Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ёшлар кенгаши тўғрисида низом I. Умумий қоидалар



жүктеу 87.69 Kb.
Дата02.05.2016
өлшемі87.69 Kb.



Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси

Ёшлар кенгаши тўғрисида

НИЗОМ

I. Умумий қоидалар

1. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Ёшлар кенгаши (кейинги ўринларда – “Ёшлар кенгаши” деб юритилади) ёшларнинг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш, маънавий дунёқарашини ўстириш, уларни касаба уюшмалари фаолиятига жалб этиш, барча поғоналардаги касаба уюшма тузимида ёшлар билан ишлаш тузилмаларини ташкил этиш ва улар ишини такомиллаштириш учун тегишли тавсияларни тайёрлаш ҳамда амалий ёрдам кўрсатиш борасида Федерация, унинг аъзо ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириб бориш учун ташкил этилади.

2. Ёшлар кенгаши фаолияти бирдамлик, ҳамфикрлик, адолатлилик, тенг ҳуқуқлилик, ихтиёрийлик, қонунийлик, масалаларни ечиш ва муҳоқама қилишда коллегиаллик, эркин овоз бериш принципларига асосланади.

3. Ёшлар кенгаши ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонун ҳужжатларига, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Уставига, Федерация қурултойлари қарорларига, Федерация Кенгаши ва унинг Раёсати қарорларига ҳамда мазкур Низомга амал қилади.

4. Ёшлар кенгаши таркиби Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига аъзо ташкилотлар томонидан 35 ёшгача бўлган касаба уюшма фаоллари орасидан бир нафардан вакил йўллаш принципи ҳамда Федерация Кенгаши Раёсати томонидан тавсия қилинган номзодлардан шакллантирилади ва Ёшлар Кенгашининг ташкилий йиғилишида тасдиқланади. Ёшлар Кенгашига вакил йўллаш аъзо ташкилот Раёсатининг қарори билан амалга оширилади. Бунга қўшимча тариқасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсати ҳам Ёшлар кенгаши таркибига вакиллар киритиши мумкин.

5. Аъзоларни чақиртириб олиш ва алмаштириш, улар қай тартибда Ёшлар кенгаши таркибига сайланган бўлса, шу тартибда амалга оширилади.

6. Ёшлар кенгаши фаолиятини Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси ўринбосарларидан бири мувофиқлаштириб боради. Ёшлар кенгаши раиси ва раиси ўринбосари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсати томонидан тасдиқланади. Ёшлар кенгаши масъул котиби Ёшлар кенгашининг мажлисида сайланади. Ёшлар кенгаши раиси, раис ўринбосари ва масъул котиби Ёшлар кенгаши раҳбарияти ҳисобланади.

II. Ёшлар кенгашининг асосий мақсад ва вазифалари

7. Ёшлар кенгашининг бош мақсади - ёшларнинг меҳнат ҳуқуқларини ва ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, маънавий дунёқарашини ўстириш, уларни касаба уюшмалари фаолиятида фаол иштирокини таъминлаш, касаба уюшмалари тизимига ёш кадрларни тайёрлашга кўмаклашишдир.

8. Ёшлар кенгаши қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

ёшларнинг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш, маънавий дунёқарашини ўстириш борасида аъзо ташкилотлар, барча поғоналардаги ёшлар билан ишлаш тузилмалари фаолиятини мувофиқлаштириб бориш;

касаба уюшмалари Федерациясининг ёшлар сиёсатини, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, унинг аъзо ташкилотларининг сайлаб қўйиладиган органларида ёшлар вакиллигини таъминлашга кўмаклашиш;

ёшларнинг ўқиш, меҳнат қилиш, муносиб иш ҳақи олиш, уй-жой билан таъминланиш, дам олиш, бўш вақтини мазмунли ўтказиш борасидаги қонуний ҳуқуқларини кенгайтириш ишларида иштирок этиш;

ёшлар ўртасида касаба уюшмаси аъзолигига ундовчи омилларни кучайтириш, уларни касаба уюшмалари сафига жалб қилиш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган ишларни олиб бориш;

ёшларни ватанпарварлик ва миллий ғоя руҳида тарбиялашга, ёшлар орасида маънавий-маърифий ва маданий-спорт ишларини ўтказишга кўмаклашиш;

ёшлар салоҳияти рўйёбга чиқишини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш, уларни ўзаро бирлашишига ёрдам бериш;

барча поғоналардаги касаба уюшма ташкилотлари қошида ёшлар билан ишлаш тузилмаларини ташкил этиш, улар ишига замонавий таълим ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга кўмаклашиш;

ёшлар сафидан касаба уюшмалари кадрлари захирасини тайёрлаш, уларнинг малакаларини оширишга кўмаклашиш;

болалар соғломлаштириш оромгоҳларида маданий-маърифий ва спорт тадбирларини, миллий ўйинларни ташкил этиш ҳамда уларни юқори савияда ўтказилишида касаба уюшмалари аъзо ташкилотларига кўмаклашиш;

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси аъзо ташкилотларининг ёшлар билан иш олиб боришдаги тажрибасини, ёшлар кенгашлари иши амалиётини ўрганиш, умумлаштириш ва кенг ёйиш, мазкур йўналишдаги ишнинг шакл ва услубларини такомиллаштириш.



III. Ёшлар кенгаши фаолиятининг асосий йўналишлари

9. Ёшлар кенгаши ўз фаолиятини қуйидаги йўналишларда олиб боради:

касаба уюшмалари ёшлар сиёсатини ривожлантиришда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси юқори органлари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси аъзо ташкилотлари, халқаро касаба уюшмалари Марказлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;

ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволига оид маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва умумлаштириш ҳамда уларни жамоа келишувлари ва шартномаларига киритиш мақсадида таклифлар тайёрлаш;

тайёрланаётган қонунлар, Ҳукумат қарорлари, жамоа келишуви ва шартномалари лойиҳаларининг ёшлар ҳуқуқларига оид масалалар бўйича жамоат экспертизасидан ўтказишда иштирок этиш;

ишлаётган ва таълим олаётган ёшларнинг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилган мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш ва ёшлар манфаатларини ҳимоя қилиш борасида давлат ҳокимияти органлари, “Камолот” Ёшлар ижтимоий ҳаракати ва бошқа жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш;

касаба уюшмаларининг ёшларга оид сиёсатини такомиллаштириш масалалари юзасидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши фаолиятида иштирок этиш;

корхоналар, ташкилотлар, ўқув муассасалари қошида ёшлар билан ишлаш тузилмаларини ташкил этиш ва янада ривожлантириш ишларига амалий, ташкилий ҳамда услубий ёрдам кўрсатиш;

норасмий секторда банд бўлган ёшлар билан ишлаш, уларнинг ўзаро бирлашиш ҳуқуқини рўйёбга чиқаришга кўмаклашиш;

ҳудудлар кесимида аҳолининг турмуш даражасини аниқлашда иштирок этиш. Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда аҳолини улар билан мўътадил нархларда таъминлаш устидан мониторинг ўрнатиш, озиқ-овқат маҳсулотлари ва биринчи эҳтиёж моллари нарх-навоси асоссиз кўтарилишини олдини олиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

ёшларни, биринчи галда таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштирилиши ва бандлиги кафолатлари рўёбга чиқарилишига кўмаклашиш. Ишга жойлаштирилишга муҳтож ёшларга оид маълумотлар базасини ҳамда бўш иш ўринлари тўғрисидаги тармоқлараро маълумотлар базасини шакллантириш;

ёшларнинг ўз-ўзларини банд қилишларига ёрдам бериш, ёшлар ўртасида кичик тадбиркорликни ҳамда ёшларнинг иш жойларини яратишга ёрдам берадиган жамият учун муҳим бошқа ташаббусларини қўллаб-қувватлаш;

талаба ёшларнинг ўқишдан бўш вақтларда меҳнат қилиш имкониятларини кенгайтиришга кўмаклашиш. Болалар меҳнатининг оғир шаклларига йўл қўймаслик чора-тадбирларини амалга оширишда иштирок этиш;

ходимларни ўқитиш, қайта ўқитиш, малакасини ошириш ишларига кўмаклашиш;

касаба уюшмаларининг жамиятдаги ижобий сиймосини шакллантириш борасидаги ахборот ишларидан кенг фойдаланиш чораларини кўриш, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва аъзо ташкилотларнинг ёшлар билан ишлаш тажрибасини умумлаштириш ва кенг ёйиш;

ёш касаба уюшмалари фаоллари ва етакчилари учун малака ошириш курсларини ташкил этиш. Ёшлар муаммоларига тааллуқли анжуман, конференция, форум, йиғилиш, семинар, давра суҳбатларини ўтказиш;

касаба уюшмалари ёш аъзолари учун маданий-спорт тадбирлари, спартакиадалар, кўрик-танловлар, фестиваллар, республиканинг тарихий жойларига саёҳатлар, экскурсиялар уюштириш, реклама акциялари ва бошқа тадбирларни ўтказиш.

IV. Ёшлар кенгаши ваколатлари

10. Ёшлар кенгаши ўз фаолиятининг асосий йўналишларига мувофиқ, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсати томонидан тасдиқланган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ёшлар оид сиёсатини амалга ошириш ва такомиллаштириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқади ва қабул қилади ҳамда уларни аъзо ташкилотларга хизматда фойдаланиш учун юборади.

11. Ёшлар кенгаши касаба уюшмалари ташкилотларининг Ёшлар кенгаш (комиссия)лари билан келишган ҳолда касаба уюшмалари ёшлар сиёсатини ривожлантиришнинг аниқ йўналишлари ва вазифалари бўйича резолюция қабул қилади.

12. Ёшлар кенгаши мажлиси қарорига асосан касаба уюшмалари ташкилотларининг раҳбарлик вазифаларига захира учун Ёшлар кенгаш (комиссия)лари аъзоларига тавсиянома бериши мумкин.

13. Ёшлар кенгаши касаба уюшмалари ёшларининг муаммоларини ўрганиш ва таҳлил қилиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясидан моддий ва ташкилий ёрдам сўрашга ҳақли.

14. Ёшлар кенгаши ёшлар сиёсатини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшганларни тақдирлаш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ёшлар кенгаши рамзи туширилган мукофот жорий қилиши мумкин.



V. Ёшлар кенгаши ишини ташкил этиш

15. Ёшлар кенгаши мажлислари заруратга қараб, лекин йилида камида икки марта ўтказилади. Ёшлар кенгаши аъзолари умумий сонидан камида учдан икки қисми иштирок этган мажлис ваколатли ҳисобланади. Мажлисда иштирок этаётган Ёшлар кенгаши аъзоларининг кўпчилиги ёқлаб овоз берган тақдирдагина қарорлар қабул қилинган деб ҳисобланади.

16. Ёшлар кенгаши мажлислари оралиғида унинг номидан Ёшлар кенгаши Раҳбарияти иш олиб боради.

Ёшлар кенгаши фаолиятига Раис раҳбарлик қилади. Раис иштирок эта олмаган тақдирда Кенгаш ишини раис ўринбосари бошқаради.

Ёшлар кенгаши ўз мажлисида тасдиқлаб оладиган иш режалари асосида фаолият юритади.

Кечиктириб бўлмайдиган масалаларни тезкор ҳал этиш мақсадида Ёшлар кенгаши Раиси аъзо ташкилотлар Ёшлар кенгашларига топшириқлар йўллаши мумкин.

17. Ёшлар Кенгаши ва унинг Раҳбарияти таклифлар, тавсиялар ишлаб чиқади ва қабул қилади, уларни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг сайланма органларида кўриб чиқиш учун киритади, амалий ишда фойдаланиш учун Федерациянинг аъзо ташкилотларига юборади.

18. Ёшлар кенгаши ўз фаолиятида “Камолот” Ёшлар ижтимоий ҳаракати ва ёшлар масалалари билан шуғулланувчи бошқа жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади.

19. Ёшлар кенгаши ўз мажлисларида иштирок этиш учун давлат ҳокимияти органлари, иш берувчилар, жамоат ташкилотлари, шунингдек Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг тегишли бўлимлари вакилларини таклиф қилиши мумкин.

20. Ёшлар кенгаши ўз мақсад ва вазифаларига мувофиқ равишда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси мутахассислари ва олимларни жалб этган ҳолда ишчи гуруҳлар, комиссиялар тузиши мумкин.

21. Ёшлар кенгаши раиси:


  • Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қурултойларида, Федерация Кенгаши, унинг Раёсати йиғилишларида, бошқа жамоат ташкилотларида, иш берувчилар уюшмаларида, давлат ҳокимияти органларида Ёшлар кенгаши номидан иш кўради;

  • Ёшлар кенгашини чақиради ва мажлисини ўтказади.

22. Ёшлар кенгаши ишини ташкилий-техникавий жиҳатдан таъмин этиш Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Ишлар бошқармаси томонидан амалга оширилади.

23. Ёшлар кенгаши мажлисларини тайёрлаш ва ўтказиш, иш юритиш ҳамда баённомаларни расмийлаштириш Ёшлар кенгаши раиси ўринбосари ва масъул котиб томонидан амалга оширилади.

24. Ёшлар кенгашининг фаолияти Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши сметаси доирасида молиялаштирилади.

VI. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва аъзо ташкилотлар Ёшлар кенгашларининг ўзаро ҳамкорлиги

25. Федерацияга тўғридан - тўғри чиқувчи барча аъзо ташкилотларда Ёшлар кенгашлари тузилади.

26. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси аъзо ташкилотлари Ёшлар кенгашлари (кейинги ўринларда – “Аъзо ташкилотлар Ёшлар кенгаши” деб юритилади) доимий ҳаракатдаги орган ҳисобланади.

27. Аъзо ташкилотлар Ёшлар кенгаши:

- фаолиятини ўз Низомига асосан амалга оширади;

- ўзининг аниқ режалари, дастурлари ва чора-тадбирларини амалга оширади;

- Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ёшлар кенгаши қарорларини бажарилишини таъминлайди;

- ўз таркибига аъзолар меъёрини белгилайди;

- Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ёшлар кенгашига ҳисобот бериб боради.

VII. Ёшлар кенгаши фаолиятини қайта ташкил этиш ва тўхтатиш

28. Ёшлар кенгаши фаолиятини тўхтатиш ёки қайта ташкил этиш Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсати қарорига биноан амалга оширилади.








©netref.ru 2019
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет