни келиб чиқишига йўл очилади. Бу тоифага кирувчи ўқувчиларни ҳозирча тўлақонли “ назоратсиз “ ёки “қаровсиз” деб бўлмайди. Қолаверса, юқорида кўриб ўтилган хусусиятларни битта болага эмас, балки бир нечта болага хос деб қабул қилиш лозим.      “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқукбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикасининг қонунида ( 2010 й. 28 авг.) назоратсиз- ота –она ёки ота –она ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаганни таъминлаш, тарбиялаш ва унга таълим бериш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришидан бўйин товлаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик оқибатида хулқ – атвори назоратсиз қолган вояга етмаган; Қаровсиз - аниқ яшаш жойи бўлмаган назоратсиз қолган вояга етмаган;

Юқоридаги сифатларга эга ўқувчиларни “ тарбияси оғир” деб айтишга ҳали эрта. Балоғат ёшининг ўзига хос руҳий- физиологик хусусиятлари таъсирида бола атрофга кўпроқ танқидий кўз билан қаровчи, иззат талаб, ўзини катталардек тутишга ҳаракат қилувчи, анча – мунча тўғри гапларни “ менга айтилаётган насиҳат” деб қаровчи , ўзини кўп нарсани биладиган, ўз кучи қудратига ортиқча ишонадиган , аммо оёқ остига қараб иш юритувчи, истиқболни кўп ҳам ўйлаб ўтирмайдиган ёш даври ҳисобланиб, бунда ота- она ва педагогларни ҳамкорликда , келишиб фаолият олиб боришлари талаб этилади. Айниқса, ота- оналар бу соҳада ўзига хос педагогик билим ва тажрибага эга бўлишлари лозим. Бола билан буйруқ оҳангида эмас, кўпроқ маслаҳат оҳангида , ота- она ҳам, ўқитувчи ҳам ўзига яқин олиб мулоқатда бўлишлари мақсадга мувофиқ ҳисобланади.    Ушбу қонунниг 3- моддасида вояга етмаган – ўн саккиз ёшга тўлмаган шахс;-эканлиги кўрсатиб қўйилган. Шундай экан, бу ёш даври айни пайтда бола ҳисобланиб, мустақил фикри, билими, ҳаёт тажрибаси ҳам шаклланиш босқичида эканлиги назарда тутилади.Хулқ – атвори педагогик – психологик назоратни талаб этадиган ўқувчилар тоифасини тарбиявий таъсир кўрсатиш орқали назоратсизлик ва қаровсизликдан қайтариб қолиш мумкин.Оилада ва мактабда боланинг тарбиясига бир оз бўлсада эътиборсизлик билан караш болани бемаъни хатти –ҳаракатлар килишига олиб келишини унутмаслик лозим.

Демак, бемаъни болаларни хам “қаровсиз колиб кетган” ёки “ тарбияси огир “ демаслик максадга мувофиқ ҳисобланади.  Ўзбек тилининг изоҳли луғатида “бемаъни”  сўзи одоб - қоида доирасидан ташқари; маъноси, мазмуни йўқ; бўлмағур; ножўя ; каби маъноларни англатиши келтирилган [ 2, 227 б] Баъзан “ бемаънида намаъни” сўзининг ишлатилиши ҳам бежиз эмаслигига эътибор берса бўлади.

  “ Соғлом бола” Давлат дастурида белгиланганидек, шахсни руҳий – жисмоний, маънавий – аҳлоқий ҳамда интеллектуал жиҳатдан тарбиялаш билан изчил боғлиқ бўлган узлуксуз таълим тизими асосида ҳар томонлама баркамол шахс- фуқарони шакллантириш  назарда  тутилади.      Баркамол шахс шаклланишининг пойдевори оилада қуйилади. Оилдаги ички муҳит, ҳаёт тарзи ҳамда бола тарбиясига оид педагогик – психологик қонуниятларни билиш соғлом бола шахси ривожининг гаровидир. Қолаверса, оила ва мактабнинг бола тарбиясидаги режали ҳамда мақсадли ҳамкорлиги болада яхши хулқ ҳамда характер хусусиятларини таркиб топдиради. Болани беъмани хатти - ҳаракатларидан сақлаб, соғлом ўсишини таъминлашда оила тарбиясига оид қуйидаги ички қонуниятларга амал қилиш тавсия этилади.       



Биринчи қонуният. Болани меҳр билан тарбиялаш, уни чақалоқлик давридан гапга солиш , алла айтиш, вақти –вақти билан бағрига босиб суюш, ўз навбатида онага нисбатан болада ҳам меҳр пайдо қилади.            

Иккинчи қонуният. Фарзанд тарбияси ота- онанинг асосий бурчи ҳисобланиб, болани соғлом ўсишида уни фақат яхши кайфиятда, овозни баланд кўтармай тарбиялаш лозим. Болада бирон бир камчилик кузатилса, танбеҳ беришга шошилмаслик керак. Аввал унинг сабабини ўрганиш ва олдини олиш йўлларини белгилаш  лозим.

Учинчи қонуният. Тарбия ишида ўта юмшоқлик ва қаттиққўллик кетмайди. Боланинг индивидуал хусусиятидан келиб чиқиб, меъёрни аниқланг. Фарзандга эркинлик беринг. У нимани исташини аниқ билинг. Болани ҳар доим шошмай ва шошилтирмай эшитинг.            

Тўртинчи қонуният. Ота – она бола учун ҳар доим ибрат бўлиши, нафақат боланинг кўз ўнгида, балки, у бўлмаган пайтларда ҳам ҳар нарсадан тарбияни устун қўйиш лозим. Айниқса, ота билан ўғил, она билан қиз тарбиясининг ўзига хос нозик жиҳатларига эътибор бериш талаб қилинади. Чунки, бола ота- онага албатта тақлид қилади.

Бешинчи қонуният. Фарзандингизни ўзи ҳақида қандай фикрда эканлигини аниқлаб боринг. Шунда келгусида қандай касб соҳиби бўлиши аён бўлади. Бундан ташқари, фарзандингизни сиз ҳаққингизда ҳам қандай фикр- мулоҳазалари борлигини билиб боришингиз оилада ўзаро муносабатлар мувозанатини таъминлаш омили бўлади.

 Олтинчи қонуният. Фарзандингизни оилавий анъаналар қаторида миллий анъаналаримиз билан ҳам яқиндан танишиштириб боринг. Лозим пайтларда биргаликда туғилган кунларга, тўй ва турли маросимларга олиб боришни одатлантиринг. Шунда меҳмон кутиш, меҳмонга бориш тартиб- қоидаларини ўрганади. Миллий тарбиянинг ўзига хос хусусиятларини таҳлил эта олади.         



Еттинчи қонуният. Болани ҳар доим меҳнат қилишга ўргатинг.Қандай ишнинг бошини тутсангиз, имкон қадар фарзандингиз ёнингизда бўлсин. Оила бюджети, тежамкорлик, сарф – ҳаражатларни бола яхши билиши лозим.          Саккизинчи қонуният. Болани ёшига хос кундалик режими бўлсин.Шунга кўра оилавий спорт- соғломлаштириш, китоб ўқиш ва маданий дам олиш, кундалик одат тусини олган бўлиб, бўш вақтни ижтимоий фаол ҳаракат билан уйғун бўлиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

     Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, фарзанд тарбиясида белгилаб қўйилган алоҳида метод ва усуллар йўқ. Ҳамма гап ота – онани оилавий тарбияда педагогик -психологик билим эгаси бўлишлари билан боғлиқ. Шу билан биргаликда боланинг хатти- ҳаракатини қатъий назоратга олиб, онги шуурига тайёр қоидаларни, навбатчи гапларни сингдиришга уринманг. Болани шахс сифатида ҳурмат қилиб, эркинлик бериш, ўзаро ҳамфикрликда иш юритиш лозим.

    Фойдаланилган адабиётлар

1.Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси- Т.: Ўзбекистон, 2012- 40 б.

2.Каримов. И. А. Юксак маънавият - енгилмас куч. – Т.: Маънавият, 2008 - 176 б.

3.Ўзбекистон Республикасининг қонуни. “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”. Қонунчилик палатаси томонидан 2010 йил 12 августда қабул қилинган. Сенат томонидан 2010 йил 28 августда маъқулланган.// Қалқон.2010. № 10 Б- 2-13.


Каталог: downloads
downloads -> Правила соревнований международная Ассоциация Бокса [Преамбула]
downloads -> Бехаалотха Когда будешь зажигать Числа 8,1 12,16
downloads -> Жастарды еңбекке тәрбиелеудегі қазақ халқының Ұлттық салт-дәСТҮрлері. Шалғынбаева Қадиша Қадырқызы
downloads -> График проведения аттестации педагогических работников №
downloads -> Ғылыми кеңесшісі: тарих ғылымдарының докторы, профессор, Қр білім және ғылым министрлігінің Р
downloads -> Қазақстан Республикасының юнеско және исеско істері жөніндегі Ұлттық комиссиясы
downloads -> Жүйесінде пайдалану ТҰжырымдамасы алматы, 2004 ббк 74. 200. 52 Ш 21
downloads -> Қазақстан республикасы Білім және ғылым министрлігі


Достарыңызбен бөлісу:
1   ...   12   13   14   15   16   17   18   19   ...   40


©netref.ru 2019
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет