Йигирма биринчи аср маънавият ва руҳоният асри бўлажак ёки



жүктеу 4.7 Mb.
бет1/19
Дата24.04.2016
өлшемі4.7 Mb.
  1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   19
: wp-content -> uploads -> 2011
2011 -> Электив курс бойынша «аив-инфекциясының эпидемиологиясы, емдеуі және алдын алу» мпф қоғамдық денсаулық сақтау мамандығының 5 Курс студенттеріне 2011-2012 оқу жылына емтихан тест сұрақтары
2011 -> Қазақстан Республикасы Үкіметінің «Республикалық маңызы бар Тарих және мәдениет ескерткіштерінің мемлекеттік тізімін бекіту туралы»
2011 -> Юрий Башмет и симфонический оркестр «Новая Россия»
2011 -> Хром қосындыларының Әсері кезіндегі шажырқай лимфа түйіндерінің ЖҰмсақ бауының микроанатомиялық ҚҰрылымы
2011 -> Абстракционизм
 

 

Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА

 

Йигирма биринчи аср маънавият ва руҳоният асри бўлажак ёки (умуман) бўлмаяжак. (Малро)



 

Бисмиллоҳирраҳмонирроҳим

СЎЗБОШИ

Бу китобни ёзар экан, манба ва ҳужжатлардан деярли фойдаланмадим. Аниқроғи, фойдалана олмадим. Ватандан айрилиқ, сургун ҳаёти менга бу имконни бермади. Эсимда нима қолган бўлса, ўшани ёздим. Шу боис, йил-сана, исм ва ҳатто жуғрофий номларда ҳам янглиш нуқталар бўлиши мумкин, агар бўлса, азиз ўқувчидан ҳозирдан узр сўрайман.

Умр-йўл, одам йўловчидир. Мен йўлда кўрганлар-имни ёздим. Мазкур китобни биздан кейин айни йўлдан келаётганларга аталган ишоратлар, белгилар тўплами деса бўлади. Бу белгилар уларнинг йўлчилигида қўл келса, йўлда учрайдиган маъқул-номаъқул нарсалардан уларни огоҳ эта билса, бу китоб ўз вазифасини бажарган бўлади. Буни бажаролмаса, яхши ният билан йўлга чиққан бир қулини лоақал унинг яхши нияти учун Оллоҳу Таоло афв этар, деган умиддаман.

Муҳаммад Солиҳ

декабр, 1999 йил, Осло, Норвегия.

 Биринчи бўлим



1960-1982 йиллар

ТУРҒУНЛИКНИНГ ДОРИЛОМОН ЙИЛЛАРИ

Минг тўққиз юз қирқ тўққизнинг йигирманчи декабрида ўша пайтларда Урганч, бугуннинг Янгибозор туманида Беглар овулида туғилибман. Отам Мадамин Бег, раҳматли Бегжон Бегнинг ўғли, ўн ёшида отадан етим қолган. Шўролар ҳукумати 1928 йилда Бегжон Бегнинг ер-сувини мусодара этган, ўзини йўқ қилган.

Ижтимоий келиб чиқиши сабабли отамни совет мактабига олишмаган, бутун маълумоти "ҳафтияк" ва кейинчалик ўқигани ЧСБ (чала саводликни битириш) курси даражасида қолган. Лекин 1942 йилда урушга кўнгилли бўлиб кетган. 1943-да ярадор бўлиб қайтган, соғайганидан сўнг, 44-нинг бошида яна урушга кетган. Мен ундан: "бу ҳокимият аждодларимизни йўқ қилди, нега урушга кетдингиз?", деганимда, у: "овулда фақат хотинлар қолган эди, отамлашадиган улфат йўқ эди, зерикканимдан кетдим," дер эди, раҳматли. Сталинни жуда ҳурмат қиларди, аммо унинг 1945 йилда сўйлаган ғалаба нутқини "аввал рус халқи...", деб бошлагани, отамнинг айтишича, "кўнгилларни бир пахса пастга тушириб" юборган. Шунга қарамай, 1953 йил 5 март куни жуда қайғули эди. Мен буни равшан эслайман, чунки ўша куни тўпиғимдан бир эшакари чақиб олган эди. Худди Сталин ўлимининг хабарчиси каби. Бу хабар "47" маркали радиомиздан ҳам келди ва уйдагилар хабарни қўшниларга айтишдан қўрққандилар. Отам нимани, кимни яхши кўрса, Сталинга қиёс қиларди, масалан, Аждар лақабли кучли ва қопоғон итимиз бўларди, "бу Сталинга ўхшайди, санғиб юрмайди, бўшатиб қўйсанг ҳам уй атрофидан узоқлашмайди," деб мақтарди уни. Бу Сталиннинг Москвадан ташқарига чиқмаганлигига имо эди. Отамнинг диний тарбияси йўқ эди. Аммо фотиҳа сурасини биларди, у сўнгги йилларда намоз қила бошлаган эди. Оллоҳ ўз раҳматига қовуштирсин.

Онам, Қаландар Сариқнинг қизи Оқилахоним, совет мактабида тўрт синф битирган. Бирор ерда ишламаган, умри бола тарбияси ва меҳмонларга овқат пишириш билан ўтган. Отам улфатчиликни севарди.

Онам ҳам диний тарбия олмаган, аммо ҳар оқшом, уйқу олдидан шу калималарни шивирларди:

"Ётгаймиз, ё Оллоҳ,
Тургаймиз, иншооллоҳ
Турар-турмас кун бўлса,
Ла илоҳа иллаллоҳ!"

Онам шариатнинг ҳалол-ҳаром тамойилига мутассибларча амал қиларди. Бир куни оқшом отам раҳматли, - у пайтда колхозда кассир бўлиб ишларди, - пахта терадиган этакка пул тўлдириб, уйга кириб келди. Ва этакни даҳлизнинг бурчагига ирғитди-да, хонасига кириб кетди. Этакдан бир нечта банкнот сочилиб ерга тушган эди. Буни кўриб турган онам, Оллоҳ раҳмат айласин, бирдан қип-қизил бўлди, ҳиддатланди. Пулларни тез-тез териб олиб, этакка тиқди ва менга ўгирилиб: "бор, укаларингни чақириб кел!", деди. Мен чақириб келдим. Узун-қисқа тўрттамиз қаторлашиб турдик. Онам бурчакда ётган бўхчага қўлини бигиз қилиб: "шу пуллар бизники эмас, бу биз учун ҳаром пул. Бундан қайси бирингиз олсангиз, дарров қўлингизга яра чиқади, жуда ёмон яра, тушундингизларми?" деди. Тушундик, дедик биз.

Онам отамнинг хонасига кириб кетди ва бир неча дақиқадан сўнг қайтиб чиқди. Қўлида яна пул бор эди: "бу пуллар отангизнинг маоши, бу ҳалол пул, сизлар ейдиган овқатга шу пул харжланади, тушундингизларми?", деди яна онам раҳматли. Биз яна "тушундик", дедик.

Бувим Шукур энанинг диний маълумоти мукаммал эди. У ҳадисларга кирмаган диний афсоналаргача билар ва уларни ҳикоя қиларди. Масалан, ҳазрат Алининг Хоразмда бўлгани ҳақидаги ҳикояга ҳаммамиз ишонардик. Шунингдек, энам "Хоразм тарихи" дея бизга ҳикоя қилган китобнинг кейинчалик "Китоби Дада Қўрқут" эканини билдим.

1956 йилда мактабнинг биринчи синфига бордим ва мислсиз сабр билан яна ўн йил қатнадим. Еттинчи синфгача аъло, тўққизинчи синфгача ўрта ўқидим. Ўнинчи синфда эса, имтиҳонга мажбурлаб олиб кетишган эди. Бу "мажбурий хизмат" йилларида мени овунтирган нарса мутолаа эди. Отамнинг бор-йўғи иккита китоби бор эди - "Ўтган кунлар" ва "Умар ҳайём". Бу китобларнинг такрор-такрор ўқилиши менинг ғашимни келтирарди. Қолаверса, бу китоблар жуда зерикарли эди. Мен ўзимга бир манба ахтарар эдим, ҳеч адо бўлмайдиган манба. Овулдан уч чақирим узоқда, эски район марказидаги МТС (машина-трактор стансияси)нинг кутубхонаси ўша манба экан. Бу кутубхонанинг битта мудири ва иккита муштарийси бор эди. Мудир олтмиш ёшлардаги бир кампир, муштарийлар - Бошқир шайх қишлоғидан тракторчи Саъдулла ва мен. Кутубхона, ичи қоронғи ва дунёдаги энг сокин кутубхоналардан бири эди. Китоб ҳиди одамни сархуш қиларди. Уларни пайпасларкан, хоҳлаган китобни олиш, бир эмас, бешта, ҳатто ўнта олиш мумкинлигини ўйлаб шошиб қоларди киши.

У кунлардан "Одерда баҳор", "Матонатли кишилар", "Олтин юлдуз", каби совет ватанпарварлигини, мадҳ этувчи рус ёзувчиларининг китоблари ва бир латиш ёзувчисининг "Ватанни қўмсаб" номли ҳазин романини эслайман. Яна бир эслайдиганим, кутубхонанинг деворларига ёпиштирилган, сарғайиб кетган плакатлар. Уларда атом бомбаси тушганда "противогаз"ни кийиш усуллари ва портлаш тўлқинидан бекиниш намуналари кўрсатилган эди.

Мен кутубхона жавонларини пайпаслар экан, дунёда Кариб бўҳрони вужудга келганини билмасдим. Жон Кеннедининг буйруғи билан американ ҳарбий кемалари Куба оролига яқинлашаётгани, Хрушчев бобомиз эса, бошида қолган энг сўнгги сочларини юлаётганидан асло хабарим йўқ эди.

Дунё учинчи жаҳон урушига ҳозирланар эди. Мен эса, ўз урушимни бошлаб юборган эдим. Китобларда. Лекин мактабни ҳеч севолмадим. Барибир аттестат беришди, аммо бу аттестат билан қаерга боришни билмадим. Мактабдошим Қурол Султоннинг маслаҳати билан Урганч пединститутининг адабиёт бўлимига кирмоқчи бўлдим. Имтиҳонларга тайёрланар эканмиз, Қурол шоир Р. Бобожоннинг рубойиларини ўқиб берди. Бундай рубоийни мен ҳам ёзишим мумкинлигини айтгандим, Қуролнинг жаҳли чиқди. Уни тинчлантириш учун уч-тўрт рубоий ёздим. Шу баҳона, шеър ёзадиган бўлдим. Аслида, ҳеч шоирликка даъвогар эмасдим, рассомликни орзу қилардим. ҳозир ҳам даъвогар эмасман, аммо бўлар иш бўлди, беш-олтита китоб чиқди.

Шеър узоқ йиллар давомида менинг тарбиячим бўлди. Ҳеч муроса билмайдиган тарбиячим. Унинг шарофати билан аввал сентиментализм касаллигидан қутулдим. Ҳатто севги ҳақида гапираётиб ҳам, титрамасликни ўргандим. Машқларимда "титроқ" сўзи жуда кўп, чунки, уни қанча кўп ёзсам, у менда шунча оз қоларди - ундан тозаланиб борардим. Агар китобларимда ҳиссиётли шеърлар бўлса, булар кутилган ҳиссиётдир. Бу гўзал дунёнинг ҳиссиёти. Жозибаси инсонни қулга айлантирган ҳиссиёт. Жозибаси пардага ўхшайди, орқасида қўрқинчли бир абадият. Қўрқинчли, чунки, инсонлар унинг нима эканлигини билмайдилар. Тўғрироғи, билишдан қўрқадилар. 

Бу ёққа кел, қўл қўй, имзо чек,
Мана шу умр сенга ҳадия.
Қўрқма, ҳеч ким сўрамаяжак,
Нега келдинг дунёга?", дея... 


Пулинг бўлса Эркни сотиб ол,
Тортиб олгин пулинг бўлмаса.
Ерда юргин, судрал бемалол,
Осмонда уч, кўнглинг тўлмаса.

 

"Нега келдинг дунёга?", дея


Сен ўзингдан сўрама фақат–
Бу савол даҳшатли бомбадай
Ман этилган заминда абад!

(1983) 


Одамлар "мен дунёга нима учун келдим?", деб ўзларидан сўрашга қўрқадилар. Мен ҳам қўрқардим. Етмишинчи йил бошларида фаранг олими Блез Паскалнинг китобидаги бир фикр диққатимни тортди. Сўзма сўз эсимда йўқ, тахминан шундай маъноси эди: "Инсон ўзининг бир пайтлар нақадар юксакликдан йиқилганини англаши учун бу дунёда яшайди".

Бу диний фикр мендаги қўрқувни деярли йўқ қилди. Қўрқув - жоҳиллик меваси. Мен етмишинчи йилларнинг интеллектуал жоҳилият талабаларидан бири эдим ва Паскалнинг фикри менга буюк кашфиёт бўлиб кўринган эди.

Албатта, Қуръони Карим борлигини билардим. Аммо унда нафақат инсоният тарихи ва келажаги, балки, ҳар бир "қуриган япроқнинг тарихи" ҳам ёзилганини билмасдим. Агар билганда эди, ақлимга сиғдира олмасдим, чунки бу ҳодиса инсон ақлига сиғмайди.

Бу Китоб пойига етиб келгунча юзлаб ширк тўла китоб босиб ўтишга тўғри келди. Диний тарбиям йўқ эди, деб ўзимни оқламаяпман, буларни ёзаркан, тавба қилаяпман фақат.

Шеър менинг тарбиячим эди. Аммо у таянч нуқтаси эмас эди. Эл қатори, мен ҳам бир таянч нуқтасига муҳтож эдим. Чунки, эл қатори мен ҳам адашганлардан бири эдим.

...Эҳтирос қамчиси остида дир-дир
Титраётган туядай, тушов оёқда,
Юришга мажбурмиз, юрмоққа мажбур,
Билмай, мағриб қайда, машриқ қаёқда.

("Адашганлар қўшиғи", 1983)

Бу изтироб худди қадимги юнон файласуфи Пармениднинг изтиробига менгзар эди. Парменид шундай нола қиларди: "Эй, худолар, мен сиздан ҳеч нарса сўрамайман, менга фақат битта Собитлик беринг. Бу тинмай ўзгараётган, ҳар турли рангларда товланаётган беқарорлик денгизида менинг ёпишиб олишим учун бир оғоч - бир барқарорлик, бир собитлик беринг!", деб ёлворарди шўрлик. Лекин унинг нолалари беҳуда эди, чунки, у собитликни Оллоҳдан эмас, худолардан сўраётган эди. Парменид политеизм (кўпхудолилик) замоннинг қурбони эди. Аммо ўзи англамаган ҳолда, Оллоҳни, бутун оламларни яратган ягона Оллоҳни - ягона таянчни излаётган эди.

Бундай таянчни совет даврида ўз динидан узоқлаштирилган одамлар ҳам излай бошладилар. Менга ўхшаганлар учун шеър бу изланишда воситачи эди. Шеър изланиш изтиробидан чарчамаслик учун бир танаффус эди. Шеър ташқарисида чексиз, юракни орзиқтириб юборувчи бўшлиқ бор эди.

Бу бўшлиқ бизнинг жондан севган дунёмиз эди. Жозибаси қўрқинчли дунё.

...Яна ўша давра, яна ўша май
Қуйилар ва парда тортар кўзингга
Ва яна иккинчи қадаҳ бўшамай,
Даҳшатли бир бўшлиқ тўлар кўксингга! 


Шунда "чўрт" узилар давра лангари,
Муаллақ қолади қадаҳ-у қошиқ.
Қоронғида қўрққан бола сингари,
Ичингдан отилиб чиқади қўшиқ!


Кўзларинг олдида олис бир воҳа,
Овозинг етмайди, қуршайди лабинг,
Қўналға тополмай, учади оҳанг,
Юртидан қувилан сор бургут каби.


Овозинг бўғилса, қирилса томоқ,
Кўзларингдан оқа бошлайди қўшиқ.
Сен учун қўрқинчли энди тўхтамоқ,
Тўхтасанг, шу заҳот ютади бўшлиқ!

("Бир ухлаб турсанг бас", 1981)

Аммо тинмай қўшиқ айтиш мумкин эмас эди, тинмай йиғлаш ёхуд тинмай қаҳ-қаҳа отишнинг иложи йўқ эди. Қалб бир осойишталик истар, қутурган эҳтирос денгизида ҳалок бўлмаслик учун бир таянч истар эди. Инсонга муҳаббат, санъатга муҳаббат, ҳатто миллатга, ватанга муҳаббат ҳам қалбга бу таянчни бера олмасди. Қалб бир сўқир каби буюк изтироб ичида пайпасланар ва ўзининг асл кимлигини ахтарарди. Бир овоз унга "мен сенга ўқ томирингдан ҳам яқинман!", дея шивирларди, аммо у овоз соҳибини кўра олмас эди.

Бир куч бордир тепада шаксиз,
Бир улуғ қудрат бор, мавжуд муаққақ,
Йўқса, не ўзимни сезаяпман ожиз,
Йўқса, нега бунча титрайди юрак?

("Демак", 1983)

Етмишинчи йилларда бу мажҳул сезгини жуда кўп ёш шоирлар яшаганига аминман. Аммо бу сезги шеъриятда ҳеч қачон лейтмотив бўлмади. Гўё шеър, ўз йўлидан, уни ёзганлар ўз йўлидан юрарди. Шеър руҳоний бўлиши мумкин эди, аммо биз бундай бўлишимиз мумкин эмас эди. Биз ғурурнинг асирлари эдик. Тўғри сўзни сўйлаш ғурури, жасорат билан сўйлаш ғурури, ҳеч кимга ҳеч қачон бўйин эгмаслик ғурури, дўстга садоқат, душманга нафрат ғурури ва ҳаказо. Хуллас, биз бир олийжаноблар эдик, лекин сўқир қалб буни тан олмас эди ва ўзига таянч ахтаришда давом этарди:

Биз, ахир, ҳеч кимни ўлдирмадик-ку,
Лекин нега бизнинг қўлларимиз қон,
Гуноҳ қуши турар бош узра мангу,
Ёнаётган авлиёдай чирпинар виждон? 

("Адашганлар қўшиғи", 1983)

Чунки, бизнинг ўша саналган барча олийжаноб фазилатларимиз ҳавода осилиб турарди. Бу фазилатларни қўядиган бир гўша, бир меҳроб йўқ эди. Бу фазилатларни қайд этадиган бир ҳакам, уни қабул қилиб оладиган ҳеч ким йўқ эди. Биз бу жавоҳирларни ҳавоий ғурурга омонот этгандик. Қалб, шу боис ёнаётган авлиёдай чирпинарди, шу сабаб гуноҳ қуши кетмасди устимиздан. Биз яхшилик ва ёмонлик нима эканини билардик. Аммо яхшилик қиларкан, уни ғурур ризоси учун қилардик. Ёмонликдан ўзимизни тияркан, ғурур ризоси учун тиярдик. Лекин қалб бу фаолиятнинг янглиш эканлигини англарди. У жиддийроқ иш билан шуғулланарди. У ўзининг қайси юксакликдан йиқилиб тушганини чамаларди. У ўзининг қибласини ахтарарди. Қалб бутун оламларни бор қилган Оллоҳ ризосини истарди.

Инсоннинг моддий умрига параллел ўлароқ, унинг маънавий умри ҳам мавжуддир. инсоннинг бутун ҳаёти шу икки умр ўртасидаги ихтилофлар занжирига қурилган танаффуссиз (антрактсиз), бир актли фожеадир. Бу фожеанинг томошабини яна унинг ўзи - инсондир. Фожеанинг вазифаси - инсонга унинг қайси юксакликдан қулаб тушганини кўрсатишдир. Бошқа ҳеч бир вазифаси йўқдир. Қолгани инсон ихтиёридадир. У жасорат қилиб, бу юксакликка боқа олса, қутилди ҳисобланг. Агар жасорат қила олмаса, оташда абадий ёнажакдир.

Мен ўрта мактабни битириб, ўқишга кираман, деб юрганимда оташда ёнишдан қўрқмасдим. Астағфуриллоҳ. Аммо пединститут имтиҳонида йиқилишдан қўрқардим.

Қўрқув фойда бермади, пединститут мени конкурсдан ўтказмади ва колхозга қайтиб, у ерда ишладим. Бир йил кейин, 1967 да, Тошкент Университети адабиёт бўлимига кирмоқчи бўлдим. Биринчи имтиҳон иншо эди. Эркин темада "Ўзбек романчилигининг 1960-66 йиллар тараққиёти" мавзусида иншо ёздим. Бу бир диссертатсия мавзуси эди, уни биз оғзидан сариғи кетмаганларга қайси ақлли берган - билмайман. Ҳар ҳолда, ўша пайтларда машҳур бўлган "Эр бошига иш тушса", "Қора кўзлар" каби романларни мен ҳам ўқигандим. Иншони ёздим ва "тўрт" олдим. Қолган имтиҳонлар ҳам шундай бўлди, аммо яна конкурсдан ўтмадим. Кечки бўлимга қабул қилишди, аммо "кечки бўлим" бир ҳақорат туйилди. Ўқишдан воз кечиб, қишлоққа қайтдим.

1968 йил май ойида сочимни қириб олиб, "шонли" совет армиясига кетдим. Можористоннинг Секишфехервар шаҳрига бориб тушдик. Аскарликда, муштлашувларни истино қилганда, эсда қоладиган нарса кам бўлди, аммо 1968 йил август эсимда. Биз ўша кечаси Чехословакияга кирдик. Чехословокия истилоси советлар тарафидан август ойида эмас, май ойида режа қилинган эди. Бизнинг туманимиз (дивизия) май ойида Словакия чегарасидаги Хаймашкер номли Можор шаҳрига келтирилган эди. Ва биз ҳар куни, ҳар соатда урушга тайёр бўлинг, дея буйруқ олгандик. Ким билан урушишимизни эса, фақат 20 август куни билдик. Бу уруш жуда кулгули бўлди. Братиславага кирганимиз заҳот бизнинг бўлинмамизга телестудияни ишғол қилиш амр этилди. Биз "калашников"ларни шарақлатиб, телестудияга кирганимизда у ерда эшикбон кампирдан бошқа ҳеч кимни қўрқита олмадик. Бечора дағ-дағ титраб, қўлларини кўтарди, аммо ҳеч ким уни асирга олмади, чунки "қаҳрамон совет аскари" ўзига лойиқ душман ахтарарди. Бу "душман" телестудияда эмас, намойиш ва митингларда эди. "Душман" бутун бир халқ эди. Уни "қаҳрамон аскар" енга олмади, биласиз.

Шу йил ноябр ойида биз яна Можористонга қайтдик. Аскарлик фойдали бўлди, у ерда рус тилини ўргандим ва ўз миллатимни танидим. Бир куни танаффус пайтида, биз дам олиб ўтирган майдон ёнидан пиёда аскарлар қисми ўтиб қолди. Уларнинг кўпчилиги ўзбек ва тожиклар эди. Бу йигитларнинг ўз тилидаги "чуғур-чуғури" бизнинг бўлинмадаги русларнинг ғашини келтирди, шекилли, биттаси "эй чурки, перестанъте болтатъ!", деб бақириб қолди. Менинг миямга қон урилди ва сакраб туриб, русни урганимни биламан. Бизни ажратишди. Мен шу дақиқадан бошлаб ўзимнинг муайян бир миллатга мансуб эканлигимни ҳис эта бошладим. Руснинг наздидаги "чурки" (тўнкалар) менинг миллатим эди. Уни "тўнка" дейишларига асло рози бўлмаслигимни англадим. Аскарликда жуда кўп шеър машқ қилдим. Машқларнинг савияси ниҳоятда паст эди, аммо улардан бир нечтаси 1968 йилда "Хоразм ҳақиқати" газетасида чоп этилди. Бу машқ гаупвахтага тушган ойларимда жуда қўл келди. Эни икки, бўйи уч метр катакда кундузлари тикка туриш ёки совуқ бетонга ўтириш мумкин эди. Вақт жуда секин ўтарди. Ҳар ким уни тезроқ ўтказиш йўлини изларди. Мен у ерда жуда кўп ёздим. Фақат аскарликдан қайтганимдан сўнг ёзилганларнинг деярли ҳамасини йўқ қилдим. Биров ўқиб, "ахмоқ экан", дейишидан қўрқдим.

1970 йилда аскарликдан қайтиб, уйландим. Ўша йил Тошкент Университет журналистлик бўлимига ўқишга кирдим. Университет ҳам мактабдай бўлди. Биринчи синф "аъло", иккинчи, учинчи ва тўртинчи "яхши", бешинчи синф эса, жуда "ёмон" бўлди. Домлаларимни хафа қилмаслик учун имтиҳонларга бормадим, аммо худди мактабдагидай, барибир аттестат беришди. Лекин ҳар нарсада хайр бор, универиситетда кечган йиллар ҳам фойдали бўлди. Дунё адабиётини ўша ерда танидим. Бир-икки содиқ дўст орттирдим.

Университет ҳаётидан ҳурмат билан эслайдиган бир нечта домла бор. Раҳматли Талъат Солиҳов, чэт эл адабиётидан дарс берарди, ғайбулла Саломов таржима санъатини ўргатарди. Ботирхон Акрамов классик адабиёт, Озод Шарофиддинов ўзбек совет адабиётидан ўқитарди. Гарчанд, Озод Шарофиддинов бизни ўқитмаган бўлса-да, уни жуда ҳурмат қилардик. Хусусан, Чўлпон шеърларини ҳимоя қилгани учун. Озод акага ўхшаган яна бир эркин фикрли ўқитувчи бор эди - Норбой Худойберганов. Талабалар уни ҳам севар эди. Умуман, расмий турмуш чизиғидан сал чиқишга журъат этган кишига чуқур ҳурмат билан қарар эдик. Бир куни Университетга Абдулла Орипов келди, мушоира қилди. У шеърни чиройли ўқирди. Талаффузи тиниқ, сўзлари жарангдор бўларди доим. Навоий ҳақида шеърини ўқиркан, бир сатр келди, унинг охирги жумласи "қаламини кўрсатди, холос", деб тугалланганди. Яъни, Навоий ўзига қилич кўрсатганга қарши қаламини кўрсатади. Орипов "қаламини кўрсатди, холос", дер экан, ўнг қўлини кескин кўтариб, бошмолдоғини кўрсаткич ва ўрта бармоғи орасига тиқди. Бу чиқиб қолган бармоқ, гўё қалам эди. Биз бу ҳаракатни дарров йўримладик. Бу бир исён эди, бизнингча. Минбардаги шоир бир қаҳрамон эди. Аслида эса, ҳеч ундай эмас эди. Ундай эмаслиги, 1980 йилда шоирнинг "Марказқўмга" деб аталган мадҳиясидан кейин маълум бўлди.

Ҳар ҳолда, биз қаҳрамонни кўришни орзу қилардик. Ўша етмишинчи йилларда ёзилган бир машқда шу орзу бор:

Бир бор экан, бир йўқ экан,
Қадим замонларда баҳодир ўтган экан...
Қора ўрмонларнинг бағрида
Арслон яшар экан баҳайбат... 


Буви!
Нега баҳодирлар ҳаммаси
Фақат қадим замонларда ўтади?
Арслончи, қани ўша арслон,
Бувижон? 


Нега у ярим тунда, ғафлатда ётган
Мени уйғотмайди,
Наъра тортмайди?! 

("Бир бор экан, бир йўқ экан", 1975)

 

Аммо турғунлик йиллари эди, ҳеч ким наъра тортмасди, баъзан Брежнев чиқиб гапирарди. Лекин унинг овози наърага эмас, қариб, тиши тўкилган арслоннинг эринчоқ ирриллашига ўхшарди. Ундан одамлар қўрқмас эди, фақат ҳурмат юзасидан қўрққан бўлиб кўринишарди. Брежнев ҳақидаги латифалар латифа эмас, унинг ҳаётида юз берган реал воқеалар эди. Бу воқеалар турғунлик даври деворларидаги энг гўзал безаклар бўлиб қолди.



Талабаликнинг илк йилларида Франс Кафканинг ҳикояларини таржима қилишга уриниб кўрдим. Бунга мени курсдош дўстим, фарғоналик Тўхтасин Азим рағбатлантирди. У мендан анча саводли, ғарб адабиётини яхшироқ танирди. ғарб адабиётини билиш нуктадонлик мезони саналарди ва биз ўз адабиётимиздан кўра кўпроқ ғарб адабиётини ўқирдик, тарбия шундай эди.

Мени Кафка жуда қизиқтирарди, чунки, ҳеч бир ёзувчига ўхшамас эди. Унинг "ижодий методи" нафақат сотсиалистик реализмни, балки капиталистик реализмни ҳам инкор қиларди. Кафка "минорани юқорига эмас, пастга қаратиб қуриш керак", дерди. У ҳолда, бу иншоот минора эмас, қудуқ бўлган бўларди. Бу ғалати ташбеҳ менга қудуқ каби чуқур кўринди. Гўё инсон ташқи (моддий) дунёга эмас, ўзининг ич дунёсига даъват қилинарди. Кафка қаҳрамонларининг пешонасида доим бир нарса ёзилган бўларди ва ҳеч ким бу ёзув маъносидан четга чиқолмади. Бундай қараш капиталистик дунёда туғилиб, худосизлар тарбиясини олган бир киши ифодасида жуда ғалати кўринарди.

Кафканинг ҳикоялари қўрқинчли эди, аммо биз севган ҳаётдан ҳам қўрқинчлироқ эмасди. Биргина фарқ - ҳикоя қаҳрамонлари ўзларини доим гуноҳкор ҳис этар, аммо гуноҳи сабабини англамасдилар. Бизга эса, бу туйғу нотаниш эди. Кафка Оллоҳга ишонишни истаган бир атеист ва бу истакдан умр бўйи азоб чеккан бахтсиз интеллектуал эди.

Кафка унутилмас бир ёзувчи. Университетда мен ҳам ҳикоялар ёзишни машқ қила бошлаган эдим, аммо Кафкани ўқиганимдан кейин бу машқларни йўқ қилдим. Ўша даврда мени мутаассир этган ёзувчилардан яна франсуз Пол Валери ва австриялик Роберт Музилни айтишим мумкин. Уларнинг санъат ҳақидаги фалсафалари мен учун янгилик бўлди. Шунингдек, 1970 йилда "Иностранная литература"да босилган колумбиялик ёзувчи Габриэл Маркеснинг танҳолик ҳақидаги романи ҳам жуда қизиқтирди, аммо у Кафканинг ўрнини босолмас эди.

Умуман, етмишинчи йиллар лотинамерика роман-чилиги дунёда катта донг чиқарди, лекин услуб жиҳатидан у йигирманчи йиллар Оврупо декаданс адабиётининг акс тасвири эди, холос.

Биз, талаба экан, адабиётдан янгилик истар эдик ва уни чет эл адабиётидан топар эдик. Замонавий ўзбек адабиёти заиф бўлганидан, унинг тарбиясини етарли ола билмадик. Сал кейинроқ, шеърларимиз босилиб, китоблар чиқа бошлаганида, бизни ғарбга тақлидчиликда айблашди. Бу тўғри эди, чунки совет адабиётида тақлид қиладиган асар йўқ эди. Бошқа тарафдан, бизнинг ёзганларимиз ҳаммаси ўзбекча эди ва мушоҳада тарзи ҳам "ғарбча" эмасди. Масалан, менинг "модерн" машқларим кўпинча халқ ибораларига қурилган эди. Халқдаги "ойнинг ўн беши ёруғ, ўн беши қоронғи" иборасидан ясалган шеър, мана:



Ёруғ бўлди ойнинг ўн беши,
Қолган ўн беши ҳам... ёруғ бўлди-ку!
Мен бир камсуқум киши,
Юрагим қувончга тўлди-ку. 


Эрта қувонибман, қаранг-ки,
Мукаммал экан дунёнинг иши -
Мана, ой ўн беши қоронғи,
Иккиланиб турар қолган ўн беши.

(1983)


Аммо 70-йилларда биз, шеърда айтилганидек, "камсуқум" эмасдик. Мавжуд адабиёт бизга янгилик бермаса, бу янгиликни ўзимиз яратишга қаттиқ бел боғлагандик. Бу иддао амалга ошдими, йўқми, буни адабиётчилар билса керак. Қайта қуриш бошланганидан кейин адабий жараённи кузата олмадим. Университетни бир амаллаб тугатдим. Аттестатда "журналист" деб ёзилган бўлса-да, бирор журнал ишга қабул қилмади. Шунингдек, совет меҳнат қонунида "шеър ёзувчи" деган касб ҳам йўқ эди. Хоним бир барқарор турмуш истарди ва ҳақли эди. Менинг ҳаётимда эса, йўқсилликдан бошқа барқарор нарса йўқ эди. Ишқилиб, биз айрилдик. Бу никоҳдан учта фарзандимиз бор - Нигор, Жалолиддин, Жамолиддин.

Иккинчи марта уйланар экан, анчагина андишали эдим, чунки, барқарорликка ҳануз эришилмаганди. Аммо бу хоним анча дипломат чиқди, йўқсиллик билан тил топишди. Бу никоҳдан иккита боламиз бор - Умида ва Темур. 1975 ва 1977 йил май ойига қадар Ғ. Ғулом нашриётининг ишлаб чиқариш бўлими, "Физкулълтура Узбекистана" газетасининг хабар бўлимларида ишладим. Аммо ҳеч бир ерда "меҳнат дафтарчаси" ололмадим. Бунинг сабабини ҳанузгача билолмайман.

1977 йил биринчи шеърий тўпламим чиқди ва ўша йил Ёзувчилар Союзига аъзо бўлдим. Шу йили Московдаги "Высшие литературные курсы" деган ўқишга кетдим. Бу ўқиш стипендияси мен ишлаб олган маошимдан кўп, 150 рубл эди. Ҳар икки ойда Тошкентга келардим, оиламга совға ўлароқ гулдаста эмас, 10-15 кило гўшт келтирардим. Оила бундан бахтиёр эди, мен эса, ўз уддабуронлигимдан ғурур туярдим. Лекин бу дориламон икки йил тез ўтди ва кунимиз яна қалам ҳақига қолди. Шунга қарамай, биз уйда жуда бахтиёр яшардик ва Оллоҳга шукрлар бўлсин, ҳеч қачон ўзимизни қашшоқ сезмадик. Бундан туйғуланиб кетиб, шундай шеър ҳам ёзган эдим:

Сен ва мен биламиз, севгининг
Тимсоли мажнунтол эмаслигини.
Сариқ гул - айрилиқ, қизил гул - учрашув,
дегани эмас.


Айт, уларга, тушунтир севгилим,
Биз қандай севгандик бир-биримизни
Қандай севган эдик.
Гуллари юлинган оламда

(1980)


Етмишинчи ва саксонинчи йилларда қалам ҳақига яшаш мумкин эди. Ҳатто баъзи халқ қаламкашлари бой яшардилар. Улар социалистик ватан олдида қилган хизматига яраша хусусий уй, дача, машина сотиб олишлари мумкин эди. Нашриётлар давлат тарафидан молиявий таъминланарди, адабиёт ва унинг ташвиқоти давлат иши эди.

Етмишинчи йиллар бошида бизнинг тўпланадиган жойимиз кандакор Омон Азизнинг Чилонзордаги ертўласи эди. Бу устахонада Омон Азиз билан Собиржон деган ҳайкалтарош йигит ишларди. Давра унча кенг эмасди, гурунгларда доим рассом Исфандиёр, доим раҳматли Шуҳрат Абдурашид, доим олим Бегжон Тошмуҳаммад, албатта Рауф Парфи, баъзан бошқалар ҳозир эдилар. Бир куни фожеа юз берди ва Собиржон ертўлада ўзини осиб қўйди, Оллоҳ раҳмат қилсин. Бу воқеадан сўнг Омон Азиз Руставелли кўчасидан бошқа ертўла топди ва мажлисимиз ўша ерга кўчди.

 

 



  1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   19


©netref.ru 2017
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет