Илмий-амалий маркази гулистон давлат университети вояга етмаганлар назоратсизлиги


СОҒЛОМ БОЛА КOМОЛАТИ ГЕНЕЗИСИГА КОГНИТИВ ЁНДАШУВ



бет7/40
Дата02.05.2016
өлшемі5.8 Mb.
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10   ...   40

СОҒЛОМ БОЛА КOМОЛАТИ ГЕНЕЗИСИГА КОГНИТИВ ЁНДАШУВ

(Э.Ғ.Ғозиев таълимоти асосида)

Л.С.Турсунов, ЎзМУ

Келажагини ўйлаган давлат борки, у албатта ёш авлодни ҳар томонлама баркамолликка эришиши учун барча шарт-шароит яратиб беради. Давлатимиз раҳбариятининг саъй- ҳаракатлари ҳам бундан мустасно эмас. Мустақилликни салмоқли йилларига эътибор билан қараладиган бўлса, ҳар бир йилнинг номланишида баркамол авлодни тарбиялашга маълум даражада урғу бериб ўтилади.

Психологик нуқтаи назардан ёндашадиган бўлсак, соғлом бола ҳар томонлама руҳан онтогенетик даврга мос равишда ривожланган ёшга тушунилади. Ёшига хос равишда ривожланган бола профессор Э.Ғ.Ғозиев таърифига кўра “Ёшига нисбатан ўзини ( статуси ва атрибутларини) англаганлиги билан бир қаторда, уни қуршаб турган ( предмет ва муҳит) оламининг моҳиятини тўлиқ бўлмаса-да акс эттира олиши лозим. Мазкур англаш ва акс эттириш баъзан илгарилаб кетиши, баъзан бир оз ортда қолиши табиий ҳол, шу сабабдан ҳам биз “тўлиқ бўлмаса-да”, деган иборани таърифда ишлатдик”.

Э.Ғ.Ғозиевни бола ўзлигини англаш генезисига когнитив ёндашувнинг асосий моҳияти қуйидаги фикрларида аниқ акс этади. “Ахлоқий ўзини ўзи англаш “ўзини ўзи англаш” нинг хусусий (алоҳида) кўриниши, жабҳаси бўлганлиги туфайли унинг руҳий тузилиши, табиати, ўзига хослиги, таркиб топиши, ривожланиши ва такомиллашуви, объектив, субъектив, ички ҳамда ташқи шарт-шароитлари, энг аввало, ўзини ўзи англаш жараёнининг ички хусусиятларига кўп жиҳатдан боғлиқ”.

Юқорида келтирилган устознинг фикрларини мантиқан анализ ва синтез қиладиган бўлсак, бола ўзлигини ва оламни акс этириши билан бир қаторда ахлоқий “ўзини ўзи англаш”нинг хусусий (алоҳида) кўриниши сифатига урғу берилишига сабаб, унинг ижтимоий муҳитдаги ахлоқий муносабатларини ҳам акс эттириб борсагина у руҳан соғлом ривожланишдан ортда қолмай (оғмай) бораётганлигининг гувоҳи бўлар эканмиз.

Демак, болага ўзлигини танитиш билан бирга, унга миллий хулқ, ахлоқ ва муомала одобини сингдириб бориш мақсадга муофиқдир. Буюк алломаларимизнинг таъкидлаб ўтганларидек,:“бола тарбиясини туғилган сониясидан бошлаш керак”, деган фикрларининг илмий тасдиғини Э.Ғ.Ғозиевнинг бола фикрлаш генезисига когнитив ёндашувига доир психологик тадқиқотлари ва фикрларида аниқ кўриш мумкин десак, хато бўлмайди.

Когнитив психология тадқиқотларидан маълумки, бола қачон ўзлигини ва ташқи оламни англаб акс эттира бошлайди? Қачонки унда барча билиш жараёнлари содда кўринишдан мураккаб фикрлаш даражаси томон қараб шаклланиб, ривожланиб бораётган бўлса. Ўзлигини ва ташқи оламни англашда билиш жараёнларининг кетма-кетлиги занжири алоҳида ўринга эга бўлиб, у қуйидагича акс этади. Ташқи таъсирни қабул қилиш (сезги) натижасида, онгли фаолиятни (диққат) йўналтириб, таъсир этаётган қўзғатувчи омилни яхлит (идрок) акс эттирилгандан сўнг уни умумлаштириш (тафаккур) орқали билвосита ва бевосита хулоса чиқариб билим (хотира) манбаи тарзида сақлаб қолиш. Мазкур занжирни битта ҳалқаси психик хусусият ҳисобланади, у ҳам бўлса диққат, онгли фаолиятни таъсирга нисбатан йўналтириш ва тўплашдир.

Дунёни когнитив билиш жараёнлар занжири генезиси Э.Ғ.Ғозиевнинг “Онтогенез психологияси” асарида қуйидаги кетма-кетликда ифодаланади: 1) “ҳар хил турдаги ҳаракатларни амалга ошириш, жисмларни ушлаш, уларга интилиш, нарсаларни билишга нисбатан ҳаракатини билдиради; 2) ота-­онани ва қариндош ­уруғларни таниш, сезги, идрок, хотира жараёнлари ўсишини англатади; 3) жисмларга разм солиш, унинг тузилиши ва ранги билан қизиқиши яққол тафаккурнинг ифодасидир; 4) унда эмоция ва ҳиссиётнинг пайдо бўлиши муомалага киришиш эҳтиёжини намоён этади; 5) эмаклаш, тик туришга интилиш уқувининг пайдо бўлаётганлиги фазовий тасаввурни акс эттиради ва бошқалар”.

Европа когнитив психология фани вакиллари илгари сурган назарияларида бола дунё билан танишиши ва ўзлигини англаш ҳамда акс эттиришни фақат билиш жараёнлари билан чегаралаб қўйган бўлсалар, Э.Ғ.Ғозиев боланинг дунё билан танишиши ва ўзлигини англаш ҳамда акс эттиришни билиш жараёнлари кетма-кетлигида психологик хусусият ва ҳолатлардан эмоция ва ҳиссиётнинг пайдо бўлиши, муомалага киришиш эҳтиёжининг намоён бўлиши, уқувининг пайдо бўлиши, фазовий тасаввурни акс эттириши каби мураккаб хусусиятларни узвий боғлиқ равишда билиш жараёнларни тўлдириб боришини таъкидлаб ўтади.

Илк болалик даври ривожланиш ҳусусиятларини бевосита кузатиш орқали болани дунёни англашга нисбатан ҳар бир ҳаракати, албатта эмоция билан боғлиқ ҳолда амалга ошади. Бу даврда ҳиссиётни намоён этишни даслабки кўринишлари юзага келиб, болада муомалага киришишга эҳтиёжни намоён эта бошлайди. Эмоция ва ҳаракат орқали бола муомала жараёнининг энг содда (элементар) илк босқичларини намоён этиши жараёнида дастлабки сигналли ва ҳаракатли уқувчанлик кўникмаларини эгаллаш имкониятларини намойиш этади.

Юқоридагилар таъсирида бола фазовий тасаввурни акс эттириш каби мураккаб хусусиятларни ўзлаштириб боради. Мазкур ҳолатни онтогенезнинг барча босқичларида давом эттиришнинг эътироф этилишини таъкидлайдиган бўлсак, одам фарзандининг камолати бир сонияга бўлсада тўхтаб қолмайди. Аммо болаликда ўзлаштирилган билим ва уқувлар асосий манба сифатида намуна (эталон) вазифасини ўйновчи доминанта функциясини ўтайверади. Шунинг учун бўлса керак, доно халқимизда: “Болаликда ўзлаштирилган билим тошга ўйилган ёзув билан баробардир”, деган иборани тез-тез ишлатиб турилади.

Онтогенезда когнитив ривожланишнинг кетма-кетлигида дастлабки “мен”ликни англаш механизми қонунияти Э.Ғ.Ғозиев таърифи бўйича қуйидагича;

“Илк болалик даврида ўз хатти-ҳаракатини катталарнинг ҳаракати билан солиштириш ва унинг ўхшаш жиҳатларини топиш боланинг ақлий ўсиши учун муҳим аҳамиятга эга. Бу даврда болада “Мен ўзим” концепциясининг вужудга келиши шахсий фазилатлар шаклланишига олиб келади ва худди шу пайтларда у шахс сифатида таркиб топа бошлайди. Болада шахсий ҳаракатлар пайдо бўлиши ўсишнинг янги даври бошлангандан дарак беради”.

“Мен ўзим” концепциясининг вужудга келиши орқали бола нафақат баъзи бир фаолиятларни мустақил бажаришга ҳаракат қилади, балки ўзининг нутқий фаолиятини ҳам аста секин намоён эта бошлайди. Бу даврда болага исмингни айтчи, қани? дейилса, бола ўзини кўрсатиб, “мана” дейиши орқали уч хил фаолиятни умумлаштириши кетма - кетлигини кузатиш мумкин, яъни уқув асосида маълумотни акс эттириш ─ ҳаракатни йўналтириш ─ нутқ фаолиятни амалга ошириш.

“Мен ўзим” концепцияси шаклланиши билан болада катталарга тақлидчанлик ортиб бориб, ўзини худди катталардек тутишга ҳаракат қилиб, катталарнинг нафақат хатти – ҳаракати, балки психик ҳолатини ҳам акс эттира бошлайди. Соғлом бола камолат генезисининг илк болалик ривожланиш босқичи занжирини Э.Ғ.Ғозиев томонидан илгари сурилган юқоридаги когнитив билиш жараёнлари кетма-кетлигини нафақат психологиядан бошланғич билимга эга коллеж ўқувчиси, балки кенг омма учун ҳам тушунарли эканлигини таъкидлашга зарурат бўлмаса керак.

Мазкур когнитив жараёнлари занжири кетма-кетлиги билими билан қуролланган ёш ота-оналар боласи руҳан соғлом ривожланаётганлигини мутахассис фикрисиз ҳам бевосита ва билвосита ташхисни амалга ошириб бориш имкониятига эга бўладилар.

Бола ўзи учун кашф этилган билимларни эгаллашни билиш жараёнларининг когнитив кетма-кетлиги занжири асносида юзага келиши қонуниятидан келиб чиқиб ёндашадиган бўлсак, Э.Ғ.Ғозиев илгари суриб таъкидлаган “Ахлоқий ўзини ўзи англаш “ўзини ўзи англаш” нинг хусусий (алоҳида) кўриниши” ўз ичига барча инсоний туйғуларни қамраб олади, десак муболаға бўлмайди. Буюк аждодлар томонидан, илк болалик давридан қўлини кўксига қўйиб салом беришга ва раҳмат дейишга ўрганишлари тасодифий тарбия эмаслиги кўзга ташланади.

Демак, баркамол, соғлом авлодни тарбиясида ахлоқий ўзини-ўзи англаш жараёнига алоҳида эътибор бериш орқали ёшларда ватанпарварлик, миллий ғурур, фидокорлик, меҳнат севарлик сингари юксак инсоний туйғуларнинг шаклланишига таъмал тошини қўйиши мумкин экан.


СОҒЛОМ БОЛА ТАРБИЯВИЙ МУНОСАБАТЛАРИНИНГ ЎРНИ
Ш. Юсупов, Я. Нурумбекова, ГулДУ

Ўзбекистон Республикасида мустақиллик йилларида фуқароларда миллий ўзликни англаш туйғусининг қарор топганлиги, ўтмиш қадриятларини ўрганишга бўлган қизиқишнинг ортганлиги оиланинг шахс камолотида тутган ўрни ва ролини холисона баҳолаш имконини берди. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов қуйидаги фикрларни баён этади: «Оила турмуш ва виждон қонунлари асосига қурилади, ўзининг кўп асрлик мустаҳкам ва маънавий таянчларига эга бўлади. Оилада демократик негизларга асос солинади, одамларнинг талаб-эҳтиёжлари ва қадриятлари шаклланади. Ўзбекистоннинг аксарияти ўзининг шахсий фаровонлиги тўғрисида эмас, балки оиланинг, қариндош-уруғлари ва яқин одамларининг, қўшниларининг омон-эсонлиги тўғрисида ғамхўрлик қилишни биринчи ўринга қўяди. Бу эса энг олий даражада маънавий қадрият, инсон қалбининг гавҳаридир».

Давлатнинг оилага нисбатан ғамхўрлиги қабул қилинаётган қонун ва қарорларда ўз ифодасини топмоқда. Республикада «Оила» илмий-амалий Маркази ташкил этилганлиги, 1998 йилни «Оила» йили деб эълон қилиниши, Республикада оила манфаатига қаратилган махсус Давлат дастурининг қабул қилиниши, унинг мантиқий давоми сифатида 1999 йилни «Аёллар йили», 2008 йил “Ёшлар йили”, 2012 йил “Мустаҳкам оила йили”, 2013 “Обод турмуш” йили деб эълон қилиниши, вилоятларда оилага хизмат қилувчи турли психологик-педагогик маслаҳатхоналарнинг ташкил этилиши юқоридаги фикримизнинг далилидир.

Оила қуриш фақат эр-хотинлик эмас, балки ота-оналик масъулиятини ҳис этишдир. Оилага тайёргарлик ўз-ўзидан вужудга келмайди. Унга хос тайёргарлик, ижодий изланиш ва маҳорат талаб этилади. Рассом асарни бўёқлардан, бастакор товушлардан яратади. Рассомга рангларни аниқ кўрадиган кўз, бастакорга товушларни тиниқ эшитадиган қулоқ керак бўлса, ота-онага ҳар иккови ҳам зарур. У бошқа одамлар ҳар куни кўриб юрган, лекин эътибор бермаган нарсаларни кўриши, одамлар эшитмаган нарсаларни эшитиши лозим. Содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга ота – онани бефарқ қараши мумкин эмас. Ота-она овозини, нутқини, кўз қарашлари, имо-ишораларини фарзандининг ҳис-туйғусига мослаштириши яширин гармония ва ички оҳангни акс эттиради. Ўзига ва ўзлигига содиқ қолиш ҳиссини тарбиялайди. Ота онага хос ички ва ташқи мутоносиблик ижтимоий фаолликни талаб этади. Ижтимоий фаоллик эса ижтимоий соғломлашувга олиб келади.

Оила инсоннинг илк болалигидан бошлаб онгида шаклланадиган барча инсоний фазилатлар, эзгу ниятлар, қадриятлар такомил топадиган ва соғлом эътиқодлар шаклланадиган муқаддас даргоҳ. Бу муқаддас даргоҳда маънавий-ахлоқий муҳитни вужудга келтириш ва у орқали шахсни соғлом эътиқодли, янгича фикрлайдиган, комил инсон қилиб тарбиялаш бугунги ислоҳотлар даврида Ўзбекистон учун давлат аҳамиятига молик масаладир. Зеро, ёшларда миллий қадриятларимизга, жумладан, оилавий анъаналар, ноёб расм-русмларга оид эътиқодни шакллантириш орқали уларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оилапарварлик хусусиятларини тарбиялаш давр талаби, ушбу мақсадни амалга оширишда Гулистон давлат университетида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Ошпоз ош пишириш технологиясини яхши билиши, уни бутун борлиғи билан ўзлаштирган бўлиши керак, акс холда унинг оши ошга ўхшамай қолади, мулзам бўлади. Шунунг учун барча касб эгалари ўз касбини мукаммал эгаллашга, унинг сир-асрорларини ипидан - игнасигача ўрганишга ўзини бағишлайди, ҳеч қандай маблағни аямайди, охир оқибат шу касбни моҳир устаси бўлишга эришади. Бугунги кун ёшлари ҳам оила қуришга табиат иъном этган табиий тарбиячи-ўқитувчи ота-она бўлишга қанчалик даражада тайёр? Улар бу ишни қандай даражада удалай олишяпти? Ота-оналикнинг ширин меваси бўлган фарзанди ҳақида қанчалик билимга эга? Инсон нарса эмас, ташлаб юборилса ёки қайта ишланса. Агар у ўзи тайёрлаётган маҳсулоти ҳақида маълум тушунча, билим, кўникма ва малакаларга эга бўлмаса, унинг ҳаёт фаолияти қандий кечади? Ушбу саволларга жавоб топиш, ёшларни оилага, ота-оналикка тайёрлашни аниқ технологиясини, механизмини яратиш вақти келмадимикан? Ёшларимиз педагогик-психологик билимга эга бўлса ўзларини оиладаги вазифаларини муаммоларсиз амалга оширади. Фақат фарзанд тарбиясидагина эмас, балки турмуш ўртоғи, қайнона-қайнота ва бошқа оила аъзолари билан муносабатлари ҳам мувофақиятли кечади. Шунинг учун ҳам бугунги кун ёшларини албатта педагогик- психологик билимлар билан қуроллантириш уларда юксак маънавий –ахлоқий фазилатлар шакллантиришга адоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки давлатимизнинг эртанги куни бўлган амаънавий- ахлоқий пок, ижтимоий фаол, сиёсий билимдон, интеллектуал салоҳияти юқори ёшларимиз оилада тарбияланади. Бизнинг педагогик жамоамиз ушбу йўналишдаги эзгу мақсадларни амалга оширишда бир қанча ижобий самарали ишларни амалга оширишга ўз ҳисаларини қўшишмоқда.

Гулистон давлат университетида педагогик инновация маркази, педагогика ва психология кафедраси билан ҳамкорликда “ИШОНЧ” психологик маркази махсус методика асосида ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ишлари илмий асосга қўйилган. Ёшларни оилага тайёрлар эканмиз, биринчи навбатда уларга педагогик-психологик билимлар фақат ўқитувчи учунгина эмас, балки табиат ином этган бола учун биринчи тарбиячи - ўқитувчи бўлмиш ота-оналар учун ҳам жуда зарур эканлигини онги шуурига сингдирган ҳолда турли семинар-тренинглар ташкил этилмоқда. Бунда: Қиз болларни оилага тайёрлаш билан бирга ўғил болаларни ҳам оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича алоҳида ишлар йўлга қўйилган. Уларда оилавий ҳаёт ҳақидаги тасаввурларини шакллантириш мақсадида:


  1. оила –муқаддас даргоҳ, бетакрор тарбия маскани эканлиги, ҳозирги замон оилаларининг турлари ва асосий вазифалари;

  2. шахс тарбияси ва уни иштимоийлашуви, баркамол шахс, комил инсон хусусиятлари;

  3. тарбия психологияси. Маънавий-ахлоқий табиянинг психологик асослари;

  4. ўсмирлик ёшидаги ўғил ва қизларнинг ўзига хос психологик хусусиятлари; жинсий балоғатни эрта ёки кеч юзага келиш хусусиятлари;

  5. ўсмирларда дўстлик, севги, ёқтириш ва ёқтирмаслик ҳислари;

  6. муҳаббат психологияси, севги ва дўстлик ҳисси;

  7. никоҳ олди омиллари хусусиятлари ва уларнинг никоҳ мустаҳкамлигига таъсири;

  8. оилада шахслараро муносабатлар мулоқот психологияси;

  9. оилавий низолар психологияси, репродуктив саломатликнинг ижтимоий- психологик жиҳатлари;

  10. оилавий муносабатлар, эр-хотин муносабати каби мавзуларда тадбирлар ташкил этилмоқда.

Шахс шаклланишига таъсир этишнинг ижтимоий-руҳий асосига эга оила жамиятнинг ажралмас бўлаги сифатида ижтимоий вазифаларни бажариш билан бирга ўзига хос хусусиятларни ҳам акслантирадики, бундай хислат психологик қарама-қаршилик ҳамда характерлар тўқнашувидан иборат ижтимоий муносабатлардан толиққан инсон организмининг ишчанлик қобилиятини қайта тиклаш учун зарур бўлган мўътадил иқлимни ҳосил қила олади. Бу туйғу халқимиз руҳиятидаги ўзига хос хусусиятлардан биридир. Оиладаги муаммоли вазиятларни бартарф этишда ота-она - болага шунчаки оддий кўз билан эмас, балки меҳрга тўла қалб кўзи билан қараши лозим.

Бугунги бозор муносабатлари тилида айтилганда бола шунчаки истеъмолчига айланиб қолмаслиги керак. Эзгу фикр моҳиятига кўра ота-она, фарзандини ўз кўнгли билан юзма-юз қила билмоғи лозим. Ота-она ҳар бир нарсада яхшилик, юксаклик, улуғворликни кўриши ва кўрганини мавжуд воқеликка айлантира олиши лозим. Ана шунда муаммоли вазиятлар бир оз бўлсада чекинади.

Оила бола учун энг асосий тарбия муҳити бўлиб, бу муҳитда шахс камолоти учун муҳим ҳисобланган хулқ-атвор, ирода, характер ва дунёқараш шаклланади. Бола оила тимсолида жамиятнинг ижтимоий-маънавий қиёфасини кўради, жамият талаблари моҳиятини илк бора шу кичик жамоа орасида, оилавий муносабатларни ташкил этиш жараёнида англайди.

Оилавий муносабатлар – ота-оналар ёки боланинг камолоти учун масъул бўлган шахслар бува-бувилар ҳамда фарзандлар ўртасида турли йўналишларда ташкил этилувчи муносабатлардир. Оилавий муносабатлар фарзандларнинг ақлий, руҳий камолотини таъминлаб, ота-оналарда ўзига хос фаолликни ҳам юзага келтиради.

Шахснинг маънавий сифатларга эга бўлиши, унда маънавий билимларни эгаллашга нисбатан эҳтиёж ва қизиқишнинг пайдо бўлишида оила тарбияси асосий ролни бажаради. Хуллас, оилада қарор топган соғлом маънавий-руҳий муҳит фарзандларнинг етук, баркамол бўлиб вояга етишлари учун беқиёс аҳамиятга эгадир. Болаларда ижтимоий-дунёвий билимларни эгаллашга бўлган интилиш, ижтимоий фаолиятнинг шаклланишида ота-оналарнинг самарали иштирок этишлари ҳал қилувчи омил бўлиб, бу оиа тарбиясини мувафиқиятли амалга оширишнинг зарур шартларидан биридир.
СОҒЛОМ БОЛА ТАРБИЯСИНИНГ РУҲИЙ-ЖИСМОНИЙ ОМИЛЛАРИ
Ҳ.Абдураззоқов, М.Дўсмухамедова, Ж.Холмуродова, ТТЕСИ

Призидентимиз И.А.Каримов томонидан 2014 йилни мамлакатимизда “Соғлом бола йили деб эълон қилиниши халқимиз томонидан кенг қўллаб-қувватланди.

Ўзбекистонда руҳан-жисмонан соғлом, маънавий баркомол авлодни тарбиялаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Бугунги ўқувчи ёшларнинг билим олиши, ўз истеъдодларини намойиш этиши учун барча шарт-шароитлар яратилган. “Таълим тўғрисида”ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастури узликсиз таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш учун асос бўлди.

Таълим-тарбия жараёни сифатини янада яхшилаш уни меътодик янгилаш, бу борада замонавий педагогик ҳамда ахборот техналогияларини татбиқ этиш чора-тадбирларини кенг қамровда белгилаш, ёшларни спорт-соғломлаштириш тўгаракларига жалб етиш, уларни бўш вақти имкониятларидан самарали фойдаланиш омили хисобланади.

Айниқса, ёш авлод онгида маънавиятни юксалтириш, тарихий хотира ва миллий ғурурни мустахкамлаш, ташқаридан кириб келаётган ахлоқсизлик. зўравонлик, индивидуализим, худбинлик ва бошқа шу каби “оммовий маданият” унсурларига нисбатан иммунитет ҳосил қилиш масалалари билан кенг қамровда шуғилланиш, ўқтувчи мураббийларнинг касбий бурчи хисобланади.

Болалик шўхлик мавсуми. Бола қизиқмайдиган нарсанинг ўзи йўқ. Болада ниш уриб келаётган қобилиятни ўз вақтида фарқлаб, уни тўғри йўнлтириш, ота-она ва устоз-мураббийларнинг асосий вазифасидир. Бугинги кун боласининг келкжагини белгилаш, кўп жихатдан уларни руҳан тетик ва соғлом ўстириш билан боғлиқ.

Бола тақлидчан бўлади. У кўпроқ жисмонан бақувват, курашларда ғолиб бўладиган, ўзининг гавда мускуллари, яъни қадди-қомади билан бошқаларни жалб эта оладиган спорт усталарининг фаолиятига қизиқиш билан қарайди. Агар шу ўринда компьютер ўйинларидан жангари, калла кесар, шавқатсиз роботсифатлар болани ўзига қаратиб олса, табиийки, бола ўз-ўзидан бағритош, тўғри фикр юритмайдиган, каллакесарларни қўллайдиган бўлиб ўсиши хеч гап эмас.

Соғлом ва бақувват бўлишни бола кўриб ўтилганидек, икки хил маънода қабул қилиши мумкин. Шунинг учун бола руҳиятини турли хил бузғунчи ғоялар билан суғорилган, бағритош, шавқат нима эканлигини билмайдиган ,ташвиқот иши фақат зуровонлик ҳамда маънавий-ахлоқий худбинликни намойиш етишга қаратилган “тарбия”дан сақлаш лозим.

Бунинг учун узлуксиз таълимнинг барча бўғинларида, айтайлик мактабгача тарбия муассасасида “Ҳозиржавоблар”,”Топқирлар”,”Полвонжонлар”,”Эпчиллар” ўйинларини боланинг индивидуалхусусиятига мослаб ўтказиш, ғолибларни тақдирлаш мақсадга муофиқ ҳисобланади.

Умумий ўрта ҳамда ўрта махсус, касб-хунар таълимида болани “Қувноқ стартлар”,”Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” спорт мусобақаларига таёрлаш, бунинг учун ёшларни руҳан-маънан соғлом ҳолда барча қизиқишларини қобилятларига мос равишта ўстириб бориш, бола имкониятларини рўёбга чиқаришнинг педагогик-психолагик омили бўла олади.

Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, ёш авлодни маънавий-ахлоқий қиёфасини тўғри шакллантириш миллий ва умум инсоний қадирятлар билан чамбарчас боғлиқдир. Чунки, она ватанга содиқ, ботир, мард ўғлонлар тарбияси бевосита яқин ўтмишдан келаётган “Чаққон ва эпчил”, “Жасур”, “Қилич кесмас”, “Ўтда ёнмас”, “Ботир” каби мантиқли ва кенг маъно касб этувчи ўйинлар билан таърифланган. Бундай миллий срорт ўйинлари бугунги кунла хам қайта тикланиб, курашнинг турли кўринишларида, “Кўпкари”, “Отчопар”, “Чавондоз”, “Мерган”, “Пахлавон” кабиларда ўз ифодасини топмоқда. Биргина “Мерган” маъносининг ( ёй, камон, ўқ отиш ,мўлжалга уриш ) таҳлили кенг қамровдаги спорт турларини ўз ичига қамраб олади. Шунингдек, харакатли ўйинлардан оқ теракми, кўк терак, читтигул , сакраб ўтиш, бекинмачоқ, арқон тортиш, чиллик ва санаб тепиш каби ўйинлар тобора оммалашиб бормоқда.

Боланинг ёш хусусиятидан келиб чиқиб, ташкил етиладиган барча ўйин турлари ўқувчини иродали, бақувват, жасур, қўрқмайдиган, берилган ишни маъсулят билан охирига етказадиган, энг мухими ўзаро хамкор, жамоавий ва жамоада маънавий-ахлоқий қарашларга этиборли бўлиб ўсишини таъминловчи омил бўлиб хизмат қилади.

Мактаб таълим дастурида назарда тутилган ўқув-билув машғулотларидан ташқари боланинг бўш вақтини режалаштириш. Турли тўгарак ишларига жалб қилиш, уларни рухан бардам, жисмонан хамда ақлан соғлом ўсишини таъминлайди. Бу ўринда албатта ўқувчининг жисмоний маданият билан ахлоқий маданият уйғунлигига эришиш ўқитувчи-мураббийлардан ўз устида ишлаш, болани шахс сифатида хурмат қилиш, уларни талаб ва эхтиёжларини ўрганиб боришни талаб этади. Айниқса спорт мусобақаси характеридаги миллий ўйинлар ўқувчини нафақат жисмонан соғлом, этиши ва хушёр бўлиш, балки уларни халоллик, эътиқотлибўлишга руҳан тайёрлайди. Хар хил бузғунчи ғоялардан узоқ бўлишга даъват этади. Боладаги қобилиятлилик ўзига хос эркинлик мустақил фикр эгаси бўлиб шаклланишига олиб келади.

Маънавий-ахлоқий ва руҳий- жисмоний етук ёшларни тарбиялаш, вояга етказиш фақат миллий эҳтиёжгина бўлиб қолмай,балки, умумдавлат ахамиятга эга бўлган муоммо хисобланиб, у кўп миллатли мамлакатимизда туғилиб ўсган барча қардош халқлар учун хам бирдай эзгу мақсаддир. Шунга кўра соғлом бола тарбиясининг руҳий-жисмоний омилларини ўрганиш нафақат педагогик ёки психолагик, балки тиббий масалаларни хам ўз ичига қамраб олиб, бу жараён яхлит ёндашувни талаб этади.

Бугун юртимизда ўқувчи-ёшларнинг руҳий-жисмоний соғлом бўлиши учун тегишли шарт-шароитлар яратилган. Барча шахар, туман ва қишлоқларда бунёд этилаётган спорт иншоатлари, сузиш хавзалари ва ишлаб чиқарилаётган спорт анжомлари болаларни жалб этиш билан бирга уларни спорт турларида фаол иштирок этишларини таъмин этмоқда. Бу борада ота-она ва мураббийларнинг ўзаро хамкорлиги, хамфикирлилиги болаларнинг нафақат жисмоний, балки руҳий комолотга эришиларида хам мухим омил бўлмоқда. Юуртбошимиз таъкидлаганидек, соғлом, билимли ва фидоий фарзандлари бўлган халқ, албатта ўзининг буюк келажагини барпо этади.

Дархақиқат ”...рухан хеч қачон букулма, бу фазилатни хаёт қоидаси даражасига кўтариш , очиқ айтиш лозимки, бу хамманинг хам қўлидан келавермайди бунинг учун инсонга буюук қалб ва метин ирода керак...”


ТАРБИЯНИНГ ТАЪСИРЧАНЛИГИ
Ш. Саидқулов, Самарқанд ВПКҚТМОИ

Ҳозирги мустақиллик даврида дарсга қўйилган дидактик талабларнинг энг асосийси – таълим мақсадларини аниқ белгилаш ва уларнинг ривожлантирувчи ҳамда тарбияловчи мақсадлар билан боғланишини таъминлашдир.

Ўқитувчининг дарс жараёнидаги ахлоқий тарбияни тўғри ташкил қилиши энг аввало унинг тарбиячилик қобилиятига боғлиқ.

Ўқитувчининг тарбиячилик фаолиятида дарс жараёнида содир бўладиган ҳар қандай вазиятларга тўғри ёндошиши, уларни тўғри тушуниши ва қабул қилиши билан белгиланади. Бунда у “мақсад – восита - натижа” тизимида иш тутиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Ўқитувчининг ўқувчиларга нисбатан муомаласи уларнинг шахсий ташаббусларини ривожлантиришга имкон бериши лозим.

Педагогика назариясидан маълумки, ўқитувчининг тарбиячилик маҳорати қуйидаги, ўзаро боғлиқ тизимлардан иборат:

- технологик тизим;

- ижтимоий-психологик (муносабат) тизим;

- ахлоқий тизим.

Тарбиячиликнинг технологик тизими асосан расмий ва ижодий ишларни ўз ичига олади. Бунда ўқитувчи ўқувчиларнинг амалий фаолиятларини тўғри ташкил қила билиши керакки, бу бутун тарбиявий ишларнинг асосий пойдевори ҳисобланади. Мазкур тизимда ўқувчи ва тарбиячи орасидаги муносабат ҳар қандай педагогик масалани ҳам тўғри ҳал қилинишига қаратилган бўлиши лозим.

Тарбиячиликнинг психологик (муносабат) услуби ўқитувчидан энг аввало ўқувчиларнинг ўзаро муносабатларини тўғри тушунишни талаб этади.

Маълумки, ўқувчилар ҳар куни бир-бирлари билан учрашадилар, бунга қувонадилар, бирга ташвиш тортадилар. Моҳир тарбиячи бўлиш учун болалар жамоаси ва жамоалараро муносабатларни жуда моҳирлик билан сеза билиши керак. Фақат шундагина тарбия ишлари бир маромли бўлади ва ҳар қандай низоларнинг ўз вақтида олди олинади.

Ахлоқий тизимда тарбиялашда тарбиячи-ўқитувчи болалар билан тизимли ишлашига тўғри келади. Бунда у:

- болаларни ҳар қандай нарса, предметга бўлган муносабатини;

- болаларни атрофидаги кишиларга бўлган муносабатини;

- боланинг ўз-ўзига бўлган муносабатини яққол кўра билиши керак.

Тарбиячиликнинг ахлоқий услуби ўқувчи ва ўқитувчи орасидаги муносабатни яққол намойиш қилади.

Тарбиянинг технологик ва ахлоқий тизимлари бирлигини таъминлаш мақсадида ўқитувчи ўқувчилар билан уларнинг ота-она олдидаги бурчлари, катталарни ҳурмат-иззати, Ватан туйғуси каби мавзуларда тадбирлар ўтказиши самарали натижалар беради. Ўқувчилар билан “Виждон”, “Бурч” каби мавзуларда ўтказиладиган тадбирлар уларда шахсий хислатларнинг шаклланишига имкон беради.

Ўқитувчида тарбиячилик маҳоратини шакллантиришда унинг ўқувчилар билан бўладиган мулоқотининг “топшириқ ва талаб” соҳасидаги масалалари анча ўйлантириб қўйиши мумкин.

Буюк алломалар ва моҳир педагоглар асарларидан маълумки, тарбияланувчига қўйилган катта талаблар ва бериладиган қийин топшириқлар, энг аввало уни ҳурматини янада юқори кўтаришни талаб қилади, қўлланиладиган тарбия усуллари доирасини янада кенгайтиради.

Ҳар бир ўқувчи ўзига берилган топшириқни бажаришдан маълум қониқиш ҳосил қилади ва ҳатто қувонади. Ўқитувчи-тарбиячи унинг айнан ана шу қувончидан самарали фойдалана билиши керак. Шунинг учун ҳам ҳар қандай жиддий ва талабчан тарбиячининг обрўси юқори бўлади.

Тарбиячилик маҳорати – ҳар бир педагогнинг объектив далилларга асосланган шахсий фазилатидир. Бу эса педагогика фанининг назарий – қонуниятлари ва қоидаларидан таркиб топган бўлишини тақозо этади.

Ўқитувчи ўзининг тарбиячилик маҳоратини ошириши ва такомиллаштириб бориши учун тизимли, ўз устида мустақил ишлаши, кўпроқ илмий-оммабоп ва бадиий адабиётларни ўқиши, таниқли ижодкорлар, ўз касбининг моҳир усталари, олимлар, илғор тажриба соҳиблари билан мулоқотда бўлиши ва улар иш тажрибаларини ўрганиши лозим.

Тарбиявий ишлар тажрибасидан маълумки, ҳар доим бўлгани каби, ҳозирги вақтда ҳам ахлоқий меъёрлардан четга чиқувчи хулқга эга бўлган болалар ҳамон учраб турадилар. Уларни тарбиялаб, хулқидаги нуқсонларни тузатиш ўқитувчи-педагогдан катта маҳорат талаб этади.

Тарбияси “оғир” болалар билан ишлаш қуйидаги тартибда олиб борилиши мақсадга мувофиқдир:

- тарбиясида нуқсони бўлган болалар ҳаётларини синчиклаб ўрганиб чиқиш ва сабабларини аниқлаш;

- тарбияга салбий таъсири бор сабабларнинг асосийларини аниқлаб олиш;

- аниқланган салбий сабаблардан тузатиш мумкин бўлганларини аниқлаш;

- тарбияси “оғир” болалар билан мулоқот (алоқа) ўрнатишга эҳтиётлик билан ёндашиш;

- тарбиясида нуқсони бўлган болалар билан олиб бориладиган ишларни албатта таҳлил қилиб бориш мақсадга мувофиқдир.

Юқорида баён этилган тартибда олиб борилган ишлар натижасида жамиятга мансуб шахсни вояга етганидан кейин унинг кейинги ҳаётини ўрганиш ҳам катта аҳамиятга эга.

Тарбия жараёнининг жамият тараққиётидаги роли ниҳоятда катта. Инсонни тарбиялаш, уни билим олишга, меҳнат қилишга ундаш ва бу хатти-ҳаракатини секин-аста кўникмага айлантириб бориш ишлари оддий болаларга нисбатан тарбияси оғирроқ болаларда ўзгача ёндошишни талаб этади. Бунда тарбиячи ва тарбияланувчи орасидаги мулоқот ўзига хос хусусиятларга эга бўлиши керак. Тарбиячи, энг аввало, тарбияланувчининг ёш хусусиятларига алоҳида эътибор бермоғи даркор. У ўзининг тарбиявий ишлар режасини оила, атроф-муҳит, жамиятдаги ўзгаришларга асосланиб тузиши ижобий натижа беради.

Тарбияси оғир болалар билан олиб бориладиган ишлар энг аввало тизимли ва узлуксиз бўлиши, ҳар бир топшириқ бўйича албатта назорат, натижасини таҳлили ва холисона баҳолаш бўлиши лозим. Улар билан мулоқотда ишлатиладиган сўзлар ҳар бир бола учун алоҳида танланилса, интонация ва мимика ҳам унга мос бўлса таъсирчанлиги ортади.

Тарбиячи ўз фаолияти доирасида тарбиясида нуқсони бўлган ҳар бир боланинг хатти-ҳаракатини доимий назорат қилиб бориши, унга таъсир ўтказишнинг ишонтириш ва сингдириш услубларидан моҳирона фойдаланиши муваффақият гаровидир.

Аммо тарбияси мураккаброқ болани ички дунёсига кириш йўлларини ахтариб топиш ҳар бир педагогдан катта масъулият ва психологик ҳушёрлик талаб қилади. Тарбиясида мавжуд бўлган нуқсонни топиш ва унга тўғри ташҳис қўйиш ҳамда уни тузатиш йўл-йўриқларини белгилаш ҳар доим ҳам ҳаммага насиб этмаслиги мумкин.

Тарбияси оғир болалар билан ишлаш энг аввало уларнинг оилавий шароити, ота-онасининг бор-йўғи ёки қарамоғига олган оиланинг шароитига боғлиқ. Буюк аллома, соҳибқирон Амир Темур шундай деган: “Мен фарзанд тарбиялашда давлатни бошқаришдан кўра чуқурроқ мушоҳада, ундан ҳам чуқурроқ донишмандлик кераклигига ишонч ҳосил қилдим”. Маълумки, бола мактабга келгунга қадар ҳам, мактабда ўқиши даврида ҳам асосан оилада тарбияланади. Оила боланинг дунёқараши, хулқи ва дидига таъсир кўрсатади. Ота-онанинг фарзанд олдидаги энг биринчи бурчи – бола соғлиги учун қайғуришлари ҳисобланади. Ундан кейин ота-она ўзларининг хулқ-атворлари ва меҳнат фаолиятлари билан болага намуна бўлишлари лозим. Оилада ўзаро яхши муносабат бола тарбиясининг гаровидир.

Тарбияси оғир болалар билан ишлашда оила, мактаб ва айниқса жамоатчилик ҳамкорлиги катта аҳамиятга эга. Булардан ташқари тарбиясида нуқсони бўлган болаларга қариндош-уруғлар ва яқин кишиларнинг ҳам таъсирлари сезиларли бўлиши мумкин.

Тарбияси оғир болалар учун, оддий болалардан фарқли тарзда, рағбатлантириш ва жазолаш усуллари ҳам ўзгача танланади. Яъни тарбияси мураккаброқ бола учун ишлатиладиган сўз усталиги ўзгача бўлиши билан бирга, уларни жазолаш усуллари ҳам махсус, эҳтиёткорлик билан қўлланади. Ҳар доим ҳам тарбияси оғир болага унга нисбатан ёмон фикр ва муносабатда бўлиш, уни болалардан ажратиб қўйиш, унга нисбатан бошқача кўз билан қараш – унинг тарбиясини янада мураккаблаштиради.

Ўқувчиларга оддий сўз ишлатилганда тарбияси оғир болага мулойимроқ, ширинроқ сўзлар айтилса, унинг кўнгли ва руҳияти анча кўтарилади. Одамларга нисбатан илиқ муносабат таркиб топиб бошлайди.Жамоа билан ҳисоблашиш, ўз ўрнига эга бўлиш истаги пайдо бўлади.

Тарбияси оғир боланинг кўнглига йўл топиш учун унинг шахсий психологик ҳусусиятлари ўрганиб чиқилган ҳолда индивидуал ёндашув амалга оширилиши ижобий натижа бериши кузатишларимизда ўзининг исботини топди.

Тарбиясида нуқсони бўлган, тарбияси оғир болаларни кичик ёшидан бошлаб махсус назоратини олиб бориш катта аҳамиятга эга. Тарбияси оғир болаларнинг мактабда ўқишлари даврида улар билан олиб борилган ишлар самарали натижалар бергандагина улар умумий назоратдан чиқарилади. Акс ҳолда уларнинг мактабни битирганларидан кейинги, жамиятдаги хулқ-атворлари, хатти-ҳаракатлари, ота-оналар ва айниқса ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари томонидан доимий назоратда бўлиши керак. Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, инсон ёмон бўлиб туғилмайди, унинг ҳаётдаги салбий сифатлари ташқи таъсир натижаси эканлигини ҳар доим ёдда сақлаш керак.

Шундай экан тарбияси оғир болаларга уни ўраб турган атроф-муҳитдаги кишилар эҳтиёткорона муносабатда бўлиши, ижобий ибрат-намуна кўрсатиши зарур деб ҳисоблаймиз.


: downloads
downloads -> Правила соревнований международная Ассоциация Бокса [Преамбула]
downloads -> Бехаалотха Когда будешь зажигать Числа 8,1 12,16
downloads -> Жастарды еңбекке тәрбиелеудегі қазақ халқының Ұлттық салт-дәСТҮрлері. Шалғынбаева Қадиша Қадырқызы
downloads -> График проведения аттестации педагогических работников №
downloads -> Ғылыми кеңесшісі: тарих ғылымдарының докторы, профессор, Қр білім және ғылым министрлігінің Р
downloads -> Қазақстан Республикасының юнеско және исеско істері жөніндегі Ұлттық комиссиясы
downloads -> Жүйесінде пайдалану ТҰжырымдамасы алматы, 2004 ббк 74. 200. 52 Ш 21
downloads -> Қазақстан республикасы Білім және ғылым министрлігі


Достарыңызбен бөлісу:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10   ...   40


©netref.ru 2019
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет