Қосимжон содиқов тарихий лексикография



жүктеу 1.08 Mb.
бет1/7
Дата28.04.2016
өлшемі1.08 Mb.
  1   2   3   4   5   6   7
: uploads -> books -> 251467
251467 -> Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги гулистон давлат университети ўзбек тилшунослиги кафедраси
251467 -> Национального Университета Узбекистана имени Мирзо Улугбека методика преподавания истории в школе учебно методическое пособие
251467 -> Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги
251467 -> Фалсафа кафедраси
251467 -> Аудиовизуал журналистика ва оммавий коммуникация кафедраси
251467 -> Мумтоз филология кафедраси битирув малакавий иши
251467 -> Э. К. Умурзақов, Ф. Ю. Полвонов Қурилиш ишлаб чиқариш технологияси
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ

ТОШКЕНТ ДАВЛАТ ШАРҚШУНОСЛИК ИНСТИТУТИ



ҚОСИМЖОН СОДИҚОВ
Тарихий лексикография
Мумтоз филология бўлими талабалари учун ўқув қўлланма

Тошкент – 2011

Ушбу қўлланмада ўзбек луғатшунослиги тарихи, унинг юзага келиши ва тарихий босқичлари, ўтмишда яратилган луғатлар ҳамда уларда сўзларнинг берилиш принциплари тўғрисида маълумот берилади.

Қўлланма филолог талабалар ва луғатчилик тарихига қизиқувчилар учун мўлжалланган.

Тошкент давлат Шарқшунослик институтининг Ўқув-услубий кенгаши нашрга тавсия этган (2012 йил 22 августдаги 1- сонли баённома).

Т а қ р и з ч и л а р:

филология фанлари доктори, профессор Ҳ. Дадабоев

филология фанлари номзоди, доцент Қ. Омонов

© Тошкент давлат Шарқшунослик институти, 2012 йил.

СЎЗ БОШИ
“Тарихий лексикография” Тошкент давлат Шарқшунослик институти мумтоз филология бўлимида ўқитилаётган лингвистик фанлар - “Ўзбек тили тарихи”, шунингдек, араб ва форс тилларининг бир тармоғи бўлмиш лексикография тарихига бағишланади. Шарқ филологияси тарихида лексикография (яъни луғат тузиш билими, луғатшунослик) ниҳоятда гуркираб ўсган, кези келганда бу соҳа тилшунослик билимларининг даражасини ҳам белгилаб турган. Луғатчилик тарихини яхши билмаган мутахассис келгусида қўлёзмалар билан ишлаганда қийналиб қолади. Шунинг учун ҳам ўқув режасига ана шу фан киритилган.

Ушбу қўлланмани ёзишда мумтоз филология бўлими талабаларига уч тил – араб, форс ва ўзбек тили тарихи кенг ўргатилиши инобатга олинди. Шундан келиб чиқиб, қўлланмада араб тилшунослигига хос тушунчалар, атамалардан ҳам кенг фойдаланилди.

Талабалар учун қулайлик туғдириш мақсадида фан материали мавзуларга бўлиб берилди. Фан маъруза ва амалий дарсларга бўлиб ўқитилади. Амалий дарслар, имкон қадар, семинар шаклида ўтказилгани маъқул.

Қўлланма охирида ўқитувчи ва талабалар учун фаннинг ўқув дастури ҳам келтирилди.



Биринчи мавзу: “КИРИШ”
Таянч тушунчалар: ўзбек тилшунослиги тарихи; лексикология, лексикография, тарихий лексикография; луғат, тарихий луғатлар, луғатчилик анъаналари.

Дарсни олиб бориш йўллари: маъруза, савол-жавоб. Маъруза баён, таҳлил усулида олиб борилади.

Дарсдан кўзланган мақсад ва вазифалар: талабаларга фаннинг мақсади ҳамда вазифаси; луғатчилик тарихи, унинг юзага келиши ва тарихий тараққиёти тўғрисида ялпи билим бериш.

Кўрсатма ва тарқатма материаллар: луғатчилик тарихи акс этган чизмалар; топшириқлар варақаси; турли жадваллар.

Дарсда қўллаш мумкин бўлган техник ускуналар: компьютер, расмни деворга туширувчи мослама, катта бичимли телеэкран, турли дисклар.
Э ъ т и б о р қ а р а т и л а д и г а н м а с а л а л а р:

“Тарихий лексикография” фанининг ўрганиш кўлами, мақсад ва вазифалари.

Туркий тилшуносликнинг юзага келиши ва унинг тарихий босқичлари

Тилшунослик тарихида луғат тузиш анъанасининг юзага келиши.

Энг қадимги даврларда яратилган луғатлар ва улардан қолган узиндилар.

Ўтмиш луғатчилигининг муҳим белгилари.


Лексикология – тилшуносликнинг бир бўлими бўлиб, тилнинг луғат таркибини, сўз бойлиги, сўзларнинг маъносини ўрганади. Лексикология ўз ичида семантика, семасеология, этимология, лексикография бўлимларига бўлинади. Булардан семантика, семасеология – сўзнинг луғавий маъносини, этимология – сўзларнинг келиб чиқишини, лексикография эса сўзларни кодлаштириш, рўйхатга олиш, тил бўйича тузилган луғатлар ва луғат тузиш принципларини ўрганувчи фандир.

Луғатлар замон нуқтаи назаридан иккига – тарихий ва замонавий луғатларга бўлинади. “Тарихий лексикография” фани ўзбек тилшунослиги тарихида луғатчилик анъанасининг шаклланиши ва унинг тарихий тараққиёти, ўтмишдаги луғатларнинг турлари, уларнинг тузилиш принциплари, луғатларда сўзларнинг изоҳланиш йўллари, шунингдек, тил тарихида сўз ва унинг маъносига муносабат, сўз маъноларининг талқини, тарихий грамматик асарларда лексикологияга тегишли билимларнинг берилиши сингари лингвистик масалаларни қамрайди.

Шарқда луғат тузиш анъанаси жуда эски замонларга бориб тақалади (қаранг: Sodiqov 2009,69-78). Бу анъана юзйилликлар оша давом этиб, илмий жиҳатдан такомиллашиб келган. Ҳар қайси замоннинг ўзига яраша луғат тузиш принциплари, луғатларда сўзларни ва уларга тегишли қонун-қоидаларни бериш усул ва йўллари амал қилган.

Аҳамиятли ери шундаки, ўтмишда яратилган луғатлар ҳозиргилардан анча фарқ қилади. Улар ёлғиз сўзликнинг ўзидан иборат эмас, уларда грамматик қоидалар аралаш берилади. Масалан, луғатдан жой олган муайян гуруҳ сўзлардан кейин уларнинг грамматик қоидалари, кўп ўринда эса сўзнинг талаффузи ёки морфем тузилишини бериш мақсадида унга тегишли фонетик ва морфологик қоидалар келтирилади. Яна бир жиҳати, ўтмишда яратилган грамматик асрларнинг кўпида биринчи бўлими луғат бўлса, кейинги бўлимлар грамматик қоидаларга бағишланган.



Энг эски давр тилшунослиги давридан (бу VI-X юзйилликларни қамрайди) тилшуносликка бағишланган махсус асарлар, луғатлар тўлиғича етиб келган эмас. Шунга қарамай, исломдан аввалги даврларда қадимги туркий ёзувларда битилган грамматик асарлар ҳамда луғатларнинг узиндилари сақланиб қолган. Ушбу узиндилар ўша замонларда тилшунослик фани, хусусан, луғат тузиш анъанаси юзага келганидан дарак беради.

Ўтмишда луғатшунослик тилшуносликнинг муҳим бир қисми сифатида қаралган. XVI юзйилликда яратилган “Аттуҳфа” асарининг муаллифи машҳур тилшунос Абу Ҳайян сўзларига ишора этиб, луғатшунослик тўғрисида аниқ маълумот берган эди. У асарнинг кириш қисмида ёзади: “Андалисли улуғ шайх аллома, тангри ёрлақағур, Шарафиддин Абу Ҳайян Маҳмуд бин Юсуф бин Али бин Ҳайян туркий тиллар хусусида ёзган китобида шундай ёзган: Ҳар бир тилни билиш уч нарсани ўзлаштириш билан ҳосил қилинади. Биринчиси: ҳар бир сўз маъносини ўзлаштириб олиш. Бу қисм луғатшунослик деб аталади. Иккинчиси: сўзларнинг айрим-айрим ҳолдаги хусусиятларини ўрганиш. Бу қисм илми сарф деб юритилади. Учинчиси: сўзнинг бир-бирига боғланишига доир хусусиятларини ўрганиш. Бу қисм арабча илми наҳв дейилади” (AZFT,9-10).



Буддизм даврига тегишли хитойча-туркий луғат
Уйғур олими Қурбон Валининг ёзишича (Qurban Vali 1986,1016), қадимги Турфон харобаларидан буддизм даврида яратилган хитойча-туркий луғат парчаси топилган. Луғат ниҳоятда пароканда бўлиб, ҳозир ундан ўн бир варақ узинди қолган, холос. Борларининг ҳам тевараги титилиб, матннинг кўп ери узилиб тушган; жумлалари ҳам узуқ-юлуқ. Ушбу луғат узиндилари Синжон автоном район музейида сақланмоқда (1326- cонли қўлёзма).

Хитойча-туркий луғатнинг ёзилган даври аниқ эмас. Муҳими шундаки, луғат узиндилари билан бирга тибетча асар ҳам топилган. Ўшанга таяниб, хитойча-туркий луғатни ҳам IX юзйилликда яратилган, дейиш мумкин. Луғатда берилган сўзлар эса унинг буддизм муҳитида яратилганидан далолат беради.

Матн уйғур ҳарфлари билан қора сиёҳда битилган. Қатор ораларида хитойча сўзлари бор. Хитойча сўз билан ёнидаги туркий сўзнинг маъноси уйғун келади. Масалан, уйғур хатида fa ёзилиб, ёнида хитойча шакли берилган. Хитойчадан кейин nam сўзи ёзилган. Бу ўринда fa – хитойча будда атамаси бўлиб, у санскритчада dharma дейилади. Маъноси “ақида” дегани. Хитойчанинг кетинидаги nam эса, санскритчадан ўзлашган бўлиб, “салом бериш; таъзим қилиш; ҳурмат билдириш” маъноларида келади.

Ёки: fu хитойчада будда илоҳининг оти. Бу сўз санскритча budha (маъноси “оқил; авлиё”) сўзининг хитойча кўринишидир. Хитойлар уни дастлаб futu деб атаган, кейинчалик у қисқариб кетган. Туркийда бу сўз täŋri ни билдиради, хитойча асарларни таржима қилганда эса бу атама fu täŋri деб ҳам ишлатилган.

Ёки луғатда tapïğ cўзи ҳам берилади, бу “ибодат; сиғиниш” маъносини билдиради. Шунингдек, луғатда ёрдамчи сўз туркумлари ҳам келтирилган.

Маълумки, қадимда будда асарлари туркийга санскрит, тоҳар, хитой тилларидан таржима қилинган. Хитойчадан ўгирилган асарлар Турфон, Қумул ерларидан топилган. Буддизм даврида хитой тилига эътибор юқори эди. Турклар хитой тилидан будда асарларини таржима қилиш учун хитой тили грамматикасини чуқур ўрганган, хитойча луғатлар тузишга эътибор қаратганлар. Ушбу луғат ҳам ана шу мақсадда яратилган, дейилса тўғри бўлади.


Уй иши:
Ўтмишда туркий тиллар бўйича тузилган илмий асарларни ўрганиб чиқинг. Илмий адабиётлар билан танишиб, келгуси дарслар учун материал йиғинг.
Талабаларнинг билимини текшириш учун сўроқ ва топшириқлар:
“Тарихий лексикография” фанининг мақсад ва вазифаларини сўзлаб беринг.

Фаннинг ўрганиш доирасига нималар киради?

Фанни ўрганишда қандай манбаларга таянамиз?

Лексикография тарихини ўрганишнинг метод ва усулларини сўзлаб беринг.

Туркий тилшунослик тарихида луғат тузиш анъанасининг шаклланиши ва тарихий тараққиётини сўзлаб беринг.

Ўзбек тилшунослиги, хусусан, луғатчилик тарихини неча босқичга бўлиб ўрганамиз?

Илк ўрта асрларда туркий тил бўйича тузилган луғатлар, грамматик асарларнинг узиндилари тўғрисида маълумот беринг.
Иккинчи мавзу: МАҲМУД КОШҒАРИЙНИНГ “ДЕВОНУ ЛУҒАТИТ ТУРК” АСАРИ”
Таянч тушунчалар: изоҳли луғат.

Дарсни олиб бориш йўллари: маъруза, савол-жавоб. Маъруза баён, таҳлил усулида олиб борилади.

Дарсдан кўзланган мақсад ва вазифалар: Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғатит турк” асари, унинг тилшунослик тарихидаги ўрни, асарнинг тузилиш принциплари тўғрисида билим бериш.

Кўрсатма ва тарқатма материаллар: асарнинг Тошкент ва Урумчи нашрлари; топшириқ берилган варақлар; турли жадваллар,

Дарсда қўллаш мумкин бўлган техник ускуналар: компьютер, расмни деворга туширувчи мослама, катта бичимли телеэкран, турли дисклар.
Э ъ т и б о р қ а р а т и л а д и г а н м а с а л а л а р:

Луғатчилик тарихида Маҳмуд Кошғарийнинг тутган ўрни.

Араб тилшунослиги метод ва усуллари асосида туркий тилларни ўрганиш анъанасининг юзага келиши ва бунда Маҳмуд Кошғарийнинг хизматлари.

“Девону луғатит турк” асари ва унинг тузилиши.

“Девону луғатит турк”да сўзларни изоҳлаш принциплари.

Грамматик қоидалар ва уларнинг берилиши.


Маҳмуд Кошғарий(Маҳмуд ибн ал-Ҳусайин ибн Маҳаммад ал-Кошғарий)нинг “Девону луғатит турк” (“Туркий сўзлар девони”) асари араб тилида араб лингвистик мактаби қоидалари асосида туркий тилни ўрганиш бўйича яратилган энг эски луғат ва грамматика китобидир. Асар ҳижрий 469 йили (мелодий 1076/1077 йилда) ёзиб тугалланган. Олимларнинг “Девону луғатит турк” Бағдодда ёзилган деган тахмини бор. Эҳтимол у Туркистоннинг йирик маданий-илмий марказларидан бирида яратилгандир. Нима бўлганда ҳам, асар арабларни, араб тилини биладиган шарқ халқларини ва ундан ўтиб европа илмий жамоатчилигини туркий тил билан танитиш мақсадида яратилган.

Араб тилида luğa (кўплиги: luğāt) бир неча маънода ишлатилади: “тил, шева”; “сўз”; “сўз шакли”. Шундан келиб чиққан ҳолда, асар таржималарида унинг оти “Туркий тиллар девони”, “Туркий тиллар луғати”, “Туркий сўзлар девони” деб берилган. Бу ўринда divān – “тўплам” маъносида. Шарқ адабиётида бирор ижодкорнинг муайян тартибда тизиб чиқилган шеърлари divān аталган. Сарлавҳадаги luğāt ни “сўз, калом”нинг кўплиги, luğāt at-turk бирикмасини эса “туркий сўзлар” деб англангани маъқул. Асарнинг divān дейилувига сабаб, унда сўзларнинг араб лексикографияси қоидалари теграсида, муайян кетма-кетликда тизиб чиқилганлиги кўзда тутилган. Ана шуларга таянган ҳолда “Девону луғатит турк” ни “Туркий сўзлар [ёки турк сўзлари] девони” дея талқин этилса, тўғри бўлади.

Кунимизгача “Девону луғатит турк”нинг битта қўлёзмаси сақланган. У ҳижрий 664 (мелодий 1266 йилда) котиб Муҳаммад ибн Абубакр ибн Абдулфатҳ ас-Савий ад-Дамашқий кўчирган. Унинг ёзишича, мазкур қўлёзма Маҳмуд Кошғарийнинг ўз қўли билан битилган нусхасидан кўчирилган. Қўлёзма китоб 319 варақ. У ҳозир Истанбулдаги Миллат кутубхонасининг Али Амирий фондида 4189 рақами остида сақланмоқда.

Туркшуносликда “Девону луғатит турк” кенг ўрганилган (Xudoyberdiev 2011). Асар бир қанча тилга таржима қилинган. Ҳозирги чоғда унинг туркча, ўзбекча, уйғурча, инглизча, русчага ўгирилган нашрлари бор. Таржималари ва ҳозирги замон нашрлари орасида илмийлиги бўйича тўрттаси алоҳида ажралиб туради:

Булардан биринчиси 19601963 йилларда уч жилдда чоп эттирилган Тошкент нашри. Уни ўзбек олими С. Муталлибов нашрга тайёрлаган (қаранг: МК.IIII).

Иккинчиси – 19811984 йилларда уйғур олимлари уч жилдда чиқарган Урумчи нашридир (қаранг: MKUrumchi.IIII).

Учинчиси 19821985 йилларда Харвард университети томонидан Р. Данков ва Ж. Келли биргаликда уч жилдда чоп эттирган инглизча нашри (қаранг: MKH.IIII).

Тўртинчиси – асарнинг Москвада чоп эттирилган русча нашридир. Уни ўзбек олими А. Рустамов араб тилидан таржима қилган, китоб И.В. Кормушин таҳрири остида чиққан (қаранг: МКМосква).

Туркияда асарнинг факсимиль нашри ҳам чиққан (қаранг: MK.facsimile). Асар нашрлари ичида илмий жиҳатдан энг аҳамиятлиси асл нусханинг ана шу фото-факсимилидир.

Асар араб тилида ёзилган. Туркий сўзларнинг маъноси, ушбу сўзларнинг маъносини очиқлаш учун келтирилган мисоллар араб тилида изоҳланади.

Маҳмуд Кошғарийнинг туркий тил грамматикасига бағишланган бошқа бир асари ҳам бўлган. Чунончи, олим “Девону луғатит турк”нинг кириш бўлимида китобда зикр этилмаган грамматик қоидалар тўғрисида сўз юритиб: “Бирлик, кўплик, ошириш, чоғиштириш, кичрайтиш, келишиклар масаласи ва бошқалар ҳам зикр қилинмади. Чунки биз буларни “Китоб жавоҳир ан-наҳв фи-луғат ат-турк” (“Туркий тилларнинг наҳвига оид гавҳарлар китоби”) исмли асаримизда бердик. Наҳвга оид қоидалар у асардан қаралиши керак”, - деб ёзади (MK.I.62). Бироқ унинг бу китоби сақланган эмас.

Тилшунослик тарихида туркий тилларни ўрганиш ва ўқитиш методологиясининг шаклланишида шарқ, хусусан, араб тилшунослигининг таъсири катта бўлган. Туркий тиллар салкам тўққиз аср араб тилшунослиги методологияси асосида тадқиқ этилган ва таълим соҳасига тадбиқ этилган. Ушбу методологияни туркшуносликда биринчилардан бўлиб улуғ олим, буюк тилшунос Маҳмуд Кошғарий ишлаб чиқди. У туркий тилларни ўрганишга араб тилшунослигининг тадқиқ усулларини қўллади, шу асосда туркшуносликда янги бир методологияни яратди, ислом даври турк тилшунослигига асос солди. Муҳими, олим араб тилшунослигининг метод ва усулларини ўз тилига қўллабгина қолмай, туркий тилнинг қонуниятларига суянган ҳолда, уни янги усуллар билан бойитди, шу иши билан тилшунослик тарихида улкан кашфиётлар қилди.

Маҳмуд Кошғарий туркий тилни иккига – барча туркий қавмлар учун тушунарли, ёзув анъанасига эга бўлган ёзма адабий тил, иккинчиси – туркий шевалар тилига ажратади. Ёзма адабий тилни “хоқония тили; хоқоний туркчаси” ёки “турк тили” деб, шевалар тилини эса уларнинг ўз оти билан атайди. У ёзади: “qay, yabaqu, tatar, basmïl қабилаларининг ҳар бирининг тили ўзига хосдир. Шу билан бирга, улар туркчани ҳам яхши биладилар. Сўнгра qïrqïz, qïpčaq, oğuz, tuxsï, yağma, čigil, ïğraq, čaruq тиллари фақат туркчадир. Yämäk ва bašğïrt тиллари буларга яқиндир. Румгача чўзилган bulğar, suwar, päčänäk лар тили бир хил сўзларнинг охири қисқартирилган бир туркчадир” (MK.I.66). Юқорида муаллиф қай, ябақу, татар, басмилларнинг тили тўғрисида сўз юритиб, “улар туркчани ҳам яхши биладилар” деганида, улар учун ягона адабий тил амал қилганини англаш мумкин.

Адабий тилни “тилларнинг энг тўғриси, яхшиси”, “энг очиқ ва равон тил” дея таърифлайди. У шундай ёзади: “Тилларнинг енгили ўғузча, энг тўғриси, яхшиси yağma, tuxsï кабиларнинг тили ва, шунингдек, Ílä, Ertiš, Yamar, Etil водийларидан уйғур шаҳарларигача бўлган жойларда яшовчилар тилидир. Буларнинг ичида энг очиқ ва равон тил – хоқония (хоқонликлар) ўлкасида яшовчиларнинг тилидир. ... (Қашқарда) шаҳар ўртасида турувчилар хоқоний туркчасида сўзлайдилар” (MK.I.66).

Луғатда муаллиф ёзма адабий тилда (яъни “турк тили”да ёки “хоқоний туркчаси”да) қўлланадиган сўзларни асосга олган. Унинг шевалардаги талаффузи ёки бошқа бирор сўз билан берилишини ана шу бош сўзга қиёслаб боради. Шу жиҳатдан асар фақат адабий тилни эмас, қадимги турк шеваларини ўрганишда ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Маҳмуд Кошғарий туркшуносликда биринчи бор қадимги турк лаҳжаларини классификация қилиб, турк тилшунослигининг муҳим назарий масалаларини ёритиб берди.

Яна бир муҳим белгиси: одатда, ҳозирги луғатларда феълларни келтирганда, улар инфинитив кўринишида берилади: бормоқ, танимоқ, билмоқ, ишламоқ сингари. Ёзма ёдгорликлар тили бўйича тузилган “Древнетюркский словарь” ёки бошқа илмий луғатларда феъллар бош шаклида берилади ва феъллигини англатиш учун кетига чизиқча қўйилади: kel-, bašla-, išlä- сингари. Лекин Маҳмуд Кошғарий, қолаверса, бошқа луғатчилар ҳам, феълларни ўтган замон шаклида келтирган: ačdï, aqdï, učdï, uttï, ezdi, esdi,ekdi, indi сингари. Бироқ, уларни келтирганда феъл ўзагининг неча ҳарфли экани кўзда тутилади. Масалан, aqdï, esdi феъллари икки ҳарфлилар сирасида келтирилади, сабаби бу сўзларнинг ўзаги икки ҳарфлидир (aq-, es-).

“Девону луғатит турк” икки муқаддима ва луғат бўлимларидан тузилган. Муқаддимада китобнинг ёзилиш сабаби, унинг тузилиши; турклар қўллайдиган ёзув; отларнинг ясалиши; феълларнинг тусланиши; сўз таркиби (морфем тузилиши); китобда эътибор қаратилган грамматик қоидалар; турк табақаларининг таърифи ва уларнинг ерлашув ўрни; турк лаҳжаларидаги фарқлар хусусида сўз юритилади. Туркий қавмларнинг ерлашуви тўғрисида маълумот берилган ўринда унга қўшимча ҳолда Ер юзи харитаси ҳам келтирилган (у ҳам араб тилида). Хаританинг девон ичида келтирилган маълумотлар билан уйғунлиги уни ҳам китоб муаллифининг ўзи тузган деган фикрга олиб келади.

Луғат саккиз бўлимдан иборат:

1. Ҳамзали сўзлар, яъни “алиф” билан бошланадиган сўзлар бўлими.

2. Солим, яъни “алиф”, “вав”, “йа” ҳарфлари бўлмаган сўзлар бўлими.

3. Музоаф, яъни ундошлари иккиланадиган сўзлар бўлими.

4. Мисол, яъни таркибида “алиф”, “вав”, “йа” бўлган сўзлар бўлими.

5. Завату-с-саласа (уч ҳарфли сўзлар), яъни “алиф”, “вав”, “йа” ҳарфлари қисқа унли сифатида ўқиладиган сўзлар бўлими.

6. Завату-л-арбаъа (тўрт ҳарфли сўзлар), яъни “алиф”, “вав”, “йа” қисқа талаффуз қилинадиган сўзлар бўлими.

7. Ғунналилар, яъни таркибида бурун (думоғ) товушлари келган сўзлар бўлими.

8. Ал-жамъ байнас-сакинайи, яъни ҳаракатсиз икки ундошли сўзлар бўлими.


Ҳар бир боб исм ва феъллардан иборат икки қисмга ажратилган. Отлар олдин, феъллар эса кейин ўз сирасига қараб бобларга ажратилиб, олдинма-кетин берилади.

Сўзларнинг берилиш кетма-кетлиги ҳам араб луғатчилиги ишлаб чиққан принципларга таянади: олдин икки ҳарфлилар, сўнг уч, тўрт, беш, сўнг олти ҳарфли сўзлар келади.

Ўртаси сукунли ва ўртаси ҳаракатли сўзлар ҳам ажратиб берилади.

Олдига ҳамза ва шунга ўхшаш ҳарфлар орттирилган сўзлар; кейин биринчи ва иккинчи ҳарфлари орасига ҳарф орттирилган сўзлар; сўнг учинчи ҳарфидан кейин ҳарф орттирилган сўзлар берилади.

Бундан ташқари, бу сўзларнинг бош ва охирги товушлари кўзда тутилади. Қоидага кўра, луғат кейинги ҳарфи ﺐ ли сўзлардан бошланади (äp (таъкид ва кучайтирув юкламаси), ab (йўқ, эмас) сингари), сўнг бошқа ҳарфли сўзларга кўчилади (at, et, ot (ўт, ўлан), üč, er сингари).

Яна ҳар бир бўлимдан сўнг ўша бўлимнинг грамматик қоидаси келтирилади.

Муаллиф тушунилиши осон бўлиши учун муаллиф арабча истилоҳ(термин)ларни қўллаган.

Луғатга ўша замондаги туркий тилнинг деярли барча соҳаларига тегишли соф туркий сўзлар жамланган (айтганча, китобнинг кириш қисмида унга асл туркий сўзлар жамланганини муаллифнинг ўзи ҳам таъкидлайди). Китобда истеъмолдан чиққан сўзлар берилмаган, фақат истеъмолдаги сўзларгина берилган. Луғатда сўзларнинг берилиши ўзига хос: аввал туркий сўз, сўнг унинг арабча таржимаси келтирилади. Изоҳланганда эса унинг фонетик вариантлари, шева сўзи бўлса, қандай шевада учраши қайд этилади.

Агар луғатда келтирилган туркий сўзга араб тилида тенг келадигани бўлмаса, яъни у туркларнинг тириклик тарзи, дунёқараши, маданияти, этнографиясигагина тегишли тушунчани англатса, ундай ҳолда ушбу сўз кенгроқ шаклда баён этилади. Янада муҳими, туркча сўзнинг маъносини очиш учун ўша сўз қатнашган туркий жумлалар, мақоллар, халқ қўшиқлари, достонлардан олинган тўртликлар, ушбу тушунча билан боғлиқ этнографик маросимлар, қарашлар билан изоҳланади. Шунга кўра, “Девону луғатит турк” тилшунослик асаригина эмас, қадимги турк фольклори, этнография, тарих, маданиятшунослик ва шунинг сингари ўнлаб қадимий фанлар учун ҳам бой материал беради.

Масалан, im (белги, яширин сўз) сўзига изоҳ берар экан, шундай ёзади:

im – шоҳ аскарларига қўйилган (тайинланган) яширин белги, пароль; бу белги қуш ёки қурол номи ёки бирор сўздан иборат бўлиши мумкин; тўқнашганда уни айтиб ўзларини танитадилар; мақолда шундай келган: im bilsä er ölmäs – Им билса, эр ўлмас (Киши яширин белгини билса, ноҳақ ўлмайди)” (MK.I.74).

Ёки alp (алп, паҳлавон) сўзининг маъноси луғатда шундай изоҳланган:

alpботир, қаҳрамон: alp yağïda, alčaq čağïda – “Ботир ёв билан тўқнашганда, ювош киши – тиришишда синалади” мақолидаги каби. Бу сўз қуйидаги парчада ҳам келган:

Alp er Toŋa öldimü,

Esiz ažun qaldïmu,

Öδläk öčin aldïmu,

Emdi yüräk yïrtïlur. -

Алп Эр Тўнга (Афрасиёб) ўлдими?

Эсиз дунё қолдими?

Дунё ундан ўчини олдими?

Энди юрак унинг учун қайғу чекмоқда” (MK.I.77).

Яна мисоллар:

ögақл ва зийраклик. Шунинг учун ёши улуғ ва ақллиларга ögä лақаби берилади. Бу сўз ўрта ёшга етиб улғайган ҳар бир ҳайвонга нисбатан ҳам ишлатилади; шунингдек, тўрт ёшдан ошган отларга ög at дейдилар” (MK.I.82).

qušқуш. Жамликни билдирадиган турдош от. Кейин буларни бир-биридан фарқлашда айрим сўзлар қўшилади: örüŋ quš – оқ лочин; qara quš бургут; tewäy quš туяқуш; yun quš товус; el quš – илқуш, қирғий.

Сўнгра Муштарий юлдузига ҳам qaraquš дейилади. Qaraquš tuğdï – Муштарий юлдузи чиқди, демакдир; у тонг чоғида чиқади. Ўғузлар туя оёқларининг учига ҳам qaraquš дейдилар; qïz quš – тукининг ранги abï bäräkiš рангига ўхшаш бўлган бир қуш, яъни қизил тўш қуш” (MK.I.319).

temürтемир: kök temür kerü turmas – кўк темир бекор турмайди, етган жойини яралайди. Бунинг бошқа бир маъноси ҳам бор. Қирғиз, ябақу, қипчоқ ва бошқалар бирор кишига қасам ичирганда ёки ундан бирор нарсага ваъда олганда, қилични унинг олдига кўндаланг қўйиб: kök kirsun, qïzïl čïqsun дейдилар, яъни “ваъда бузилса, бу кўк кирсин, қизил чиқсин, яъни қонга беланиб чиқсин. Бу аҳд бузилса, темир сени ўлдирсин, ўч олсин” демакдир. Чунки улар темирни ҳурмат қиладилар” (MK.I.342).



Маҳмуд Кошғарий ўз давридаги диалектларнинг лексик хусусиятларини ҳам тўлиқ кўрсатиб берган. Муаллиф сўзларни изоҳлар экан, ўрни билан уларнинг қайси бир диалектга мансуб эканлиги, диалектлардаги ўзига хос маъно хусусиятлари ва бошқа муҳим томонлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтади. Бу эса ана шу сўзнинг диалектал характерини очиб беради. Шу ўринда Маҳмуд Кошғарий томонидан маълум бир диалектга мансуб деб изоҳланган сўзлардан келтирамиз:


  1   2   3   4   5   6   7


©netref.ru 2017
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет