Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги қарши давлат университети


Тарихий далилларнинг бадиий ёритилиши



жүктеу 0.57 Mb.
бет3/4
Дата13.04.2016
өлшемі0.57 Mb.
түріДиссертация
1   2   3   4

Тарихий далилларнинг бадиий ёритилиши
Фитрат “Абулфайзхон” трагедиясини яратишда тарихий ҳужжат ва ҳақиқатларнинг қайси бирига содиқ қолди? Қайси бир “илмий-тарихий тадқиқотнинг” фактларидан чекинди? Қайси бирини ўз ижодий концепциясидан келиб чиқиб ўзгартирди?

Тарихий драманинг ҳар қандай жанрда, - дейди В. Волкенштейн, - биз тарихий ҳақиқатдан (аниқликдан) чекинишни кўрамиз. Тарихин синфий муносабатларни ҳаққоний ёритишга интилган драмаатург тасодифий, характерли бўлмаганфикрларни ташлаб кетади ва шу маънода унинг драмаси тарихий хроника ҳужжатларининг ҳар бир ҳарфига қараганда ҳақиқатга яқиндир.

Дарҳақиқат, Фитрат ҳам “Абулфайзхон” трагедиясида XVIII аср Аштархонийлар ва Манғитлар ҳаётига оид кўпгина характерли бўлмаган воқеа ҳодисаларни ташлаб кетади. Трагедия учун хос энг кескин ҳалокатни, катта ижтимоий-сиёсий тўнтаришларга бой фурсатларнигина танлайди. Ўзи фожеали саналган бу воқеаларга ижодкорнинг бой фантазияси қўшилиб, аниқ хотимага – давр, ғоя ёки қаҳрамонни ҳалокатга элтувчи трагик ҳолат, изтиробли руҳий ҳалокатлар, қўрқинчли саҳналар яратилади.

“Йўқсул ўлкасининг тарихидан олинганбеш пардали фожеа” - “Абулфайзхон” трагедиясининг эслатмасида Фитрат”Бундаги воқеаларда биринчи парда билан иккинчи парда орасида етти йил, иккинчи, учинчи пардалар билан тўртинчи, бешинчи пардалар орасида бир йил замон ўтгандир. Шунинг учун кимсаларнинг ёшларини ёлғондан қирқ-эллик, олтмиш, етмиш деб ўн йиллик очиқлик қолдирди”, деб воқеалар тарихига аниқлик киритди.

“Трагедиядаги фожеалар – Нодиршоҳнинг ўлими Раҳимбийнингтахтга чиқиши(1747)ни ҳисобга олсак, энг кескин воқеалар 1737-1747 йиллароралиғида кечган, дейиш мумкин”.

Трагедия Абулфайзхоннинг Бухоро аркидаги қабул маросими билан бошланади. Хоннинг уйи “шоҳона тўшалиб безатилган, ўртасида осилган муҳташам чилчироқнинг бутун шамлари ёниб туради”. Улфат хўжасарой, Мирвафо ва Қози Низом шатранж ўйнайдилар. Уларнинг ўртасида қандайдир ётсирашга ўхшаш нимадир бор. Абулфайзхон ичкари уйларидан оғир босиб чиққандан сўнг Улфатдан шатранж ўйинида ким кучли? деб сўрайди. Абулфайзхон трагедия воқеалари бошланишидагибиринчи гапи “куч” билан бошланади.

Абулфайзхон Қози Низомдан Фарҳод оталиқнинг хабарини сўрагач, у

(Қози Низом): Бордум, кўрушдим, сўйладим6 ҳоқонимизнинг энг ишончли қуллари бўласиз. Ҳоқонимизнинг муборак мижозларига ёқмайтурғон ишлар қилар экансиз. Эрон қўшини Қаршидан қайтгандан сўнгра сизнинг туришингиз бошқача бўлғон экан, дедим.

Хон: Эрон қўшинини Қаршидан қайтарғон ёлғиз сен эмассан демадингизми?

Бу диологдан маълум бўладики, биринчи парда 1739-40 йиллар воқеалари билан бошланаётир. Чунки тарихдан Эрон қўшини билан Қарши ўртасидаги урушнинг 1740 йилда бўлганлиги маълум. Қози Низом, Абулфайзхоннинг ҳаяжонли диологи давом этар экан, бу воқеалар янада аниқлашиб, ойдинлашиб бораверади.

Қози Низом:Оталиқ қулингиз шундай дейлар. Эроннинг дейлар янги тўп милтиқлар билан яроғланган қўшини бизнинг қўшинимизни буза олғон бўлса ҳам, ўзбекнинг ботирлигини билганлиги учун ҳуркиб турар эди. Бизга ёрдам учун Хива қўшинининг ҳам Бухорога келганини эшитгач, бутун қўрқди, усталик билан урушни ётқиздида қайтиб кетди. Бу ишда менимча Ҳакимбий иноқнинг айрича хизматимиз. Хива қўшини Бухорога келганиича урушнинг кузатиб турмоқ бўлди, Мен Эрон қўшинини қайтардим деб, катталик қилмоғоним кабихонимиздан ёшурунгина Нодиршоҳга элчилар юбориб, хабарлашиб турмадим. Фитратнинг тарихий фактларни жуда ҳам пухта ўрганганлиги шундан ҳам маълум бўладики, юқоридаги Қози Низом тилидан сўзлаган воқеалар ҳақиқатдан ҳам содир бўлган: “Амударёнинг чап қирғоғи бўйларидаги илгари ўзбек ерларининг кўпчилигини эгаллаб, Нодиршоҳнинг ўғли Ризоқули отасининг фармони билан дарё кечиб ўтди ва ўн икки минг кишилик қўшин билан Қаршига етди. Қаршида ўтирган Муҳаммад Ҳакимбий эронлиларнинг яқинлашиб келаётганлигини эшитиб шаҳарга манғит ва бошқа қабилалардан тузилган қўшинни олиб кирди ҳамда шаҳар ва унинг атрофидаги барча аҳолини душманни бартараф қилишга сафарбар этди. Ризоқули аҳолидан барча дон заҳираларини тортиб олш мақсадида, аввал, Қаршига ёндош турган туманларга қўшин юборишни буюрди ва шундан кейин шаҳарни қамал қилишга киришди”.

Кўринадики, Фитрат трагедиясига тарихий ҳақиқатнинг айнан ўзини олиб киради. Лекин бу фактнинг ўзи “шунчаки хронологик тарзда эмас, ҳаётий зиддиятлар, шахслар қилмишини ва тақдирини кўрсатиш, Қози Низом, Улфат, Мирвафо, Абулфайзхоннинг бир-бирига ўхшамайдиган руҳий ҳолатларини” тасвирлаш воситасида трагедиядаги тугун худди шу ердан бошланади. Абулфайзхон ўз қўли остидаги лашкарбошиларниўзига бўйсунмасликларини кўргач, ғазабга минади, қутуради. Шу ондаёқ унинг қон қуйилган кўзларига “ўзини ота каби асраган Фарҳод оталиқ” балодек кўринадиган ва Улфатга “тур жойингдан, тез кет, беш дақиқиадан кейин Фарҳод оталиқнинг бошини келтирасан. Қандай ишласанг, шундай ишла”, деб буюради. Абулфайзхоннинг ҳалокатга бошловчи характерининг қирралари унинг дастлабки сўзлариданоқ намоён бўла борадию

Қози Низом томонидан Абулфайзхонга айтилган Фарҳод оталиқнинг “бизга ёрдами учун Хива қўшинининг ҳам Бухорогача келганини эшитгач, (Ризоқули) бутун қўрқди, усталик билак урушни ётқузди-да , қайтиб кетди” сўзларини бутун бир юз саҳифа қилиб ёзса бўладиган тарихий реал воқеанинг моҳиятини англатади. Бу воқеа 1740-йилда бўлган эди: “Ризоқули аскарларининг сони Бухоро аскарларига қараганда тўрт марта кам бўлишига қарамай, Эронликларнинг ўтсочар қуроли енгил фолконот артиллериясининг устунлиги туфайли жанг эронликлар фойдасига ҳал бўлади. Бухоро қўшини тартибсиз ҳолда қоча бошлади. Абулфайз билан оталиқ(Муҳаммад Ҳаким – И.Ғ.) зўрға Қаршининг ичига кириб бекиниб олдилар”.

Ризоқули Қаршини қуршаб олиб, унинг деворлари остида қамал машиналар олиб келиб ўрнатади. Лекин ўн беш кунлик қамалдан кейин Бухоро территориясига жуда катта қўшин билан янги душман, яъни бухорорликларнинг иттифоқчиси бўлган Хива хони Илбарс келаётгани тўғрисидаги хабарни эшитиб, Ризоқули Абулфайз билан сулҳ тузишга ва отасининг армиясига бориб қўшилиши учун Амударёнинг нариги томонига кетишга шошилди. Абулфайзхон Муҳаммад Ҳакимни Қаршига қолдириб ўзи пойтахтга қайтиб кетди. Илбарс ўзининг иттифоқчиси (Абулфайзхон – И.Ғ.) эронлилар билан сулҳ тузганини эшитиб, Хивага қайтиб кетди. Савол туғилиши табиий: Фитрат трагедияда нима учун Абулфайзхон ва Ризоқулихон ўртасидаги сулҳ воқеасини четлаб ўтди?

Биринчидан, драматург асарини тарихий хронологияга айланиб қолишдек хавфдан сақлаб қолган бўлса, иккинчидан, ҳали Абулфайзхон ўз салтанатининг тўла таназзулининг англаб етгани йўқ эди. Асарнинг бош ғояси зулмга асосланган ҳар қандай тузумнинг тарихий ҳалокатини кўрсатиш бўлгани учун ва бу воқеа феодал жамият тимсолига айланган Абулфайзхон характерини очишда унчалик катта аҳамиятга молик эмас. Шунинг учун Фитрат трагедияга Абулфайзхон ва Нодиршоҳ ўртасидаги сулҳ саҳнасини олиб кирди. Асар композициясига бирор тарихий воқеани шундай теран ўйлаб жойлаштирдики, ҳар бир эпизод ўзидан кейинги кўриниш билан табиий боғланиш учун монелик қилмасин. Айни пайтда ўзидан кейинги фожеалар ривожи учун замин тайёрлаши зарур ва Абулфайзхон образининг энг характерли қирраларини кўрсатиши керак эди.

Абулфайзхон Фарҳод оталиқнинг ўрнига янги киши сайлаш учун Мир Вафо, Қози Низом билан маслаҳатлашганда Мир Вафо томонидан Ҳакимбийнинг номзоди кўрсатилса ҳам, унинг Эрон шоҳига элчилар юборгани тўғрисидаги хабар хонга аён бўлгани саба, Иброҳим иноқни оталиқ лавозимига кўтарган эди. Бу табиийки, Ҳакимбийнинг нафсониятига тегади.

Ва бу воқеа конфликтнинг авж олишига сабаб бўлади. Мир Вафо Ҳакимбийнинг олдига яширин келгач, қандай қилиб Абулфайзхонни қулатиш масаласи кўрилади. Ҳакимбий шериклари Дониёлбий, Мир Вафо, Тоғайқулибийларга ўз одамини (ўғли Раҳимхонни) Нодиршоҳнинг фикрини билиш учун юборганини айтгач, Дониёлбий “хондан сўрадингизми?” дейди. Ҳакимбий эса “хон оталиғи бўла туриб, шунча ишни ўзим қила олмайманми?” дейди.

Ҳакимбийнинг бу сўзларидан унинг Абулфайзхон давридаги мавқеи жуда баланд эканлигини англашилади. Тарихан ҳақиқатдан шундай эмасмиди?

“Манғит қабиласидан чиққан Муҳаммад Ҳакимбий, -дейилади тарихий китобларда, - Абулфайзхондан пойтахтнинг оталиғи унвонини олиб, ҳамма оталиқларнинг бошлиғи ва иродаси хон (Абулфайзхон – И.Ғ.) вақтида ҳукмрон ҳоким бўлиб олди. Унинг ҳукмронлиги ўзбек боёнларининг умумий норзилигига саба бўлади. Хоннинг обрў-эътибори тамомила тушиб кетди”. Драматург тарихий кечмишнинг шунчаки баёни билан чекланмайди. Уни драматизмга бой ишончини саҳналарда, Бухоро ўлкасининг тақдири учун қўрқинч ва ҳаяжон тўла бир тарзда ифодалайди. Фожеаларнинг содир бўлиши саба ва оқибатларини атрофлича очиб боради. Фитрат Мир Вафонинг тилидан Арк ўзганинг ўйин-кулгуси борилган, ичиб ётган эди, деркан. Аштархонийлар сулоласининг емирилиш сабабларини айшу ишратнинг ҳаддан ортиқлигидан кўради, тарихий ҳақиқат ҳам буни исботлийди: “Абулфайзхон эртадан кечгача ичкилик бозлик қилар ва ўз саройида бузуқлик ишларини авж олдирар эди. Вилоятлар ва айрим туманларнинг ҳокимлари, тепаларидан ва ҳақиқатдан назорат йўқлиги билан ўзларини мустақил тутар эдилар”. Ана шу назоратсизлик натижасида Бухоро ўлкасида бузғунчилик авж олиб, мамлакат ўз ичидан емирила бошлади. Буни ўз вақтида англаган Нодиршоҳ бу “имконият”ни қўлдан бой бермади. Фитратнинг драматург сифатидаги маҳорати шундаки, у бир сўз ёки жумла, гап воситасида бутун бир катта тўнтарилишга сабаб бўлган воқеаларга урғу беради. Нодиршоҳнинг олдига хуфия кетган Ҳакимбийнинг ўғли Раҳим тўқсабо Эрон шоҳи билан учрашиб, Бухородаги фожеавий аҳвол унинг заиф томонларини бутун тафсилотлари билан айтиб хурсанд бўлиб қайтди. Бу ҳам тарихий факт: “Шоҳ (Нодиршоҳ кўзда тутилаётир – И.Ғ.) Муҳаммад Раҳимни жуда яхши кутиб олди ва қароргоҳида қолдирди”.

Раҳим тўқсабони Нодиршоҳ олдига бориб Бухоро ўлкасининг бутун “сирларини” айтиб қайтиши саҳнасини Фитрат шунчаки трагедияга олиб кирмаган. Манфаат, шон-шуҳрат, бойлик йўлида ўз юрти Бухорони Нодирга “тақдим этиш”га тайёр Раҳим тўқсабо эртага Абулфайзхон ва унинг ўн беш яшар ўғли Абдулмўминни ўлдириб, ҳокимиятни эгаллайди. “Сотқин, палид бир кимса бутун бир манғитлар сулоласининг бошланишига сабаб бўлади ва юртни бошқаради. Бу воқеанинг ўзи трагедия ичидаги яна бир трагедия”.

Абулфайзхон қанчалик пасткаш, шубҳачи, қонхўр, қатъиятсиз бўлмасин, Эрон қўшинига қарши кураш учун, ўз душмани бўлса ҳам Ҳакимбийни бирлашишга чақиради. Абулфайзхоннинг бу ҳаракати ўз тахти, манфаати учун бўлса ҳам тўғри қарордир. Эрон шоҳи билан хуфия боғланиб “Ҳакимбийнинг ўз юртини душманига “икки қўллаб тутқазиши” ҳам тарихий факт. “Пойтахтга келганидан кейин оталиқ (Абулфайзхон – И.Ғ.) хон ҳузурига боришни ўзи учун хавфли билиб, Мирараб мадрасасига тушди ва мадрасани атрофига қоровуллар қўйди.

Унинг фармони билан ҳамма бозорлар, кўчалар ва масжидларга юборилган жарчилар шоҳ армиясининг яқинлашиб келиши муносабати билан кимда-ким шахсий ва мулкий хавфсизликка тааллуқли, бирор масалани ҳал қилмоқчи бўлса, оталиқ ҳузурига бораверсин, оталиқдан тегишли жавоб олади, деб жар солиб ҳаммани бу ҳақда огоҳлантирдилар. Халқ Мирараб мадрасасига ёпирилиб кела бошлади. Оталиқнинг бу қилган иши уни шаҳар аҳолиси орасида обрўсини оширган бўлса-да, лекин сарой аҳллари ва зодагонлари оталиқни хоинликда айбладилар”.

“Оталиқни хон(Абулфайзхон – И.Ғ.) ҳузурига чақириб, кейин умумий куч билан халқни қўзғатиб, бидъатчи ишчиларга (эронлиларга) қарши қарши чиқмоқ учун ҳаракат қилиб кўрилади. Лекин Муҳаммад Ҳаким хон олдига бормади. Шундан кейин Абулфайзхоннинг ўғли оталиқ олдига, Мирараб мадрасасига борадиган бўлди ва Муҳаммад Ҳаким хон олдига салом бериш учун чиққанда уни ушлаб олиб ўлдиришга қарор қилинди. Лекин оталиқ ўз навкарларига мулозим ва сипоҳийлари билан бирга мадрасага яқинлашиб келаётган хонга қарши ўт очишни буюрди. Абулфайзхон қаттиқ саросима ичида саройга қайтиб кетади. Энди унга Нодиршоҳга таслим бўлишидан бошқа ҳеч илож қолмаган эди.

Фитрат бу тарихий воқеани тргедиясининг иккинчи пардасида шундай тасвирлайди: (Улфат Абулфайзхондан Ҳакимбийга элчи бўлиб келган).

Ҳакимбий. Келтурунгиз (Улфатни демоқчи – И.Ғ.) (Раҳим тўқсабо югуриб чиқар, ҳакимбий юриб сўзлар). Яъни шуни юборди. Орамизни бузган одам улфат бўлғонини била туриб яна шундай қиладир. Шу ақл билан хон бўлиб турмоқ истайдир. (Раҳим тўқсабо, Улфатни келтирар, Улфат салом берар). Нечун келдингиз?

Улфат. Мени хон юбордилар. Буюрдиларки, бориб айтингиз, бу муборакнамо ёзиб, у кишини ёнимизга чақирдик, келмадилар. Ўзимиз уйларига бориб , кўришиш учун чиқдик, одамлари бизни милтиқ билан қарши олдилар. Бунинг сабаби нима? Эрон қўшини босиб кела турубдур, унга қарши нима қилмоқчи бўлсак, кенгашиб қилармиз. Оталиқ бизга кенгаш берадиларми, йўқми?

Ҳакимбий. Биз бу ўлканинг яхшилигидан бошқа нарса истамаймиз. Нодиршоҳга қарши чиқиб урушмоқ учун кучимиз йўқдур. Хоннинг буйруқлари Аркдан Мирарабгача юрмайдур. Эрон қўшини билан қандай уришарлар?

Улфат. Бек , сўзингиз тўғри қўйингиз, хон келсинлар, мана шу сўзларингизни ўзларига айтингиз.

Ҳакимбий. Хон ҳам келмасинлар. Биз ҳам бормаймиз. Бориб айтинг, мен билан кенгашмоқчи бўлсалар тўппа-тўғри Жуборга бориб, Хўжа Камолнинг уйларга қўнсинлар, элнинг катталарини чақирсинлар. Мен ҳам борарман. Шунда кенгашармиз.

Диологдан кўринадики, драматург тарихий далиллардан чекинмай тасвирлаётир. Аммо бу тасвир баёнчилик, воқеанавислик эмас, юксак драматизмга йўғрилган. Ҳакимбий, Улфат, Раҳим Тўқсабо, Нодиршоҳ, Абулфайзхонларнинг башараларини турли бадиий усуллар, қочириқлар, образли ўхшатишлар билан очмоқчи. Абулфайзхон даври ва унинг ҳокимиятининг бутунлай ич-ичидан чириганлиги Ҳакимбийнинг бир сўзи билан томошабин кўз ўнгида кўзгудагидек намоён бўлади: “Хоннинг буйруқлари Аркдан Мирарабгача юрмайдур”. Демак, Абулфайзхон отигагина, қўғирчоқдек Бухоро тахтида ўтирибди.

Трагедияда Ҳакимбий Улфатга қарата шундай дейди: “...мен билан кенгашмоқчи бўлсалар тўппа-тўғри Жуборга бориб, Хўжа Камолнинг уйларга қўнсинлар, элнинг катталарини чақирсинлар. Мен ҳам борарман. Шунда кенгашармиз”. “Ҳакимбий ва Бухоро катталари билан Абулфайзхон тарихда, ҳақиқатдан ҳам Жуборда учрашиб, “маслаҳатлашиб” олишгани рост. Аммо Абулфайзхон ва Ҳакимбий Жубордаги учрашувлари трагедияга олиб кирилмаган. Ҳакимбий тилидан эслатилади, холос”. Бу трагедиянинг камчилиги эмас, аксинча ютуғидир. Чунки, Ҳакимбий билан Абулфайзхоннинг муносабатларилдан томошабиннинг кўз олдида уларнинг гаплашадиган гапларининг ўзи қолмаганлиги аён бўлиб қолади. Яна бу икки душманни бир-бири билан учраштиришга ҳожат йўқ. Иккинчидан, трагедия жанрининг ўзига хосликларининг биттаси, Аристотел айтмоқчи “яхлитлик масаласидир”. Яхлит бир нарса ибтидоси, ўртаси, интиҳоси бўлган нарсадир. Агар драматург барча тарихий воқеаларни асарга олиб кираман деса, ҳажман кенгайиши биробарида композицияни, марказни бир жойга тайин қилиш қийинлашади. Ҳалокатли хотимага қараб бораётган фожеавий ҳаракатларнинг “боши, ўртаси, интиҳосини таъминлаш” табиийки, оғир кечади. Трагедиянинг иккинчи пардасида Нодиршоҳ билан Абулфайзхон, Ҳакимбий, Қози Низом, Улфатларнинг сулҳ учун учрашганлари тасвирланган.

Бухорога яқин Ғозиобод қишлоғига қўнган Эрон қўшини орасида Нодиршоҳнинг чодири дабдабали безалган. Бу учрашув ҳам факт: мансабдор сарой аҳллари билан бирга Абулфайзхон шоҳнинг олдига Таллипоч дарвозасидан йўлга чиқди. Унинг кетидан Намозгоҳ дарвозасидан ўша ёққа қараб навкарлар билан бирга оталиқ ҳам жўнади. Оталиқнинг аҳолининг турли табақаларига мансуб вакиллари кузатиб борар эди. У йўлнинг ярмида хонга етиб олиб унга қўшилди. Шу билан бирга хоннинг хиёнаткор оталиқ билан учрашуви жами тартиб-қоидаларга мувофиқ бир тарзда ўтди. Яъни, оталиқ хон олдида мулозамат билан қўл қовуштириб турди. Хон ҳам ўз навбатида оталиққа эътибор ва шафқат билан қаради. Шундан кейин хон оталиқ билан биргалашиб бордилар.

Учинчи парда Нодиршоҳ билан ўғли Ризоқули ўртасидаги юрт босиб олиш қонун-қоидаларига бағишланган диалог билан бошлади.бу саҳнада Ризоқулининг кўриниши тасодифий эмас, алки бевосита иккинчи пардадаги воқеаларнинг мантиқий давомидир. Нодиршоҳ Абулфайзхоннинг ўз душмани бўлишига қарамай, илиқ кутиб олади. Ҳатто ўғлига...сен хонни кўрганингда отдан тушиб яёв бор, қучоқлашиб кўриш, йўлдошларига ҳам ҳурмат қўрсат, - деб тайинлайди. Нодиршоҳнинг ўзи эса, Абулфайзхон билан эски қадрдонларга, хоннинг ҳурматини жойига қўйиб кўрсатишади. Аслида шундай бўлганми? Асрдаги бу эпизодни реал тарихий факт билан чоғиштирайлик:

Нодиршоҳ. Келсунлар (Ризоқулихон чиқар, шоҳ тахтдан энар, эшикка юргач, Абулфайзхон, Ҳакимбий, Хўжа Калон, Алиқулихон келарлар) Абулфайзхон билан Нодиршох қучоғлашиб кўришурлар. Абулфайзхоннинг қўлидан олиб тахтга чиқарар, ўзи ҳам тахтга чиқар, ҳаммалари ўтирурлар.

Шоҳ билан Хон ҳол-аҳвол сўрашиб, жойларида туриб бир-бирларига қуллуқлаб, боз ўтирурлар.

Нодиршоҳ (қўноқларига). Бухорои Шарифнинг улуғлари, хуш келдингиз.(ҳаммаси туриб қуллуқ қилдилар). Тарих китобларида бу воқеа қуйидагича баён этилган: Абулфайзхон Нодир билан Бухоро яқида Зарафшон дарёси бўйида Чор Барк деган жойда учрашадилар. Нодир Абулфайзхонга илтифот билан муомала қилди,унинг ҳудудини танидир. Хон шоҳ ҳузурига 12 кун бўлганидан кейин Бухорога қайтиб келди. Кўринадики, 17 асрнинг реал воқеаси Фитрат томонидан кўп ўзгартиришларга учрамай асарнинг тарихий таянчи бўлиб хизмат қилмоқда. Тарих асарларида Абулфайзхон билан Нодиршоҳнинг учрашув жойи Чор Бакр дейилса, трагедияда Қозиобод дейилган. Бу учрашув жойини алмаштириш ёки чалкаштириш эмас, аксинча унга янада аниқлиқ киритиш мақсадида қилинган. Фитратнинг ўзи Бухоролик бўлгани учун вилоятнинг туманларидаги кўпгина қишлоқларни яхши билган.”Чор Бакр” аслида қишлоқнинг номи эмас, Ғозиобод қишлоғида жойлашган тарихий обида (мадраса)нинг номидир.

Нодиршоҳ Абулфайзхон билан сулҳ тузаркан, Бухоро тахтини яна қайтадан хоннинг ўзига “тортиқ” қилади.нодиршоҳнинг бу фавқулотда ҳаракати мантиққа зиддек туюлади. Бухоро тахтини ўз ўғлига олиб беришини истаган шоҳ қўли баланд кела туриб яна қайтиб Абулфайзхонга Бухоро тахтини “қайтадан ином қиларкан”, унинг Ҳакимбийга айтган гаплари ва оталиққа берган катта ҳудуди келгусида “бир қўғирчоқ каби” бўлиб қолиши кўрсатилади. Фитрат бу эпизодни тўқиб чиқараётгани йўқ, асар ғоясидан келиб чиқиб тарихнинг шундай бир нуқтасини топганки Абулфайзхон ва Нодиршоҳ характерларининг “ббутун дунёси” шу воқеани янада чуқурроқ очиб беради.

“Абулфайзхон”даги Нодиршоҳнинг сўзлари билан тарихий манбалардаги фактларни муқояса қилайлик: Нодиршоҳ... Менга тортиқ қилганингиз Бухоро тахтини ўзини эгаси бўлган Абулфайзхонга қайтадан бағишлайман (Хон билан ҳаммалари туриб қуллуқ қилдилар). Ўлканинг бутун ишларина бошқариб турмоқни Ҳакимбий оталиққа топширдим (оталиқ туриб қуллуқ қилар). Барчангиз шунинг ўзидан чиқмангиз. Мен сизнинг ўлкада тўрт-беш кун тураман.

Тарихий манбада: “Умуман 18 асрнинг биринчи ярмида Бухоро хонлиги ғоят қийин ҳолатни бошдан кечирди. Натижада ,у Эрон подшоҳи Нодиршоҳ қўли остидаги мамлакатга айланди ,Нодиршоҳ Бухорони бошқаришни ўз одами бўлган оталиқ Муҳаммад Ҳакимга топширди. Трагедияда тарихий воқеалар шу қадар лўнда ва ихчам ва айни замонда тушунарли қилиб ифодаланганки, Нодиршоҳ тарихини ёзган Муҳаммад Козим мазкур саҳна воқеаларига юзлаб қоғозларни сарфлаган”. Нодиршоҳ ҳокимиятнинг инон-ихтиёрини Ҳакимбий оталиққа топшираркан, Абулфайзхонга жарима сифатида қўшинга “озуқани тайёрлаб бермак” вазифасини буюради. Бу ҳам ўтмишда бўлган реал воқеа: “Нодиршоҳ оталиққа шоҳ армияси учун нақд пулга 200 минг эшакка ортилган буғдой ва бошқа ем-хашак етказиб бериши топширилган эди”. Драматург ҳар бир тарах ҳақиқатини бадиий ҳақиқатга айлантиришга, ҳар бир воқеадан катта ижтимоий-сиёсий, ахлоқий хулосалар чиқаришга, қаҳрамонларнинг қалб драматизмлари, ҳар бир воқеадан ўз-ўзлари ва бир-бирлари ўртасидаги қарама-қаршиликни ёритади. Руҳий изтиробларини чизишни унутмайди. Ҳар бир тарихий факни ўз фантазияси билан бойитиб, унинг жонли, ишонарли, трагик ҳолатга бой қилиб тасвирланишини таминлайди. Воқеалар бир занжирда тизилиб аниқ ғоя-мустабид тузумнинг авра-астарини очишга хизмат қилади.

Юқоридаги кузатишлардан келиб чиқиб, Фитратнинг “Абулфайзхон” трагедиясини яратишда тарихий факт ва воқеалардан фойдаланишни қуйидагича тасниф қилиш мумкин:

1.Тарихий ҳужжатларда қандай бўлса, шундайлигича, айнан тасвирланган (Ризоқулининг Қаршига юриши, Мир Араб мадрасасидаги Абулфайзхон ваХакимбий навкарларининг тўқнашуви, Раҳимбийнинг Нодиршоҳ билан хуфиёна учрашуви, Абулфайзхонинг ўлими ва ҳ.к - И.Ғ).

2.Содир бўлган ўрни. Санаси ўзгартирилсада, моҳияти сақланган воқеалар (Фарҳод оталиқнинг ўлими, Иброҳимбийнинг оталиқ қилиб тайинланиши, Ҳакимбийнинг ҳовлисидаги хуфиёна маслахат. Ғозиободдаги Нодиршоҳ билан Абулфайзхоннинг учрашуви, Абдулмўминхоннинг ўлими ва ҳ к - И.Ғ)

Демак, Фитрат ўтмиш воқеалариниг оддий баёнчиси эмас, тарихий ҳақиқатни бадий меҳварига олган, 20-аср ўзбек адабиётининг йирик драматургидир.

2.2 ”АБУЛФАЙЗХОН” ВА ДУНЁ ТРАГЕДИЯНАВИСЛИГИ. УСЛУБ, БАДИЙ ОҲАНГ ВА ОБРАЗЛАР ДУНЁСИ УЙҒУНЛИГИ

Юқорида айтиб ўтдикки, ”Абулфайзхон” илк ўзбек трагедиясидир. Шундай экан, Фитрат ушбу тарихий фожеани яратишда қандай илмий ёки бадиий манбаларга таянди? Қайси трагедиянависларнинг ижодий тажрибаларидан фойдаланди? Буни биз дунёга машҳур драматург Вилям Шекспир қаламига мансуб “Макбет” трагедияси ва “Абулфайзхон”ни қиёслаш асосида ўрганамиз.

Фитратнинг “Абулфайзхон” трагедияси билан Шекспир асарлари ўртасида яқиндик, адабий таъсир “Макбет” трагедиясида намоён бўлади. “Макбет” ва “Абулфайзхон”, бу икки тргаедия ўртасидаги ҳам ғоявий-фаласафий, ҳам қаҳрамонлар психологиясини яратишда муштараклик бор. Иккала асар ҳам ёвузли квоситасида тикланган ҳокимиятнинг инқирозга юз тутиши тарихий зарурат деган ғоя асосида ёзилган.

Абулфайзхон тули ҳийла-найранг, қотиллик орқасидан Бухоро тахтини эгаллагач, шубҳа, қўрқув воситасида ўз яқинлари, лашкарбошилари, сарой аъёнларининг қотилига айлана боради.

Қон устига қон, таъқиб устига таъқиб, жабр-зулм зўрайди. Абулфайзхоннинг эътиқодича, “бутун жанжалларани ўлим битиради”. Бухоро ўлкаси бутунлай сиёсий-иқтисодий инқирозга юз тутиб, Нодиршоҳга тобе бртга айланди. Айшу ишратга берилган хон мамлакатни оғир ҳалокатдан қутқаришга қодир Фарҳод оталиқ ва Иброҳим иноқларнинг ҳақ сўзлари, танбеҳларидан заррача хулоса қилмай, “отаси асраб олғон ўзининг содиқ қуллари” Улфат ва Давлатнинг қўлида бутунлай қўғирчоққа айланган.

Шекспирнинг Макбети ҳам Шотландия қироли Дунканни ўлдириб (ўз қўли билан) бу қотилликни Дунканнинг икки эшикбонига тўнкаб, уларнинг қўлига ханжар тутқазиб ва қонга белаб, ўз қилмишини яшириш учун эшикбонларни ўз қиличи билан бурдалайди. Бир қотиллик устига иккинчи қотиллик, Макбет Шотландия қироллигини эгаллагач, ўз қотилликларини ўйлаб гумон ва шубҳа, қўрқув ва саросимага туша бошлайди. “Омонатдир бошда тож”, - деркан, эртами – кечми ўз қилмишига яраша жазо олиши мумкинлигини ўйлаб, руҳий изтироб чекади. Тахти учун шубҳага берилиб, Дунканнинг лашкарбошиси Данкони ўлдиради. Бу қотиликлар билан ҳам тинчимайди, чунки Данконинг ўғли Флекс унинг таъқибини сезиб қочиб улгурган эди.

Кўринадики, Макбет ва Абулфайзхон характерининг, қилмишларининг моҳиятида, шубҳаларида яқинлик бор. Иккаласи ҳам ҳокимият васвасасида қотилга айлана боради ва иккаласи ҳам ёвузлик тимсоли.

Макбет томонидан Шотландия қироли Дункан ўлдирилгач, асар қаҳрамонларидан бири Росс “табиатига хилоф Э,воҳ, давлатпарастлик”, деб хийла Макбетнингн манфур башарасини очгандек бўлади. “Макбет” ва “Абулфайзхон”даги ғоя, руҳий тасвирларнинг муштараклигини аниқ мисоллардан янада теранроқ англаш мумкин:

Шекспир Макбетнинг қотилга айлана бориш жараёни, унга Лера Макбетнинг ёвузликка ундовчи “таъсир”ини атрофлича ёритган. “У (Лера Макбет), - деб ёзганди В.Г. Белинский, - виждоннинг сўнгги сасларини ўчиради, ёмонлик қилиш учун унинг (Макбетнинг – И.Ғ.) жасоратини намуна қилиб, ундаги қалбаки уятчанлик туғдиради ва ёмонликка қатъий равишда ундайди”.

Фитрат трагедиясида эса Абулфайзхон виждоннинг сўнгги асосини унинг ўз надими Улфат ўчира боради:

Хон(сўзини кесиб), Бас... еган тузлари кўр қилсин...(Фарҳод оталиқ назарда тутилаётир). Кимни тупроқдан кўтариб, курсига чиқарсак, тезгина бошимизга чиқмоқчи бўладилар.

Улфат, ҳоқони оламларни яна тупроққа қайтариш сизни қўлингиздадир”.

Леди Макбет эрига унинг мардликларини намуна қилган бўлса, Улфат Абулфайзхоннинг “оламнинг ҳоқонии” эканлигини “намуна” қилиб хонни қотилликка ундайди. Улфатнинг бу “ундашлари” зое кетмайди:

Хон. – яхшиямки, буларнинг ўлими ўз қўлимиздадир. Йўқса, оз замонда бизни эшак қилиб минмак истмйдилар.

Улфат: Хонимизга маълумдирким, подшолик қон билан суғориладурган ёғочдир. Қон оқиб турмаган ерда бу ёғочнинг қуриб қолиши аниқдир.

Хон.(Улфатга) тур ўрнингдан, тез кет. Беш дақиқадан кейин Фарҳод оталиқ бошини келтирасан. Қандай истасанг , шундай ишла.

Абулфайзхон иродасининг бўшлиги, қатъиятсизлигини теран билган Улфат қотилликларни хоннинг характеридаги ана ўша заифликлар воситасида амалга оширади. Улфат қотилликка замин тайёрлайди. Лера Макбетга ўхшаш. Абулфайзхон ўз характери, иродасидан келиб чиқиб, қотилликларни ижро этади. Чунки Абулфайзхон ва Улфатнинг моҳияти битта: бири феодал жамият мафкурасининг хон тимсолидаги, иккинчиси хоннинг ноодил маслаҳатчиси рамзидаги моҳияти холос.

Ана шундай қотилликка ушдаш операциясида Леди Макбет ва Улфатнинг яқинлик томонлари яққол кўринади.

Данконинг ўлдирилганини Макбет зиёфатдан чиқиб эшитади. У базмга қайтиб киргач, ўзининг ўриндиғида Данконинг арвоҳини кўра бошлайди. Мулозимлар Макбетни ўтиришга таклиф этадилар. У ўтирмайди. Макбет ўз ўриндиғида Данконинг арвоҳини кўраверади. У: “Менга ўрин йўқ”, - деб даврадагиларни таажжубда қолдиради. Арвоҳ ёлғиз Макбетнинг кўзига кўринади, зиёфатдагилар бундан бехабар. Шу ўринда Макбет табиатан қотил эмаслиги кўринади. Лекин унинг сўнгги виждонини Леди Макбет ўчирган.

Аслида эса Макбетни бундай аянчли вазиятга ўзи мансуб ижтимоий жамият мафкураси туширган.

“Абулфайзхон”да ҳам хоннинг руҳияти, виждон қийноқлари худди шу тарзда содир бўлади. Абулфайзхон ўз қотилликларидан безади. Лекин ноҳақ қотилликларни тўхтатишга унинг иродаси етмайди, қолаверса, шубҳалари йўл бермайди: хон (ёлғиз) шу тирикликдан бездирди мени (туриб юрадир). Бир душманнинг қони қуримайин яна биттаси чиқиб қоладжир. Бу Иброҳим ахмоқ ҳам мени тинч қўймайтургандек кўринади. Қачонгача ўлдураман бунларни ортиқ ҳеч кимнинг менга ишончи қолмади...Бунларнинг ўзи йўлга келиб, менга душманлик қилмоқни ташласа, нима бўлар. Йўқ... йўқ. Бунларнинг-ку ўзи йўлга келмайдир. Ўлдираман, ўлдираман. Дунёда битта душманим қолмагунча қон тўкаман. Улфатнинг сўзи тўғри. Подшолик қон билан суғориладурғон бир ёғочдир”.

“Макбет”да (Макбет Данконинг арвоҳидан қўрқиб, сесканиб) арвоҳга қарата: Эркак зотиқодир ишга қодирман. Мен ҳам бошқа қай бир қиёфада кўринма, майли Журжания йўлбарсими, ёвуз каркидон, Россиядан келган пахмоқ айиқ бўлиб ё ... – чўчимасдан, қилт этмасдан бирор томирим.

......................................................................................................

Биз бемормиз, ўша тирик юрак экан то,

Фақат унинг қатли билан топурмиз даво.

Макбет учун “Журжания йўлбарси, ёвуз каркидон ё бўлмаса “Россиядан келган пахмоқ айиқни енгиш”, виждон азоби ҳокимият учун шубҳа-гумонларни енгишдан кўра минг марта осон. Лекин Макбет учун ўз ичидаги ёв тахт, шуҳрат ўтини ўчириш қийин. Маккбет ўз қилмишларин ўйларкан, қўрқиб, титраб виждон азобидан эзилади:

Макбет:

Кечалари ваҳм босиб чиққандан кўра,

Олам аро ровияти занжир узилиб,

Чок-чокидан сўкилмасин ҳар ики дунё,

На кўнглида қўрқинч, қўрқинч хаёлларга ҳад,

На руҳимда дилхун-дилхун азобларга чек.

Леди Макбет:

Жоним, тинчлан, чеҳранг бироз равшан айлаким,

Меҳмонларни шоду хуррам кутишинг лозим.

“Абулфайзхон”да:

Хон. Улфат, мен бу ишлардан безидим. Бу одамларнинг биттаси ҳам менга тўғри қарамайдир. Фарҳод оталиқ ёмонлик қилди. Ҳоким иноқнинг қилғон ишларини кўриб турибсан. Иброҳимни одам деб ўйласам, бу ҳам бузуққа ўхшайди. Қон тўкмак-да бездим. Акамни ўлдирдим. Кўп дўстларимни ўлдирдим. Мени бир ота каби асрағон Фарҳод оталиқнинг бошини оёқлар остинда кўрдим(кўзларин тутиб) уф... кўзларим қонга тўлди. Кечалари ухлай олмайман. Кўзларимни юмғач, бутун ўлганлар, ўлдирганларим мени айлантируб оладилар. Сараланиб ёнимдан ўтадилар. Мени қўрқитадилар, менга куларлар...

Улфат. Ҳоқоним, бунларни ўйламангиз. Ўлукларни эсингиздан чиқарингиз. Ётоққа киргач, Қуръондан бир оят ўқиб ётингиз. Бунлар ҳаммаси ўткинчидир. Яқинда душманларингизни битирармиз. Ҳозир энди, бошқа ишларни кўрайлик.

Диологдан кўринадики, Абулфайзхон ўз виждонининг тазйиқига ғарқ бўлади. Гуноҳларини эслаб “уфф...” дея оғир тин оларкан, ўз қилмишларидан эзилади. Хон жисмонан тирк бўлса-да, маънан ўлимга маҳкумлигини сезади. У ҳар кеч кўзини юмгач, ўзи истамаса ҳам, виждони олдида қайта-қайта тазйиққа маҳкум. Абулфайзхоннинг қотилликлари оз эмас, ўттиз етти йил...(1710-1747).

Юқоридаги қиёслашда нафақат Макбет ва Абулфайзхоннинг руҳий-виждоний азоблари, балки Улфат ва Леди Макбетнинг хатти-ҳаракатлари “қотилликка ундовчи бурчлари” ҳам монанд

Макбет ўз қилмишлари олдида азобланиб Леди Макбетга кўнглини очса, у “Жоним, тинчлан, чеҳранг бироз равшан айлаким,

Меҳмонларни шоду хуррам кутишинг лозим”, - дейди. Абулфайзхон виждон қийноқларидан Улфатга кўнглини бўшатса, “Ҳоқоним, бунларни ўйламангиз. Ўлукларни эсингиздан чиқарингиз. Бунларнинг ҳаммаси ўткинчидир”, - деб хонни осойишталикка чақиради. Леди Макбет “Жоним”, - деб эркаланиб гапирса, Улфат “ҳоқоним” дея хонни кўкларга кўтариб гапиради. Лекни Улфат Леди Макбетга қараганда, яна ўн чандон айёрроқ. У Абулфайзхонни оғир вазиятдан чиқаришга ҳаракат қиларкан бир лаҳза ҳам қотилликка ундовчи “вазифа”сини эсдан чиқармайди:

“Бунлар бариси ўткундур. Яқинда душманларингизни битирасиз”, - дейди.

“Макбет ўз ўрнида Данконинг арвоҳини кўргач: Йўқ, беҳуда бари. Мени фош этолмайсан. Қонга ботган сочларингни силайверма кўп”, деб кўз олдида Данконинг сочларини кўргандай бўлади.

Макбет қўрқади , сесканади, ваҳимага тушади:

“Йўқол, даф бўл, қайтиб яна қаро ерга кир. Қонинг қотган, илигинг пуч, суякларингда менга киприк қоқмай боққан кўзларинг басир”.

Фитратнинг “Абулфайзхон” трагедиясида бундай қўрқинчли мураккаб руҳий ҳолат – виждон қийноқлари ва тахт васвасаси картинаси миллий колорит билан бойитилиб, янада чуқурлаштирилади.

Шекспир Макбетнинг бу ҳолатини зиёфат саҳнасида гавдалантирса, Фитрат трагедиясида мазкур ҳолат Абулфайзхоннинг тушида содир бўлади.

Бу виждон қийноқларининг ишонарли чиқиши учун “Ҳусайний” куйининг чалиниб тугаши билан хон туш кўриши эпизоди берилади. Бу куйнинг трагедияга олиб кирилиши ҳам руҳий ҳолатни тасвирлашга жуда қўл келган. Чунки Шарқ классик куйларида халқнинг минг йиллик дарду андуҳи, ҳасрат-надоматлари тўла мужассам топган. Абулфайзхоннинг шу лаҳзадаги қийноқлари “Ҳусайний” куйи билан ҳамоҳангдек.

Абулфайзхон чолғу секинлаб битгандан сўнг уйқуга кетаркан, туш кўради: Хон (тушида). Акам... нечун келди...(бўғдурулғони арқон бўйинда тақилғони ҳолда чиройли бир хотиннинг ҳаёли келар). Йўқол, кет(хотин хаёли хонни бўғарди, унга қараб юрар. Хон талваса қилар). Кет ...кет (бир йигит хаёли Фарҳод оталиқни бошини олиб келар. Хонга яқинлашар.) йўқол...келма...(хаёл чекилар. Ундан сўнг учала хаёл бирлашиб хонга ҳужум қиларлар. Хон кучли талваса билан қичқиради). Вой.... урма. (ўз товушидан уйғониб, ирғиб турар. Товушни эшитган Давлат тўқсабо бир шамдонча кўтариб югуриб кирар)...

Булар бу дунёда ҳам менга қарши бирлашганга ўхшайдир, мени тинч қўймайдилар, чоғи.

Макбет “Қасос – интиқом. Биз ўзимиз қуйган заҳар тўла косани ўзимизга тутар” деб ўз қотилликлари туфайлиазобларни охиригача тортишга маҳкум этилганлигини ўзи тан олиб, иқрор бўлса, Абулфайзхон “Бунлар у дунёда ҳам менга қарши бирлашганга ўхшайдилар, чоғи”, деб ўз қилмишларини тан олаётир.

Демак, Вильям Шекспир драмаларидаги кескин вазиятяратиш, қаҳрамоннинг ички руҳият оламини чуқур очиш, шахслар қалбида кечаётган трагик коллизияни ҳаяжонли тасвирлаш каби хусусиятларни Фитратнинг “Абулфайзхон” трагедиясида ҳам кузатиш мумкин.

Фитратнинг “Абулфайзхон” трагедияси шунчаки адабий таъсир, воқеа, ҳалокат ва характерларнинг ўхшашлиги билан чекланмаган.

Драматург Вильям Шекспир анъаналарини янги бир босқичга кўтарди. Ҳақиқий санъат асарининг қудрати, яшовчанлиги ҳам шундаки, орадан қанча давр ўтмасин, ҳар бир ўқувчи, томошабин, тадқиқотчи унинг янги маъно, туйғу қирраларини, фалсафий моҳиятини оча боради.


: uploads -> books -> 49959
49959 -> Андижон давлат университети
49959 -> Андижон давлат университети тарих ва ижтимоий фанлар факультети умумий тарих кафедраси
49959 -> Узбекистон республикаси олий ва урта махсус таълим вазирлиги з. М. Бобур номидаги андижон давлат университети
49959 -> Инглиз ва Америка адабиётида эмоционал экспрессив лексика тадқиқи”
49959 -> Министерство высшего и среднего специального образования республики узбекистан
49959 -> Диссертация Иш кўриб чиқилди ва ҳимояга қўйилди Илмий раҳбар "Менежмент" кафедраси мудири проф. Х. Муҳитдинов
49959 -> Ҳозирги кунларда замонавий адабий оқимларнинг ривожланиш масаласи жаҳон адабиёти тарихида муҳим аҳамият касб этади
49959 -> Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тошкент давлат шарқшунослик институти хорижий мамлакатлар иқтисодиёти ва мамлакатшунослик факултети
49959 -> Ўзбекистон республикаси қишлоқ ва сув хўжалик вазирлиги андижон қишлоқ ХЎжалик институти
49959 -> Андижон давлат университети


1   2   3   4


©netref.ru 2019
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет